АКА

Оиланинг тўнғичиман: акам йўқ.

Ўзимга ўзим акалик қилган пайтларим бўлган, баъзида қанотимни ожиз билиб, ўкинганман. Худди суянчиғи йўқдай… Яратганнинг изми билан қаршингда сенга ака, ука, дўст инсонларнинг ўзи тақдиринг остонасида пайдо бўлишаркан. Ниятинг Эгасига етиб боргач, ҳеч гапмас-да.

Аҳмаджон ака менга кўўўп яхшиликлар қилган. Сурхон томонларда айтишгани каби “сон-саноққа қўшилишимда” у кишининг кўмаги бениҳоя.

Журналистика факультетида иккинчи курсда ўқирдим. Курсдош қиз: “Сен ҳақингда мақола чиқибди…”, деб “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасини тутқазди. “Бош муҳаррирнинг ўзи ёзибди”, — деди ҳайратини яширмай. “Дарё ортидаги йиғи” қиссам ҳақида “Уруш кўрган одамнинг умри” деган катта мақола чиқибди. Адабиётда ўрни бор-йўқлиги номаълум, шунчаки бир талаба қаламкашга эътибор бериб, аяб, олқишлаб мақола ёзилгани ва бу эътирофнинг аҳамиятини ўшанда, очиғи, англамаганман. Бу ижодим ҳақида энг биринчи тақриз эди. Аҳмаджон ака билан ҳаётимда тузукроқ гаплашмаган ҳам эдим.

Ўтган асрнинг тўқсонинчи йиллари ёшлар газетасида амалиёт ўтардим. Айтдим-ку, талаба эдим деб. У киши қаршимдан чиқсалар, салом бериб ўтиб кетардим. Бор-йўғи шу. Лекин Аканинг салобат-симбати ўзгача эди. Рўпарасида турсанг, суст босиб қоларди. Ҳозир ҳам у кишига дуч келсам, ўша туйғуни ҳис қиламан. Хуллас, бугунги ўзбек журналистикасининг фидойиларидан бири, чин маънода зиёли, таржимон, адиб ва арбоб Аҳмаджон Мелибоевнинг ҳали ўзи яхши билмаган мендайин қаламкашга ишонч билдиргани қишдан сўнг ерни ёриб ўсаётган майса танасига ҳарорат, илдизига куч-қудрат бахш этиш билан баробар эмасми?

Ака, умрингиз узоқ бўлсин! Сиз шу пайтгача “Сен ҳақингда мақола ёзганман”, демагансиз. Сиздаги ички маданият ва зиё бу гапни айтишга йўл қўймаганини ҳам кейинчалик ҳис қилганман.

Аҳмаджон ака Президент Давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаган кезлар газетада мухбир эдим. Мақолаларим тез-тез чиқар, камига ҳали у, ҳали бу газетада шеърларим ҳам босиларди.

Бир куни катта тадбирда иштирок этдим. Йиғинни Аҳмаджон ака олиб бордилар. Давлат сиёсати даражасидаги мавзулар айтиб ўтилди, журналистлар билан очиқ мулоқот тусида кечган шу машваратдан сўнг, йўлакка чиқишим ҳамоно кимдир Аҳмаджон ака чақираётганини айтди. Қарасам, Ака мен томон келяптилар. Қўл бериб кўришдик. Мени четга олиб чиқдилар-да, чўнтак ковладилар, эээй, пул чиқариб, менга узатдилар: “Ма, шу пулни олиб қўй”. Довдирадим: “Нима қиламан буни?” — дедим аллахиёл бўлиб. “Ҳозироқ бориб расмга тушасан. Газет-журналларда нуқул битта расминг чиқяпти, нима, бошқа расминг йўқми?” Тошдай қотдим.

Катта-кичик йиғинларда иштирок этмайин, Ака менга кўзлари тушса, исмимни айтиб, шу даврада менинг ҳам борлигимни бошқаларга билдириб қўярдилар. Бу инсоннинг менга бўлган меҳридан ич-ичимдан севинар, ҳаётда шундай яхши одамлар борлигидан қувонардим.

