Буюк адибнинг эҳтиросларга бой романи

Колумбиялик машҳур адиб Габриэль Гарсиа Маркес (1927-2014) ўз вақтида Лотин Америкасидаги номдор оммавий ахборот воситалари — “El Heraldo”, “Momento”, “El Espectador”, “El Universal”, “Prensa Latina” каби газета-журнал ва агентликларда мухбир, шарҳловчи ва репортёр сифатида қалам тебратган. Соҳада орттирган бой тажрибаси (тўрт юзга яқин мақола, очерк ва репортаж) буюк ёзувчи адабий услубининг шаклланишига улкан таъсир кўрсатганки, журналистликни “дунёдаги энг гўзал касб” деб сидқидилдан ардоқлаган.

Жаҳон адабиётида “фусункор реализм” дея аталган янги адабий оқим асосчиларидан бири бўлган адибнинг “Ёлғизликнинг юз йили”, “Бузрукнинг кузи” романлари, “Ошкора қотиллик қиссаси”, “Полковникка ҳеч ким хат ёзмайди”, “Тўкилаётган япроқлар” каби қиссалари ҳамда кўплаб ҳикоялари ўзбек китобхонларининг ҳам маънавий мулкига айланган.

“Hurriyat” газетаси мухлислари эътиборига бир жўз ҳавола этилаётган “Августда учрашамиз” романи — ёзувчининг сўнгги асари, ижодининг зафарли якуни. Бу ҳақда адибнинг фарзандлари Родриго ва Гонсало Гарсиа Барча асарнинг 2024 йили чоп этилган илк нашрига ёзган сўз бошисида шундай самимий сатрларни ўқиш мумкин:

“Ҳаётининг сўнгги йилларида отамизга хотираси панд бера бошлаган эди. Бу дард, тасаввур қилишингиз мумкинки, барчамиз учун оғир синов бўлган. Буюк адибнинг ўзини эса мудом пойдор бўлиб келган заҳматкашлик қобилияти ва ёзиш имкониятидан маҳрумлиги ҳаммасидан кўпроқ умидсизликка солар эди. Бир куни бизга аниқ ва лўнда қилиб — ҳар ҳолда падаримиз ўша кунлари ҳали буюк ёзувчига хос ғайрат-шижоатидан айрилмаган эди — шундай дегани ёдимизда: “Хотира — менинг хомашём ва иш қуролим. Усиз қолгани — бир пул”.

“Августда учрашамиз” романи — отамизнинг барча жудоликларга қасдма-қасд давом эттирган сўнгги ижодий изланишлари маҳсули. Бу жараён ақлий қобилияти аста-секин сўниб бораётган чин мукаммалпараст санъаткорнинг изтиробларга тўла заҳматларидан иборатдир. Қадрдонимиз, ҳассос ношир Кристобаль Пера ушбу асарга ёзган изоҳларида роман матнининг кўплаб тафсирлари тарихини батафсил (биздан кўра яхшироқ) дарж этган. Бизга эса отамизнинг қатъий ҳукми маълум эди: “Бу асар саёзроқ чиқди. Уни чоп этишдан воз кечиш керак”.

Биз воз кечмадик. Умидимиз шул эдики, недир қарорга келмоғимизни олий ҳакам — вақт кўрсатади. Отамиз вафотидан ўн йил ўтгач, асарни қайтадан ўқиб чиқдик ва унда жозибали фазилатлар кутганимиздан ҳам бисёрлигини кашф қилдик. Тан олишимиз зарур: адибнинг йирик романларидан фарқли ўлароқ бу асарида такомилталаб жойлари йўқ эмас. Тишга тегадиган айрим ўринлар, реза ноаниқликлар бор. Аммо мутолаага ошуфта кўнгилларга Габриэль Гарсиа Маркес насридан баҳраманд бўлиш саодатини ҳис қилишда айни нотекисликлар асло монелик қилмайди. Аҳли китоб чексиз хаёлот, беҳад жозибали тил, мароқли ровийлик, инсон руҳиятини қат-қатигача англаш-тушуниш, бандасига хос ноёб кечинмалар ва ожизликлар, айниқса, муҳаббат бобидаги самимий изтиробларга мўл-кўл ошно бўлади. Муҳаббат эса буюк адиб ижодининг бош мавзуси бўлгани маълум.

