Севги ва муҳаббатга ошуфта кўнгил
(Иқтидорли шоир Муҳиддин Омон ижодига бир назар)
Ўзбек шоирларининг кейинги йиллардаги ижодига назар ташлайдиган бўлсак, турли оҳангдаги ва ўзига хос услубда яратилаётган шеърлар намуналарининг гувоҳи бўлиш мумкин. Катта авлод вакиллари, ўрта авлод ва ёшлар ҳам баравар ижод қилиб, шеърият мухлисларининг эътирофига сазовор бўляптилар. Бунга республикамиз марказий газеталари, журналларида босилиб чиқаётган шеърлар ва шеърий тўпламлар билан таниш бўлган шеърият шайдоларининг фикрлари асос бўла олади, дейиш мумкин.
Бугун шеърлари таҳлилига қўл уришга уринганимиз — шоир Муҳиддин Омон ўрта авлод вакили бўлиб, серқирра ижодкорлар сирасига киради.
Шоир Муҳиддин Омон… Бу ўзига хос овоз соҳиби адабиёт майдонига ўтган асрнинг 80-йилларида Чори Аваз, Равшан Файз, Аъзам Ўктам, Абдували Қутбиддин, Чоршаъм каби тенгдош шоирлар билан бирга қадам қўйди. Айтиш керак, у ўша пайтлардаги Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)нинг ўзбек филологияси факультетида ўқиб юрган кезларида намунали хулқи, яхши ўқиши, эндигина бошлаган ижоди билан таниқли адабиётшунос устозлар ва тенгдошлари эътиборига тушган ва булардан руҳланиб, “олтин давр”даёқ анча-мунча шеърлар ёзиб, қоғозларни қоралашга улгурган эди.
Муҳиддин Омон шеърларида ватанпарварлик, элу юрт корига яраш, она заминга садоқат сингари кечинмалар туйғуларнинг ички товланишлари тарзида ифодаланади. Ўтган йиллар давомида унинг қатор шеърлари тўплам бўлиб, ўқувчилар қўлига етиб борди.
Муҳиддин Омон ўзига хос овозга эга, камтар, табиатан сокин шоир. Унинг ҳар бир шеъридан янги маъно топиш мумкин. Ўзи шеър дегани шундай бўлиши керак, аслида. Мана, қарийб қирқ йил ичида шоирнинг “Кўнгил дарбозаси”, “Толе фасли”, “Мунаввар соғинч”, “Ўртамизда ишқнинг гулшани”, болалар учун “Дакан хўроз ва унинг жўжалари”, “Соғломжон алифбоси”, “39 топишмоқ”, “Зеҳни аъло, тили бурро”, “Буюмлар тилга кирса” номли китоблари нуфузли нашриётларда чоп этилди ва ундан минглаб ўқирманлар баҳраманд бўлишди. Она табиат, ишқ-муҳаббат, садоқату хиёнат, умр ҳикмати, содда ва бетакрор болалик ўй-хаёллари шоир Муҳиддин Омоннинг севимли мавзулари ҳисобланади. Мана бу сатрларни ўқиб кўрайлик:
Сўлим қишлоқ. Сукунат. Оқшом,
Кўкда юлдуз сайр этган маҳал.
Умр шарҳин этказиб давом,
Ой бермоқда самога сайқал.
Чиройли ташбеҳ, шундай эмасми? Ушбу сатрларни шоирнинг “Қишлоқ кечаси” шеъридан олдик. Шеър қаҳрамонининг ҳис-туйғулари жуда самимий, ўзига хос тарзда ифода этилган. Шеърни мутолаа қиларкансиз, кўз олдингизда сирли сукунатга чўмган сўлим қишлоқ, унинг яшил боғлари, меваларга бурканган дарахтлари, бир томонда сукунатни бузиб, шарқираб оқаётган шўх сой гавдаланади. Ҳақиқатан, ажойиб манзара. Беихтиёр ёшлик даврларингиз, ёз кунлари қишлоқ кўчаларида билқиллаб ётган иссиқ тупроқни босиб, ҳув қирга ўрлашингиз, табиатнинг ажойиб манзараларидан кўзингиз қувонгани ёдга тушади. Чиндан ҳам шоир табиатнинг бетакрор мўъжизакорлигини ҳис қила олган, шу билан бирга, атроф-муҳитни ҳам жонли, ўзига хос тарзда шеърга сола олган. Ушбу сатрлар бунга далил бўла олади:
Ҳовуз бўйи чордона қуриб,
Гурунглашар дарахтлар бедор.
Райҳонларнинг атрин шопириб,
Бода каби ел этар нисор.
