Китоб – энг улуғ мураббий
Яқинда ижтимоий тармоқда бир видеога кўзим тушди. Унда ўзини блогер деб атаган қиз китоб ва мутолаа ҳақида сўровнома ўтказди ва бир талаба йигитга савол берди:
— Жуда кўп китоб ўқиганман, дедингиз, сизнингча, китоб инсонни тарбиялайдими?
— Тўғриси, кўпчилик шундай ҳисоблайди, аммо мен бу фикрга қўшилмайман. Тарбия китобдан олинмайди. Лекин китоб дунёқарашни бойитади, деб ўйлайман…
Бу жавобдан очиғи бироз хафа бўлдим ва бу “креатив суҳбат”ни охиригача тинглашга менда тоқат қолмади. Чунки, назаримда, бу жавоб китобга туҳматдек, китобга ҳурматсизликдек туюлди. Дунёнинг “саккизинчи мўъжиза”си, хазина деб тан олинган китобга берилган бу “баҳо” баъзиларга баҳслидек туюлган бўлса-да, менинг назаримда, нотўғри эди.
Чунки сарвари олам Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга Аллоҳдан илк бор келган хабар — “Иқро” (“Ўқи”) эмасмиди? Бутун мусулмон оламини Аллоҳнинг каломи бўлган Қуръони карим тарбияламадими?
Қолаверса, нега одамзод ҳали қоғоз кашф этишга улгурмасданоқ ҳаётдан олган сабоқларини тош-у териларга ёзиб, авлодларига билганларини ўргатишга интилган?
Агар китоблар бўлмаганида, инсоният жаҳолат ботқоғида қолиб кетган, дунё тамаддуни юз бермаган бўлмасмиди!
Адабиёт — одоби куллиёт. Тарбия одобдан бошланмайдими?..
Жадид боболаримизнинг миллатни тарбиялашдаги асосий қуроли ҳам китоб эмасмиди? Абдулла Авлонийнинг “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асари, эҳтимол, шу боис ҳанузгача ҳам ардоқлидир. Абдулла Қодирийни айнан у ёзган китоблар учун “миллат тарбиясини бузишда” айблашмаганмиди?
Миямда тегирмон тошидек айланаётган саволлар гапни нимадан бошлашимга халақит берарди. Нажот излаб, ишхонамдаги жавонлардан менга мўлтираб қараб турган китобларга тикилдим. Беихтиёр улардан бирига қўл узатдим. Рус ёзувчиси Максим Горькийнинг “Танланган асарлар”и экан. Қадрдоним китобнинг илк варағидаёқ “Ўзимдаги барча яхши фазилатлар учун китобдан миннатдорман” деган иштибоҳга кўзим тушди. Ичимдаги ғалаён бироз босилгандек бўлди. “Раҳмат сенга, китобжон”, дея китобни бағримга босдим…
Ижодкор китоб ўқиб, ҳаёт қозонида қайнаб, тафаккури кенгайгач, ўзи ҳам қилган хулоса-ю ўзлаштирган тарбияси туфайли китоб ёзган, қаҳрамонлар яратган. Одамзод ҳамиша маънавиятга муҳтож. Маънавият эса, асосан, китоблар, адабиётдан бошланади. Онгнинг шаклланишига, тафаккурнинг пайдо бўлишига, илм-фаннинг ривожига ҳисса қўшган юзлаб алломаларнинг кинояли нигоҳлари кўз олдимда намоён бўлди. Бу нигоҳлар, назаримда, мени шошқалоқликда айблаётгандай эди.
Чиндан ҳам эҳтимол китобхон талаба жавобни бошқачароқ бергандир. Ахир дунёқарашни шакллантиради, деди-ку, демак, у ўзида дунёқарашни ўстиришга эҳтиёж сезгани учун ҳам устоз сифатида китобга мурожаат қилгандир? Чунки дунёқарашни шакллантириш дегани қалбни тарбиялайди, руҳни озиқлантиради, дегани эмасми? Балки, талаба тарбияни бошқачароқ тасаввур қилар. Аммо тарбиянинг асоси қалбдан бошланмайдими? Қалбан тарбия эса ахлоқ-одоб тарбияси-ку.