Шундай қилиб, романни тағин ўқиб чиқдик, асар энди бизга ўн йил аввалгидан кўра мукаммалроқ ва жозибалироқ туюлди ва ўйладик: мабодо хасталик дардманд ёзувчи матнни янада такомиллаштириши учун тўсқинлик қилган бўлса-чи? Муайян нуқсонларига қарамай, асари мукаммал эканлигини англаб етиш имконини бермаган бўлса-чи? Адиб мухлисларининг кўнглини олиш орзусидан келиб чиқиб, ортиқча мулоҳазаларни нари сурдик ва отамизга берган ваъдамиздан кўз юмишга аҳд қилдик. Асар китобхонларга манзур бўлса, раҳматли отамиз биз, фарзандларини кечиради, деган умиддамиз”.

Алқисса, романнинг чоп этилиши катта шов-шувларга сабаб бўлди. Қисқа муддат ичида ўнлаб мамлакатларда кўплаб тилларга таржима қилинди. Маркеснинг шоҳ асарлари қаторидан жой олган ушбу романдан энди ўзбек китобхонлари ҳам баҳраманд бўлаётгани қутлуғ воқеадир.

Асар қаҳрамони — соҳибжамол Анна Магдалена Бах ҳар йили август ойида онасининг қабрини зиёрат қилиш учун оролга боради ва бир кечада бошқа одамга айланиб қолади. Ғарибгина мусофирхона майхонасида куй-қўшиқ тинглаб, кўнгил очади. Кўнгил очиш билан боғлиқ кутилмаган саргузаштлар эҳтиросларга бой “Августда учрашамиз” романига хос энг ёрқин жиҳатлардир.

Августда учрашамиз

(романдан бир жўз)

Габриэль Гарсиа МАРКЕС,

Нобель мукофоти соҳиби

(Колумбия)

Аёл ўн олтинчи август, жума куни соат учларда оролга паромда келди. Жинси шим, шотландча катакли кўйлак, яланг оёғига пошнаси паст одмигина туфли кийган, қўлида атлас соябон ва сумкача тутган, сафар сумкаси эса ягона юки эди. Бандаргоҳда қалашиб ётган таксилар орасидан денгиз тузи шўрини хийла қуритиб қўйган, кўҳна машинани танлади. Ҳайдовчи у билан синаштадек саломлашди ва девори қамиш аралаш гуваладан кўтарилиб, томлари пальма япроқлари билан ёпилган уйлар, чўғдай қум қопланган кўчалари жазирамада қайнаб ётган поёнсиз оби баҳрга қараган ғарибгина қишлоқ оралаб уловини елдириб кетди. У корридада буқага қарши ҳужумга шайланган жангчи сингари ўзини ғилдираклар тагига ташлашдан қайтмайдиган лоқайд хинзирлар ва қип-яланғоч болакайларга чап бериш учун не бир чаққонликлар кўрсатиб борар эди. Қишлоқ канорасида пошшойи хурмо дарахтлари безаб турган хиёбонга бурилди, пляжлар ва меҳмонхоналар ёқалаб, очиқ денгиз ва мовий қарқаралар дайдиб юрган кўрфаз орасидан ғизиллаб ўтди ва ниҳоят ғоят эски, ғоят хароб мусофирхона олдида тўхтади.

Мулозим ёзиб тўлдирилган ҳужжат билан пештахта ёнида кутиб турган экан, фақат имзо чекиш ва унинг қўлидан кўрфазга қараган иккинчи қаватдаги ягона хонанинг калитини олиш қолган эди. Аёл зиналарни жуфтлаб босганича, юқорига шитоб кўтарилди. Яқинда сепилган бўлса керак, сичқондорининг ҳиди димоқни тешай дейди. Икки кишилик баҳайбат каравот қарийб буткул эгаллаган, жиҳозлари ғарибдан-ғариб хонага кирди. Сафар сумкасидан бежиримгина пардоз қутичасини ҳамда саҳифалари тўлиқ кесиб очилмаган китобни олиб, орасига фил суягидан ясалган пичоқни тиқди-да, тумба устига қўйди. Пушти ранг шойи кўйлагини ёстиқ остига яширди. Чарх ураётган қушлар сурати муҳрланган ипак рўмоли, енги калта оқ кўйлаги, хийла уриниб қолган кедаси ғуслхонадан жой олди.

