Балиқчининг эртаси бугундан бошланади

Балиқчи туманидаги ислоҳотлар ҳақида ёзиш фикри Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Қишлоқ хўжалиги ходимлари куни муносабати билан соҳа ривожига муносиб ҳисса қўшган юртдошларимиздан бир гуруҳини мукофотлаш тўғрисида”ги Фармони эълон қилинганида туғилган эди. Мамлакат қишлоқ хўжалиги тизимидаги кўп йиллик фидокорона меҳнати, соҳа ривожини янги босқичга кўтариш, интенсив агротехник усулларни қўллаш орқали юқори ҳосилдорликка эришиш, эл-юрт фаровонлигини юксалтиришга қўшган муносиб ҳиссаси, илғор инновацион технологиялар ва замонавий илм-фан ютуқларини амалиётга кенг жорий этиш, ер ва сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш, маҳсулотларни сифатли қайта ишлаш, экспорт салоҳиятини ошириш йўлидаги самарали фаолияти ҳамда ижтимоий ҳаётдаги фаол иштироки учун “Дўстлик” ордени билан мукофотланганлар орасида Балиқчи тумани хокими Жасурбек Одилович Абдураимов ҳам бор эди. Бу ном таниш кўринди. Дарров Жасурбек Абдураимов мамлакатимиз қишлоқ хўжалиги ривожида катта хизматлар қилиб ўтган қадрдонимиз, раҳматли Одилжон ака Абдураимовнинг фарзанди бўлса керак, деган ўй хаёлимдан ўтди. Кўнгилга келган яхши гумонимиз рост бўлиб чиқди. Яқинда Балиқчида бўлганимизда туман раҳбари билан кўришдик.

У билан тумандаги “Sokin savdo servis” масъулияти чекланган жамияти паррандачилик корхонаси томонидан бунёд этилаётган парранда маҳсулотларини қайта ишлаш ва қадоқлаш комплекси ҳудудида учрашдик.

Ҳоким дадаси, раҳматли Одилжон ака Абдураимовни қишлоқ хўжалиги фидойиси сифатида яхши билишим, унинг фаолияти ҳақида мақолалар ёзганлигимни эшитиб, хурсанд бўлди.

— Қуш уясида кўрганини қилар экан, — деди у. — Қишлоқ хўжалиги соҳасига меҳр дадамиздан бизга мерос қолган. Аграр соҳа сир-асрорларини ҳам ундан ўрганганман.

Ўтган инсонларнинг яхши хислатларини хотирлаш ҳам тирикларга мукофот бериш билан баравар, деб ҳисоблайман. Назаримда, Одилжон ака ҳақидаги хотираларимни ўғлига айтганларим ҳам бир савоб ишдек туюлди…

— Бу ҳудудда катта қурилишлар кетаётганга ўхшайди, — дея уни суҳбатга чорладим.

— Ҳа, ушбу комплекс қурилишига уч миллион доллар сарфланади, — деди Жасурбек Абдураимов. — Лойиҳанинг дастлабки босқичи ишга тушгач 200 та янги иш ўрни яратилади.

Туманда замонавий тўқимачилик корхоналари сони йил сайин ортиб бормоқда. Масалан, Сарновул маҳалласида “Tetratex” масъулияти чекланган жамияти томонидан тўқимачилик корхонаси барпо этилиб, унга ип йигирув дастгоҳлари ўрнатилмоқда. Лойиҳанинг биринчи босқичи ишга туширилгач, бир ярим мингта иш ўрни яратилади. Натижада корхонада маҳаллий хомашё чуқур қайта ишланиб, юқори қўшимча қийматга эга маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилади. Лойиҳа тўлиқ қувват билан ишга туширилгач, 6 мингга яқин янги иш ўрни яратилади.

“Сарновул” маҳалла фуқаролар йиғини ҳудуди саноат зонасига айланаётир. Ушбу ҳудудда “Чинобод реал бизнес” масъулияти чекланган жамиятида тухум йўналишидаги парранда боқиш мажмуасида айни пайтда 53 нафар ишчи меҳнат қилаётир. Корхона томонидан янги лойиҳа асосида интенсив усулда балиқ етиштиришга мўлжалланган сув ҳавзалари ташкил этилмоқда. Мазкур лойиҳа шу кунларда ишга тушгач, 20 та янги иш ўрни яратилади.

Ҳокимнинг таклифи билан Халқ депутатлари туман кенгаши раиси Шояд Сатторов, ҳокимнинг матбуот котиби Музаффар Каримов ҳамроҳлигида Чинобод маҳалласида фаолият юритаётган “Холид Сайфуллоҳ текстиль” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан ҳам танишдик. Ушбу корхонада трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилган бўлиб, айни пайтда 60 киши меҳнат қилмоқда. Корхона масъуллари берган маълумотга кўра, яна қўшимча 40 та ишчи ўрни яратилади.

