Омонат – маънавий масъулият

Инсоният тараққиёти давомида жамиятнинг барқарорлиги ва одамлар ўртасидаги муносабатларнинг мустаҳкам бўлиши, аввало, ишонч тушунчасига таянган. Ана шу ишончнинг энг муҳим кўринишларидан бири омонатдир. Омонат нафақат муайян буюм ёки бойликни сақлаб туриш, балки инсоннинг маънавий қиёфаси, виждони, масъулияти ва ҳалоллигини белгилаб берувчи муҳим ахлоқий мезон ҳам ҳисобланади. Шу боисдан ҳам омонат масаласи азалдан диний, фалсафий ва ҳуқуқий таълимотларда алоҳида ўрин тутган. Айниқса, Шарқ маънавиятида омонат инсон комиллигининг асосий белгиларидан бири сифатида қаралади.

“Омонат” сўзи араб тилидан кириб келган бўлиб, “ишонч билан топширилган нарса”, “сақлаб туриш учун берилган бойлик ёки вазифа” деган маъноларни англатади. Бироқ бу тушунчанинг мазмуни жуда кенг. У фақат моддий буюмлар билан чекланмайди. Инсоннинг вазифаси, илми, вақти, ҳатто ҳаёти ҳам омонат сифатида баҳоланади. Шу жиҳатдан қараганда, омонат инсон зиммасига юкланган катта маънавий масъулиятдир.

Қуръони каримда “Албатта, Аллоҳ сизларга омонатларни ўз эгаларига топширишга буюради”, деб марҳамат қилинган. Бу — омонатнинг фақат шахсий муносабат эмас, балки ижтимоий адолат ва инсонпарварлик тамойили эканини кўрсатади. Тафсирларда ушбу оят давлат бошқарувидан тортиб, оилавий муносабатларгача бўлган барча соҳаларда адолат ва ишончни сақлашга чақириши таъкидланади.

Шарқ мутафаккирлари ҳам омонат масаласига катта эътибор қаратганлар. Хусусан, Абу Наср Форобий кишилик жамиятининг барқарорлиги одамлар ўртасидаги ишонч ва адолатга боғлиқ эканини таъкидлаган. Унинг фикрича, жамият аъзолари бир-бирига нисбатан масъулиятли бўлсагина, фозил жамият вужудга келади. Абу Али ибн Сино эса инсон ахлоқининг асосий белгиларидан бири сифатида виждон ва садоқатни кўрсатади. Бу фазилатлар эса омонатга вафодорлик орқали намоён бўлади.

Ўзбек мумтоз адабиётида ҳам омонат мавзуси кенг ёритилган. Алишер Навоий асарларида инсоннинг ҳалоллиги, вафоси ва ишончга садоқати юксак қадрланган. Навоий “Маҳбуб ул-қулуб” асарида хиёнат ва ноҳалолликни жамиятни емирувчи иллат сифатида қоралайди. Унинг қарашларида омонат инсоннинг ички поклиги ва маънавий камолотини белгилайдиган мезон ҳисобланади.

Тарихда омонатга садоқат намунасини кўрсатган кўплаб шахслар мавжуд. Масалан, Соҳибқирон Амир Темур давлат бошқарувида ишонч ва масъулият масаласига алоҳида аҳамият берган. “Темур тузуклари”да давлат мансабдорлари ҳалол, ишончли ва халқ манфаатига хизмат қилувчи шахслар бўлиши лозимлиги таъкидланган. Бу эса омонат тушунчасининг давлатчилик тамойилларида ҳам муҳим аҳамият касб этганини кўрсатади.

Замонавий жамиятда ҳам омонат масаласи ўз аҳамиятини йўқотган эмас. Аксинча, ахборот технологиялари ривожланган, глобаллашув кучайган ҳозирги даврда ишонч ва масъулиятга бўлган эҳтиёж янада ортиб бормоқда. Бугун инсонлар фақат моддий бойлик эмас, балки ахборот, шахсий маълумотлар ва ижтимоий ишончни ҳам бир-бирига омонат қилиб топширмоқдалар. Масалан, банк тизими, тиббиёт, таълим ва давлат бошқаруви соҳаларидаги фаолият тўлиқ ишонч тамойилига асосланади. Агар ушбу соҳаларда омонатга хиёнат қилинса, жамиятда ишонч инқирози юзага келади.

Оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар фаолиятида ҳам омонат тушунчаси муҳим аҳамият касб этади. Журналистнинг ҳақиқатни холис ёритиши, блогернинг жамоатчилик олдида масъулиятни ҳис қилиши бу ҳам маънавий омонатдир, аслида. Нотўғри ахборот тарқатиш, туҳмат ёки манипуляция эса омонатга хиёнат қилишнинг замонавий кўринишларидан бири ҳисобланади. Шу боис ахборот маданияти ва медиасаводхонликни ошириш бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бирига айланмоқда.

Оила институтида омонат тушунчаси муҳим ўрин тутади. Фарзанд — ота-она учун энг улуғ омонат. Уни тўғри тарбиялаш, илм бериш, маънавий етук инсон қилиб вояга етказиш ҳар бир ота-онанинг муқаддас бурчи. Шунингдек, эр-хотин муносабатларидаги садоқат, бир-бирига ҳурмат ва ишонч ҳам омонатга вафодорликнинг кўринишидир. Оилада омонат қадри сақланса, жамиятда ҳам маънавий муҳит мустаҳкам бўлади.

Бугунги ёш авлод тарбиясида омонат тушунчасини сингдириш долзарб вазифалардан бири ҳисобланади. Чунки ҳалоллик, виждон, масъулият ва ишонч каби фазилатлар айнан омонатга муносабат орқали шаклланади. Мактаб, оила ва жамоатчилик ҳамкорлигида ёшларда ушбу қадриятни мустаҳкамлаш келажак тараққиёти учун муҳим аҳамиятга эгадир.

Минг афсуски, бугун омонатга хиёнат қилиш, ҳатто ўз яқинларини, дўстларини, ҳамкорларини алдаб кетиш ҳоллари жуда кўп учрайди. Бу оғир гуноҳ. Гуноҳнинг эрта-индин жавоби бўлади. У нафақат ҳуқуқий, балки диний томондан ҳам. Буни ҳар бир инсон қалбига сингдириш муҳим вазифа, тарбиядир.

Ғиёсиддин АСРАНОВ,

Гулираъно НАЗАРОВА,

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети талабалари.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen + five =