Ўзига оро бериш учун аввал ўнг қўлидаги никоҳ узуги ва эркакча соатини ечиб, пардоз столига қўйди. Апил-тапил юзини чайиб, йўлда қўнган чанг-ғуборни ювиб ташлаган бўлди. Пешинда кўзи илинган экан, ланжлиги кетди. Артинар экан, икки марта туққанига қарамай, ҳамон тирсиллаб турган бўлиқ сийналарини кўзгуга солди. Кафтларининг қирраси билан ёноқларини орқага тортган эди, навжувонлик чоғларидаги каби текисланиб кетди. Бўйнидаги ажинларини эътиборсиз қолдириб, нима ҳам қила оларди, бирпас аввал, тушликдан кейин паромда тозалаган садафдек тишларига нигоҳ ташлади. Туклари тоза қирилган қўлтиғига хушбўй оби мушкин суртиб, чўнтагига насл-насабининг бош ҳарфлари — “АМБ” тикилган енгилгина пахта кўйлагини кийди. Ҳинду сочларини елкасигача тушириб таради ва қушлар сувратланган жияк билан турмаклади. Ниҳоят, лабларига одми лаб бўёғи суриб, кўрсаткич бармоқларини тупуги билан намлади ва туташган қошларини текислаган бўлди. Қулоқлари ортига “Машриқона дарахт” атиридан енгилгина пуркаганидан сўнг кўзгудаги ўз рухсорига — икки фарзанднинг онасига, умр шоми балқий бошлаган аёлга юзланди. Пардоз-андоз йўламаган таранг териси асални эслатса, буғдой ранг қовоқлари остидан чақмоқдай кўзлари жилва сочарди. У гўё ҳар бир ҳужайрасига норози нигоҳию мазаммати билан баҳо бериб чиқди ва шу тобда ўзини қандай ҳис қилаётган бўлса, худди шундай — барноларнинг барноси деб топди. Қўлига узук ва соатини қайтадан тақар экан, кеч қолаётганини англади: олти дақиқаси кам тўрт. Шундай бўлса-да, яна бир лаҳза тўхтаб, кўрфазнинг қайноқ мавжлари узра осмонда оҳиста сузиб юрган қарқараларни соғинч билан томоша қилишни ўзига эп кўрди.

Кираверишдаги банан дарахтлари остида такси кутиб турарди. Ҳайдовчи сўраб-нетиб ўтирмай, хурмо дарахтлари ўраб турган хиёбонни ортда қолдириб, меҳмонхоналар ўртасидаги қурилиши чала ётган майдонни макон тутган ёймачилар бозорига ўтди ва гул сотувчи аёлнинг олдида тўхтади. Омонат курсида мудраётган самбитдай занжи аёл машина сигналидан сесканиб кетди, ўзига келгач, орқа ўриндиқда ўтирган жувонни дарҳол таниди ва жилмайиб қўйди. Нималарнидир тинимсиз бидирлаганча, атай тайёрлаб қўйилган самбитгул дастасини унга узатди. Бир неча мавзедан кейин такси ўткир қиррали харсанглар оралаб тепалик сари кескин кўтарилиб кетган ва кўз илғаб-илғамайдиган йўлкага бурилди. Иссиқдан биллурдек товланиб турган тиниқ ҳавода Кариб денгизи майин ястаниб ётарди. Сайёҳлар бандаргоҳи бўйлаб кўнгилочар яхталар саф тортган, соат тўртда жўнайдиган паром шаҳарга қайтиб кетмоқда эди. Тепаликда ғарибгина қабристон осойиш топган. Аёл занг босган эшикни енгилгина итариб очди-да, қўлида — гулдаста, ёввойи ўт босиб ётган қабрлар оралаб кетди. Ўртароқда тарвақайлаб кетган сейба — пахта дарахтини мўлжал олиб, онасининг қабрини топиш осон эди. Жазирамада қизиб кетган резина тагчармга қарамай қиррадор тошлар оёғига қаттиқ ботарди, атлас соябонни-да писандига олмай қўйган офтоб эса аёвсиз олов пуркайди. Буталар орасидан бехосдан отилиб чиққан баҳайбат калтакесак аёлнинг қаршисида таққа тўхтади, у билан кўз уриштиргач, қочиб қолди.

