Яхшидан боғ қолади

“Яшил макон” – мамлакат тақдирига дахлдор миллий ҳаракат

Бугун дунёнинг тараққиёт мезонлари жуда тез ўзгармоқда. Бир вақтлар ҳар битта давлат учун саноат гигантлари юксалиш учун асосий кўрсаткич бўлган бўлса, ҳозир ахборотга эга бўлиш, рақамли оламни бошқаришдан ташқари, “яшил” ҳаётнинг асоси бўлган барқарор ривожланишга ўтиш энг муҳим масалалар қаторига қўшилди. Халқимизнинг эртанги куни, келажак ҳаётимиз қандай бўлиши бугун экологик масалаларни қанчалик муҳим ўринга қўйишимизга боғлиқлигини она табиатнинг ўзи бизга яққол намоён этмоқда.

Маълумки, ўтган ҳафта Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбирида иштирок этди. Давлат раҳбарининг ўзи намуна бўлиб дарахт экди, Миллий дендрология боғини барпо этишга старт бердилар. Эътибор қилсак, олдинги йилларда ҳам мамлакатимиз раҳбарининг “Яшил макон” тадбирларида иштирок этиб, оқсоқоллар, ёшлар, умуман, турли соҳа вакиллари билан учрашиши, эзгу ниятлар билан кўчат экиши яхши анъанага айланган.

Бу бежиз эмас. Мамлакат ҳаёти, ўттиз саккиз миллион нафардан ортиқ халқ тақдири учун юзлаб ўта муҳим масалалар мамлакат раҳбари олдида кўндаланг турган бир паллада дарахт экишга вақт ажратиши – бу кичкина масала эмас. Чунки бугунги табиий жараёнлар, иқлим ўзгаришлари, қаршимизда турган экологик хавф-хатарларга қарши ҳаракатни бугун бошламасак, эл-юрт соғлиғи, мусаффо ҳаводан нафас олиши учун бугун қайғурмасак, эртага кечикиб қолишимизни юрт раҳбари яхши билиб турибди. Демак, “Яшил макон” – бу шунчаки дарахт экиш эмас, мамлакатнинг эртанги тақдирига дахлдор бўлган чинакам миллий ҳаракат, катта сиёсат.

Экологик хавф-хатарлар кўлами нақадар катта ва жиддий эканини биргина Тошкент шаҳри атмосфераси билан боғлиқ мураккаб вазият мисолида кўрмоқдамиз. Нафас олаётган ҳавомиз зарарли кўрсаткичи бўйича бир неча бор халқаро рейтингларда юқори ўринларда қайд этилгани, очиғи, ҳаммамизни хавотирлантириб қўйди. Тоза ҳавонинг қадри қанчалик муҳим эканига қайта-қайта амин бўляпмиз.

Биз яшаётган ҳудуд, иқлим шароитида, мамлакатимиз катта сув ва океанлардан узоқда жойлашгани учун ҳам биз нафас олаётган ҳавони табиий тозалаб берувчи ягона нажоткор неъмат дарахтлардир.

Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ўрта ёшли бир инсоннинг бир йилда 700-740 кг кислородга эҳтиёжи бор. Ҳозир атрофимизда ўсиб турган 10-12 метрлик япроқ баргли дарахтлар эса бир йилда ўртача 100 кг кислород ишлаб чиқаради. Демак, соғлом нафас олишимиз учун ҳар биримиз учун 10 метрдан кам бўлмаган камида 7-8 та дарахт керак бўлади. Бошқача айтганда, бугун 38 миллион нафардан ошган аҳолимиз учун 260-300 млн туп, Тошкент шаҳри аҳолиси учун эса шаҳарда 20-28 млн туп 10 метрдан зиёд япроқ баргли дарахтлар мавжуд бўлиши керак.

Бугун кўп аҳоли яшайдиган шаҳарлардаги мавжуд дарахтлар нечталиги (қанчалик камлиги)ни ҳисобга олсак, вазият жиддий ва оғир экани аён бўлади. Чунки Ўзбекистон кам ўрмонли мамлакатлар сирасига киради. Мавжуд ўрмонларнинг ҳам 14 фоизи тоғда, 85 фоизи чўлда жойлашган. Шунинг учун ҳам айнан шаҳарлар атрофида “яшил белбоғлар” яратиш масаласи жуда муҳим ва долзарб ҳисобланади. Бунда ҳар битта дарахт шаҳар ҳавосини табиий равишда фильтрлаш, унинг мўътадиллигини таъминлаш билан бир қаторда, одамларнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётига, турмуш тарзига сезиларли таъсир кўрсатади. Тоза ҳаво ортидан ўнлаб хасталиклар барҳам топади, даволаниш муддатлари қисқаради. Ва ўз-ўзидан давлат учун ижтимоий юк енгиллашади, одамлардаги соғлом турмуш тарзи фаровонлик сари янги-янги имкониятлар яратади. Биргина дарахтни кўпайтириш шундай катта жараёнлар изга тушишига туртки беради.