Ака билан ҳаётда бунчалик яқинлигимиз ҳам йўқ эди, кунора гаплашиб, кўришиб ҳам турмасдик.

Кейинчалик “Дўрмон” ижод уйида қўшни бўлиб яшаганимиздан кейин бу инсоннинг ўта самимий ва ҳазилкаш, одамгарчилиги баланд, ўзбекона оқибат туйғуси жуда юқори эканлигини англаб етдим.

Ижод уйидан то катта йўлгача икки чақиримдан кўпроқ пиёда юриб ишга қатнайман. Бир куни эрталаб қоп-қора “Мерседес” ёнимга келиб тўхтади. Орқа эшик очилди. “Нега турибсан, ўтир…” Қарасам, Аҳмаджон ака. У кишининг хизмат машинасида кетяпмиз. “Ишга кечикибсан-да”. “Ҳимм…” “Йўл ҳам узоқ-да-а?” “Ҳимм…” Нима ҳам дейман? Хижолат тортаман. Кимсан, Давлат маслаҳатчиси машинани тўхтатиб, сени ёнига ўтқазиб олса, шошиб қоларкансан.

Таҳририятга келсам, бош муҳаррир ўринбосари Алимқул Султонов ўдағайлайди (у жуда яхши одам, жаҳли чиқса, юзи бирдан қип-қизариб кетади, лекин кўнгли очиқ, тиниб-тинчимайди): “Веейй, қаерларда юрибсиз, ҳар куни кеч қоласиз-а?” Шу тобда унга: “…мени Аҳмаджон Мелибоев ишхонамга олиб келдилар, энди менга ҳадеб тиш қайрайверманг”, — десам-ку, тамом, довдираб қолиши аниқ. Балки, ишонмас ҳам. Лекин мен бундай дея олмайман. Индамай қўяман. Ахир озгина камтарлик ҳам бор-да ўзимда.

Ҳафтада икки-уч марта Аканинг машинасига дуч келаман. Тўхтайди. Ишхонага ўнғай жойда қолдириб кетади. Одамга ноқулай денг. Охири ортимга қараб-қараб юрадиган бўлдим. Қора “Мерс” кўринса, арча-парчанинг панасида бекиниб тураман. Ўтиб кетгач, йўлга чиқаман. Кеч қолаётган бўлсам ҳам ўзимни енгил ҳис қиламан. Майли, Алимқул ака уришса уришар…

Аҳмаджон аканинг яхши одати бор. Ҳар тонгда уч-тўрт чақирим пиёда юради. Боғни айланади, икки-уч чақирим наридаги темир йўлгача бориб келади. Эрта тонгда ҳам бир-биримизга дуч келаверамиз. “Саҳар пайти юришнинг хосияти кўп. Хаёлингда бугун қиладиган ишларингни режалаштириб, муҳими, ёзадиган нарсаларингни пишитиб оласан, яхши фикрлар келади”, — дейди Ака.

Мана бугун ҳам, орадан қанча йиллар кечди, эрта тонгда одатдагидай ўзим учун керакли чақирим йўлни пиёда юриб ўтарканман, Аканинг шу гапларини эсладим. Очиғи, кўпгина ҳикояларим сюжети ёки ечими шу тонгги юришлар пайти хаёлимга келиб қолади… ва бирдан Акани эслайман.

Яна ўша “Дўрмон” ижод уйи. Бир куни Ака атрофига симтўсиқ тортилган ҳовлимизга кириб келдилар-да, кўнглимга тегмайдиган қилиб гап очдилар: “Ҳовлининг сетка билан ўралгани яхши. Лекин атрофида ичкари кўринмайдиган қилиб девор тортишинг керакка ўхшайди. Чунки оиланг, болаларинг юришади. Ўзбекчилик, деган гаплар бор… Унча кўп харажат кетмайди…”

Аканинг айтганини қилдим.

