“Яшил” тақдирлар туташган нуқта: Иқлим инқирозига қарши минтақавий ҳамжиҳатлик

Бугун инсоният тамаддуни мисли кўрилмаган синовлар қаршисида турибди. Глобал исиш шунчаки илмий башорат эмас, балки ҳар биримизнинг кундалик ҳаётимизга, соғлиғимиз ва иқтисодий фаровонлигимизга дахл қилаётган реал воқеликка айланди. Дунё океани сатҳининг кўтарилиши, биохилма-хилликнинг кескин камайиши ва озиқ-овқат хавфсизлигига таҳдидлар биздан тезкор, энг муҳими, тизимли ҳаракатларни талаб қилмоқда.

Яқинда Остона шаҳрида бўлиб ўтган Минтақавий экологик саммит ҳамда Оролни қутқариш халқаро жамғармаси таъсисчи давлатлари раҳбарлари кенгашининг йиғилишида ана шу таҳдидларга ҳамжиҳатликда курашиш бўйича минтақамизнинг кун тартиби белгилаб олинди, десак, муболаға бўлмайди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат ­Мирзиёев саммит минбаридан туриб энг оғриқли нуқтага эътибор қаратди. “Глобал исиш суръатларининг тезлашиши давом этмоқда, Марказий Осиё минтақасида эса ҳарорат икки баробар тезроқ кўтарилмоқда. Минтақа музликларининг қарийб учдан бир қисми йўқолди, ёғингарчилик тартибининг беқарорлиги кузатилмоқда”, дея хавотир билдирди Президент.

Бу — яқин келажакда сув танқислиги ва чўлланиш жараёни кучайишидан дарак бермоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда экологик барқарорликни шакллантириш бўйича аниқ мақсадли ва тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётганини таъкидлади.

Халқаро ҳамжамият ва нуфузли нашрлар, хусусан, Қозоғистоннинг “Казинформ” агентлиги Ўзбекистоннинг бундай экологик ташаббусларини юқори баҳоламоқда. Агентликнинг қайд этишича, мамлакатимиз “яшил” иқтисодиётга ўтишда қуруқ баёнотлардан амалий натижаларга ўтганини қуйидаги рақамлар ҳам исботлайди:

“Яшил макон” лойиҳаси доирасида қарийб 1 миллиард туп дарахт ва бута экилди. Бу — ҳудудларда микроиқлимни яхшилаш ва ҳаво сифатини ошириш йўлидаги улкан қадамдир.

Орол денгизининг қуриган тубида 2 миллион гектардан ортиқ майдонда ўрмонзорлар барпо этилиб, янги “яшил белбоғ”лар яратилмоқда. Бу заҳарли туз ва қум бўронларини жиловлаш бўйича дунёдаги энг йирик экологик амалиёт сифатида тан олинди.

Сувни тежаш борасидаги кенг кўламли саъй-ҳаракатлар натижасида Ўзбекистонда йилига 10 миллиард куб метр сув иқтисод қилинмоқда.

Генерация қувватларида “яшил” энергетика улуши аллақачон 30 фоизга етди, жорий ўн йилликнинг охирига бориб эса 50 фоиздан ошади. Ўзбекистон Париж битими бўйича зарарли чиқиндиларни 35 фоизга камайтириш мажбуриятини муддатидан олдин бажарди ва ўз олдига янги мақсад — уларни 2035 йилгача икки баробар қисқартириш вазифасини қўйди.

Чиқиндилардан энергия ишлаб чиқариш бўйича лойиҳалар фаол амалга оширилмоқда. Жорий йилда чиқиндиларни ёқиш бўйича иккита янги завод ишга туширилади, яна 9 таси эса келгуси икки йил давомида фаолиятини бошлайди. Уларнинг ишга туширилиши ҳар йили 5,5 миллион тонна чиқиндини утилизация қилиш, 2,2 миллиард киловатт-соат электр энергияси ишлаб чиқариш, шунингдек, чиқиндилар ҳажмини 1 миллион тоннадан ортиққа қисқартириш имконини беради.

Давлатимиз раҳбари Минтақавий экологик саммитдаги нутқида минтақавий муаммоларни ҳал этишнинг янги ва самарали механизмларини илгари сурди. Хусусан, “Марказий Осиёнинг тоза ҳавоси” давлатлараро консорциумини ташкил этиш ва технологик ўтиш жараёнларини тезлаштириш учун “Марказий Осиё яшил савдо йўлаги”ни шакллантириш ғоялари иқтисодий ривожланишни экологик барқарорлик билан уйғунлаштиришга қаратилган.

Президентимизнинг “Марказий Осиё иқлим лойиҳаларининг ягона инвестиция портфелини яратиш кейинги қадам бўлиши керак. Бу бизга тарқоқ ташаббуслар билан эмас, балки минтақани ривожлантириш бўйича яхлит стратегия билан ҳаракат қилиш имконини беради” деган фикрлари ҳам халқаро ҳамжамият томонидан илиқ қарши олинди. Шунингдек, саммитда давлатимиз раҳбари томонидан Марказий Осиё атроф-муҳитидаги ўзгаришларнинг ягона минтақавий атласини яратиш, биологик хилма-хилликни сақлаш учун “Марказий Осиё Қизил китоби”ни биргаликда ишлаб чиқиш таклифи илгари сурилди. Бу қадамлар келгусидаги қарорларнинг илмий асосланган бўлишини таъминлайди.

Қисқа қилиб айтганда, экологик хавф-хатарлар чегара билмайди ва миллий чегараларда тўхтаб қолмайди. Шу боис Марказий Осиё давлатларининг “Барқарор келажак учун умумий нигоҳ” деган бош ғояси атрофида жипслашиши тарихий заруратдир. Ўзбекистон бу жараёнда муаммонинг ечимини кўрсатиб берувчи ишончли ҳамкор сифатида намоён бўлмоқда.

Минтақавий экологик саммитда таъкидланганидек, иқлим инқирози глобал муаммо бўлишига қарамай, унинг ечими аввало минтақавий ҳамжиҳатлик ва аниқ амалий қадамларга боғлиқ. Ўзбекистоннинг “яшил” иқтисодиётга ўтиш, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва ресурслардан оқилона фойдаланиш борасидаги ташаббуслари нафақат миллий, балки минтақавий барқарорликка хизмат қилмоқда. Илгари сурилган янги механизмлар ва ҳамкорлик форматлари эса тарқоқ ҳаракатлар ўрнига яхлит стратегия асосида иш юритишга замин яратади.

Гулзайнаб ЗУЛҲАЙДАРОВА,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси бош мутахассиси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

19 − seven =