Китоб кўп, аммо…
Китоб деганда кўз ўнгимизда бадиий, публицистик, илмий, ижтимоий-сиёсий ва бошқа мавзулардаги асарлар намоён бўлади. Бир замонлар боболаримиз бежиз китобга “Қат-қат қатлама, ақлинг бўлса ташлама” деб таъриф бермаган. Китоб – бу мўъжиза. Олтин ердан, билим эса китоблардан қазиб олинади. Улар бизни ажойиб одамлар, ғаройиб оламлар билан таништиради.
Кейинги йилларда китобхонликка эътибор, ғамхўрлик давлат сиёсати даражасида қаралаётганини қутламоқ керак. Аммо китоб ўқишга бўлган қизиқиш, айниқса, ёшлар ўртасида сусайгани ҳам бор гап. Бу ҳолатга, минг афсуски, ўзимиз ҳам шоҳид бўлиб турибмиз. Фикримизча, бу қатор муаммолар билан боғлиқ. Кўпчилигимиз ижтимоий тармоқлардан кўз узолмай қолдик. Хўш, тўғрими бу? Албатта, йўқ! Интернет бизни эмас, биз уни бошқаришимиз керак. Ана шундагина унинг ўзимизга керакли бўлган материалларини ўқиймиз. Бу бизни интернетдан фойдаланиш маданиятига риоя қилишга ўргатибгина қолмай, вақтни тежаш ва ўз соғлиғимизни асрашга ҳам ўргатади.
Иккинчи бир муаммо – китоб нархининг баландлиги. Битта китобни 80-100 минг сўмга сотиб олиш талаба учун оғирроқ. Шу боисми, кўпчилик ёшлар қимматли вақтини гаджет ўйинларига сарфламоқда.
Тўғри, биз технологиялар шиддат билан ривожланаётган асрда яшаяпмиз. Бунинг устига, технологиялар бизга эмас, биз уларга қарам бўлиб қоляпмиз. Шунинг учун ҳам одамларга китобдан кўра турли гаджетлар, телефонлар ва компьютерлар қизиқроқ, қулайроқ туюлаётганга ўхшайди.
Айрим ёшлар, ҳатто катта ёшдагилар ҳам вақтини китоб ўқишдан кўра телефон ўйнашга сарфлашни афзал кўришмоқда. Мусиқа тинглайдилар, кино кўрадилар ва кўп вақтларини ижтимоий тармоқлардаги “Reels” (қисқа видеотасвир)ларни кўришга сарфлайди. Бу жуда ачинарли. Ахир китоб бизнинг ҳар томонлама ривожланишимиз, энг муҳими, билимли, кенг дунёқарашли, маънавиятли бўлишимиз учун жуда-жуда муҳим ва зарур.
Бугун дунё адабиётига дахлдор Юй Хуанинг “Яшамоқ” асари, Фотиҳ Думаннинг “Мен” китоби, Кнут Ҳамсуннинг “Очлик” романи каби асарларни аксарият ёшлар умуман эшитмаган, десак, хато бўлмаса керак. Айтишларича, “Яшамоқ” асарини бир кунда 10-15 китобхон харид қилаётган экан. Кузатишларимиздан маълум бўлдики, бу асарни 20 дан 30 ёшгача бўлган китобхонлар қизиқиб ўқияпти, аммо ўттиз ёшдан ошганларда асар яхши таассурот қолдирмаган.
Абдулла Қодирий, Чўлпон, Абдулла Қаҳҳор, Ойбек, Ғафур Ғулом, Саид Аҳмад, Пиримқул Қодиров, Ўлмас Умарбеков, Одил Ёқубов, Ўткир Ҳошимов, Абдулла Орипов, Эркин Воҳидов, Эркин Аъзам, Хайриддин Султон каби бир қатор ёзувчиларнинг асарлари китобхонларнинг доимий эътиборида эканлиги билан ажралиб турганлиги эса ғоят қувончли. Шу мавзуда суҳбатлашиш учун китоб сотувчилар билан мулоқот қилдик.
