Дадам ҳақида

 Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон давлат академик катта театри балет раққоси Ҳамидулла Ғафуровни биласизми?

Ёшим саксонни қоралади. Бунинг учун Яратган Аллоҳимга беадад шукрлар қиламан. Кўзим очиқлигида бир ҳаётий ҳақиқатни баён этишни кўпдан буён кўнглимга тугиб келдим. Бу ҳақиқатни нафақат менинг отамнинг номи билан, балки ўзбек балет санъатининг тарихи билан ҳам боғлиқ бўлгани сабабли уни газетхонлар билан баҳам кўрмоқчиман.

Дадам раҳматли Ҳамидулла Ғафуров 25 йил мобайнида Алишер Навоий номидаги давлат академик катта театрида балет раққоси сифатида меҳнат қилган. 1950 йили мени қўлимдан етаклаб театрга олиб боргани, муҳташам бинонинг гоҳ у-гоҳ бу томонидан томоша қилганларимиз, фавворанинг ложувард сувидан завқланиб кўз узолмаганларимиз ҳамда фаввора ёнида бирга суратга тушганимиз ёдимда. Сўнг ичкарига кирдик. Девордаги суратлар, чироқлар, мармар зиналарни кўриб, бамисоли афсонавий қасрга кириб қолгандек эдим. Томоша залини айтмайсизми?! Иккинчи, учинчи қаватлардаги ложа ва балконлар, тилла ранг бўёқлар билан жилоланган деворлар, саҳна пардалари, оркестр учун саҳнанинг қуйи қисмидаги чуқурлик. Аста-секин ўчиб бораётган чироқ, ғира-ширада дирижёрнинг ингичка чўпи кўтарилган ҳамон бутун залга сув қуйгандек жимжитлик чўккани, диққатлар саҳнага қаратилганидан туғилган тасвирлаб бўлмас ҳаяжонлар.

Менинг дадам ана шу саҳнада неча-неча образлар яратди: “Боғчасарой фаввораси”да Ворцлав, “Дон Кихот”да масхарабоз, афсонавий композитор П.Чайковскийнинг “Оқ қуш кўли”да Зигфрид қиёфасида дадам – Ҳамидулла Ғафуров чиққан! “Доктор Айболит”да қизил хўроз образида иштирок этганини ўзим бир неча бор кўрганман.

Балет – дунё санъати қироли ҳисобланади. Очиғини айтганда, бу санъат тури бизда у қадар оммалашганича йўқ. Бунинг сабаби кўп, албатта. Мен дадамнинг ижодий фаолияти, яратган образлари юзасидан мутахассис сифатида фикр-мулоҳаза билдирадиган, баҳолай оладиган санъатшунос топилишини жуда-жуда истадим. Афсуски, миллий балет санъати тарихи ва босиб ўтган йўли билан шуғулланувчи тадқиқотчи, изланувчи йўқлигидан ҳайратга тушдим. Наҳотки бу борадаги кемтиклик соҳа фидойилари эътиборидан четда қолса?! Наҳотки ёш мутахассислар бу соҳани тадқиқ этмасалар, хотиралар яратмасалар?..

Шахсан ўзим дадам орқали Тамарахоним, Мукаррама Турғунбоева, Ҳалима Носирова, Галия Измайлова, Бернора Қориева, Иван Проценко, шунингдек, Москва балет мактабининг бир неча машҳур намояндаларини танидим. Дадам гарчи балет раққоси бўлсалар-да, умуман, бадиий ижод дунёси кенгликларини жуда яхши билар эди. Тўхтасин Жалиловнинг “Гулсара”, Мухтор Ашрафийнинг “Дилором”, Манас Левиевнинг “Майсаранинг иши” опералари, шунингдек, Чайковскийнинг “Оқ қуш кўли”, Вердининг “Травиата”, Аданнинг “Жизел”, Глинканинг “Княз Игорь” асарлари ҳақида соатлаб қайнаб-жўшиб ҳикоялар қилишдан чарчамас, энди сира иккиланмай айтаманки, ўша ҳикоялар чинакам санъат, гўзаллик ва нафосат сабоқлари эди.

Дадам ўзи яшаган Тошкентдаги “Нишабариқ” (собиқ Абдулхай Тожиев номидаги) маҳалласи фаолларидан эди. Маҳалла аҳлининг яхши ва оғир кунларида четда қолмасди.

– Ҳамидулла ака Ғафуров туғма санъаткор эди, – деб хотирлайди Ўзбекистон халқ рассоми, академик Алишер Мирзо, – каттаю кичикка ғоятда меҳрибон, ғамхўр. Айниқса, маҳалламиздаги тўй-ҳашамларда беминнат хизматдан қочмас, анча ёшга борган эсалар-да, ўз рақслари билан давраларни қиздириб юборар эдилар.

Таниқли адиб Шодмон Отабек дадам ҳақида мақола ёзганди. “Болалигимда, – деган сўзлари келтирилган эди  дадам ҳақидаги ўша мақолада, – Ғулом Зафарийнинг “Ҳалима” спектаклини кўрдим-у, шу-шу хаёлимни театр билан боғладим. Олдинига театрда оддий ишчи-хизматчи эдим. Тошкент театр техникумининг балет студиясида ўқидим. Навоий театрида раққос бўлдим. Проскурин, Обухова каби машҳур санъаткорлар билан ижодий ҳамкорлик қилдим. Театрда етакчи ролларни ижро эта бошладим”.

Дадам 1999 йилда 83 ёшда дунёдан кўз юмдилар. Йиллар ўтаверади, авлодлар ўтаверади, аммо ўтганлар ёди ўчмаслиги керак деб ўйлайман. Хусусан, дадам сингари миллий санъатимиз тарихида қолдирган из ўчиб кетмаслиги учун ҳам биз тириклар саъй-ҳаракат кўрсатиб қолмоғимиз бурчимиз, мажбуриятимиз деб ўйлайман. Зеро, балет санъати тараққиёти йўлида ҳукуматимиз томонидан кўрсатилаётган ҳозирги пайтдаги ғамхўрлик тўлқинида соҳа тарихи ҳам унутилмаслиги керак.

Мавлуда ҒУЛОМОВА,

Тошкент шаҳри.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

17 + nine =