Китобхон бирор асарни ўқир экан, ўзи истаса-истамаса, ижобий қаҳрамонни севиб қолади, салбий қаҳрамондан нафратланади. Бир сўз билан айтганда, донодан нима қилишни, нодондан нима қилмасликни ўрганади. Китобнинг, бадиий асарнинг асосий вазифаси шу-ку, аслида. Инсон маънавияти билан ҳақиқий инсонга айланади. Одамийликни, эзгуликни, жасорат ва матонатни маънавият шакллантиради. Китоб билим олиш, ҳаётни билиш, ўрганиш учун ўқилади.
Андижоннинг Избоскан туманида Иккинчи жаҳон урушида икки оёғидан ажралиб келган, кейинчалик колхозда тракторчилик қилган қаҳрамон жангчи Исомиддин Арабов билан суҳбатлашганман. “Қаердан бунча жасорат, иродани олгансиз? Ахир икки оёғи бус-бутун йигитлар ҳам трактор ҳайдашга журъат қилавермайди-ку”, — деб сўраганман ҳайрат билан.
У киши бироз ўйланиб тургач: “Китобдан олганман сабр ва иродани. Госпиталда ётганимда, ҳаво жанги пайтида икки оёғидан ажралган ҳарбий учувчи Александр Маресьев жасорати ҳақида фронт газетасида жангчи мухбир Борис Полевойнинг асарини ўқигандим. Ёзувчи бу очерки асосида кейинчалик “Чин инсон ҳақида қисса” китобини ёзди. Ёзувчи қаҳрамони фамилиясини Маресьев эмас, Мересьев деб ўзгартирган, холос. Аниқ биламан, оёққа туришимда, ўзимга ишониб ҳаракат қилишимда, аввало, қайта-қайта ўқиганим ушбу асар менга ибрат бўлган.
Ногирон бўлиб қишлоққа қайтдим. Қишлоқда аҳвол оғир эди. Колхозда ишчи кучи етишмасди. Авжи кучга тўлган йигитларнинг аксарияти жангга кетган. Кекса кишилар, хотин-қизлар трактор минишга журъат қилишмасди. Эркаклар эса кам. Шунда яна кўз олдимда ясама оёқлар билан ҳам самолёт бошқариб, душманнинг додини берган учувчи Александр Маресьев намоён бўлди. Юрагим бир қалқиб, қоним қизиди. “Менинг ундан қаерим кам? Ҳатто ундан ёш бўлсам! Мен ҳам, албатта, трактор ҳайдашни уддалайман”, деган қарорга келдим. Ҳеч кимга айтмай, протез оёқларимда текис юришни машқ қилдим. Олти ойда оёққа турдим. Далага ишга чиқдим. Бригадирга мақсадимни айтдим. Аввалига ишонмади. Лекин ишонишга мажбур бўлдими, таваккал қилдими, ҳар қалай, рози бўлди. Мени кекса тракторчи Мадамин акага шогирдликка берди. Мен трактор рулига ўтирдим. Шу ўтирганимча нақ йигирма икки йил уни ҳеч кимга бермадим.
Нафақат қишлоқда, балки бутун республикада илғор тракторчи бўлиб танилдим. Ҳукуматимиз “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирлади. Бугун фахрий пенсионерман. Ҳозир ҳам кутубхонамда Борис Полевойнинг рус ва ўзбек тилидаги ўша китоби турибди. Рус тилини урушда ўрганганман. Аввал болаларимга, энди эса набираларимга бу асарни ҳам такрор-такрор ўқиб берар эканман, кўз олдимда ўша суронли йиллар гавдаланади. Ҳаяжонланаман. Менга намуна бўлган учувчига миннатдорлик билдираман. Китоб тарбиячигина эмас, ўзингни англашга ўргатадиган тажриба мактаби ҳам. Шу боис болаларим қалбида китобга муҳаббат уйғотганман”, — деди кўзлари чақнаб.