Чигирткалар “ғижжаг”ин олиб,
Куй бошлайди узундан-узоқ.
Ямоқ тўнин остига олиб,
Мудрамоққа тутинар қишлоқ.
Таъкидлашни истардик, Муҳиддин Омон шеърларида она табиат ўзига хос жилваланади ва қишлоқ манзараларини кўз ўнгингизда шундоққина гавдалантира олади. Юқоридаги келтирган мисолимизда қишлоқ кечаси манзараси, чигирткаларнинг галма-гал “ғижжаг”ини чалиши, ямоқ тўнни остига олиб ётиш каби тасвирлар — буларнинг барчаси бир зум бўлса-да, ўқирманнинг ёшлик хотиротларини қайта жонлантиради, қалбида ажойиб ҳис-туйғуларни жўш урдиради беихтиёр.
Шоирнинг “Қишлоқ”, “Ота маконим”, “Қоронғу тун хаёллари”, “Эсон ботир афсонаси”, “Иштибоҳ” каби шеърларида ҳам она қишлоқ, табиатнинг ажойиб лавҳалари жуда ажойиб тарзда акс этганки, булар орқали кўз олдимизда жонажон Ватан тимсоли гавдалантирилади.
Айтиб ўтилган шеърларда лирик қаҳрамоннинг туғилиб, вояга етган она қишлоғи, шулар тимсолида Ватанга бўлган муҳаббати, эътиқод ва садоқати шундоққина кўриниб турибди, десак, муболаға бўлмайди.
Китобдан жой олган “Онамга мактуб”, “Баҳор соғинчи”, “Қорлар эриб борар”, “Баҳор нашидаси” шеърлари ўқувчи қалбига ажойиб туйғулар уйғотиб, меҳр, муҳаббат, баҳорнинг айни кунларидагидек гўзал тароватини тараннум этади.
Гули сафсар ҳақида кўпчилик билади, лекин гули савсан қандай гул экан? Муҳиддин Омоннинг тўпламдан жой олган “Гули савсан” шеъри ғоят таъсирли ёзилганининг гувоҳи бўласиз:
Сен кимсан, қайдасан, қачон келасан,
Қайси боғ, қай гулзор эрур масканинг?
Етмиш йил интизор, мижжа қоқмасдан,
Мен сени кутаман, Гули савсаним!
Сен қайда юрибсан?
Шеърда ғамгинлик ҳамда маҳзунлик кайфияти акс этиб турган бўлса-да, сатрлардаги ўзига хос рамз, нимагадир ишора ўқувчини беихтиёр чуқур ўйга толдиради.
Салмоқли, етти фаслдан иборат этиб тартибланган “Ўртамизда ишқнинг гулхани” китобидан жой олган кўплаб шеърлар иқтидорли шоир М.Омоннинг ёрқин истеъдодини ўзида акс эттириб турибди, десак, бу китобни ўқиганлар бунга яна бир бор амин бўлишади.
Бир китобда ўқиб қолганим — таниқли адабиётшунос олим Нўъмон Раҳимжонов шоирнинг “Гўдак кўзларимда қотиб қолган оҳ, Мурғак сўзларимда яширинган мунг” деб бошланадиган шеърини таҳлил қилар экан: “Самимий кечинмалар она тупроқ билан қондошлик алоқаларини англатади. Ушбу эзгу туйғулар — тансиқ тушунчалар томдан тараша тушгандек қўққисдан пайдо бўлган эмас. Уларни туғилиб ўсган-унган қишлоғи тарбиялаган, кўнглида ардоқлаб камол топтирган. Тахи бузилмаган, эзгин кечинмалар талқинидан мўл-мўл фикр-мушоҳадалар сизиб чиқади. Ва улар ўткинчи эмас, фасллар, йиллар кечса-да, эскирмайди, қадри сўнмайди, сусаймайди”. Ажойиб ташбеҳлар, албатта.
“Муҳаббат соғинчи” китобининг сўзбошисида “Инсон бир умр эзгулик, бахт-саодатини соғиниб, уларга интилиб яшайди. Энг гўзал шеърлар ҳам соғинчдан ҳаётга келади. Модомики, қалбингизда яхшилик, хайру саховат соғинчи уйғоқ экан, демак, дилингиз равшан, ниятингиз пок, нигоҳларингиз некбиндир”, деб ёзилган. Таъкидлаш керак, шоирнинг “Мунаввар соғинч” шеърий мажмуасидан баҳраманд бўлгач, шундай рангин ва соҳир туйғуларни ҳис қиласиз. Айниқса, китобхонда М.Омоннинг “Умр ўтар”, “Отамнинг насиҳати”, “Кўнглим”, “Яна баҳор ҳақида”, “Райҳона”, “Муҳаббат оташдан яралган” шеърлари жуда яхши таассурот қолдиради.
