Ислоҳотлар солномаси

Олий Мажлис Сенати аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист, ёшлар мураббийси, таниқли адиб Абдусаид Кўчимовнинг “Юксалиш симфонияси” номли китобини қўлимга олдим-у “Симфония” сўзининг асл маъноси билан қизиқдим. Бу калом, одатда, ниманингдир ўзаро уйғунлашуви, мутаносиблиги, жўшқин куйни, улар ҳамоҳанглигини англатади. Демак, юртимизда рўй бераётган юксалиш, ўсиш, тараққиётнинг халқ томонидан бир-бирига монандлиги, яъни янги ислоҳотлар жараёни мақсадга мувофиқ кечаётганлигини ифодалайди. Ярим асрлик журналист сифатида шуни айтиб қўяй: кўп ҳолларда ислоҳотлар, хусусан, иқтисодиёт мавзусида ёзилган мақолалар ғиж-ғиж рақамлардан иборат бўлиб, ўқувчини зериктириши мумкин. Лекин Абдусаид Кўчимовнинг китобидаги барча мақолалар ўзига тортадиган, жозибали битиклардир.

Китобнинг сўзбошисида сиёсатшунос Қудратилла Рафиқов муаллиф ҳақида “Элини севган, Ватанини ардоқлаган адиб” деб баҳо берган. Дастлабки мақола Ургутга темир йўл келганлиги ҳақидаги ҳикоядан бошланади. Оддий баёнчи бу воқеани “Ургутга темир йўл келди”, деб ёзиши мумкин. Лекин муаллиф “…Бундан атига 10 йил аввал ҳам бу гапларга ҳеч ким ишонмас, “тушингни сувга айт” деб масхара қилишарди. Қалови топилса, халқ қалқса, асрларга татигулик ишлар бўлиши мумкин экан, ўн эмас, икки-уч йилда ҳам. Ургут темир йўли бунга ёрқин мисолдир”.

Ёзувчи Ургутда қилинаётган ишларни Самарқанд вилоятида рўй бераётган бунёдкорликлар олдида бир шингил холос, дейди. Шу тариқа Самарқанд заминида қад ростлаётган янги иншоотлар ҳақида ҳикоя бошлайди. Бу таассуротлар ҳаммаси ҳаяжон билан қоғозга туширилади. Муаллиф етмиш йилдан иборат ҳаётда жамики эврилишларни бировдан эшитиб эмас, ўз танасида ҳис қилиб, кўриб келаётганини айтади.

Бу янгиланишларни амалга ошираётган одамлар кимлар? Ёзувчи таърифига эътибор қилинг: “Ишнинг кўзини билган, меҳнатда тобланган, меҳнатда синалган, меҳнат билан тошда гул ундираётган одамлар яшайди бу заминда, уларни кўриб ҳайратларга кўмиласиз”.

Самарқанд — тарихий шаҳар. Бу сўз билан икки карра икки тўрт дегандай ҳаммага маълум. Лекин муаллиф бу тарихни янада чуқур ўрганган олимлар сўзига таяниб, бундан-да қадимий санага тақалишини баён этади. Бу таърифларни ўқиган ўқувчи асарни янада қизиқиб мутолаа қилишга киришади.

Мазкур мақола асносида 2024 йилда қўлга киритилган кўрсаткичлар бирма-бир саналади. Рақамлар ўз-ўзидан пайдо бўлмайди. Юзлаб, минглаб меҳнаткаш одамларнинг пешона тери, қалб қўри бор уларнинг жисми жонида. Ҳатто миллатнинг, мамлакатнинг қувваи ҳофизасини — бугуннинг эртасини рақамларсиз тасаввур этиш қийин. Ўйлаб-ўйлаб жўяк олсанг, ўйнаб-ўйнаб суғорасан, от минсанг — олисни кўзла, дейишади шунинг учун ҳам машойихлар.

Китобдаги навбатдаги мақола Бухорога бағишланган. Унда бу қадим заминнинг заҳматкаш халқи бошидан кечирган паст-баланд йиллар ҳикоя қилинади. Ёзувчи яқин ўтмишимизда рўй берган бедодликлар ҳақида ёзади: “Нафақат Бухоро, балки бутун Ўзбекистон “қиличнинг дамидай арқон устида, киприкдаги ёшдай” турган дорбоз каби эди ўша кунларда. Қизил империянинг етмиш йиллик қабоҳатлари, “ўзбеклар иши” дейилмиш қатағони ҳамма кўчаларни бузиб-ковлаб ташлаган, минг-минглаб бегуноҳ одамлар кишанбанд, болалар етим, аёллар хўрланган эди Гдлян ва Иванов деган қашқирлар дастидан. Дарё-ю сойларни лойқадан, дашт-у далаларни гармселдан тозалаш, бузилган иморатларни тиклаш, янгиларини қуриш, обод ва тўкин қилиш лозим эди эл дастурхонини”.

Ёзувчи изчил ислоҳотларни ҳаётга жорий этиш суръатини Президентимиз Шавкат Мирзиёев сиёсати фонида ҳикоя қилади. Сўнгги беш йилда Давлатимиз раҳбарининг вилоятда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган саккизта фармон ва қарори қандай самара бераётганини жонли мисоллар орқали баён этади.