Аёл сумкасидан рўзғор қўлқопини олиб, кийди. Онасининг насл-насаби ва саккиз йил аввал вафот этган санаси битилган сарғиш мармарни топгунича учта қабр тошини артиб чиқишига тўғри келди.

Аёл бу ерга ҳар йили ўн олтинчи август куни, бир пайтда, бир машинада келади, бир сотувчидан гул сотиб олади ва онасининг қабрини бир даста барқ уриб турган самбитгул билан зиёрат қилади. Зиёратдан сўнг, то эртаси куни эрталаб соат тўққизгача, яъни биринчи паром бандаргоҳдан жўнаб кетгунича бошқа қиладиган иши қолмайди.

Аёлнинг насл-насаби — Анна Магдалена Бах. Ёши қирқ олтида. Йигирма етти йилки, бир-бирига кўнгил қўйган ва биринчи хуштори бўлган йигитнинг никоҳида бахт-иқболга чулғаниб яшайди. Анна Магдалена ҳали бокира қиз, санъатшунослик факультети талабаси эканида турмушга чиққан. Марҳума онаси Монтессори — таълим услубидаги бошланғич мактабида эл-юрт ҳурматини қозонган муаллима эдики, юксак обрў-эътибори ва хизматларига қарамай, умрининг охиригача мансаб зинапояларидан кўтарилишдан бош тортиб келган. Анна Магдалена онасидан ойдек сержилва кўзларини, табиатан камгаплигини, камсуқумлигини ва вазминлигини безаб турувчи ақлини мерос қилиб олган эди.

У мусиқачилар оиласидан. Фортепиано ўқитувчиси бўлган отаси қирқ йил давомида маҳаллий консерваторияга раҳбарлик қилган. Эри мусиқачилар сулоласидан, дирижёр, кейинчалик айни лавозимни, яъни ўз устозининг ўрнини эгаллади. Йигирма икки ёшида Миллий симфоник оркестрда виолончель устаси сифатида ном қозонган иқтидорли ўғлининг шахсий концертида Мстислав Леополдович Ростроповичдек машҳури олам уни тик туриб олқишлаган. Ўн саккиз ёшли қизи эса ҳар қандай мусиқа чолғусини сайратишни бир тинглашдаёқ ўзлаштириб олишдек ноёб қобилият соҳибаси. Фақат айни қобилиятини уйда тунамасликнинг бир йўли деб билиши чатоқ. Жаз сурнайчисига ошиқу беқарор бўлиб қолган машшоқ қиз ота-онасининг ҳайҳайлашига қарамасдан, Фақир кармелитлар тариқатига кириб, роҳибаликни танлаган ва сочини тақир қирдириб ташлаган.