Ҳовли эшиги тақиллади. Остонада Аҳмаджон ака турибди. Ҳовли пана тортганидан хурсанд бўлдилар. Супага бошладим. Менга ўйчан тикилиб турдилар: “Ўғлингни уйлантиряпсан экан, эшитдим. Сен ҳам, келиним Хосият ҳам ҳали ёш боласизлар. Биринчи тўй қилишларинг. Албатта, одам шошиб қолади. Бу ҳолатлар Маҳбуба аянг билан бизнинг ҳам бошимиздан ўтган. Тўйдан олдин барибир озроқ маблағ керак бўлади. Шунинг учун сенга олдиндан тўёна олиб келдим. Мана буни олиб қўй… Буни тўёна деб қабул қиласан…” Нима дейишимни билмайман. Рости, пулга зориқиб турган палламиз эди…

Тўйга Аканинг ўзи бош бўлди. Туғишган акам йўқлиги билинмади.

Орадан анча йиллар ўтди. Худога шукр, у-бу нарса ёзиб, биров-ярим менинг ҳам борлигимни тан ола бошлади. Таҳририятда оддий мухбирман. Қорақалпоғистоннинг Беруний туманида хизмат сафарида эдим. Ишларим битгач, ўша ердаги Султон Увайс ота зиёратгоҳига кириб чиқаётгандим, қўл телефоним жиринглади. Аҳмаджон ака қўнғироқ қилдилар. Салом-алик қилдик.

— Қаерда юрибсан?

— Қорақалпоғистонда.

— Қачон келасан?

— Нукусда ишим бор. Келаси ҳафта Тошкентда бўламан.

— Нима қилиб бўлса ҳам эртага етиб кел. Гап бор.

Кўнглим безовта бўлди. Нимадир юз бердимикан, деган ўй юрагимга ваҳм солди. Бирпасдан сўнг Ака яна қўнғироқ қилдилар:

— Хавотир олма! Яхши хабар бор.

Бу гапдан анча хотиржам бўлиб, эртасига Тошкентга келдим. Гарчанд бошқа лавозимга ўтган эса-да, ҳамон ўша салобату вазминлик, аҳли қалам орасида мавқе ва обрўсини йўқотмаган шу инсон қаршисида ҳозир бўлдим. Ака бу пайтда “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида бош муҳаррир эди. У ёқ-бу ёқдан суҳбатлашдик. Нималар ёзаётганимни сўраб-суриштирдилар. Сўнг муддаога кўчдилар:

— Фозилжон Ҳайдаровични танийсанми?

— Йўқ.

— Ундай бўлса, эртага танишиб оласан. Эрталаб у кишининг ёнига борасан.

— Қаерда у киши?

Ака кўз остидан ўзига хос қараш қилдилар:

— Сен қанақа журналистсан ўзи Адлия вазирини танимасанг?

— Э-ээй, Адлия вазири… Нима қиламан у ерда?

— Бор… Боравер. Кейин биласан.

Вазирга кирдим. Ҳеч нарсадан бехабарман. Вазир мен билан анча-мунча суҳбатлашди.

— Эртага кадрлар бошқармасига учрашинг, — деди.

Ҳайронман.

Эртасига ўзимнинг ишхонамга келдим. “Ўзбекистон овози”да навбатчи эдим. Бош муҳаррир ўринбосаримиз Алимқул Султонов столга саҳифани қўйиб, қатъий таъкидлади:

— Хаёлни жойига қўйиб ўқийсиз, шоир, хато ўтказмайсиз, деган умиддаман!

— Хўп.

Қўл телефоним жиринглади. Адлия вазирлиги кадрлар бошқармасидан қўнғироқ қилишди. “Срочно етиб келинг”, дейишди. Хонадан чиқаётувдим, Алимқул ака ҳайҳайлаб қолди:

— Яна қаёққа?!

Вазирликка бордим. Кадрлар бошқармаси бошлиғи менга ҳайратланиб қаради. Унинг нигоҳидан “Нега вақтида келмайсан?” деган иддаони уқдим. “Вазир ўринбосарига борамиз. Сизни жамоага таништиради”, — деди у.

Очиғи, ҳеч нарса тушунмадим. “Қайси жамоага?”

