Серқирра ижод ва салоҳият соҳиби

Камина Аҳмаджон Мелибоевни унинг ёш йигитлик чоғидан — Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетига ўқишга келган пайтидан бери биламан. Ўшанда бу ғайратли йигит кириш имтиҳонларини аъло баҳоларга топширган ва талабалик сафига қабул қилинган эди. Асли Қирғизистонга қарашли Ўш вилоятининг Олабуқа деган туманидаги Соҳиби Ҳилол деган ўзбек қишлоғида туғилиб вояга етган Аҳмаджон ўз ғайрати, шижоати билан бошқа тенгдошларидан ажралиб турар, шунинг учун у гуруҳ етакчиси (ўша давр тили билан айтилганда — староста) этиб танланган эди. У ушбу вазифани сидқидилдан адо этди, шу боисдан талабаларнинг ҳам, муаллимларнинг ҳам ҳурматига сазовор бўлди. Ўша даврда талабалар мажбурий равишда пахта теримига жалб этиларди, бунда Аҳмаджоннинг яна бошқа қирралари очилди — у ташкилотчи бўлиши билан биргаликда яхшигина созанда ҳам экан — торни яхши чаларди, талабаларнинг меҳнатдан кейинги дам олишларида ҳам бош-қош бўларди.

Аҳмаджон университетни битиргач, “Ёш ленинчи” газетаси (ҳозирги “Ёшлар овози”)га ишга борди, бу — ёшлар учун нашр этиладиган газета бўлиб, ўша пайтда кўпчиликнинг эътиборига тушган нашр эди. Унда ёшлар ҳаёти, интилишлари кенг ёритилар, ижодий лавҳаларга, адабий асарларга доимий ўрин бериларди. Шу боисдан кенг фикрли Аҳмаджон Мелибоев ёшларнинг севимли журналистига айланди. Шу йилларда ёшлар учун китоблар нашр этиладиган махсус нашриёт очилди ва Аҳмаджонни у ерга таклиф қилишди. У нашриётнинг бош муҳаррири ўринбосари, кейинчалик бош муҳаррир сифатида ишлаб, ноширлик тажрибасини ҳам пухта эгаллади, истеъдодли ёшларнинг асарлари китоб ҳолида чоп этилишига бош-қош бўлди. Кейинчалик у бошқа, юқори вазифага — Ўзбекистон Компартияси Марказий комитетининг Идеология бўлимига ишга олинди. Аҳмаджон бу масъулиятли вазифада ҳам сидқидилдан ишлаб, матбуотнинг янада ўсиши, ёшлар тарбияси борасида фаоллик кўрсатди. Бу йилларда собиқ Иттифоқда ошкоралик сиёсати амалга оширила бошланганлиги туфайли матбуот ва ижод соҳасида янги ўзгаришлар, янги тушунча ва қарашлар пайдо бўла бошлади. Республикамизда бу ижтимоий-сиёсий ҳаракатнинг ривожланишида матбуот нашрлари катта роль ўйнай бошлади. Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг нашри афкори бўлган “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетаси бу ҳаракатнинг марказида турарди. Шундай бир пайтда Аҳмаджон Мелибоев ушбу газетанинг муҳаррири этиб тайинланди ва у мазкур матбуот нашрининг тўкис фаолият кўрсатишида бош-қош бўлди. Мамлакатимиз ўз миллий мустақиллигига эришгандан сўнг Аҳмаджон Мелибоев Ўзбекистон Биринчи Президентининг Давлат маслаҳатчиси лавозимига тайинланди ва у мазкур масъулиятли вазифада ҳам самарали фаолият юритди. Кейинчалик яна “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасининг бош муҳаррири лавозимини бажаришда давом этди. Ҳозирда республикамиздаги нуфузли адабий-бадиий нашр — “Жаҳон адабиёти” журналига раҳбарлик қилмоқда.

