Меҳнатдан бахт топган инсон

ёки тажрибали тележурналист Муҳаммаджон Мақсудовнинг ибратли ҳаёт йўли ҳақида

Иймон-эътиқодли киши ёмонликнинг ҳар қандай кўринишларидан ҳазар қилади. Ундан қўлини ҳам, тили ва дилини ҳам узоқ тутади. Бундай кишилар Яратган олдида ўзларининг инсонийлик бурчларини холисона ва тўла-тўкис бажарадилар.

Кўнглим тубида ва тилимда номларини доимо эъзозлаб, ўз касб-корига сидқидилдан ишлаб, эл эътибори ва ҳурматини қозониб келаётган, саховатли меҳнатлари туфайли давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлаётган ана шундай сафдош ва касбдош укаларимнинг сараси ҳақида сўз юритиш каминага фахр, ғурур, мамнуният ва ҳузур бағишлайди.

Ўтган асрнинг олтмишинчи йиллари иккинчи ярми. Ўша йиллари Ўзтелерадиокомитет тизимида Тошкент шаҳри ва вилояти аҳолиси учун эшиттиришлар бош таҳририятини ташкил этиш ва уни бошқариш вазифаси каминанинг зиммасига юклатилди (кейинчалик бу таҳририят “Тошкент телерадиоканали”га айлантирилди. Афсуски, “Ўзбекистон-24” телерадиоканали ташкил этилиши билан бу таҳририят изсиз йўқолди. Хайриятки, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 18 ноябрдаги қарорига биноан, Тошкент вилояти телерадиоканали — “Nurafshon TV” ташкил этилди).

“Тошкент” таҳририяти ишларини пухта ташкил қилиб, эшиттиришларимиз тингловчилар эътирофига сазовор бўлишига эришган чоғимизда каминани собиқ “Саноат” таҳририяти бўлимига бошлиқ этиб тайинлашди. Бу таҳририятда ҳам қатор ташкилий ишларни олиб боришга тўғри келди. Бўлим “Саноат, қурилиш, транспорт ва алоқа ходимлари учун эшиттиришлар Бош таҳририяти”га айлантирилди. Олтмишинчи ва саксонинчи йиллар оралиғида республикамизда улкан саноат корхоналари, сув омборлари, Қарши, Сурхон, Жиззах ва Сирдарё чўлларини ўзлаштириш, каналлар қурилиши авж олдирилиб, “Зарбдор қурилишлар” номини олган эди. Бунинг учун таҳририят ишларини кенгайтириш устида ҳам иш олиб борилди. “ЎЗБЕКИСТОН ИШЧИСИ” ҳамда “УЗБЕКИСТАН ИНДУСТРИАЛЬНЫЙ” дастурлари ташкил этилди. Бу радиожурналимиз тез кунда машҳурликка эришди. Баъзи кунлари тўғридан-тўғри эфирга узатилди. Эшиттиришларда Меҳнат Қаҳрамонлари, ёзувчи ва шоирлар, санъаткорлар бевосита иштирок этишарди. Натижа яхши, эшиттиришларимиз радио тизимида ўз ўрнини топди, қизиқишлар кучайди. Ҳатто ён қўшни республикалардан ҳамкасбларимиз келишиб, тажрибаларимизни ўрганиб кетган кунлар ҳам бўлди. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ) журналистика факультетининг талабалари амалиётларини ўтказадиган масканга айланди. Таҳририятимизда ишлаш истагини билдирувчилар ҳам кўпайиб қолди.

Бунинг яна бир сабаби, таҳририятимизда кўпни кўрган тажрибали журналистлар ишлашарди. Абдукарим Абдуазимов, Музаффар Саидов, Борис Итькин, Стелла Сливкина, оловқалб ёшлардан Комилжон Каримжонов, Мухтор Муротов ва бошқалар талаба-ёшларга ўз тажрибаларини ўргатар эдилар. Эшиттиришларимизда элга танилган фантаст ёзувчи Ҳожиакбар Шайхов, таниқли журналистлар бўлиб етишган Муҳаммаджон Обидов, Ҳабибулла Олимжонов, Суннат Сайдуллоев, Ўзбекистон халқ артистлари Шерали Жўраев, Ғуломжон Ёқубов, Нуриддин Ҳайдаров, Жўрахон Раҳимов ва бошқалар ўзларининг мақола ва лавҳалари, ишчиларни руҳлантирувчи қўшиқлари, табриклари билан қатнашганлар.

1974 йилнинг ёз ойлари эди. Раҳбаримиз Расул ака Раҳмонов, ёзувчи Мели Норматовлар билан пойтахтимиздаги Олой деҳқон бозорига бориб, узумхўрлик, анжирхўрликни одатга айлантирган эдик. Тушликдан биргалашиб қайтиб, эндигина хонага кирган эдим, хизмат телефоним жиринглаб қолди.

— Абдусамад, тушликни ҳазм қилиш керак, хонамга тушсангиз, — деб қолди раҳбар телефонда.