Тошкент шаҳри яқинида барпо этилиши бошланган Миллий дендрология боғини олайлик. Умумий майдони 108 гектарга етадиган боғда 50 мингта дарахт, 100 мингта турли бута кўчатларини экиш бошланган. Мутахассисларнинг ҳисоб-китобига кўра, яқин йилларда бу боғнинг ҳар бир гектари йилига ўртача 28 тонна чангни, PM10, PM2.5 зарраларини ютувчи улкан табиий фильтрга айланади.

Мана шунинг ўзи “Яшил макон” ҳаракати нафақат мамлакатимиз ҳаёти, балки ҳар биримизнинг эртанги кунимиз учун нақадар аҳамиятли эканидан далолат бермайдими?!

Эсимда, бундан беш йил илгари ушбу лойиҳага старт берилиши арафасида Президентимиз куюнчаклик билан бир фикрни алоҳида таъкидлаган эди: “Ҳаммангиз яхши биласиз, халқимиз азалдан табиатни муқаддас деб билган. Тупроқни, сувни, ҳавони, остонасини пок сақлашга интилган. Халқимизда “Бирни кессанг, ўнни эк” деган доно мақол ҳам бежиз айтилмаган.

Оилада янги фарзанд дунёга келса, унга атаб ниҳол экилган. Афсуски, мана шу эзгу одатлар бугун деярли йўқолиб кетди.

Бугун дунё миқёсида техника ва технология, саноат юқори даражада ривожланган XXI асрда экология билан боғлиқ муаммолар биринчи даражали муаммо сифатида кун тартибига чиқаётгани бежиз эмас.

Биз бу масалада фақат бугунни эмас, яқин ва узоқ келажакни ўйлаб иш тутмасак, кўзлаган мақсадимизга эриша олмаймиз”.

Дарҳақиқат, экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, айниқса, дарахт экишга қаратилган умуммиллий лойиҳани амалга ошириш масаласи давлат сиёсати даражасида кун тартибига қўйилгани – она табиатнинг, экологик вазиятнинг талаби. Айтиш жоизки, бутун дунёда экологик муаммоларга мана шундай тизимли ва самара берувчи ёндашувлар ишлаб чиқилмоқда. Экологик масалаларга бу қадар катта аҳамият қаратилиб, мана шундай умуммиллий лойиҳа ўтказилиши эса Ўзбекистон тажрибасида шу пайтга қадар кузатилмаган. Шу жиҳатдан, “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси Ўзбекистон шароитида шу пайтгача экология соҳасида амалга оширилган ишлардан ўринли хулоса чиқарган ҳолда, масаланинг барча тарафларини атрофлича инобатга олиб, келажакни кўзлаб ишлаб чиқилган ноёб тажриба сифатида халқаро даражада эътироф этиляпти.

Энг муҳими, бу хайрли ишлар фақат Тошкент шаҳри ва унинг атрофи билан чекланиб қолаётгани йўқ. Сурхондарёда 10 минг гектарда “яшил макон”, Сирдарёда 84 километрлик “яшил девор” барпо этиш ишлари ҳам бошланди. Қорақалпоғистонда 1 миллион гектар, Навоий ва Бухорода 300 минг гектардан, Хоразмда 85 минг гектар чўл ҳудудида янги ўрмонзорлар яратилади. Президентимиз бошчилигида дарахт экиш акцияси бошланган куннинг ўзида 21 мингга яқин юртдошимиз 164 гектар майдонда 88 минг туп кўчат ўтқазди.

Сўнгги йилларда қуриган Орол денгизи ўрнини яшил масканга айлантириш борасида қилинган беқиёс ишларни олайлик. Орол денгизининг суви қуриган ҳудудларида 2018-2021 йилларда жами 1,6 млн гектар майдонда “яшил қопламалар” барпо этилди. Мутахассисларнинг айтишича, экилганига 3 йил бўлган ўсимликларнинг бўйи 2 метрдан ошган ҳамда чанг ва қумнинг ҳавога кўтарилишини тўхтатишни бошлаган. Янги Ўзбекистон тараққиёт стратегияси доирасида эса 2026 йил якунига қадар яшил қопламаларнинг умумий ҳажмини 2,5 миллион гектарга ёки ҳудуднинг 78 фоизига етказиш назарда тутилмоқда.

