Юракларда қолдириб изим…
Ҳумоюн
Муаллиф ҳақида:
Ҳумоюн (Ҳумоюн Акбаров) — иқтидорли шоир, адиб ва таржимон. Унинг хаёлларга чорлайдиган фалсафий лирик шеърлари, тарихимизнинг олис қатламларига бағишланган “Анахита” тарихий романи, Александр Сергеевич Пушкин, Лев Толстой, Антон Павлович Чехов асарларидан моҳирона қилган таржималари аллақачон ўқувчилар меҳрини қозонган. Ижодкор янгидан-янги асарлар устида ишламоқда, ижодий изланишлар олиб бормоқда.
Қуйида шоирнинг бир туркум шеърлари эълон қилинмоқда.
Ҳузурингга келардим тезроқ,
Дарёлардан, чўллардан ўтиб.
Қудуқларга тўлибди тупроқ,
Кўприкларни кетмишлар бузиб.
Менга таъна этмагил, дўстим,
Гоҳо илдам, гоҳо толяпман.
Юракларда қолдириб изим,
Мақсадга йўл қуриб боряпман.
Ўн уч ёш
Далаларда кечди болалик,
Эгатларда қолди изларим.
Кўтаролмай пахтам, жолалик,
Тўрт тарафга интиқ кўзларим.
Мадад сўрсам баланд тоғлардан,
Оқ булутга тутди қоясин.
Оталарнинг ишидан баъзан
Англолмадим сўзу ғоясин.
Тарозида тортилди кунлар,
Ўқилмади қанча китобим.
Бу пахтазор чексиз нақадар,
Сингиб кетди менинг овозим.
Навоий шеър битиб сўз ила
Олам аҳлин этганида танг,
Бобур подшо бўлган бу ёшда
Мендан пахта илмини сўранг.
Навоийни ўқиб…
Бир мулкким —
Қайғули салтанат!
Қайслар мажнунваш саҳроларида,
Суҳайл оҳ чекар дарёларида.
Мададга қўл чўзсам, етмайди,
Ҳайҳот,
Кўнглим овутгайман наволаридан,
Аллоҳнинг жаннатбахш жафоларидан,
Соқий мажлисининг сафоларидан…
Бир мулкким —
Нафис ул салтанат!
Оразин ёпқай ёр шайдоларидан,
Семурғ хушнуддир хатоларидан…
Бу мулкда яшамоқ нечук бахт,
Фақат,
Қушлар нечун айро вафоларидан,
Ул гул бахтиёрми яғмоларидан,
Бехабарму юрак садоларидан…
Бир мулкким!
Ғаройиб салтанат,
Қалбим вайрон бўлди низоларида,
Хаёлим — Искандар маъволарида!
О, бу салтанатда яшаган ул халқ,
О, бу салтанатда яшаётган халқ
Ҳануз фориғ эрмас риёларидан,
Ҳануз ижобат йўқ дуоларидан,
Хулосат йўқ мозий жазоларидан…
Хонаки гулларим
Кўкламда ҳам япроқ тўкаверасан,
Қишда гуллаб, булбул кутаверасан,
Тўрт фаслни билмай ўтаверасан,
Хонаки гулларим,
Беор гулларим.
Биларсан, муҳташам қасрлар бордир,
Қасрларда сенга асирлар бордир,
Аслида, сен ўзинг маҳкума ёрдир,
Хонаки гулларим,
Беор гулларим.
Нигоҳлар қушдайин қўнар баргингга,
Балки шу малҳамдир дилда дардингга.
Сени ўлдирарлар босиб бағрига,
Хонаки гулларим,
Беор гулларим.
* * *
Кўнглим султонига инъом истадим,
Ҳуснин таърифига калом изладим,
Ўн саккиз минг олам аро бўзладим,
Ҳуснига асрлар асир ўтдим-о…
Ёраб, сенга на калом, инъом керакдур,
На қаср, на дур-у на жон керакдур,
Кўйингда девона, нолон керакдур,
Ҳуснингга асрлар асир ўтдинг-о…
Болаликнинг тугаши
I
Эртакларнинг бағрига қайтдим,
Борса келар, келмас йўлларга,
Соғинчимни тошларга айтдим —
Қўрғошин тоғ,
Тақир чўлларга.
Бармоғимни кесдим, туз сепдим,
Бедор бўлдим,
Чекинди уйқу.
Шундагина англадим, етдим,
Минг иккинчи кеча эди бу.
Аждарҳо ҳам, уйқу ҳам келмас,
Тонг оқармас,
Туссиз фалаклар.
