Газета ўқимасликнинг зарари

Ҳа, шундай. Бугун замон ўзгариб, технологиялар ривожланса-да, инсоннинг ишончли маълумотга, янгиликка бўлган эҳтиёжи ҳеч қачон йўқолмайди. Ахборот олишнинг энг қадимий ва фойдали манбаларидан бири бўлган газета ва журналлар эса, замонлар қанчалик эврилса-да, ўз аҳамиятини йўқотмаса керак.

Тўғри, бугун ёшларнинг аксарияти, ҳатто ёши катталар ҳам газета ўқиш одатидан тобора йироқлашиб бормоқда. “Газета-журнал нимага керак? Ҳамма янгилик телефонда бор-ку. Ҳозир ким обуна бўлади?” деган гапни эшитиш одатий ҳол. Тўғри, замонавий технологиялар мисли кўрилмаган даражада ривожланган даврда яшаяпмиз. Ҳатто телевизор кўрмайдиганлар ҳам кам эмас.

Лекин бу аҳвол бир қатор салбий оқибатларни юзага келтираётганини наҳотки кўрмаётган бўлсак?!

Албатта, замонавий технологиялар керак. Жуда керак телефон ҳам, интернет ҳам. Бироқ бу дегани маънавиятдан, маънавий шамчироқ воситаларидан воз кечса ҳам бўлаверади дегани эмас-ку!

Хўш, газета ўқимасликнинг қандай зарари бор экан? Бу ҳақда негадир кўп гапирилмайди. Тўғри, босма нашрларни мутолаа қилиш зарурлиги, фойдаси, аҳамияти хусусида кўп гапирилади. Интернет ва телефонлардан мунтазам фойдаланишнинг зарарлари ҳақида ҳам кўп ёзилади. Лекин газета-журнал ўқимасликнинг зарари ҳақида нега бонг урилмайди?

Мутахассисларнинг фикрича, газета-журнал ўқимаслик инсон сиёсий ва ижтимоий онгининг сустлашишига сабаб бўлади. Киши қанча ақлли, доно бўлмасин, барибир маънавий томондан ютқазади. Газета-журнал ўқимаган одам китобни ҳам ўқигиси келмайди. Фақат телефон ёки интернет орқали маълумотлар олишга ружу қўйиш эса инсонни дангаса, ялқов қилиб қўяр экан. Яна фақат технологиялардан, шу жумладан, айтайлик, телефондан кўз узмайдиган одам кўз нуридан эртароқ мосуво бўлиши аллақачон ўз исботини топган.

Газета-журналлар бўлса, жамиятда, мамлакатда ва ҳатто дунёда содир бўлаётган воқеа-ҳодисалар ҳақида холис ҳамда ишончли ахборот бера олади. Уларни мунтазам ўқиб борадиган одам ижтимоий муаммоларни чуқурроқ тушунади, ўз фикрини мустақил шакллантира олади. Газета ўқимаслик атрофида нималар бўлаётганига бефарқликни келтириб чиқаради. Демакки, жамиятда бефарқлик ва лоқайдликни кучайтиради.

Шунингдек, газета ўқимаслик кишида сўз бойлигининг камайишига, ривожланмаслигига олиб келар экан.

Дарҳақиқат, газета — адабий тил, аниқ фикр ва таҳлилий нутқ мактабидир. Ундаги мақолаларни ўқиш орқали ўқувчи янги сўзлар, иборалар ва ифода воситаларини ўзлаштиради. Газетадан узоқлашган инсон эса ўз фикрини аниқ баён этишда қийналади, нутқи ғализлашади.

Бундан ташқари, матбуотдан узилиш фикрлаш ва таҳлил қилиш кўникмаларининг пасайишига сабаб бўлади. Газетада чоп этилган мақолалар воқеаларнинг сабаб ва оқибатларини ўрганишга, муаммога теран қарашга ўргатади. Таҳлилнинг йўқлиги эса юзаки ёндашув, бир томонлама қараш, ҳатто ижтимоий муаммолар олдида ожизликни юзага келтиради.

Энг ачинарлиси, ёшларнинг газета ўқимаслиги инсонийлик, ватанпарварлик, адолат ва ҳалоллик каби қадриятларнинг сусайишига ҳам сабаб бўлиши мумкин. Чунки газеталар нафақат янгилик, балки тарбия манбаи ҳамдир. У юрт тараққиёти, фидойи инсонлар ҳақида ҳикоя қилади, ёшларни эзгуликка чорлайди.

Бугунги кунда ижтимоий тармоқларда тез-тез учрайдиган нотўғри, ёлғон ва текширилмаган ахборотлар (фейклар) одамларни чалғитмоқда. Газеталар эса таҳририят томонидан синчиклаб текширилган, ишончли ҳамда ҳаққоний маълумотларни тақдим этади. Шу боис газетадан воз кечиш — тўғри ва ишончли ахборотдан воз кечиш билан баробардир.

Мен ушбу фикрларга жуда кўп устоз ижодкорлар, ёши улуғ инсонлар билан суҳбатлашиб, ишонч ҳосил қилдим.

Газета ўқиш — бу шунчаки янгиликлар билан танишиш эмас, балки тафаккур машқи, фикрлаш тарзи ва ҳаётга теран назар билан қараш демакдир. Ҳар бир ёш бу одатни шакллантириши лозим. Зеро, китоб ва газета ўқимайдиган жамият — орқада қолган, суст ривожланадиган жамиятдир.

Хўш, шундай экан, нима қилмоқ керак? Биринчи навбатда мактаб ўқувчиларига болалар нашрларининг, ўқитувчиларга эса республикамизда чоп этиладиган асосий нашрларнинг кенг миқёсда етиб боришига имконият яратилиши мақсадга мувофиқдир. Қани эди, ҳар бир маҳаллада ҳар бир хонадонга ҳар куни чоп этиладиган газета ва журналлар етиб борса? Ахир минглаб қишлоқларимизга, неча минглаб маҳаллаларимизга, неча миллион сонли хонадонларга газета ва журналлар умуман бормай қолганига кўп вақтлар бўлди…

Азамат ЖУМАЕВ,

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари

университети талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seventeen + nine =