Инсон тақдири ҳал бўладиган мавзу

ёки бугун суд ва журналистика уйғунлиги жамиятда адолат ва ишонч муҳитини қай даражада мустаҳкамламоқда?

Жамиятда адолат мезонининг қай даражада ишлаётгани кўп жиҳатдан суд тизими фаолияти билан баҳоланади. Суд жараёнлари эса фақат ҳуқуқшунослар ёки айбланувчиларгагина дахлдор мавзу эмас. У бутун жамият учун муҳим бўлган ижтимоий ҳодисадир. Шу сабаб суд жараёнларини ёритиш журналистиканинг энг масъулиятли ва мураккаб йўналишларидан бири ҳисобланади.

Бугунги кунда суд журналистикаси нафақат бирор жиноят ҳақида хабар бериш, балки адолатнинг қандай қарор топаётганини жамоатчиликка кўрсатиш вазифасини ҳам бажаради. Чунки очиқ ва шаффоф суд тизими демократик жамиятнинг асосий белгиларидан биридир. Матбуот эса ана шу шаффофликни таъминловчи муҳим восита саналади.

Ўзбекистон Республикасининг “Судлар тўғрисида”ги Қонуни ҳамда Конституцияда судларнинг очиқлиги ва ошкоралиги тамойили белгиланган. Бу эса журналистларга суд жараёнларини кузатиш ва қонун доирасида ёритиш имконини беради. Бироқ суд журналистикаси оддий репортаждан фарқ қилади.

Унда биргина нотўғри сўз инсон тақдирига, жамият фикрига ёки суднинг холислигига у ёки бу тарзда таъсир кўрсатиши мумкин. Айнан шу сабаб суд журналисти юқори ҳуқуқий саводхонликка эга бўлиши зарур. У жиноят ва жазо тушунчаларини, суд процедураларини, айбсизлик презумпцияси каби ҳуқуқий тамойилларни чуқур билиши керак. Чунки суд ҳукми чиқмагунча ҳеч ким жиноятчи деб эътироф этилмайди. Аммо баъзи ҳолларда ижтимоий тармоқлар ёки айрим ОАВларда суд якунланмасдан туриб инсонларга “жиноятчи” тамғаси қўйилаётгани журналистика этикаси ва қонунчиликка зид ҳолатларни юзага чиқармоқда.

Суд журналистикасининг яна бир муҳим жиҳати — у жамиятдаги ҳуқуқий маданиятни шакллантиради. Одамлар кўпинча қонунни айнан суд жараёнлари орқали англайди. Масалан, коррупция, фирибгарлик, оилавий зўравонлик ёки кибержиноятлар бўйича судлар ёритилганда фуқароларда ҳуқуқий тушунча ва огоҳлик пайдо бўлади. Демак, суд журналистикаси фақат ахборот берувчи эмас, балки тарбиявий вазифани ҳам бажаради.

Бироқ бу йўналишда муаммолар ҳам етарли. Айрим журналистларнинг сенсация ортидан қувиши, инсон шаъни ва дахлсизлигини эътибордан четда қолдириши суд журналистикасининг моҳиятига зарар етказмоқда. Баъзан суд залидаги эмоциялар рейтинг учун воситага айлантирилади. Ваҳоланки, суд — шоу эмас, инсон тақдири ҳал бўладиган маскан.