Мени ҳеч ким юпата олмас,
Қолмаганди янги эртаклар…
II
Ўтиб борар дунёни кўрдим,
Юрагимни ўртади алам.
Беҳол-беҳол қўлларин ўпдим,
Онам қариб қолмишлар, онам.
Мен боладай беғам, беташвиш,
Интилганим — она даргоҳи.
Бошим узра мудом ёзилмиш,
Битта паноҳ — она паноҳи.
Осмон боқдим, бағрим тиғладим,
Мадад тилаб, етмай бардошим
Ва тун бўйи бедор йиғладим,
Саҳар билан оқарди бошим…
Онам қариб қолмишлар, онам…
Куз гуллари
Булбуллар тарк этар боғларни,
Хазонларга кўмилар йўллар.
Тунлар ўтар, кундузлар ўтар,
Ҳамон кутар сабрли гуллар…
Қиш келяпти қиличин қайраб,
Вужудингни қақшатар дами.
Аммо совуқ қаҳридан қаттиқ
Мезон гулларининг алами.
Куз гуллари, о, ўжар гуллар,
Унутолмас орзуларини.
Тақдирга бош эггиси келмас,
Ошкор этмас қайғуларини.
Эй, табиат, ўжар гулларга
Булбуллар айтсинлар сўзини.
Токи орзу-армони билан
Унутишсин гуллар ўзини.
Шафқатсизлик
Ёрингга тутасан —
Сен каби гўзал,
Дея таърифларкан гулларни узиб.
Ҳатто тошни ёрар дардингни
Жондан азиз дўстга айтасан.
Манзилингга элтувчи йўллар
Оёқларинг остида қолар…
Дилхирож
Дил сафар истайди мисли қаландар,
Кулоҳни бостириб, таёқни йўниб,
Умр саҳфасини безаб манзиллар,
Юртма-юрт, кўнгилдан кўнгилга қўниб,
Дил сафар истайди мисли қаландар.
Кулоҳни бостириб, таёқни йўниб,
Дардли юракларга эш, йўлдош бўлиб,
Кўнгилда қўшиқлар жўш урса тўлиб,
Йўлу йўлдошларга бир байтдан тутиб,
Кулоҳни бостириб, таёқни йўниб.
Умр саҳфасини безар манзиллар,
Файз бахш айласанг не давраларга,
Қадим йўлчиларни қўмсаган йўллар,
Меҳринг берсанг водий ва дараларга,
Умр саҳфасини безар манзиллар.
Юртма-юрт, кўнгилдан кўнгилга қўниб,
Орзу-умидларни улашиб кун-тун,
Уйғотсанг қолганда юраклар тўниб,
Достонлар сўйласанг, кечалар узун,
Юртма-юрт, кўнгилдан кўнгилга қўниб.
Дил сафар истайди мисли қаландар,
Тоза булоқларнинг сувидан ичиб.
Покиза ниятлар сочиб ҳар саҳар,
Бу ёлғон дунёнинг баҳридан кечиб,
Дил сафар истайди мисли қаландар…
Машраб
Далам кезсам, қирим кезсам,
Кўнгилларнинг сирин кезсам.
Аларнинг меҳрини сезсам,
Бир қаландар яралмасму?
Таралсам мисли минг туйғу,
Ватан деб бўзлаган қайғу,
Гоҳи армон, гоҳи орзу,
Муқаддас дард яралмасму?
Қуёш юз, туннинг моҳида,
Алар оташ нигоҳида,
Асрлар интиҳосида
Ахир бир мард яралмасму!
Болаликни қўмсаш
Кечалар —
Ҳарирга чулғанган кундуз,
Қўл чўзсанг етгудек ишкомга қўнган
Тўлин ой —
Моҳтобни қўмсайман ҳануз.
Бошида юлдузлар сочилган бола,
Қадамида сирлар очилган бола,
Сен босган изларни соғинаман мен,
Донишманд кўзларни,
Офтоб юзларни,
Сеҳрли сўзларни соғинаман мен,
Бошида юлдузлар сочилган бола,
Қадамида сирлар очилган бола.
Эй, Аллоҳдан тилаб олинган бола.
Ажаб, сен барига парво қилмадинг…
* * *
Яна бироз алда ўзингни,
Дардларингни шеърларингга айт.
Кўзларингда ошкор сўзингни
Лабларингдан чиқарма фақат.
Сукут билан яшамоқ оғир,
Шовқин солсанг, ёғилар нафрат.
Эҳ, айтсанг ҳам, айтмасанг ҳам — бир,
Алдовлардан йиғлар муҳаббат…
* * *
Ажаб, турфа сирлидир дунё,
Англолмадим унинг бир сирин,
Нечун ҳижрон, фироқлар аро
Муҳаббатнинг азоби ширин…
Мисли ҳаёт шаъми — ёнса-да,
Ёлқинлари дилда яширин.
