Экологик маданият

Бугунги технология ривожланган замонда табиатнинг софлиги ва мусаффолигини асраш дунё миқёсида долзарб мавзуга айланиб улгурди. Инсониятнинг яқин дўсти, ҳамроҳи бўлган она табиатнинг ҳозирги пайтдаги қиёфаси ҳар бир инсонни ташвишга солиши, шу билан бир қаторда, табиатни асрашга бўлган масъулиятни оширишга ундайди. Нафас олаётган ҳавомиз, ичаётган сувимиз, истеъмол қилаётган озиқ-овқатларимиз, ҳайвонот ва ўсимликлар олами зарарли унсурлардан холи бўлишини хоҳлаймиз. Афсуски, бугун она табиат инсониятдан анчагина хафа дейишимиз мумкин. Экологик аҳволимизни бугундан яхшилашга ҳаракат қилмасак, эртанги кун келажак ҳам, она замин ҳам биздан асло рози бўлмайди.

Шу боис табиатни асраш, унга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш давлат сиёсати даражасига кўтарилди. Кўплаб қонунлар, қарорлар, концепциялар ишлаб чиқилмоқда. Биргина Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 15 майдаги ПҚ–184-сон қарори билан қабул қилинган “2030 йилгача бўлган даврда аҳолининг экологик маданиятини юксалтириш концепцияси”ни олиб кўрадиган бўлсак, бу ҳужжат жамиятимизнинг барча бўғинларида фуқароларнинг экологик маданиятини юксалтиришни назарда тутади. Концепцияда асосий мақсад сифатида “ўсиб келаётган ёш авлодда экологик билим, онг ва маданиятни шакллантириш ҳамда ривожлантириш, ушбу йўналишда таълим-тарбия жараёнини самарали ташкил этиш, аҳолининг барча қатламларида экологик маданиятни, шу жумладан, “яшил” истеъмол маданиятини янада юксалтириш” белгиланган. Бизда экологик маданият ривожланмас экан, барча жабҳаларда ривожланишимиз оқсайди. Экологик маданиятни таълим-тарбия жараёнини самарали  ташкил этиш билан боғласак, келгуси жамиятимизда атроф-муҳит билан боғлиқ муаммоларимиз ўз-ўзидан камайиб боради. Инсон онги ва тафаккурида инсон ва табиатнинг ўзаро уйғун эканлигини, табиатга нисбатан дўстона руҳда ёндашув ҳамда масъулиятимизнинг ошишини тушуниш экологик тафаккурнинг юксалишига олиб келади.

Экологик маданиятни юксалтириш оила, маҳалла, узлуксиз таълимнинг барча бўғинларидан, ташкилот, муассаса, корхоналардан бошланиши керак. Оилада болажонлар учун “Ақлвой”, “Болажон” ва бошқа телеканалларда болаларни атроф-муҳитга, табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш руҳида тарбиялашга қаратилган маънавий дастурлар ташкил этиш ҳамда намойиш этиш” кўзда тутилган. Эндигина ўсиб келаётган, дунёни маънан англаб бошлаётган болаларда бу усул анчайин самарали натижани бериши шубҳасиз. Чунки бола кўрган ва эшитган нарсасига амал қилади. Телеканаллар орқали қўйилаётган дастурларда қаҳрамонлар тилидан айтилган гаплар ва улар бажарган ҳаракатлар орқали улар атроф-муҳитга дўстона бўлишни ўрганишади. Сувни исроф қилиш ёмон одат эканлигини бола ўргандими, демак, унда доимо шу тушунча сақланиб қолади ва шунга амал қила бошлайди.

Буни мактабгача таълим ташкилотлари ҳам амалда қўллаши самарали натижа беради. Концепцияда айнан “мактабгача таълим ташкилотлари тарбияланувчилари ўртасида “яшил” транспорт туридан фойдаланишни тарғиб қилиш бўйича барқарор кўникмаларни шакллантириш мақсадида ҳар йили болалар веломарафони ўтказиш” ҳам назарда тутилган.  Бу ерда “яшил транспорт” тушунчаси болалар учун ноодатий ҳисобланади ва улар тарбиячилар орқали бу транспорт инсон саломатлиги учун фойдали ва табиат учун зарарсиз техника ҳисобланишини билиб оладилар. Бу инсон учун ҳам, экология учун ҳам самарали ёндашув ҳисобланади.