Билим ва тажриба — тарбиянинг узвий бир қисми. Шунинг учун ҳам одамлар китобни нондек азиз билишади. Шунинг учун ҳам ғанимлар бостириб келганда кишилар, тарбияли, билимли кишилар жонларини хатарга қўйиб бўлса-да, китобларни асраганлар. Қабристонларга, девор токчалари орасига беркитиб, суваб ташлаганлар.
Академик Сабоҳат Каримова билан бўлган суҳбатимизда кўзда ёш билан шундай дегандилар: “Пойтахт яқинидаги қабристонлардан бирида тарихий, араб тилида битилган нодир китоблар кўмилган экан. Ўша қабрни топдик. У ерда улкан темир сандиқ бор экан. Темир сандиқни очганимизда, махсус шойи матоларга авайлаб ўралган элликдан ортиқ китобга кўзимиз тушди. Шойи анча эскирган экан. Бир неча дақиқа уларга тикилиб, ғафлатда қолдик. Тўсатдан эсган шамолдан чўчиб, ўзимни сандиқ устига ташладим. Аммо кечиккан эдим, шамол ва очиқ ҳаво таъсиридами, китоблар кўз очиб юмгунимизча тупроққа айланди. Ўша воқеа учун ҳанузгача ўзимни кечиролмайман. Чунки биз илм-фанимиз, адабиётимиз, маънавиятимизни бойитишга хизмат қиладиган бебаҳо хазинани қўлдан бой бергандик. Зеро, яхши китоб қачон яратилганидан қатъи назар, асло аҳамиятини йўқотмайди”.
Яқинда Бухоро амири Абулғози Баҳодирхоннинг Бухоро тарихига оид китобини ўқигач, китобнинг инсон тарбияси, унинг жамиятда муносиб ўрин эгаллашидаги қудратига яна бир карра иқрор бўлдим. Ўн тўққизинчи асрда қонхўрлиги билан ном қозонган, Қўқон маликаси — шоираи даврон Нодирабегимнинг қотили сифатида тарихда қолган амир Насруллохон амирликда фуқаролар фақат уни қадрлашини, унга тобе бўлишини истар экан. Аммо кейинги пайтларда тез-тез мударрис Аҳмад ҳожи деган киши ҳақидаги эътирофлар қулоғига чалина бошлабди. У бундан росмана ғазабланибди. Оддий мударриснинг бу обрў, бу мартабага эга бўлиш сабабини билмоқчи бўлибди. Ва хос кишиларига ўша ҳожиникига меҳмонга бормоқчилигини айтибди.
Подшоҳ — амри вожиб. Ҳожи амирни иззат-икром билан кутиб олиб, меҳмон қилибди, совға-салом билан сийлабди. Бироқ амир саройга қайтаётганда навкарларига ҳожининг уйини ёқишни, ўзини мударрисликдан қувиб чиқаришни амр қилибди. Мулозимлар ҳайрон бўлиб, сабабини сўрашганида: “Ҳожининг уйида каттакон кутубхонаси бор экан. Унинг билим ва тафаккурини бойитган, халқ орасида обрўсини оширган ўша китоблардир”, деган экан ғазаб билан. Ўша зиёфатдан сўнг Насруллохон амирликдаги кутубхоналардан ҳам барча нодир китобларни олдириб, ёқтириб юборган экан.
Демакки, амирлик инқирозида ана шу жоҳил Насруллонинг ҳиссаси катта бўлган.
