Сўзларида ватан суратланар…

Ўшанда “Саодат” журналига илк ишга келган кунларим эди. Бухородан бир ҳунарманд аёл ҳақида мақола ёзиш режаси борлиги боис вилоят мухбирига қўнғироқ қилдим, гўшакни ёш бир аёл олди. Саломга алик оларканман, гўё ўзимни катта журналист ўйладим чоғи, раҳбарнинг топшириғи ҳақида ҳижжалаб тушунтирдим. У томондан ортиқча саволларсиз: “Эртага мақола қўлингизда бўлади”, —  деган жавоб бўлди. Яна ўзимча ўйланиб қолдим, наҳотки ҳунарманд ҳақида бир кунда мақола тайёрлаб бўлса, ахир қаҳрамон топиб, у ҳақида яхшилаб ўрганиб, кейин ёзмайдими? Бу учун эса камида уч-тўрт кун вақт кетмайдими?

Йўқ, ўйлаганимдек бўлмади, эртасига мақола тайёрлиги ҳақида хабар берди Махфират Атоева.

— Бунча тез ёздингиз? — деган саволимга опа қуйидагича жавоб берди:

— Ферузахон, эллик йилдан зиёд вақт мобайнида қўлимда қалам билан Бухоро элининг азиз инсонлари ҳақида мақолалар ёзаман. Бу қадим юртнинг сиз айтаётган ҳунарманд-у тадбиркорлари, устозлари, шифокор-у миришкорлари — барча-барчасининг ҳаёт йўли менга кафтдек равшан.

Қолаверса, сиз топшириқ айтаётган онингиздаёқ ким ҳақида ёзишни режалаштириб бўлдим. Боиси, биласиз, Бухоро — ҳунармандлар юрти. Туни билан мақоланинг хомаки варианти-ю саволларини ёздим, тушгача суҳбат қилдим. Мана, иш куни якунланмай мақолани тамомлаб, сизга юбордим, — дедилар самимий оҳангда.

Кейин билсам, раҳбар бекорга топшириқни уларга айтмаган экан, сабаби катта тажрибаси бор ва тезкор ёза оладиган бу инсон “Саодат” журналининг устозлари қаторида экан. Овози ва муомаласидан ёш бир қизга қиёслаган Махфират Атоева онам қатори улуғ ёшдаги аёл бўлиб, мен туғилган йили Ромитан тумани ҳокимлигининг “Ромитаннома” газетасида мухбирликни бошлаган экан. Бу ҳақида билгач, рости, ўзимдан уялиб кетдим.

Қаҳрамонимиз 1956 йилнинг 18 январида Бухоро вилояти Ромитан туманидаги Гараншо қишлоғида оддий хизматчи оиласида таваллуд топган.

Махфират Атоева Бухоро давлат университети ўзбек филологияси факультетини тамомлагач, меҳнат фаолиятини туман радиосида сухандонликдан бошлади. Орадан бир йил ўтиб, устозлар маслаҳати билан туман газетасида мухбир сифатида иш фаолиятини давом эттиради. Кейинчалик эса бўлим мудири, бош муҳаррир ўринбосари вазифаларида самарали хизмат қилади.

Бухорои шарифда ўзининг алоҳида ташриф қоғозига эга бўлган Махфират Атоева Ўзбекистон миллий телерадиокомпанияси “Ёшлар” радиосининг Бухоро ва Навоий вилоятлари мухбири, вилоят телерадиосида муҳаррир ҳамда “Ромитаннома” газетаси бош муҳаррири вазифасида ишлаб келмоқда. Уйғоқ қалбли журналистнинг юзлаб муаммоли лавҳа, очерк, публицистик мақолалари самимияти, теран таҳлиллари, долзарб мавзулари билан ўзбек журналистикасининг ривожига улкан ҳисса бўлиб қўшилгани шубҳасиз. “Соғинч”, “Онамга ўхшаган одамлар”, “Кўнгилга ташриф”, “Ромитаннинг аёли”, “Юртим шамоли” каби шеърий китоблари мухлислар кўнглидан жой олган.

Махфират Атоева ижтимоий фаол, ташкилотчи ва ташаббускор раҳбар ва халқ депутатлари туман кенгаши депутати сифатида туман ижтимоий-сиёсий ҳаётида ҳам ўз сўзи ва ўз овозига эга шахс бўлиб, халқ дарди билан яшаб келмоқда.

Улар умр йўлдоши, фахрий муаллим Убайдулло ака билан қўша қариб, биргаликда икки қиз ва бир ўғилни камолга етказишди, қизларни турмушга узатишди. Тўнғичи Маҳфузахон Бухоро туманидаги 18-мактаб директори, ўртанчаси Дилфузахон тажрибали муаллима, Англиядаги Оксфорд университетини муваффақиятли тамомлаган, олтита тилни мукаммал биладиган ўғли Умиджон ҳозирда “Лочин” Ўзбекистон – Хитой қўшма корхонаси бош менежери. Келини Гўзалой илмий иш билан банд. Опанинг олди неваралари аллақачон нуфузли олий таълим масканларида таҳсил олишмоқда. Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси, “Саодат” журналининг Бухоро вилояти мухбири Махфират Атоева бу йил муборак 70 ёшни қарши олди. Ўзбекистон Республикаси Оила ва хотин-қизлар қўмитасининг “Мўътабар аёл” кўкрак нишони соҳибаси, Қозоғистон Ёзувчилар уюшмасининг “Абай” мукофоти совриндори, 1-даражали “Меҳнат фахрийси”, “Маънавият тарғиботчиси” бўлган қаҳрамонимизнинг бу йил “Ўзбекистон кирар тушимга” сайланмаси нашрдан чиқди.

Феруза ОРИПОВА,

“Саодат” журнали бош муҳаррири ўринбосари.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 + seventeen =