Муаллима онаси қазосидан уч йил аввал шу оролга дафн этилиш истагини билдирган эди. Анна Магдалена марҳум волидасини қабригача кузатиб келмоқчи бўлганида, уни бу йўлдан қайтаришган, ўзининг ҳам бундай жудоликка бардоши етмайдигандек туюлган. Орадан бир йил ўтгач, отаси уни оролга бирга олиб келиб, онасининг қабрига оқиш мармар тош қўйдиргани ёдида. Осма моторли қайиқда кам деганда тўрт соатга чўзилган йўл азобидан Анна Магдаленанинг бўлари бўлган: қутурган денгиз бир сония тинчий демаган. Шундай бўлса-да, уни барқутдай ям-яшил ўрмон этагигача заррин қум сочилган пляжлар, қушлар чуғур-чуғури ва кўрфаз узра сокин қанот қоқаётган қарқаралар ҳайратга солгани рост. Бири машҳур шоир, иккинчиси мамлакат президентлигига сайланишига бир бахя қолган сергап сенаторнинг киндик қони тўкилган макон бўлишига қарамай, икки пальма дарахти ўртасига осилган тўр беланчакда, очиқ ҳавода тунашига тўғри келган қишлоқнинг абгорлиги Анна Магдаленанинг кўнглини хира қилган эди. Динамит шашкасининг бехосдан портлаши ўлароқ, қўлидан айрилган қора танли мўлоқ балиқчилар кўплиги юрагини эзган. Лекин қарангки, қабристон ястаниб ётган тепаликдан намоён бўлган жаҳоний латофатни кўриб, онасининг орзу-иродасини англагандай бўлди. Айни замин бу ёруғ дунёда у ўзини ёлғиз ҳис қилмайдиган ягона хилват гўша. Анна Магдалена волидасини мангу осойиш топган шу жойида қолдиришга ва ҳар йили бир даста самбитгул билан зиёратга келиб туришга қарор қилгани шундан.

Август — жазирама авжга чиқиб, жалалар ғулуси тинмайдиган ой. У табиатнинг айни инжиқлигини ихлосга айланган зиёрат асносидаги синов деб биларди. Ташрифини канда қилмас ва зиёратни албатта танҳо ўзи адо этарди. Бир гал қоидани бузди, бувисининг қабрини кўрмоқчи бўлган болаларининг хархашасига дош беролмади ва уларга қўшилиб ўзи ҳам роса таъзирини еди. Қоронғи тушмасидан қайиқда йўлга чиқдилар ва болакайлар ваҳимаю денгиз касаллигидан ғоят ҳолдан тойди. Ўшанда, шукрки, улар оролда очилган биринчи, яъни сенатор давлат маблағига қурдириб, кейин ўз номига ўтказиб олган илк меҳмонхонада тунашга муваффақ бўлган эдилар.

Анна Магдалена Бахнинг кўз ўнгида ойнаванд иморатлар йилдан-йилга қоядек юксалгандан-юксалиб, қишлоқ эса тобора ғариблашиб борарди. Тақдирга тан берган моторли қайиқлар сафдан чиқиб, уларнинг ўрнини кема-паром эгаллади. Сузиш аввалгидек — тўрт соатдан кам эмас, лекин совуткич, мусиқа ва енгилтабиат қизлар пайдо бўлган. Эндиликда қишлоққа фақат Анна Магдалена бош суқади.

У меҳмонхонага қайтгач, тўр ҳошияли лозимчасидан бошқа бор кийимини ечиб, ўзини каравотга ташлади ва жазирамани зўрға қайтараётган осма бодкашнинг парраклари остида, орасига пичоқ тиқиб қўйилган китобни очиб, мутолаага берилди. Китоб Брэм Стокернинг “Дракула”си эди. Қўлига дурдона асар тушиб қолганидан қувониб, ҳали йўлда, паромда ярмигача берилиб ўқиган эди. Энди эса кўкрагида китоби билан ухлаб қолди ва икки соатдан кейин қоронғида, терга ботиб, жуда очиқиб уйғонди.

Меҳмонхона майхонаси кечки соат ўнгача ишларди, тамадди қилиш учун пастга тушди. Бу пайтда мижозлар одатдагидан кўпроқ, официант ҳам янгига ўхшарди. Одатига кўра, аввалги йиллардагидек, ветчинали ва пишлоқли қовурилган сэндвич ҳамда сутли қаҳва буюрди. Емак олиб келишларини кутиб ўтирганида, мазкур меҳмонхона оролда ҳали ягона мусофирхона маҳаллари, бу ерга келиб-кетиб юрган кекса сайёҳлар орасида эканини сезиб қолди. Мулат қизча маъюс қўшиғини куйлар, аллақачон кексайиб, кўзлари буткул хира тортиб қолган кунда-шунда Агустин Ромеро эса меҳмонхонанинг очилиш маросимида янграган майин-мулойим мусиқаси билан эски пианинода унга жўр бўларди.

Рус тилидан

Қулман ОЧИЛ таржимаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 + two =