Комбинат ёшлари Мўйноқда

Инсонга юксак, олий ва қимматли унсур — ақл ва салоҳият инъом этилган. Булар орқали у ҳаммасига эришиши мумкин. Янгиланаётган Мўйноқ инсон салоҳияти, сабри ва матонати ҳар недан устун туриши, у ҳар қандай шароитда ҳам ўзига йўл топиб кетишини исботлаяпти.

Қорақалпоғистонда инсон қўли билан кенг қамровли бунёдкорлик ишлари, улкан ўзгаришлар амалга оширилмоқда. Мўйноқ туманида аҳоли турмуш шароити яхшиланиб, экологик муҳит барқарорлаштирилмоқда. Ҳудуд замонавий шаҳарсозлик қиёфасига кириб боряпти. Туман марказида қад ростлаган кўркам бино ва иншоотлар ҳар қандай инсонни ўзига ром этади. Туман маданият саройи, Ёшлар маркази, замонавий аэропорт ҳамда шунга ўхшаш давлат ва жамоат ташкилотлари бинолари қарийб беш километрлик марказий йўл бўйида марвариддек тизилган. Кеч тушиши билан кенг ва равон йўл атрофидаги ранг-баранг чироқлар йирик мегаполисни ёдга солади.

Оролга ҳаёт қайтмоқда

Ўтган йиллар мобайнида Орол денгизининг қуриган қисмида яшил ҳудуд яратиш, икки миллион гектар майдонда саксовул ва бошқа чўл ўсимликларидан “яшил қоплама” барпо этиш ўзининг самарасини берди. Саккиз йил олдин бошланган ишлардан одамлар бениҳоя мамнун бўлганлигини яхши биламиз. Денгиз қирғоқлари узоқлашган бўлса-да, бу ерларга келган инсон ўтган даврда табиатдаги ижобий ўзгаришларнинг гувоҳи бўлади.

Кишини ўзига мафтун этган, аҳоли унда баҳра олган Орол денгизи эндиликда тарихга айланди. Орол доимо бутун минтақа учун муҳим аҳамиятга эга бўлиб келган. Денгиз ўз қирғоқларидан ортга чекинган бўлса-да, одамлар унга қараб бормоқда.

Бундан икки йил аввал Навоий кон-металлургия комбинатининг ёшлари билан Орол денгизининг қуриб, чўлга айланган қисмида саксовул кўчатларини ўтқазиш ишларини амалга оширган эдик. Бу йилги сафар ҳам март ойига тўғри келди. Ёшларимиз томонидан ўтқазилган чўл кўчатлари томир ёйиб, анчагина бўй кўрсатиб қолганидан барча беҳад хурсанд бўлди.

Комбинатнинг 100 нафар ёшлари 4-8 март кунлари Орол денгизининг қуриган қисмидаги майдонда 50 минг туп саксовул кўчатлари ўтқазишди. Комбинат йирик саноат ишлаб чиқариш корхонаси эмасми, Навоий, Зарафшон, Учқудуқ, Нуробод, Зармитан, Маржонбулоқ каби шаҳар ва қўрғонлардан келган йигитларнинг эзгу мақсадлари уларни бир жойда жамлади. Бу сафар ёш кончию металлурглар, муҳандис-энергетиклар, соҳанинг ёш олимлари билан бирга Навоий давлат кончилик ва технологиялар университетининг талабалари ҳам шундай хайрли ишда фаол иштирок этдилар.

— Мен бу экологик акцияда тўртинчи бор қатнашишим. Ҳар гал келганда, сафдошларим билан бирга янги таассуротларга эга бўламиз. Бу галги сафаримиз қувонч билан бошланди. Бугун Орол минтақасида кўчат экиш ишларида иштирок этдик. Хайрли ишга ҳиссаси қўшилганидан ёшларимиз хурсанд, — деди 1-гидрометаллургия заводи чилангар-таъмирловчиси Шаҳбоз Иноятов.

Жорий йилда 250 минг гектардан ортиқ майдонда саксовул кўчатларини экиш ва уруғини қадаш ишлари амалга оширилар экан. Бу ишларга юзлаб махсус техника ва иккита самолёт жалб қилинган.

Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги давлат қўмитаси тақдим этган маълумотларга кўра, саксовул уруғини қор, ёмғир суви остида сепиш ёки кўчат ўтқазиш яхши самара бераркан. Тақдирнинг туҳфасини қарангки, комбинат ёшлари борган кунларда оролга бир қарич қор ёққан эди. Эътиборли жиҳати, Оролнинг қуриган майдонидаги саксовуллар орасига ёввойи ҳайвонлар ва чорва учун озуқабоп экинлар ҳам экилмоқда. Денгизнинг қуриган майдонларида қазилган артезиан қудуқлардан чучук сув чиқяпти. Бу келажакда чорвачиликни ривожлантириш имконини бериши шубҳасиз. Шунингдек, саксовуллар орасига доривор гиёҳлар экиш ишлари ҳам бошлангани қувонарли ҳолдир. Айни пайтда Оролда олиб борилаётган кенг кўламли ишларда вилоятлардан келган ҳашарчилар фаол иштирок этмоқдалар.

Маънавият ва маданий меросга юксак эҳтиром ифодаси

“Орол тақдири — келажак авлод тақдири” шиори остида ўтказилаётган экологик акция иштирокчиларининг бу йилги таассуротлари бошқача. Қарийб бир ҳафталик сафаримиз Нукус ва Мўйноқ шаҳарларидаги музейлар, театр ва маданият саройларида янада файзли ўтди. Комбинат ёшлари мўйноқлик ёшлар билан биргаликда уюштирган маънавий-маърифий тадбирларда оға-инидек бўлиб кетишди. Чунки улар биринчи бор келаётгани йўқ, гўё шу ерда улар билан бирга истиқомат қилаётган яқинлардек бўлиб қолишган. Китоб — бу маърифат, маънавият булоғи. Комбинат ёшлари умумтаълим муассасаларида бўлиб, китоб жамланмаларини совға қилдилар.

Қорақалпоқ элида адабиётга бўлган муҳаббат, ижодкорлар асарларидаги самимий туйғулар гўё Орол денгизининг катта тўлқинларини эслатади. Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаларининг Навоий кон-металлургия комбинати билан ҳамкорлигида ёзувчи-шоирлар, мўйноқлик ёшларнинг ижод намуналаридан иборат “Оролнинг асов тўлқини” тўплами чоп этилди. Тўпламнинг Мўйноқ шаҳридаги Маданият саройида бўлиб ўтган тақдимот маросимида таълим соҳаси мураббийлари, устоз ижодкорлар, нуронийлар, ўқувчилар, комбинат ёшлари ва кончилик университети талабалари иштирок этишди. Тадбирда Мўйноқ тумани ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари Mурод Жумабоев, Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Кунсулув Носирова, комбинат Жамоатчилик билан алоқалар бўйича директори Холмамат Раупов ва бошқалар сўзга чиқишди.

— Мен адабиётга қизиққанлигим боис шеър ёзиб тураман. Илк шеърларим мазкур тўпламга кирганидан беҳад бахтиёрман. Мен каби мактаб ўқувчиларининг ижоди ушбу китобдан жой олгани келгусида кўпроқ ўқишга, энг муҳими, ижод қилишга рағбат уйғотади, — деди 11-умумтаълим мактаби ўқувчиси Бийбарис Аманбаев.

Тадбирда ушбу китоб асрлар давомида шаклланган ўзбек ва қорақалпоқ халқлари орасидаги мустаҳкам дўстлик алоқалари, қардошлик ришталари, ўзаро меҳр-оқибат давом этишида муҳим ўрин эгаллаши алоҳида таъкидланди. Ушбу тўплам Қорақалпоғистон Республикаси, шу жумладан, Мўйноқ тумани умумтаълим мактабларига тарқатилди.

Шунингдек, комбинат ёшлари Очиқ осмон остидаги кемалар музейи мажмуаси ҳамда Мўйноқ экология музейида бўлиб, Орол денгизининг ўтмиши ва бугунги кундаги кўриниши, минтақа флора ва фаунаси ҳақида батафсил маълумотлар олдилар. Улар яқин йилларга қадар Мўйноқ туманида балиқчиликнинг ривожланиши, консерва комбинати иш жараёнига тегишли фотосуратлар, қорақалпоқ халқининг миллий кийимлари, меҳнат қуроллари билан яқиндан танишиш имконига эга бўлдилар.

— Музейдаги ҳар бир экспонат менда катта таассурот қолдирди. Бир вақтлар катта денгиз бўлган Орол бугунги кунда ўзининг қирғоқларидан анча чекинганлигини кўриш мумкин. Бу эса унинг флора ва фаунасига салбий таъсир этганлигини музейдаги экспонатлар мисолида билиб олдик. Бир вақтлар Мўйноқда балиқчилик кенг ривожланганлиги музейдаги фотосуратларда акс этган экан. Бу экспонатлар ҳар биримизга она табиатни асраш бурчимиз эканлигини яна бир бор англатади, — деди комбинат марказий лойиҳалаштириш бюроси муҳандиси Рустам Алиқулов.