Аҳмаджон қаерда, қайси лавозимда ишламасин, мазкур соҳанинг ривожи учун, элу халққа, ўқувчиларга манзур асарларнинг чоп этилиши учун жон куйдиради. Шу билан бирга, Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети журналистика факультетида талабаларга журналистика сирларини ўргатиб келмоқда. Унинг журналистика ва публицистика назарияси бўйича ёзган қатор китоблари талабалар учун бу касбни чуқур ўрганишда дастуриламал бўлиб хизмат қилмоқда.

Аҳмаджон Мелибоев ажойиб ҳикоянавис ёзувчи ҳамдир. Унинг “Ўнғор сирлари” ва бошқа номларда чоп этилган ҳикоялар тўпламлари ўқувчиларга жуда манзур бўлган.

Аҳмаджон Мелибоев ўзи туғилиб ўсган қўшни Қирғизистон Республикаси маданий-маънавий ҳаётида ҳам фаол иштирок этмоқда. У атоқли адиб Чингиз Айтматовнинг асарларини ўзбек китобхонларига етказишда ҳам доим жон куйдириб келади. Унинг ташаббуси билан Ўзбекистон Миллий университетида Чингиз Айтматовга бағишланган махсус музей ташкил этилди, бу даргоҳ ўзбек ўқувчиларини адибнинг ижоди, ҳаёт йўли билан кенг таништиришда катта хизмат қилмоқда.

Аҳмаджон Мелибоев доимо содиқ дўст, устозларига содиқ шогирдлик мақомини мустаҳкам тутади. Эсимда, мен ҳали мамлакатимиз мустақилликка эришмасдан олдин “Бўри билан Қўзичоқ (Криловдан бошқача)” деган масал ёзиб, рус мустамлакачилигининг тугаб бораётганлигига рамзий ишора қилган эдим. Унда Қўзичоқнинг анча қариб, тишлари тўкилиб, чангаллари бўшашиб қолган Бўрига қараб: “Сен, яхшиси, ўрмонингга жўнаб қол тезроқ, Мени эса ўтлоғимда тинч ўтлашга қўй”, деган мажозий мисралар бор эди. Албатта, бу фикрлар ўша давр сиёсатига тўғри келмасди. Шундан бироз хавотирда бўлиб юрганимда, кўчада бирдан Аҳмаджонни кўриб қолдим. Шогирдимиз у пайтда Ўзкомпартия Марказий Комитетида ишларди. У мени четроққа тортди-да, уларнинг идорасига менинг бу масалим ҳақида бир папка материал келиб тушганини ва унда ушбу масал совет ҳукуматига қарши ёзилган деган фикр айтилганини етказди ва эҳтиёт бўлиб юришимни огоҳлантирди. Турган гапки, бу жиддий масала эди, совет ҳукумати ўзининг сиёсатига қарши айтилган ҳар бир сўз, ҳар бир асар учун қаттиқ ўч оларди, ҳеч кимни аямасди. Ахир не-не адиблар, шоирлар, зиёлиларимиз ўз асарлари, билдирган фикрлари учун қамалиб, қийноқларга солиниб, охир-оқибат аёвсиз қатл этилганлар-ку! Наҳотки навбат энди менга келган бўлса? Бу фикрлар мени қаттиқ қўрқувга солди, аммо минг шукрки, бу орада СССР қулади ва мамлакатимиз ўз мустақиллигига эришди. Мен ва эҳтимол мен сингари жуда кўп адиблар ҳам ҳаётимизга чанг солмоқчи бўлган оғир хавфдан қутулдик. Шу боис ана шундай оғир йилларда азиз шогирдимиз далда бериб турганини ҳеч қачон унутмайман.

Аҳмаджон Мелибоев шу кунларда таваллудининг саксон йиллигини нишонламоқда. Аммо у бундай муборак ёшга кирган бўлса-да, ҳам жисмонан, ҳам қалбан ёш ва ҳали навқирондир. Азиз дўстимиз, ҳамкасбимиз Аҳмаджон Мелибоевга яна узоқ умр ва ижодий муваффақиятлар тилаймиз.

Мухтор ХУДОЙҚУЛОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган

ёшлар мураббийси, ёзувчи.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 − thirteen =