Халқимизнинг китобга бўлган ҳурмати, эътиқоди ва билимга, ўрганишга ташналиги бизга бобомерос. Китоб ўқиган, китоб яратган юзлаб аллома боболаримизни, орадан минг йиллаб вақт ўтган бўлса-да, дунё унутгани йўқ. Улар яратган нодир асарлар, улкан кашфиётлар ҳали ҳам қадрланмоқда. Дунё тамаддунига улкан ҳисса қўшган халқ сифатида миллатимиз эъзозда.
Тўғри, маълум муддат халқимиз китобдан узоқлашиб қолди. Бунга бутун дунёда кечган иқтисодий тақчиллик ҳам, техниканинг ривожлангани ҳам сабаб бўлди. Ёшларимиз китоб ўқиб, вақт йўқотишдан кўра осон ва қулай бўлган, тафаккурини ва билимини қисқа фурсатда керагича ошира оладиган интернет маълумотларига ружу қўйди. Бироқ улар бир нарсани — бу “дастёрлар” қалбда ҳиссиёт ва туйғуларга зарурат ва ўрин қолдирмаётганини сезишмайди. Туйғуларсиз одамни эса инсонийлик ҳам тарк этади.
Минг шукр, бугун яна китобга қайтдик. Ёш авлодни ахборот хуружларидан, турли ёт мафкуралардан асраш, аҳоли, айниқса, ёшлар орасида китобхонлик маданиятини ошириш давлат сиёсати даражасига кўтарилди.
Президентимизнинг ташаббуси билан бу борада Фармон, қарор ва миллий дастурлар қабул қилинмоқда. “Ёшлар маънавиятини юксалтириш ва уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш бўйича 5 муҳим ташаббус”нинг тўртинчиси айнан китоб ва китобхонликка бағишланади. Кутубхоналарга катта эътибор қаратилмоқда.
Ушбу эътибор самарасида йилига 20 мингдан зиёд номдаги янги адабиётлар чоп этилмоқда. Нашриётлар сони 3,5 баробарга ошди, 5 миллиондан ортиқ фаол китобхон пайдо бўлди.
Бугунги кунда мамлакатимизда фаолият кўрсатаётган 700 га яқин нашриёт китобхонга маъқул бўладиган мавзулардаги китобларни нашр этмоқда, ўқувчининг вақтини тежаш мақсадида уларнинг электрон вариантлари яратилмоқда.
— Бугун битта китоб ўқиган бола эртага ўнта компьютер қаршисида ўтирган болани ўзига эргаштиради, — деди Президентимиз. Ҳа, китоб тафаккур қаноти, у ўқувчини ҳам тарбиялайди, ҳам дўстона маслаҳат беради, ҳам келажаги ёрқин бўлишига пишиқ пойдевор яратади.
Кеча китобхонликда ўзини кўрсатган ёшларга автомобиль совға қилинаётган эди. Бугун Юртбошимиз энг зўр китобхонга бешта автомобилнинг пулини ҳадя қилишни ўйлаяпти. Энди айтинг, бу эътибор нима учун, ким учун?
Китоб — нажотга, юксаклик сари ойдин йўлга айланмоқда!
Айтинг, қайси юртда, қайси юрт Раҳбари томонидан китобхонликка бу қадар жонкуярлик қилинмоқда?
Ўйлаб кўринг.
Балки, юқорида блогер қизнинг саволига жавоб берган талаба йигит атайлаб шундай дегандир ёки бор тушунчаси ҳозирча шудир. Ёки бу билан тенгдошларининг китобга муносабатини билмоқчи, қалбларида китобга қизиқиш уйғотмоқчи бўлгандир? Чунки мен аллома боболар нигоҳида кенгроқ маънони уқийман. Китоб — энг содиқ дўст, энг улуғ мураббий. У мураббий экан, демак, тарбиячи ҳамдир. Тарбиячи экан, албатта, тарбиялайди ҳам. Сиз-чи, азиз ўқувчи, бу фикримга қўшиласизми?
Муҳаббат ҲАМИДОВА.
