Касб байрамига туҳфа

Олмалиқ кон-металлургия комбинатида

янги олтин саралаш фабрикаси ишга тушди

Кончилик ва металлургия соҳаси — бу чуқур билим, матонат ва фидойиликни талаб этадиган тармоқ. Шу боис конларда, бойитиш фабрикалари, металлургия заводлари, энергетика, транспорт ва муҳандислик соҳаларида ҳамда ёрдамчи корхоналарда меҳнат қилаётган ҳар бир ходимнинг ҳиссаси комбинат тараққиётида беқиёс аҳамиятга эга. Негаки, мамлакатимиз иқтисодиётининг янада тараққий этишида бу соҳанинг ўрни жуда катта.

Олмалиқ кон-металлургия комбинати мамлакатимиз ва Марказий Осиёдаги йирик саноат корхоналаридан бири сифатида изчил ривожланмоқда. Комбинатда йирик инвестиция лойиҳалари амалга оширилиб, ишлаб чиқаришга замонавий технологиялар, рақамлаштириш ва сунъий интеллект татбиқ этилмоқда. Йил сайин хомашёни чуқур қайта ишлаш имкониятлари кенгаймоқда.

Жорий йилнинг муҳим воқеаларидан бири — Олмалик кон-металлургия комбинатида 3-Мис бойитиш фабрикасининг ишга туширилиши бўлди. Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси ва қўллаб-қувватлаши билан амалга оширилган ушбу йирик лойиҳа мамлакатимиз кон-металлургия саноатида янги босқични бошлаб берди.

Жорий йилнинг март ойида мазкур фабриканинг очилиш маросимида Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шахсан иштироки комбинат жамоаси меҳнатига берилган эътибор ва ишончнинг яққол исботи бўлди десак хато бўлмайди.

“Аср лойиҳаси” номи билан эътироф этилаётган 3-Мис бойитиш фабрикаси юқори меҳнат марраларини забт этишни жадал суръатларда давом эттирмоқда. Хусусан, фабрикада шу кунгача 2 миллион тоннадан ортиқ маъдан қайта ишланиб, 30 минг тоннадан ортиқ мис концентрати олинди.

Фаолиятини бошлаганига ҳали икки ой ҳам бўлмаган корхона учун бу лойиҳавий қувватларни ўзлаштириш йўлидаги улкан қадамдир. Ушбу натижалар фабриканинг интеллектуал ва технологик устуворлигини амалда кўрсатди. 3-Мис бойитиш фабрикасининг ишга туширилиши нафақат комбинатнинг ишлаб чиқариш занжирини мустаҳкамлайди, балки Янги Ўзбекистонимизнинг иқтисодий қудратини янада юксалтиришга хизмат қилади.

Олмалиқ кон-металлургия комбинати мис ва молибден маҳсулотларининг Европа бозорларида рақобатбардошлигини таъминлаш мақсадида “The Copper Mark” ва “The Molybdenum Mark” сертификатларига эга бўлганлиги эса катта ютуқ бўлди.

Сертификатлар комбинатнинг дунё миқёсида масъулиятли мис ва молибден ишлаб чиқарувчи эканлиги ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг барқарор ривожланиш мақсадларига жавоб беришини тасдиқловчи ҳужжат ҳисобланади. Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги мамлакатлари ичида комбинат биринчи бўлиб ушбу сертификатларни қўлга киритди. Халқаро аудит томонидан 32 та мезон бўйича баҳоланиб, барчасига ижобий хулоса олинди. Бу ўз навбатида комбинатга халқаро бозорларга тўсиқсиз чиқиш ҳамда трансмиллий гигант компаниялар билан етказиб берувчи сифатида тўғридан-тўғри шартномалар тузиш имкониятини беради.

Бугун комбинат нафақат ишлаб чиқариш ҳажмларини оширмоқда, балки келажак учун мустаҳкам замин яратмоқда. Айни пайтда 4-Мис бойитиш фабрикаси қурилиши ва янги мис эритиш заводи лойиҳалари устида ишлар жадал давом этмоқда. Бу янги корхоналар мамлакатимиз иқтисодиётини юксалтириш билан бирга, халқимиз турмуш фаровонлиги ўсишига хизмат қилади.

