Сув остидаги қутқарувчилар
ёки ғаввос-халоскорлар ҳақида ҳикоя
Ёнғин қутқарувчилари ҳақида кўп эшитганмиз. Сув остида қидирув-қутқарув ишларини олиб борувчи қутқарувчилар ҳақида-чи? Уларни қай даражада биламиз? Махсус тайёргарликдан ўтган бундай мутахассислар, яъни ғаввослар энг мураккаб қидирув-қутқарув ишларидан бирини амалга оширувчи касб эгаларидир. Чунки улар қишин-ёзин соатлаб, баъзан кунлаб сув остида хизмат қилишига тўғри келиши мумкин. Бугунги қаҳрамонимиз — 25 йилдан буён ФВВ тизимида намунали ишлаб келаётган ғаввос-қутқарувчи Музаффар Уразов.
Сувдан қутқарув гуруҳи командири, йўриқчи-қутқарувчи Музаффар Уразов 1977 йили Гулистон туманида туғилган. 2000 йилда ФВВ тизимидаги ғаввосларни бошланғич кўникмаларга тайёрловчи махсус машғулотларда билимларини мустаҳкамлаб, тизимга ғаввос-қутқарувчи сифатида ишга киради.
Қаҳрамонимиз дастлаб Сирдарё вилояти Гулистон туманидаги ғаввослик станциясида ўз фаолиятини бошлаган. Бугунгача мана шу вазифада намунали ишлаб келмоқда. Ўйлаб қарасангиз, 25 йил кичик муддат эмас. Бир навқирон йигитнинг ёшига тенг вақт. Бу вақт оралиғида, касб тили билан айтганда, ишга шу қадар шўнғиганки, шунча йил ўтиб кетганини сезмай ҳам қолганини таъкидлайди суҳбатдошимиз. Касбий фаолиятига доир воқеалар ҳақида сўз борганида, у қай бирини ҳикоя қилишни билмай шошиб қолди. Албатта, ахир қутқарувчиларнинг ҳикоялари кўп.
Музаффар Уразов илк иш йилларини хотирлар экан, бир воқеани фахр билан эсга олади. Ёш қутқарувчининг илк фаолият кунларининг бирида “Дўстлик” ҳудудида жойлашган каналда 14 ёшли бола 7-8 метр атрофидаги баландликдан сакраб, сузишни яхши билмаганлиги сабабли чўкиб кетгани ҳақида хабар келиб тушади. Қутқарувчининг ўз вақтида манзилга етиб бориб қутқаргани ҳамда тез тиббий кўмак бергани сабабли ўсмир йигит тирик қолган. Бу йигитча қаҳрамонимиз қутқарган илк одам бўлди…
Халқимиз савобталаб, бир-бирига ёрдам беришни ҳам инсоний бурч, ҳам хайрли иш деб билгувчи халқ. Одамларни бирор хавф-хатардан қутқариш бутун бошли касбингизга айланса, бундан ортиқ шараф бўлмаса керак.
Ғаввос-қутқарувчи Музаффар Уразовнинг болалигидан сузишга иштиёқи баланд бўлган. Ҳарбий хизмат йилларида десантчи бўлган қаҳрамонимиз баландликдан пастга “шўнғишдан” завқ олган ва бу қизиқишлари уни ғаввос-қутқарувчи бўлишга етаклаган. Бугунгача 40 дан ортиқ инсоннинг ҳаётини қутқарган, юзга яқин инсонларни сув остидан олиб чиққан, жамоавий қутқарувлари ҳам талайгина.
— Менинг ютуқларим бир менга тегишли эмас, биз жамоавий ишлаймиз, демакки, муваффақиятларимиз ҳам жамоаники. Йўриқчи-қутқарувчи бўлсам ҳам баъзан ёшлардан янги тажрибалар ўрганаман. Қолаверса, сувга шўнғир экансиз, сизни шеригингиз сигнал орқали назорат қилиб туради. Демак, ҳар бир муваффақият сувга тушган одамгагина тегишли эмас, бутун жамоага тааллуқли, — деди у.
Бу касб эгаларининг фаолиятини ўрганар эканман, дастлаб уларга доир видеороликларни томоша қилдим. Ғаввос махсус иш қуроллари билан ҳисоблаганда ўртача 30-40 килолик юк билан сув остига шўнғир экан. Сув остида эса турли хил ўткир тиғли нарсалар қутқарувчига жароҳат етказиши ҳеч гап эмас. Шундай мураккаб иш усталари — сув қаҳрамонлари шогирдларига қандай тавсиялар беради?
— Бугун гуруҳимда 15 нафар навқирон йигит ишлайди. Ҳар бирини шогирдим деб айта оламан. Уларга энг аввало руҳий барқарорлик ва ҳалол бўлиш кераклигини уқтираман. Масалан, сувга тушгандан кейин баъзан қаттиқ қўрқувдан ғаввос кўзини юмиб олиши, сув остини яхши текширмай юзага қайтиб чиқиши мумкин. Ишини ташлаб кетмоқчи бўлганлар ҳам учраган. Бундай руҳий таранглик вазиятларида бир инсонни (майли, у тирик қолган ёки ҳалок бўлган бўлсин) яқинларига топиб бериш жуда катта савобли иш эканини эслатиб, янги келганларга руҳий далда беришга, уларни кучлантиришга ҳаракат қиламан.
Маълумотларга қараганда, ғаввослар сафи биттага камайса, шу бир кишининг ўрни учун ўртача 20-25 номзоддан фақат бир нафари саралаб олинади. Бу ҳам бўлса касб машаққатига чидамлилиги ва албатта, руҳий барқарорлигига қараб белгиланади. Бундан ташқари, ғаввос бир сутка мобайнида ўртача 7-8 соатгача сувда қидирув-қутқарув ишларини олиб бориши мумкин. Кўриниб турибдики, касб машаққати кўринганидан кўраям анча оғирроқ. Шунга қарамай, мана шу касбда узоқ йиллар намунали ишлаб, шогирдлар тайёрлаб келаётган қутқарувчилар борлиги эътирофга лойиқ.
— Бугун ўзимнинг ўғлим ҳам ғаввос. Бир гуруҳда ёнма-ён ишлаймиз. Баъзан мен ундан, баъзан у мендан ниманидир ўрганамиз, бир-биримизга далда берамиз, ёрдам берамиз. Мураккаб ва хавфли бўлишига қарамай, ёшларимиз орасида ғаввослик касби оммалашиб бораётганидан биз фақат хурсандмиз. Ахир инсонлар ҳаётини сақлаб қолишдек шарафли бурчдан ким ҳам севинмайди?
Юлдуз ЎРМОНОВА,
журналист.