Ёшлар Нукусдаги И.В.Савицкий номидаги давлат санъат музейида бўлишиб, у ерда қорақалпоқ халқ амалий санъати, қадимий ва ўрта асрлар Хоразм санъати, ўтган асрда авангард рассомлар яратган тасвирий санъат асарлари, қорақалпоқ замонавий рангтасвири ва ҳайкалтарошлиги, илмий-маърифий бўлимлар, кутубхонаси билан танишдилар.

— Мазкур музей ҳақида кўп эшитганмиз. У ўзининг бой тарихи, экспонатлари билан маълум ва машҳурдир. Тарихдан ҳикоя қилувчи нодир ашёлар, ҳужжатлар, ҳар хил экспонатлар барчамизда катта таассурот қолдирди. Бундай саёҳатлар ёшларимиз қалбида аждодларга, тарихимизга бўлган ҳурмат ҳис-туйғуларини уйғотиши табиий, — деди Навоий машинасозлик заводи қуймачилик цехи электромонтёри Шаҳзод Норбоев.

Комбинатимиз ёшлари ҳамда Навоий давлат кончилик ва технологиялар университети талабалари Нукус шаҳридаги Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат мусиқали театрига ташриф буюришди. Навоийлик ёшлар мазкур театрда Ажиниёз Исмоиловнинг “Тебранмас юраклар” спектаклини томоша қилиб, инсон тарбиясида театрнинг муҳим аҳамият касб этишини яна бир бор англадилар.

— Театрга биринчи марта тушишим. Илк томоша завқи, таассуротлар, маҳоратли актёрлар билан юзма-юз учрашишдан барчамиз беҳад хурсандмиз. Спектаклдан маданий ҳордиқ ва жуда катта маънавий озуқа олдик. Бундай саҳна асарлари ҳар қандай инсонни яхшиликка етаклаши, онгу тафаккурига кучли таъсир этишини оддий томошабин сифатида чуқур ҳис қилдим. Театрни ибратхона, дарсхона деганлари рост экан, — деди Шимолий кон бошқармаси марказий физика-кимёвий лабораторияси муҳандиси Фарид Назаров.

* * *

Бир сўз билан айтганда, табиатдаги уйғониш жараёни бутун борлиқнинг жонланишига монанд. Баҳор нафаси ер юзига таралиши билан инсонлар ҳам фаол ҳаракатга келади, атроф-муҳитга бўлган эътибор янада ортади, ҳаёт қозони гўё янада жўшқин қайнай бошлайди.

Бугунги кунда экотизимни муҳофаза қилиш, атроф-муҳит барқарорлигини таъминлаш ва табиий мувозанатни сақлаш масаласи жаҳон миқёсидаги долзарб вазифалардан бирига айланган. Бу йўлда илмий тадқиқотлар, инновацион ёндашувлар ва илғор тажрибаларни амалиётга татбиқ этиш муҳим аҳамият касб этади. Табиатни асрашга қаратилган ҳар бир ташаббус, ҳар бир амалий қадам келажак авлодлар учун соғлом муҳит яратишга хизмат қилади.

Ана шундай эзгу мақсадлар йўлида комбинатимиз ёшларининг Мўйноқ туманига амалга оширган сафари кутилганидан ҳам фойдали ва мазмунли кечди. Ушбу ташриф нафақат тажриба алмашиш, балки экологик ташаббусларни амалга ошириш борасида муҳим қадам бўлди.

Энг муҳими, қаерга борилмасин, комбинат ёшларининг ташаббускорлиги, фаоллиги ва жамоавий руҳи алоҳида эътироф этилди. Амалга оширилаётган ишларимиз, табиатни асраш ва атроф-муҳитни яхшилашга қаратилган саъй-ҳаракатлар юксак баҳоланди. Бу эса ёшларимизнинг келажакка ишонч билан қараб, юртимиз тараққиёти ва табиат муҳофазаси йўлида янада фаол бўлишларига илҳом бағишлади.

Мўйноқ сафари шунчаки бир ташриф эмас, балки ёшларимизнинг фидойилиги, ташаббускорлиги ва табиатга бўлган масъулиятли муносабатининг ёрқин ифодаси бўлди. Шубҳасиз, бундай сафарлар юртимизда экологик маданиятни юксалтириш, табиатни асраш ғоясини кенг тарғиб қилишда муҳим аҳамият касб этади.

Азамат ЗАРИПОВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 + nine =