Яқинда Кончилик ва металлургия саноати ходимлари куни байрамига муносиб туҳфа сифатида яна бир йирик саноат корхонаси — “Ковулди” олтин саралаш фабрикаси фойдаланишга топширилди. Ушбу лойиҳанинг ишга туширилиши маҳаллий хомашё базасидан оқилона фойдаланиш ва олтин ишлаб чиқариш ҳажмини тизимли равишда ошириш орқали миллий олтин захираларимизни мустаҳкамлашга хизмат қилади. Янги фабрика қурилиши комбинатнинг ўз куч ва имкониятлари эвазига амалга оширилди. “Ковулди” ва “Қуйи Кенжасой” конларидан қазиб олинадиган маъданларни қайта ишлашга мўлжалланган ушбу фабрика йилига 200 минг тоннагача маъданни қайта ишлаш қувватига эга. Бу эса нафақат ишлаб чиқариш самарадорлигини оширишга, балки юртимиз саноатини янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилади.

Янги фабриканинг ишга тушиши — комбинатнинг изчил тараққиёти, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, табиий бойликларимиздан оқилона ва самарали фойдаланиш, замонавий технологияларни жорий этиш ҳамда мамлакатимиз иқтисодий салоҳиятини янада мустаҳкамлаш йўлидаги яна бир муҳим қадамдир. Лойиҳанинг иккинчи босқичини амалга ошириш ҳам режалаштирилган.

Шу ўринда комбинатда кадрлар ­тайёрлаш, ёш мутахассисларни қўллаб-қувватлаш, замонавий билим ва технологияларни жорий этишга алоҳида эътибор қаратилаётганини таъкидлаш лозим. Бу борада муҳандислик мактаби ҳамда илғор муҳандислик мактабларининг фаолияти, меҳнат фахрийлари тажрибаси ва ёшлар ғайрати уйғунлиги муҳим аҳамият касб этади.

Ишлаб чиқариш билан бир қаторда ижтимоий ва экологик йўналишларда ҳам кенг кўламли ишлар рўёбга чиқарилмоқда. Ходимлар ва уларнинг оилаларини қўллаб-қувватлаш, болалар дам олиш масканлари фаолияти, нуронийлар ва фахрийларнинг ижтимоий ҳимояси каби вазифалар доимий эътибор марказида бўлмоқда.

Комбинатда инсон қадрини улуғлашга, унинг ҳаётий манфаатларини таъминлашга, ишчи ва хизматчиларнинг машаққатли меҳнатини рағбатлантиришга катта эътибор қаратилмоқда.

“Яшил макон” ва “Яшил белбоғ” миллий лойиҳалари доирасида қисқа вақт ичида миллионлаб дарахт ва буталар, гул кўчатлари экилиб, парвариш қилинди. Бугун экологик муҳитни яхшилашга хизмат қиладиган боғлар ва теракзорлар барпо этилмоқда. Кўрган кўз қувонадиган гуллар экилиб, парвариш қилинаётган шаҳар кўчалари янада кўркам ва файзли тус олди. Бундан ташқари, комбинат Тошкент вилоятининг шаҳар ва туманларини ижтимоий соҳада қўллаб-қувватлаб келади.

Яқинда Ангренда собиқ “Дукент” номидаги ва ҳозирда “Янги Ангрен” номи берилган маданият саройи тўлиқ реконструкция қилиниб, фойдаланишга топширилди. Мажмуа янги замонавий қиёфа касб этиб, ангренликлар қувончига сабаб бўлди. Бундай хайрли ишлар вилоятимизнинг Красногорск (Қизил тоғ) шаҳарчасида ҳамда Сирдарё вилоятида ҳам амалга оширилган.

Фидойи  раҳбар Абдулло Хурсанов бошчилигидаги жамоанинг профессионал маҳорати ва фидокорона меҳнати туфайли Олмалиқ кон-металлургия комбинати ва унинг тизимидаги саноат объектлари  бундан буён ҳам мамлакатимиз иқтисодиёти ривожига муносиб ҳисса қўшаверади.

Зеро, кучли иқтисодиётга эга бўлган Янги Ўзбекистон давлатини янада ривожлантиришда Олмалиқ кон-металлургия комбинатининг ҳам беқиёс ўрни бор. Комбинат ҳаётидаги бугунги қутлуғ янгилик — олтинни саралаш замонавий фабрикаси барчага муборак бўлсин!

Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

8 + 5 =