Чинободдаги спорт анжомлари ишлаб чиқариладиган “LB Sport” масъулияти чекланган жамиятидамиз. У ерда олтмиш нафар ишчи меҳнат қилмоқда. Жамият томонидан Сарновул маҳалласида спорт буюмлари ишлаб чиқариш заводи қурилмоқда. Қурилиш ишларига олтмиш нафар қурувчи жалб этилган бўлиб, лойиҳа ишга туширилиши натижасида қўшимча 200 та ишчи ўрни яратилади. Корхона фаолияти билан танишар эканман, бундан ўттиз уч йил аввалги воқеалар ёдимга тушди.

Балиқчида азал-азалдан спорт буюмлари ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхоналар кўп. Чинободдаги шундай корхонага адабиётни жону дили деб биладиган раҳматли Убайдулло ака Тошбоев раҳбарлик қиларди. Уни Қўчқорбой ака ҳам деб атардик. Ўзбекистон халқ шоири Муҳаммад Юсуф билан бир неча марта Қўчқорбой аканинг таклифига кўра Чинободда бўлганмиз. У пайтлари ҳамма нарса пул билан ўлчанмайдиган ажойиб даврлар эди. Таниқли хонандалар Охунжон Мадалиев, Ғиёс Бойтоевлар Муҳаммад Юсуфнинг таклифи билан бир неча бор катта ўйингоҳда беминнат концерт қўйиб беришганди. Шоир ҳам қайта-қайта олқишлар қуршовида шеърлар ўқиганди. Ҳамроҳларимга шу ҳақдаги хотираларимни гапириб бердим. Улар ҳам Балиқчи фарзанди Қўчқорбой аканинг инсонийлик фазилатларини бир-бир эслашди…

Олинган маълумотларга кўра, тумандаги Сирмоқ маҳалласида “Milliy tex” масъулияти чекланган жамияти томонидан трикотаж маҳсулотлари ишлаб чиқаришга мўлжалланган корхона қурилиши шу кунларда якунланар экан. Лойиҳа қиймати уч миллион долларлик ушбу корхона тўлиқ ишга тушгач, 150 та иш ўрни яратилади.

Бунёд этилаётган саноат корхоналарининг миқёслари ҳайратлантиради. Туман ҳокимининг айтганлари ёдимга тушди. “2020 йилда туман ялпи маҳсулот ишлаб чиқаришда саноат улуши 300 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, 2025 йил якунига кўра бу кўрсаткич 4 триллион сўмга етди”. Бу ўсиш ўн икки мартадан ортиқ деганидир. Ушбу рақамлар замирида минглаб ишчи ўринлар, минглаб тақдирлар ётибди. Албатта, маҳаллий аҳолини узлуксиз иш билан таъминлашда саноат корхоналарининг ўрни беқиёс.

Тақдим этилган маълумотларга қараганда, Балиқчи туманининг қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштиришда ҳам ўз ўрни ва мавқеи борлигига амин бўлдик. Кейинги йилларда пахта, ғалла етиштиришда илмий асосланган ҳолда хорижий тажрибалардан фойдаланиб, юқори натижаларга эришилмоқда. Ўтган йили 55,1 минг тонна ғалла ҳосили олинган бўлиб, бу гектар бошига 82,1 центнер дон деганидир. 38,7 минг тонна пахта етиштирилган бўлиб, ҳосилдорлик гектар бошига 47,8 центнерга етди. Бундан саккиз йил аввал ҳар гектар майдондан 33 центнердан пахта ҳосили олинган бўлса, шу даврда гектар бошига 14 центнердан ўсишга эришилгани қувончли. Туманда саккиз йилдан буён ғаллачиликда ҳам, пахтачиликда ҳам режалар мунтазам ортиғи билан бажарилиб келинаётир. Гўшт, сут, тухум, мева, узум, дуккакли экинлар, картошка, полиз маҳсулотлари етиштириш бўйича ҳам олқишга арзигулик натижалар қайд этилган. Шу кунларда ғалла бошоқлари бўй кўрсатиб, баракали хирмондан дарак бериб турибди.

Йил сайин сувдан тежамкорлик билан фойдаланиш долзарб вазифага айланиб бораётир. Ўтган йили 500 гектар пахта майдонларида томчилатиб суғориш, 310 гектар ғалла майдонида ёмғирлатиб суғориш технологиялари жорий қилинди. Сувни тежаш мақсадида 36,4 километр ички ариқлар, 7,2 километр хўжаликлараро каналлар бетонлаштирилди. Яшил энергияга эътибор ҳам кучаймоқда. Тумандаги 28 та фермер хўжаликларининг насос станцияларига қуёш панеллари ўрнатилди.