Ногоҳ армон бўлиб қолса-да,
Шу армонли хаёллар ширин.
Эслаганда қалб ўртанса-да,
Такрор кечиб гўзал туйғулар,
Сўйлаб-сўйлаб дилинг ёнса-да,
Лаззатлидир ўшал қайғулар…
* * *
Булбул айтсин кўнгил розини,
Ватан, дея сас берсин Замин,
Шаббодалар олиб созини
Вақт ҳақида қўшиқлар айтсин.
Кенгликлардан сўйласин осмон,
Меҳр сўзин айтгил, эй Қуёш.
Мен шунчалар содда, бегумон,
Ишонч тўла юрагим бебош.
Ёш қалбимга тилайдирман дарс,
Буқаламун сабоқ берма, бас…
* * *
Ўстирганди ақиқ қизил гул
Хонасининг даричасида.
Дунёдаги энг гўзал сулув
Талабалар шаҳарчасида.
Гул мисоли ловуллаган чўғ,
Рангин-рангин ғунчалар очар.
Даричадан кўз узолмам, йўқ,
Офтобжамол нурини сочар.
Таҳсилини тугатдими қиз,
Кетдимикан олис қишлоққа?!
Ҳувуллаган хонада ёлғиз
Бир гул қолди боқиб йироққа.
Кунлар ўтиб борар, на чора,
Ўртанади безовта кўнглим.
Эвоҳ, сўлиб борар тобора,
Бағритош қиз унутган гули.
Дуэл
Гар шоирга дуч келмаганда
Ким Дантесни ёдга оларди?
Билмас эди қотил ўшанда,
У тарихда қандай қоларди?
Замонлару давронлар ўтар,
Жаранглайди шоирнинг сўзи.
Дантес ҳамон шоирни отар,
Лекин доим ўлади ўзи.
Бобур
Ўз ҳолига қўй уни, қилич,
Танҳоликни сўрайди бу дам.
Майли, бўғиб ташласин Соғинч,
Чорасизлик қўллари билан.
Кетинг,
Аъён ва мулозимлар,
Сиз — фитна-ю фужур тўдаси.
Шоир ҳар тонг йўлга отланар —
Кетолмайди юртнинг тўраси.
Сиз ҳам кетинг,
Сабр ва Бардош,
Оҳ тутса ҳам Ҳинд осмонини.
Қўлда қалам, кўзларида ёш:
Бобур эслар…
Андижонини.
Меҳр
Йўл четида очиб кафтини
Меҳр сўраб турган бу бола,
Онасининг юрак тафтини
Қўмсар эди қалбида нола.
Асли унга чақа не даркор,
Кимхобларнинг йўқдир кераги.
Аразлаган дунёдан бир бор,
Овунарми энди юраги?
Ўтадилар дилларин ғашлаб,
Нигоҳларда ачиниш, раҳм.
Ўтадилар садақа ташлаб,
Бир сиқим пул отар аллаким.
Оқшом бола қайтади ҳориб,
Садақадан топмай маънини.
Борар боши қуйи солиниб,
Бермадилар тилаганини.
Изоҳли луғат
Туғилганнинг
туғи бор,
Эркакларда
эрк бордир,
Бу замонга
омон ёр,
Қаламга
алам ёрдир,
Ориятда — уят, ор,
Яширинда
бор ширин,
Қўшиқ аро ишқ такрор,
Заминда
пинҳон омин,
Ер дегани — емоқдир.
Осилмоққа
бор осмон,
Юрт дегани
юрмоқдир,
Кўнгил талпинган томон.
Ўзбек сўзин
беки бор,
Ўзбек сўзин
ўзи бор!
Бу луғатда неки бор
Тарихимнинг изи бор!
Уйқудаги гўзал
(Томди туманида)
Оқтов бўйлаб чопдим дулдул,
Саксовуллар очибди гул,
Бир парига бўлдим мен қул,
Томди, Томди, дилим ёнди.
Қирдан қирга кездим ёлғиз,
Ухлар эди тоғда бир қиз,
Уйғонмади гўзал ҳаргиз,
Томди, Томди, дилим ёнди.
Олтин сочи товланади,
Офтобда оловланади,
Қиз уйғонса — солланади,
Томди, Томди, дилим ёнди.
Тоғинг сулув, боғинг сулув,
Кўкламда ҳар чоғинг сулув,
Ахир сенга ошиқман-ку,
Томди, Томди, дилим ёнди.