Оролқумдан кўтарилган қум ва туз зарралари бутун минтақага фожиали таъсир кўрсатаётган бир паллада мана шундай катта ҳажмдаги ишларнинг бошланиши, бундай экологик бўҳронларга ечим ҳам табиат билан тиллашиш, яшилликни кўпайтириш орқали эришилаётгани энг муносиб иш бўлди. Яна бир қувонарли жиҳати, Оролқумда ўсимликларни экиш янги ўрмон экотизимларини яратмоқда. Ҳозир бўй чўзиб қолган яшил қопламалар, бутазорлар орасида қуёнлар, тулкилар, қирғовуллар пайдо бўлган. Демак, бу ерда аста-секинлик билан табиат мувозанати тикланмоқда.

Мана шундай кенг қамровли ишлар она табиат мувозанатини тиклаш, юртнинг эртанги кунига бефарқ бўлмаслик йўлида бошланган катта қадам эмасми?!

Дарахт экиш – хайрли ишнинг бошланиши сари илк одим бўлса, уни парваришлаб кўкартириш, ўзини тутиб кетгунига қадар суви-ю озуқасидан хабар олиш энг катта масъулиятли ишдир. Бир вақтлар номига дарахт экилиб, ҳар мавсум охирида улардан қуриган чўп қолиши ҳолатларини ҳам кўрганмиз. Асосан, ҳисоботларни тўлдириш учун ўша вақтда экилган кўчатларнинг ярми дарахт бўлиб кетганида ҳам ҳозир ўрмонлар ичида яшаётган бўлармидик… Энг ачинарлиси, нафақат кўчат экиб, уни парваришлашга, балки ота-боболаримиз экиб кетган катта-катта дарахтлар тақдирига бефарқ бўлганимиз, уларни асрай олмаганимиз учун ҳам табиатнинг кетма-кет аччиқ синовларига дуч келаётган бўлсак, ажаб эмас.

Давлатимиз раҳбарининг “Ҳамманинг ҳам қўлидан иқтисод келмайди, ҳамманиям қўлидан инвестиция олиб келиш келмайди. Лекин экологик вазиятга, ўзимизнинг туманимиз, ўзимизнинг маҳалламизга эътибор берсак бўлади-ку. Олдин кўчатимиз ҳам йўқ эди, ҳозир кўчатимиз ҳам бор”, деган сўзлари ҳар биримизнинг юрак-юрагимизда ўтиб туриши, битта бўлса ҳам кўчат экиб парваришлашга даъват этиб туриши керак, назаримда.

Бугун “Яшил макон” доирасида экилаётган ҳар бир кўчат парвариши учун масъул бириктирилган, ҳар битта дарахт вояга етгунига қадар ғамхўрлик қилувчи эгаси тайин. Лекин шу билан бирга, ёзнинг жазирамасида сувсизликдан қовжираш арафасида турган кўчатга ярим челак сув қуйиб қўйишга ўзимизни бурчли деб билсак, ҳар битта дарахтга бутун халқнинг, жамиятнинг мулки, табиатнинг азиз неъмати сифатида қарасак, ҳаммаси бутунлай бошқача тус олиши аниқ. Бизнинг шу биргина ҳаракатимиз билан табиатнинг олтин мувозанати тикланиши сезиларли тарзда тезлашади. Келажак авлодлар олдида юзимиз ёруғ бўлади.

Халқимизда “Яхшидан боғ қолади”, “Бир кўчат эксанг – минг барака”, “Фарзанд кўрсанг, тўй қилсанг, дарахт эк” деган теран маъноли ҳикматлар бежиз айтилмаган. Бу асрлар давомида аждодларимизнинг ҳаёт тутумидир.

Ота-боболаримиздан бизга қолдирилган миллионлаб дарахтлар мисолида ҳам ана шу теран фалсафанинг ҳаётий ифодасини кўришимиз мумкин. Энди эса навбат бизга. Бир дона бўлса ҳам кўчат экиб, шу олтин силсилани давом эттирамизми ёки эртанги кунга оғир экологик муаммоларни мерос қилиб қолдирамизми – ҳаммаси ўзимизнинг қўлимизда.

“Яшил макон” яратиш инсоний бурч ва келажак олдидаги масъулиятдир. Умуммиллий ҳаракат эса улкан имкониятлар эшигини очмоқда, хайрли ишлар сари бизни чорламоқда.

Ҳусниддин БЕРДИЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси

аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 − 4 =