Ҳамроҳларим таклифи билан “Жасорат” маҳалла фуқаролар йиғинидаги Ҳ.Эргашева кўчасининг 86-хонадонида бўлдик. Хонадон соҳиби Мўйсинжон ака Расуловнинг номи ишбилармонлик билан нафақат туманда, балки вилоятда ҳам оғизга тушган экан. Мўйсин Расулов олий маълумотли қурувчи бўлса-да, томорқа шайдоси экан. Дарвозасидан киришингиз билан иссиқхонага кўзингиз тушади.

— Беш сотих майдондаги иссиқхонада 60 туп “Toshkent meyer” навли лимон парвариш қиламан, — деди Мўйсинжон ака. — Эллик туп лимон орасида бир туп мандарин экилиб парвариш қилинса, чанглатиш туфайли лимоннинг ранги чиройли бўлади. Шунинг учун иссиқхонамда икки туп мандарин, икки туп апельсин экканман. Ўтган йил тўрт ярим тонна лимон етиштирдик. Ҳақиқий деҳқон бир қарич ердан ҳам унумли фойдаланади, — дея у суҳбатни давом эттирди. — Томорқамизда уч турдаги узумдан яхшигина даромад оламиз. Кўчамиздаги ариқ бўйига Наманганнинг Тўрақўрғонидан узумнинг данаксиз “Ризамат ота” навли 15 туп кўчатини олиб келиб экдим. Бу нав ҳосилдорлиги юқори, совуққа чидамли экан. Лимон ва узум кўчатларини етиштириб сотамиз. 20 та яшикда 40 та оила асалари боқамиз.

— Келин янгамизнинг ютуқлари ҳақида ҳам гапириб беринг, — дея суҳбатга қўр ташлади ҳамроҳим Шояд Сатторов.

— Турмуш ўртоғим Зарифахон Тожибоева биология фанидан ўқитувчилик қилиб пенсияга чиққан, — деди Мўйсинжон ака. — Уч фарзандимиз ҳам олий маълумотли. Уйимиз китоб жавонида 300 дан ортиқ энг сара адабиёт намуналари бор. Олти нафар неварамиз бир-биридан ўзаман дейди. Яқинда “Ибратли оила” кўрик танлови вилоят босқичи ғолиби бўлдик. Уйимиз гуллар билан файзли. Етти гўзал гулини биласизми? — деб Мўйсинжон ака қатор гулларга ишора қилди. — Бир тупи етти хил очилади. Қорнинг тагида қолса, кейин гуллайди. Юз тупдан ортиқ атиргулнинг сара навларини парвариш қиламиз. Болгарларда бир ҳикмат бор экан: “Уйингда йигирма туп атиргул бўлса, юрак касалига йўлиқмайсан”. Ҳаётимда кўрдим. Гул ичида ўсган инсон соғлом ва диди баланд бўлар экан.

Тўғриси, бу файзли хонадондан қушдек енгил бўлиб чиқдим. Айниқса, юзидан самимият балқиб турган бу нуронийнинг ушбу ҳикматли сўзи ёдимда қолди: “Меҳнат ҳам ибодатдек савобли машғулот”.

Ҳамроҳларим матбуот ходимларини эъзозлайдиган, китобга, газетага меҳри баланд инсонлар экан. Бугунги кунда шундай зиёли кишилар билан ҳамроҳ бўлиш ҳам омаддек гап.

Мақолам бошида номи тилга олган Одилжон ака Абдураимовни яқиндан биладиган бирор нуроний билан учраштиришни ҳамроҳларимдан илтимос қилдим.

— Алчазор маҳалласида Исмонали Ҳожиматов деган ижодкор бор, қўнғироқ қиламиз, — деди Музаффар Каримов.

Ишнинг юришганини қаранг, Исмонали ака шу атрофдаги ёнилғи қуйиш шохобчасида экан. Муддаомизни эшитгач, хурсанд бўлди.

— Одил ака Абдураимов раҳматли устозим бўлади, — дея хотирлади у. — Маданиятли, ҳар бир ишни ўз вақтида бажарадиган, кичик кўнгил, камтарин инсон эди. Доимо бировларга яхшилик қилиш нияти билан юрарди. Ҳалол яшашни афзал биладиган инсон эди. Саховатпешалиги, камтарлиги, ҳар бир ишга талабчанлиги, туман ҳаётини яхши билиши фарзандларига ҳам ўтган.

Мени энг аввало Балиқчига ўзидан яхши ном қолдириб ўтган Одилжон ака Абдураимов ёди етаклаб борган бўлса, у гўшадаги ижтимоий-иқтисодий ўзгаришлар билан танишиб, бир олам таассуротлар билан қайтдим.

Қолаверса, ана шу инсоннинг фарзанди Жасурбек Абдираимов ушбу туман раҳбари эканлиги, ундан туман аҳли мамнун бўлиб гапирганлари, бугунги Балиқчида рўёбга чиқарилаётган ислоҳотларнинг авжи баланд эканлиги мамнун этди.

Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 − ten =