Энди шоирнинг сонетлари ҳақида. Китобдан жой олган сонетлар чуқур маъноси, мазмуни билан таҳсинга лойиқ. “Озурлардан озурда сийнам”, “Кам яшадим, забун яшадим”, “О, қанчалар бокира, маъсум”, “Ишқ оловдир, ёнар бетутун” деб бошланадиган сонетларда чин севги, вафо, муҳаббат ўзига хос тарзда мадҳ этилган.
Ўзига хос услубга эга шоир Муҳиддин Омоннинг “Куз сонатаси” тўпламидан унинг кейинги йилларда ёзган шеърлари, латиф манзумалари жой олган. Шеърлар она Ватан, севги, муҳаббат, дўстлик, инсонийликка бағишланган.
Тўпламдаги шеърлар билан танишгач, кишида шоир куз фаслида туғилганмикин, деган тасаввур ҳам ҳосил бўлади, чунки тўпламда “Куз сонатаси”, “Кузги боғ ва қизғалдоқ ҳақида баллада”, “Куз ойлари”, “Куз манзаралари” шеърлари эҳтирос билан битилган.
Ўзига хос чиройли дизайнда чоп этилган китобчадан жой олган “Дўстлик ҳақида”, “Суратингни кўриб…”, “Сенинг меҳринг билан”, “Кўзимда қолди” шеърлари зўр завқ билан ўқилади.
Муҳиддин Омоннинг тўртликларида ҳам чуқур маъно-мазмун жо этилган. Шулардан намуна келтирсак, мақсадга мувофиқ бўлади.
Бу олам омонат, бир карвонсарой,
Ул агар осмондир, биз — ўткинчи Ой.
Шуни англар бўлсанг, эй гумроҳ одам,
Нечун талашасан обрў, мансаб, жой?
Яна бир ибратли тўртлик:
Қизиқ ҳолат кўпдир бир кам дунёда,
Ким ноқис ақлда, кимдир зиёда.
Лекин мени доим ҳайрон қилгани,
Нодонлар отлиқдир, одил пиёда.
Муҳиддин Омоннинг болалар адабиётидаги изланишлари ҳам эътиборга лойиқ. У топишмоқлар, тез айтишлар тарзидаги шеърларида ибратли тарбиявий фикрлари билан ёшлар маънавиятини бойитишга, интеллектуал ўстиришга хизмат қиляпти, десак, тўғри бўлади. Кузатишлардан маълум бўляптики, болажонлар тилидан ажойиб, чиройли сатрлар битаётган шоир келажак авлод вакиллари адабиёти ривожига муносиб ҳисса қўшиб келяпти.
Бола ва унинг ички дунёси ҳақида ёзиш, уни ишончли тарзда очиб бериш — шунчаки осон иш эмас. Айтиш керак, кейинги авлод болажонларнинг севимли ёзувчи ва шоирлари Қуддус Муҳаммадий, Қудрат Ҳикмат, Худойберди Тўхтабоев, Турсунбой Адашбоев, Анвар Обиджон, Кавсар Турдиева кабиларнинг асарларини ўқиб, улғайишган.
М.Омоннинг “Соғломжон алифбоси” тўпламидан жой олган шеърларни ўқиб, янгича, ўзига хос оҳангни ҳис қилиш мумкин. Алифбомизнинг ҳар бир ҳарфига бағишланган шеърлар жуда қизиқарли ва ниҳоятда топиб ёзилган. Уларнинг замирида жуда катта маъно ётибди, десак, муболаға қилмаган бўламиз.
Мана бу тўртликни ўқиб кўрайлик:
“А” ҳарфига бағишланган тўрт қатор шеър:
Арғамчи — оддий арқон,
Овунчоқдир қадрдон.
Қувнаб сакраймиз ҳар дам,
Бўламиз чаққон, бардам.
Энди “М” ҳарфига таъриф:
Моҳир мерган тўғри отар
Мудом нишонни.
Тийраклиги, зийраклиги
Бахш этар шонни.
Кўрган қойил қолар доим,
“Балли, мерган”, — дер.
“Ўз ишига чин юракдан
Меҳрин берган”, — деб.
Шоир “Б” ҳарфига ҳам ўзига хос таъриф берган:
Билсангиз, ўйинлар мўл,
Баридан зўр баскетбол.
Гарчи тўпда ўйингиз,
Ўсаверар бўйингиз.
