Илм — дунёнинг иззати

ёки Урганч давлат педагогика институтининг таълим-тарбияга эътибори хусусида

Бир йиллик режанг бўлса — уруғ экишдан бошла, ўн йиллик режанг бўлса — дарахт экишдан бошла. Аммо юз йиллик режанг бўлса — миллат фарзандларига таълим бер.

Конфуций

Таълимга қаратилган эътибор — бу жамият, давлат ёки шахс томонидан таълим тизимини ривожлантириш, унинг сифатини ошириш, имкониятларини кенгайтириш ва ҳар бир фуқаро учун таълимга тенг шароит яратишга қаратилган ҳаракатлар мажмуаси демакдир. Бугунги кунга келиб, келажагимиз эртаси бўлган ёшлар тарбияси, таълим олиши ва уларнинг маънан етук инсон бўлиб шаклланиши учун Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан ёшларга яратиб берилаётган шарт-шароит ва кенг очилаётган муваффақият эшикларининг сон-саноғи йўқ, десак, муболаға қилмаган бўламиз.

Таълимга қаратилган эътибор — миллат тамаддуни демак. Шу боис бугунги кунда таълим-тарбияга берилаётган эътибор жуда кучли. Фикримиз исботи сифатида давлатимиз мустақиллигидан олдинги ва кейинги йиллардаги соҳага оид ислоҳотлар, қарашлар, ривожланиш натижаларини таҳлил қиламиз.

Таълим соҳасида ўқитувчи ва педагоглар, малакали кадрларни тайёрлаш дастурлари янгидан ишлаб чиқилди. Мустақилликдан олдинги йиллар ва бугунги кунни солиштирадиган бўлсак, статистикада ҳам, амалиётда ҳам илдамланиш ва юқорига силжиш анча юксак. Маданият, таълим-тарбия, илм-маърифат, маънавият инсонни камолотга етакловчи, унга нажот бағишловчи, куч берувчи, руҳига роҳат бағишловчи буюк бир неъмат экани бугунги тезкор, шиддатли ва рақамлаштирилган илғор дунёда янада яққолроқ намоён бўлишини кўришимиз мумкин.

Ўзбек халқининг буюк маърифатпарвар олими, педагог, ёзувчи, шоир, драматург ва жамоат арбоби Абдулла Авлоний таъкидлаганларидек: “Илм дунёнинг иззати. Илм инсон учун ғоят олий ва муқаддас бир фазилатдир. Зероки, илм бизга ўз аҳволимизни, ҳаракатимизни ойна каби кўрсатур. Зеҳнимизни, фикримизни қилич каби ўткир қилур”. Дарҳақиқат, зеҳн ўткир бўлиши учун илк ёшдан руҳ тарбияланмоғи, илм берилмоғи, маънавият нури ила суғорилмоғи даркор. Албатта, бунинг учун устоз ва мураббийлар, бир сўз билан айтганда, малакали ва салоҳиятли педагогларни кўпайтиришимиз ва уларга зарур шароитни яратиб беришимиз энг олий масалалардан биридир. Вазифамиз: келажагимиз эртаси бўлмиш илмли, зукко ва жасур ёшларни тарбиялаш бўлса, буни бугундан, ҳозирдан, мактаб ёки таълим масканларидан эмас, оиладан бошламоғимиз керак. Биламизки, шарқ менталитетида оила — муқаддас даргоҳ, тарбия ўчоғи каби сўзлар билан тилга олинади. Дарҳақиқат, “Қуш уясида кўрганини қилади”, “Ота-она сурат бўлса, фарзанд уларга кўзгудир” каби иборалар ҳам бежизга айтилмаган. Оиладаги муҳит, оиладаги тарбия бевосита ривожланиш ва таълимга бошланғич пойдевор вазифасини ўтайди. Тадқиқотлар натижаси шуни кўрсатадики, бола ривожланиш босқичлари, яъни эмбрионлик босқичиданоқ сезади ва шаклланиб борар экан. Уруғ ҳам униб чиқмасдан олдин тиним даврини ўтайди. Унинг келажакда юксак, сояванд бир дарахт бўлиб етишишида боғбон парваришининг аҳамияти жуда катта.

Мактабгача таълим соҳаси асосчиси Ф.Фребел педагогларни — “боғбон”, таълим олувчиларни эса — “Аллоҳ экинлари” дея бежизга номламаган экан.