Олий таълим соҳасида ҳам экологик маданиятни юксалтиришга тааллуқли бир қанча вазифалар белгилаб берилган.  Хусусан, “ҳар бир олий таълим муассасасининг веб-сайтида талабалар экологик маданиятини юксалтиришга қаратилган “Экофаол талабалар” деган алоҳида бўлим ташкил этиш ва унда тегишли таълим муассасасининг талабалари томонидан экологик маданиятни юксалтириш, атроф-муҳитни асраб-авайлаш ва муҳофаза қилиш борасида амалга оширилган ишлар тўғрисидаги маълумотларни доимий жойлаштириб бориш”ни мисол тариқасида келтириб ўтишимиз мумкин. Бундан кўриниб турибдики, “Экофаол талабалар” жамоаси қамрови кенгайиши ва улар томонидан экологик маданиятни юксалтириш борасида олиб бориладиган ишлар мунтазам йўлга қўйилиши лозим. Бу талабалар ўз жамоаси қамровини доимий кўпайтириб, олий таълим муассасасида талабалар орасида экологик муаммоларга бағишланган сўровномалар, мунозаралар, кечалар, заковат ўйинлари, интервьюлар ташкил этишлари мумкин. Юқорида санаб ўтилган тадбирларнинг барчасида экологик ёндашув асосий мақсад қилиб қўйилади. Буларни ўтказиш натижасида талабаларда атроф-муҳитга эҳтиёткорлик ва дўстоналик руҳи шаклланиб боради ва одатга айланади. Бу жараёнда ўқитувчиларнинг талабаларни қўллаб-қувватлаши уларнинг амалга ошираётган ишлари янада самарали бўлишига яқиндан ёрдам беради.

Олий таълимдан кейинги таълимда “Экологик маданият ва экология муаммолари соҳасида илмий тадқиқотлар олиб борувчи хотин-қизлар учун ҳудудлар кесимида докторантура учун қўшимча квоталар ажратиш амалиётини йўлга қўйиш” белгилаб берилган.  Бу экология соҳасидаги хотин-қизларнинг илмий тадқиқот олиб бориши учун яхши имтиёз дейишимиз мумкин.

“Давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг расмий веб-сайтларида “Экофаол ходим” номли алоҳида бўлим очиш, унда экологик маданиятни юксалтириш, шу жумладан, тарғибот тадбирлари, ушбу йўналишдаги намунали ходимлар ҳақида маълумотлар жойлаштириш ва уларни мунтазам янгилаб боришни йўлга қўйиш” концепциянинг экологик маданиятни тарғибот қилиш соҳасидаги яна бир йўналиши сифатида муҳимдир. “Экофаол ходим” номли бўлим давлат органи, ташкилот ходимларини экологик маданиятли бўлишга ундайди. Уларнинг атроф-муҳитга дўстона муносабати бошқаларни ҳам бунга жалб эта бошлайди. Биргина “Республиканинг барча ҳудудларида давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар биноларида велосипедлар учун махсус тўхташ жойларини ташкил этиш” қисмида ходимларни, юқорида қайд этиб ўтганимиздек, “яшил” транспортдан фойдаланишга ундайди. Айнан ишга велосипедларда келадиган ходимларни “Экофаол ходим” сифатида эълон қилиб бориш бошқаларни ҳам бунга даъват этади. Давлат органлари ва ташкилотда “яшил” транспортдан фойдаланган ходимларга ҳар хил имтиёзлар берилса, бу жараён янада оммалашиб, ёқилғили транспорт воситаларидан чиқаётган зарарли газлар табиатга зарар етказишининг анчайин олди олинган бўлади.

Ҳаммамизга маълум, баъзи пайтларда кўча четидаги ариқларда, йўлакларда чиқиндиларнинг ётиши кўнглимизни хира қилади. Бу уятли ҳолат. Кимдир кўча четига чиқинди ташлаётганини кўрганда ҳар бир киши унга бундай қилмаслигини, бу иш яхши эмаслигини тушунтириши шарт!

Хуллас, она заминимиз, табиатимиз келажаги, унинг мусаффолиги экологик маданиятимизга боғлиқ.

Муборак ЎСАРОВА,

Термиз давлат педагогика институти таянч

докторанти.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

13 + 2 =