Жамиятда суд тизимига нисбатан шубҳа билан қараш кайфиятининг шаклланиши биргина омил билан боғлиқ эмас. Бунга тарихий қарашлар, ахборот муҳити ва айрим нотўғри талқинлар сабаб бўлмоқда. Аввало, кўпчилик онгида суд ҳануз “жазоловчи орган” сифатида тасаввур қилинади. Ҳолбуки, суднинг асосий вазифаси фақат жазо тайинлаш эмас, балки адолатни қарор топтириш, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва низоларни қонуний ҳал этишдан иборат. Яна бир муҳим сабаб — айрим блогерлар ёки ОАВ вакилларининг суд жараёнларини етарли ҳуқуқий билим ва фактларсиз ёритишидир. Баъзан ҳали ҳукм чиқмасидан туриб инсон “жиноятчи” сифатида талқин қилинади, айрим ҳолатларда эса воқеанинг фақат бир томони оммага кўрсатилади. Текширилмаган, ҳиссиёт асосига қурилган ёки рейтинг ортидан қувишни кўзлаб тайёрланган материаллар эса жамоатчилик фикрини бирёқлама шакллантириб, судга нисбатан ишончсизликни кучайтиради. Бундан ташқари, суд жараёнларининг мураккаб ҳуқуқий тилда олиб борилиши, оддий фуқарога тушунарли изоҳларнинг камлиги ҳам одамларни турли тахмин ва гумонларга етаклайди. Айрим ҳолларда эса ижтимоий тармоқларда “халқ суди” шаклланиб, суд қароридан олдин жамоатчилик “ҳукми” чиқариб бўлинади. Натижада одамлар расмий суд қароридан кўра, интернетдаги талқинларга кўпроқ ишонадиган ҳолатлар пайдо бўлмоқда. Демак, суд тизимига ишончни ошириш учун нафақат судларнинг очиқлиги, балки масъулиятли журналистика, ҳуқуқий саводхонлик ва холис ахборот муҳити ҳам муҳим аҳамият касб этади. Шу боисдан ҳам суд тизими билан ОАВ ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш бугунги давр талаби бўлиб қолмоқда. Очиқ судлар сонининг ортиши, матбуот хизматларининг фаол ишлаши ва журналистлар учун ҳуқуқий тренингларнинг ташкил этилиши бу йўналиш ривожига хизмат қилади.

Бугунги кунда Ўзбекистон журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ва Одил судлов академияси билан ҳамкорликда суд-ҳуқуқ мавзуларини профессионал ёритишга ихтисослашган “Суд журналистикаси” курсининг ташкил этилгани ҳам бу йўналишга бўлган эътибор ортиб бораётганини кўрсатади. Мазкур курс орқали талаба-ёшларга суд тизими фаолияти, ҳуқуқий терминология, суд жараёнларини холис ёритиш тамойиллари ҳамда журналист этикаси бўйича амалий ва назарий билимлар берилади. Энг муҳими, бу ташаббус журналистикада янги ва масъулиятли йўналиш шаклланаётганидан далолат беради. Яқин кунларда курс тингловчиларининг дастлабки босқични тамомлаши суд журналистикаси бўйича профессионал кадрлар тайёрлаш жараёни амалий босқичга ўтганидан далолат. Бу эса келажакда суд тизими фаолиятини чуқур таҳлил қила оладиган, холис ва ҳуқуқий саводхон журналистлар сафи кенгайишига хизмат қилиши мумкин.

Таҳлил шуни кўрсатадики, суд журналистикаси демократик жамият учун зарур институтлардан биридир. Чунки матбуот бўлмаган суд тизими ёпиқ муҳитга айланади, судсиз журналистика эса факт ва ҳуқуқий асосдан узоқлашади. Уларнинг уйғунлиги эса жамиятда адолат ва ишонч муҳитини шакллантиради.

Суд журналистикасида журналист оддий ахборот етказибгина қолмай, катта масъулиятни ўз зиммасига олади. Унда журналист нафақат воқеани ёритади, балки инсон ҳуқуқи, қонун устуворлиги ва жамият ишончи ўртасидаги нозик мувозанатни ҳам сақлайди. Шу боис суд журналистикаси профессионаллик, холислик ва ҳуқуқий билим талаб қиладиган энг мураккаб, аммо энг зарур журналистика йўналишларидан бири бўлиб қолаверади.

Таҳлиллар шуни кўрсатадики, бугунги кунда ҳуқуқий журналистиканинг аҳволи ҳавас қиладиган даражада эмас. Саводли, билимли ва суд-ҳуқуқ соҳасини мукаммал биладиган, қиёмига келтириб ёзадиган, телекўрсатувлар, лавҳалар тайёрлай оладиган журналистлар жуда кам. Айтиш мумкинки, бўлса, бармоқ билан санайдиган. Демак, бу борада жиддий ўйлаб, муносиб кадрлар тайёрлашга эътибор қаратиш шарт.

Фарангиз АБРУЕВА.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

nineteen − 2 =