— Айтинг-чи, бугун чоп этилаётган китобларга яраша уларни харид қилиб, ўқийдиган ашаддий китобхонлар кўпми?
— Ҳа, китобхонлар бор, бироқ камроқ. Ҳозирда кўплаб китобхонлар ўзлари билмаган ва тушуна олмаётган китобларни харид қилиб, ундан тезда зерикиб қолишяпти. Шунинг учун ҳам харид қилинган китобни сўнгигача ўқимай ташлаб қўймоқдалар. Оқибатда китобга бўлган қизиқиш янада пасайиб бормоқда…
Бундан шундай фикрга келиш мумкинки, китоб харид қилишда унинг мазмун-моҳиятига қараб харид қилган маъқул. Аксинча, ўқиб тушунмай, таҳлил қила олмаган китобларимиз бизга зерикарли туюлади. Таъкидлаш жоизки, дунё адабиётидан таржима қилинаётган айрим асарларнинг тўғри ва мантиқли таржима қилинмаётганини кўришимиз мумкин. Китобни таржима қилган таржимонга ҳам жуда кўп нарса боғлиқ. Асарни қандай бўлса шундайлигича таржима қилиш билан мақсадга эришиб бўлмайди. Таржимон муаллиф бизга нима демоқчи эканлигини тўлиқ етказиб бера олиши лозим. Ҳозир ёшлар орасида қандай асарларга эҳтиёж катта ва улар қандай китобларни севиб ўқимоқдалар? Буни ўрганиш учун Юнусобод тумани “Келажак” марказининг тўгарак аъзолари (12-18 ёшдаги ўқувчилар) орасида кичик бир сўровнома ўтказдик. Сўровнома натижасида маълум бўлдики, 15 нафар ўқувчидан бор-йўғи 6 нафар ўқувчигина китоб мутолаа қилаётган экан. Жумладан, Ғафур Ғуломнинг “Шум бола” асари, жаҳон болалар адабиётидан “Қора холли қўзи” ҳикояси, Япон халқ эртакларидан “Уч хазина”, Жонатан Свифтнинг “Гулливернинг саёҳатлари” асари, Абдулла Қаҳҳорнинг “Минг бир жон” ҳикояси, дунё болалар адабиётидан Иван Криловнинг “Оқ қуш, чўртанбалиқ ва қисқичбақа” масали ёш китобхонларни ўзига жалб қилган.
Хўш, нима қилмоқ керак?
Бизнингча:
— ўқиш маданиятини, яъни маҳалла, мактаб ва университетларда китобхонлик тўгаракларини кенг оммалаштириш;
— китоб муҳокамалари учун муаллифлар билан учрашувлар ва адабий тадбирларни кўпайтириш;
— кутубхоналар сонини ошириб, уларни замонавий, қулай муҳитга айлантириш. Электрон китоблар ва аудиокитобларни тарғиб қилиш, мобиль иловалар орқали бепул ёки арзон китоблар тақдим этиш;
— мактабларда китоб ўқишни қизиқарли дарслар, мусобақалар ва лойиҳалар орқали рағбатлантириб, ижтимоий тармоқларда китобхонликни тарғиб қилувчи трендлар (масалан, “kitobchellenge”) яратиш орқали ёшларни жалб қилиш;
— оммавий ахборот воситаларида китобхонликнинг фойдалари ҳақида кўпроқ дастурлар ва реклама кампаниялари олиб бориш. Ота-оналарга болаларда ўқиш одатини шакллантириш бўйича маслаҳатлар бериб бориш;
— китобхонликни рағбатлантириш учун стипендиялар, совринлар ва танловлар сонини ошириш. Китобларни интерактив форматда тақдим этиш. Машҳур шахслар орқали китобхонлик тарғиботига эришиш. Ушбу ёндашувлар орқали китобхонликни нафақат оммалаштириш, балки уни ҳаётий заруратга айлантириш мумкин.
Мадина МИРАЛИЕВА,
Рустамжон ВОҲИДОВ,
Ўзбекистон Миллий университети журналистика ва
ўзбек филологияси факультети талабалари.