“Жаҳолатни йўқотишнинг ягона йўли таълимдир. Агар миллат маърифатсиз қолса, келажакдан умид йўқ”, деган эди ўзбек жадидчилик ҳаракатининг асосчиларидан бири, миллий уйғониш ғояларини тарғиб қилган, халқни илм-маърифат, миллий ўзлик ва тараққиёт сари етаклаган маърифатпарвар муаллим Мунавварқори Абдурашидхонов. Зеро, биз ал-Беруний, Хоразмий, Форобий, Замахшарий сингари санаса айтиб адо бўлмас олим-у даҳолар авлодларимиз. Уларга муносиб авлод бўлмоқ бизга ҳам фарз, ҳам қарздир. Ёшлар тарбиясида, оилада, ёшларга илму сабоқ беришда уларнинг ўгитларидан қанчалик кўп фойдалансак ҳам ўринли ҳисобланади.

Ривожланган мамлакатлар таълим тизими асосида ўқитиш, дунёнинг топ университетлари қаторида таҳсил олиш, рақамли технология ва гаджетлар билан ишлаш малакалари бугунги замон ёшлари учун ҳақиқат. Эндиликда улар бир замонлардаги каби тақиқлар остида эмас. Хотин-қизларга паст назар билан қараш, уларга ҳар хил чекловлар қўйиш ҳам йўқ. Мамлакатимизда гендер тенглиги, айниқса, хотин-қизларимиз учун, уларнинг жамиятда олий мақомларни эгаллаши учун шароитлар етарли. Олий таълимда магистратура босқичида хотин-қизлар учун грант квоталарининг жорий қилиниши, тўлов-шартнома асосида магистратура мутахассисликларига ўқишга қабул қилинган хотин-қизларнинг шартнома тўловлари давлатимиз томонидан қоплаб берилиши, фоизсиз кредитлар, номинация ва унвонларнинг таъсис этилиши, аёл депутатларнинг сайланиши сингари имкониятлар тенглик тамойилининг амалдаги ифодасидир, десак, хато қилмаган бўламиз.

Бир вақтнинг ўзида мактаб ўқувчиларининг бир қанча жаҳон университетларига грантлар ютаётганлиги, фан олимпиадалари, спорт мусобақаларидаги ютуқ ва медалларнинг сон-саноғи йўқ. Ёш авлодга тикилган инвестиция бу энг самарали инвестиция демакдир. Бутун инсониятни бирлик, муҳаббат ва маънавий покликка даъват этган буюк мутасаввиф шоир ва мутафаккир Жалолиддин Румий ҳазратларининг: “Илмсиз инсон — йўлсиз одамдек. Илм эса инсонга йўл кўрсатувчи нурдир”, деган фикрлари ҳам ёшларнинг илмга бўлган қизиқишларига йўл очади. Шубҳасиз, қуёш нури бутун оламга энергия манбаи бўлса, илм нури инсонларга энергия манбаи ҳисобланади.

Хулоса ўрнида шуни айта оламанки, маданият, таълим-тарбия, илм-маърифат, маънавият — инсонни камолотга етакловчи, унга нажот бағишловчи, куч берувчи, руҳига роҳат бағишловчи буюк бир неъмат экани бугунги тезкор, шиддатли ва рақамлаштирилган илғор дунёда янада яққолроқ намоён бўляпти. Боланинг бир қўлига ғишт, яна бирига китоб бериб, ундан тутиб туриш сўралганида, у бевосита китобни танлаяпти. ХХ асрда авжига чиққан жадидчилик ҳаракати бугунги кунга келиб, етарлича ўз мевасини бермоқда. Мамлакатимиз Президенти, ҳурматли юртбошимиз ­Шавкат Мирзиёев ўз нутқида: “Энг катта ниятим ва орзум — таълимга янада катта эътибор қаратган ҳолда, бундай истеъдодли ҳамда садоқатли ёш муаллимлар сафини кенгайтириш. Шу мақсадда зарур бўлган ҳар қандай шароитни яратиб беришга тайёрман”, деган фикрларининг ўзидан ҳам бугунги кунда таълимга ва ёшларга берилаётган имконият ва имтиёзларни англаш мумкин бўлади. Бугунги кундаги ёшларга яратиб берилаётган шарт-шароитлардан тўғри ва оқилона фойдаланилсагина — ёшларнинг келажагига эътибор қаратилаётган бўлади.

Ўқиш, изланиш инсонни гўзаллаштиради. Онгини ўткир, зеҳнини мустаҳкам этади. Олтин зангламас, деганларидек, илмли, билимли инсонлар ҳамиша эл ардоғида бўлиб қолаверади.

Шуҳрат ХУДАЙБЕРГАНОВ,

Урганч давлат педагогика институти

магистратура бўлими бошлиғи,

педагогика фанлари

бўйича фалсафа доктори (PhD),

профессор в.б.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 + 3 =