Бошқарма бошлиғининг юзида ҳайрат ифодаси қалқди:

— Ростдан ҳам билмайсизми ё мени калака қиляпсизми?

— Ҳеч ким менга ҳеч нарса демади, — дея ғўлдирадим.

— Сиз “Инсон ва қонун” газетасига бош муҳаррир этиб тайинландингиз. Мана, вазирнинг буйруғи!

Ҳангу манг эдим.

Жамоага таништиришди.

Сўнг яна “Ўзбекистон овози”га қайтиб келдим. Хонамда осматўрвам, китоб-дафтарларим бор эди.

Стол устида эса янги чиққан саҳифалар мени кутиб турарди. Нима қилишни билмайман. Буларни ўқийми ё чиндан ҳам йўлнинг нариги бетидаги Адлия вазирлигига боришим керакми? Ростдан мени у ердаги газетага бош муҳаррир этиб тайинлашдими? Ё шунчаки англашилмовчиликми, кимдир қаттиқ ҳазиллашяптими?

Шу маҳал яна вазирликдан телефон бўлди:

— Ишлар бошқармасидан фалончиман. Хонамга чиқинг, хизмат машинаси ва бошқа масалаларда гаплашиб олишимиз керак…

Мен энди ўша ерда ишлашим кераклигига ишондим. Қатъият билан Алимқул акага дедим:

— Ака, яхши-ёмон гап ўтган бўлса, узр. Мен энди Адлияда ишлайман. “Инсон ва қонун”га бош муҳаррир бўлдим.

Алимқул ака юзимга синчиклаб қаради:

— Кайфингиз борми? Бирпасда анови такасалтанг ошналарингизга қўшилиб, “Ҳакимхона”га (таҳририят биноси пастидаги кафени шундай дердик) тушиб, ҳалигиндан уриб олдингизми ё? Нималар деяпсиз?

Мен хонадаги нарсаларимни йиғиштириб, йўлакка чиқдим, Алимқул ака анграйиб қараб қолаверди. “Ака, энди саҳифаларни ўзингиз синчиклаб ўқийсиз-да, хато ўтиб кетмасин”.

Янги иш жойимга ўтиришим ҳамон Аҳмаджон акага қўнғироқ қилдим.

— Эҳтиёт бўлиб ишлайверасиз, Қўчқорбой! Бош муҳаррирликнинг “тош нон”ини татиб кўрадиган пайтингиз келди.

Бу жойда ўн беш йилдан ошиқ ишлаб, Ака айтган қийинчиликларни ҳис қилдим. Кўп нарса ўргандим. Муҳими, газета ижодга йўл очадиган даргоҳ, руҳингни тоблайдиган чиғириқ эканини англаб етдим.

Аҳмаджон аканинг мен каби қанчалаб ука, дўст-ёр, таниш-билишларга қилган яхшиликлари, катта-кичик давралардаги самимияти, ҳеч ўзгармас феъл-атвори, ҳазил-мутойибалари, топқирлиги, одам ажратмаслик хислати ва ўзгаларга меҳр-оқибати, бир сўз билан айтганда, оддийлик ва одамийлик сабоғини обдан ўзлаштиргани бобида у кишини билганлар соатлаб илиқ гап айтиши мумкин. Аканинг на мансаб, на шуҳрат, на бошқа ҳолатларда ўзгаргани, ўзини бошқалардан четга тортиб, димоғ билан қараганини ҳеч ким эслай олмаса керак.

Бир хил инсонлар бўлади, пойгакда ўтирса ҳам ўша жойни давранинг тўрига айлантира олади. Ҳа, Ака шундай одам. Ҳаёт экан-да, кўраяпмиз, баъзи нози-намойиши баланд, мансабни мартаба деб тушунган кўнгли кичик каслар уйингнинг тўри тугул, бошингга чиқиб ўтиришга ҳам ҳаққим бор, деб депсинадилар. Бу тоифанинг тили айтмаса ҳам, дилида шундай ўй ўпқон урганини сезиш қийин эмас.