Туризм соҳасидаги ижобий ўзгаришлар Бухоро номини олам узра қайта машҳур қилди. 2025 йил якунига кўра туристлар оқими 2,2 миллион нафарга етди. Салоҳиятли тадбиркор ва инвесторлар сўнгги уч йилда 60 та меҳмонхона, 51 та хостель, 123 та оилавий меҳмон уйи ва 9 хонали мотель фаолияти йўлга қўйилди.

Қадимий шон-шавкатини тиклаб бораётган Бухорода камчиликлар, тузатиш, тўғрилашга муҳтож ўринлар ҳам оз эмас. Шу ўринда ёзувчи вилоятдаги мактабларнинг 31 таси, мактабгача таълим муассасаларининг 23 таси таъмирталаб, 261 та маҳаллада тоза ичимлик суви муаммоси ҳал қилинмаганини қайд этади. Мавжуд 8 минг 392 километр сув тармоғининг 1139 километри эса таъмирга муҳтож. Ислоҳотлар кўзгуси бўлмиш матбуотга эътибор эса ундан баттар. Вилоятнинг отахон газетаси ҳисобланган “Бухоронома” бор-йўғи минг нусха атрофида чоп этиляпти. “Когон ҳаёти”нинг адади 200 та… Бу муаллифнинг ҳушёр назаридан дарак.

Сурхондарё вилоятига бағишланган битиклар “Жануб гавҳари” деб аталади. Ёзувчи сўзининг бисмиллосида қўшни Афғонистон давлати билан муқояса қилади. Шу мамлакат билан яқин муомала, муносабат ўрнатиш сурхондарёликлар чекига тушган. Бу борадаги оқилона ишлар ҳаётий мисоллар асосида ҳикоя қилинади. Тарихи “Авесто”дан-да қадимийроқ Сурхондарёнинг ўтмишига назар солинади. Бойсун ҳудудида топилган нодир ашёлар олис асрларга бориб тақалади. Бундан 60 миллион йиллар аввал ҳам Сурхон дараларида, зовларида динозаврлар судралиб юрган. Шеробод, Шўрчи, Бандихон томонларда илк шаҳарлар юзага келган. Аввал Аҳамонийлар сулоласидан бўлмиш Эрон шоҳларидан кейин македониялик Искандар, ундан кейин кушонлар, эфталитлар, Турк хоқонлиги, араблар, сомонийлар, ғазнавийлар, қорахонийлар, салжуқийлар, хоразмшоҳлар, мўғуллар, темурийлар, шайбонийлар; XIX асрнинг иккинчи ярмидан бошлаб чор Россияси, ундан сўнг шўролар зулми… Шулардан сўнг кўнгилларни қувонтирувчи бунёдкорликлар, янгиликлар, ободликлар Сурхон заминини яшнатиб юборди.

Мақола бошида 91 ёшга кирган қизириқлик Ҳайитбой ота ҳақида ҳикоя қилинади. Бу нуроний отахон рўй бераётган ўзгаришлардан шодланиб, кўп яхши гапларни айтиши мақолани якунлайди. “Сурхондарёни алплар юрти, алпомишлар ватани деймиз, бу жуда тўғри, лекин бугун Президентимизнинг нутқини эшитиб, яна бир марта амин бўлдим: бутун Ўзбекистон алплар ватани экан”.

Муаллифнинг Жиззах заминига бағишлаб ёзган мақоласи эса “Бу ўлкада ҳар нарса бордир” деб аталади. Ҳамид Олимжон каби дилбар шоирларнинг бешигини тебратган, Шароф Рашидовдек алломани опичлаб катта қилган ажиб диёрнинг тарихи иштиёқ билан ҳикоя қилинади. Бу табаррук заминда бунёд этилган янги корхоналар ёзувчига илҳом беради.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 2017 йилдан буён Жиззах вилоятига расман 9 марта ташриф буюрди. Ҳар ташрифдан сўнг ҳудудда янги-янги булоқлар кўз очди. Янги корхоналар, заводлар ишга тушди, уйлар, мактаблар қурилди. Қишлоғу шаҳарларга тиниқ ҳаволар, гўзал наволар кирди. Форишдаги ўзгаришлар, Бахмал заминидаги янги иншоотлар — ҳаммаси жонли ҳикоя қилинади. Шунингдек, Навоий вилояти ҳудудида қад ростлаётган бунёдкорлик ишлари, асл атамаси қуёшга менгзаладиган Хоразмдаги туб ислоҳотлар, Қорақалпоқ тупроғидаги янгиланишлар, Қашқадарё воҳасида рўй бераётган эврилишлар, Тошкент вилоятида содир бўлаётган ўзгаришлар, Андижонда рўй бераётган эзгуликлар, наманганликлар меҳнатлари самараси, Фарғонада янграган ажиб мушоира, Сирдарёда халқнинг кўтаринки кайфияти ва бошқа мақолалар китобга ажиб салмоқ бахш этган.

Юқоридаги мақолаларнинг аксарияти “Ишонч” ва “Халқ сўзи” газеталарида чоп этилганидан хабарингиз бор. Хусусан, “Халқ сўзи”нинг навбатдаги сонида Абдусаид Кўчимовнинг бирор вилоятдан ёзган мақоласини эълон қилганимизда, тезда телефон бўлар эди: “Муаллиф қачон бизнинг вилоятимизга келар экан?” Негаки, ана шу битиклар чин маънода Ўзбекистонда ислоҳотлар ишонч билан кетаётганлигидан нишонадир.

Шуҳрат ЖАББОРОВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 5 =