Шоирнинг “П” ҳарфига берган таърифидан беихтиёр юрак ҳаприқади, қалбингизда юрт ифтихори, ғурур жўш уради:
“Полвонлар, ҳой полвонлар,
Элдан олқиш олганлар,
Қудратингиз сири не?”
Сўрар ҳайрон қолганлар.
Полвонлар дер: — Куч берар,
Она диёр тупроғи,
Ҳилпираб турса агар
Дилда Ватан байроғи.
Юртнинг шаъни, довруғин деб,
Тушса агар майдонга.
Ғолиблик жойи насиб,
Бўлар ўша полвонда.
Катта-ю кичик мобиль телефондан кўзини узолмай қолган бир даврда ижодкор учун ҳозирги болаларнинг кўнглига йўл топиш, диққатини жалб этиш осон кечмаслиги ҳам бор гап. Муҳиддин Омоннинг кичик ёшдаги болаларга мўлжаллаб ёзилган “Буюмлар тилга кирса…” шеърлар тўпламидаги намуналар болажонларга жуда маъқул бўлиши табиий. Тўпламдан жой олган шеърларда ошхона жиҳозлари сўзлайди. Шеърий китобда болажонлар атрофидаги барча буюмлар, ускуна ҳамда жиҳозларнинг тилидан қувноқ, шу билан бирга, ўзига хос тарбиявий аҳамиятга эга шеърлар берилган.
Масалан, “Қозон нима дейди?”
Оила аъзоларин
Ризқининг мен бекаси.
Ошхона жиҳозларин
Ўзимман маликаси.
Исмим таратмас жаранг,
Аммо қилар ишим зўр.
Гапимга ишонмасанг,
Менсиз палов дамлаб кўр!
Гоҳ дилим этиб хуфтон,
“Қора қозон” дейдилар.
Аммо пиширсам таом,
Мақтаб-мақтаб ейдилар.
Капгирни ҳам эшитиб кўрайлик:
Кимлар кулар афтимдан,
Кимдир атайди дастгир.
Доим очиқ кафтимдан,
Билинглар, исмим капгир.
Мошкичири ҳам шовла,
Ёки сиз суйган палов.
Пиширмоқ бўлса ҳамма,
Менга қўл чўзар дарров.
Деманг шунчаки асбоб,
Ўхшасам белкуракка.
Ошпаз учун энг яқин
Мих бўламан юракка.
Санчқининг гапларига ҳам қулоқ тутсак:
Ким айтибди санчқини,
Оврўпадан келган деб.
Асли Шарқ фарзандиман,
Аждодим чўка-қўш чоп.
“Эслаб, Хитой, Тайванни”,
Ўзим ҳам ҳузурлангум.
Сизга тутиб лағмонни,
Ишимдан ғурурлангум.
Тўпламдаги “Қошиқ”, “Чойнак билан пиёла”, “Ўқлов”, “Элак”, “Това”, “Ошпичоқ” ҳам ўзини чиройли таърифлаган.
Мамлакатимизда Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида китобхонлик маданиятини юксалтириш ҳамда китоб тарғиботига алоҳида эътибор қаратиб келинаётгани, юртимизда “Китобхонлик ҳафталиги” тадбирлари ўтказилаётгани, бу — китобга, маънавият ва маърифатга, келажакка эътибор дегани. Китобхонликни оммалаштириш, айниқса, ёшларимизнинг фикри, онги, тафаккурини юксалтириш — бугунги куннинг ҳам талаби, ҳам эҳтиёжи ҳисобланади.
Муҳиддин Омоннинг жаҳон адабиёти, шунингдек, қардош халқлар адабиёти вакиллари ижодидан қилган таржималари ҳам эътиборга молик. Унинг “Ўртамизда ишқнинг гулхани” деб номланган китобидаги шеърлари, жаҳон мумтоз адабиёти ва қардош халқлар вакиллари шеъриятининг буюк сўз санъаткорлари ижодидан ўзбек тилига ўгирган шеъру ғазалларидан намуналарни ўқиб, жуда катта таассуротлар олиш мумкин.
Яна бир мулоҳаза, Муҳиддин Омоннинг ижодида муҳим ўрин тутадиган таржималари алоҳида ўрганиш ва тадқиқот учун мавзу бўлишини таъкидлашни истар эдик. Чунки уни жаҳон мумтоз адабиёти вакиллари, хусусан, Англия, Португалия, Голландия, Латвия, Озарбайжон ҳамда Арманистон шеъриятининг буюк сўз санъаткорлари ижодидан шеър ва ғазалларини ўзбек тилига ажойиб тарзда ўгирган таржимон сифатида ўзига хос ўринга эга, десак, муболаға қилмаган бўламиз.
Юсуф ҲАМДАМОВ,
филология фанлари доктори.