Аҳмаджон ака яхшилиги яшил тортган одам бўлиши билан бирга, айниқса, миллий матбуотимизда бўёғи кўчмайдиган, тафти совимас ижод намуналари, қатор эскирмас публицистик асарлар мажмуи, яшноқ ижод боғини ҳам барпо эта олди. Устознинг ижоди ҳозирги кун ёш  ўзбек журналистлари томонидан ўрганилмоқда. У талабалар учун бу соҳада бир қанча ўқув қўлланмалар яратди.

Шунингдек, бўлажак журналистлар дунёқараши шаклланиши, уларнинг публицистик жанр сир-асрорларини мукаммал эгаллашлари учун қатор публицистик китоблар чоп эттирди… “Бир заминда яшаймиз”, “Умидли дунё”, “Ёлғиз яшаб бўлмайди”, “Ҳуштакни ким чалади?”, “Торнинг чўмичдан фарқи”, “Ўзингни ўзинг бошла” каби ўнлаб публицистик тўпламлари шулар жумласидандир… “Ўнғор эртаклари”, “Сафед Булон” номли насрий китобларида эса миллий қадриятларимиз илдизидан ўсиб чиққан одамийлик қиссалари ила юзлашамиз. Айниқса, устознинг дунё адабиётининг улкан адиби Чингиз Айтматов ижодига бағишланган публицистик ва бадиий тадқиқотлари, буюк ёзувчи ижодидан қилган таржималари нафақат миллатимиз маънавий мулки бўлибгина қолмай, икки томирдош халқ дўстлигининг янада жипслашувига ҳам хизмат қилмоқда.

Устоз “Чингиз Айтматов: Давр. Инсон. Ҳақиқат” монографиясини ёзди. Ўзбекистон Миллий университетида ташкил этилган “Чингиз Айтматов ва Ўзбекистон” доимий экспозицияси раҳбари ҳамдир. Айни кунларда “Жаҳон адабиёти” журналида бош муҳаррирлик қилаётган устоз ташаббуси билан таҳририят жамоаси ўзбек ўқувчиларининг турли халқлар адабиёти ва маданияти билан яқиндан танишувида муносиб ҳисса қўшяптилар. Халқимиз ва ўзга эллар орасида адабий дўстлик кўприклари мустаҳкамланмоқда, жаҳон адабиётининг тафаккур жавоҳирлари порлаган эзгулик қўрғонлари эшиклари очилмоқда. Албатта, бу ёрқинлик ва ижодий  алоқалар ривожида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Аҳмаджон Мелибоевнинг ҳам муносиб ҳиссаси борлигини таъкидламоғимиз жоиз.

Ундан сўнг ҳам Акадан кўп яхшиликлар кўрдим. Баъзида бу дунё тор туюлган пайтлари, дунё эмас, балки ўзим кичрайиб қолганим, борлиқ жойида турганлиги, менинг дардим ҳеч кимнинг газагига дори бўлмаслиги ҳақида гапириб, кўнглимни оғринтирмай йўл-йўриқлар кўрсатганини эслайман бугун. Ҳаётга, одамларга нисбатан кенгфеълли бўлиш, омадим олма отиб турса ҳам илдизим заминда эканлигини унутмаслигим, оёғим ердан узилмаслиги бобида акадан кўп ўгитлар олганман.

У киши ҳеч қачон бирор гап-гаштакда фалончига мен шундай яхшиликлар қилдим, деб оғиз очмаган. Йўқ, ҳеч кимга айтмаган. Эшитмаганман. Лекин бугун Акамнинг яхшиликларини ўзим сизга айтгим келди.

Биласизми, шу ҳақиқатни англаб етдим: ҳаёт Ака каби эзгуликпарвар инсонлар туфайли ҳам файзли, дарди дунёнг қоронғи тортган кезлар шулар сенга далда беришади. Ёлғизлигинг сезилмайди. Акам ё дўстим йўқ, деб ўкинмайсан!

Ҳа, менинг акам бор.

Яратганга шукр, ёлғиз эмасман!

Қўчқор НОРҚОБИЛ

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen − 2 =