Барчамиз дахлдормиз

Коррупция деган иллатнинг илдизлари ўтмишнинг чуқур қатламларига бориб тақалади. Одамзод давлат бошқарувини йўлга қўйган даврданоқ, мансабдан шахсий манфаат йўлида фойдаланиш ҳолатлари кузатиб келинган.

Тарихий манбаларга кўра, қадимги Бобилда судьялар пора олгани учун жазолангани ҳақидаги ёзувлар топилган. Шарқ манбаларида эса “порахўрлик — давлатнинг ҳалокати”, дея таъкидланган. XIX аср охирида Туркистон ўлкасида амалдорлар ер ажратиш ёки савдо рухсатномаларини беришда “гаплашиб олиш”ни одатий ҳолга айлантирган эди. Ўзига берилган ваколатни суиистеъмол қиладиган нафс бандалари ҳар доим бўлган.

XXI асрда дунёда коррупцияга қарши кураш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. Ўзбекистонда ҳам сўнгги йилларда бу масалага катта эътибор қаратилмоқда. 2023 йилда “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолияти устидан жамоатчилик назорати тизими самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони қабул қилинди. Фармонда “Ўзбекистон — 2030” стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш, давлат органлари фаолиятида очиқлик, ҳисобдорлик ва тенглик тамойилларини жорий этиш вазифалари белгилаб берилган.

Аммо коррупция — фақат қонун билан йўқ қилинадиган муаммо эмас. У жамиятдаги ҳуқуқий маданият, иқтисодий шароит ва инсоннинг шахсий дунёқараши билан чамбарчас боғлиқ.

Яқинда туманлардан бирида содир бўлган воқеа фикримизнинг исботидир. Туман ҳокимлиги вакили уй қуриш учун ер ажратиб бериш эвазига тадбиркордан 30 минг АҚШ доллари талаб қилган. Ушбу маблағнинг учдан бир қисмини ҳокимга бераётган вақтида ДХХ ходимлари томонидан қўлга олинган.

Коррупцияга қарши кураш фақат жазолаш билан чекланиб қолмаслиги керак. Иллатнинг келиб чиқиш сабабларини йўқ қилиш зарур. Давлат хизматчиларининг моддий таъминотини яхшилаш, уларнинг ишини холис баҳолаш тизимини жорий этиш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш — бу соҳадаги энг муҳим қадамлардир.

Коррупциявий ҳолатни баҳолашда оддий фуқароларнинг фикри энг ишончли мезон ҳисобланади. Жиззах шаҳрида яшовчи тадбиркор Дилшод Абдуманнопов шундай деди:

— Илгари айрим рухсатномаларни олиш учун ойлаб сарсон бўлардик, “тезлаштириш” учун эса “кўнгилдан чиқариб” маълум суммани беришга тўғри келарди. Ҳозир кўп ишлар электрон тарзда ҳал бўляпти. Бу коррупция ҳолатларининг олдини олишда қўл келмоқда.

Кўриниб турибдики, замонавий технологияларни кенг жорий этиш ва шаффофликни таъминлаш бу иллатга барҳам беришда муҳим аҳамиятга эга. Масалан, Сингапурда давлат хизматчиларининг маоши юқори ва уларнинг ҳар бир ҳаракати шаффоф ҳисобот тизимида қайд этилади.

Ўзбекистонда ҳам сўнгги йилларда “Электрон ҳукумат”, “Очиқ бюджет” каби лойиҳалар амалиётга жорий этилди. Бу тизимлар коррупция йўлларини қисқартиришга хизмат қилмоқда. Лекин энг асосий масала — одамларнинг онгини ўзгартиришдир. Чунки иллатни йўқотиш, аввало, инсоннинг ички дунёси ва танловидан бошланади.

Хуршида СУЮНОВА.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four × 2 =