“Хўп бўлади”, дедим-да, оёқни қўлга олиб, иккинчи қаватга югуриб тушдим. Раҳбар хонасида жуссаси кичикроқ, қора қош, қора кўз, буғдойранг, қотмадан келган йигитча билан суҳбатлашиб ўтирибди. Хонага киришим биланоқ меҳмон йигит ўрнидан даст турди-да, салом берди.

— Бу йигит ўзимизнинг дорилфунунда ўқиб, журналист бўлмоқчи эканлар, — дея мамнун сўз бошлади раҳбар. — Бизни кутиб турган экан укамиз. Суҳбатга киришдик. Мана бу умумий дафтарда ёзган машқларига кўз югуртирдим, дуруст. Кексаларимиз айтишади-ку, “боқса одам бўлади”, деб. Сизга ўхшаганлар ўз бағрига олса, радио яна бир билағон кадрга эга бўлади.

Расул Раҳмонович яна бир қатор ҳазиломуз гапларни айтиб, “кадр” тақдирини каминага юклади. Биз етаклашиб таҳририят томон кўтарилдик. Йўл-йўлакай савол-жавоб давом этди.

— Ука, асли қаердансиз?

— Намангандан, Янгиқўрғон туманининг Бекобод қишлоғидан.

— Оҳо, ўзимизнинг жаннатмакон водийданман, денг. Боғ-роғлар, гўзал маскандан экансиз. Исмингизни ҳам сўрамабман.

— Муҳаммаджон Мақсудов. Кундузгига балл етмай қолди, кечки бўлимга олишди, — хомуш тилга олди у.

— Ўксинманг, мен ҳам ишлаб ўқиганман, тезда иш ўрганасиз. Лекин ишни газеталардан бошласангиз, ўзингизга кўпроқ фойдали бўлади. Чунки газета журналистни ёзув-чизувда, айниқса, таҳрир соҳасида чархлайди. Камина ҳам “Ўзбекистон овози” (аввалги “Совет Ўзбекистони”), “Тошкент ҳақиқати” сингари газета таҳририятларида дастёрчилик қилганман. Лекин болаликдан радионинг оҳанрабосига ошуфталигим шу даргоҳга бошлаб келган, — дедим.

— Менинг ҳам мақсадим радиожурналист бўлиш.

— Ниятингизга етинг, ука, радионинг катта қозонида қайнаб, тобланинг…

Суҳбатимиз таҳририятда ҳам давом этди, эринмасдан ходимлар билан таништириб, йўл-йўлакай умумий дафтар саҳифаларига кўз югуртириб чиқдим. Студия ва монтажхоналарда овоз ёзиш, монтаж қилиш жараёнлари билан танишгач: “Ишни мана шу студиялардан бошлашга ёрдам беринг”, — деб қолди.

— Бу гапингиз ҳам маъқул. Ҳужжатларни тайёрлаб, раҳбарлар билан маслаҳатлашамиз. Радио уйида иш ўрни топамиз. Ҳам шу ерда ишлаб, таҳририятимизда ҳамкорлик қилаверасиз, — деб ишга киришдик.

1974 йилнинг август ойида Муҳаммаджон Мақсудовнинг меҳнат фаолиятида дастлабки саҳифа бошланди. Ўзбекистон радиосига оператор қилиб ишга олинди. Камгап, камтарин, меҳнаткаш бу йигит касбига меҳр қўйиб ишлаши, чаққонлиги туфайли жамоада ҳурмат қозонди ҳамда энг яхши мутахассислардан бирига айланди. Шу билан бирга, овоз ёзиш аппаратини ишлатишни миридан-сиригача пухта ўрганиб, бизнинг топшириқларимиз билан жойлардан суҳбатлар, интервьюлар уюштира бошлади. Ўз навбатида таҳририят ходимлари ҳам ўз ёрдамларини аямадилар.

Узоқни кўзлаб иш тутувчи укамиз ўқишни ҳам амалиёт билан бирга олиб борди. Диплом олиш вақти ҳали борлигига қарамай, Ўзбекистон радиоси тизимида яқиндагина ташкил этилган “Машъал” (ҳозирги “Маҳалла” канали) радиостанциясига кичик муҳаррир қилиб ўтказилди. Металл қуйиш цехлари сингари эшиттиришлар оқими тўхтовсиз давом этадиган бу жамоадаги дастлабки ҳаракатлари, яшаш шароити ҳам эътиборимизда бўлди, ҳамкорлигимиз янада мустаҳкамланди.

Ёзув-чизувлар эндигина йўлга қўйилган кезларда Муҳаммаджон ҳарбий хизматга чақирилди. Дастлаб Туркманистоннинг чўлу биёбонларидаги ҳарбий қисмда чиниқди. Армиянинг темир интизомида тобланди. Ўзининг хулқи, хизматга садоқати, ишчанлиги ҳамда қобилиятлилиги билан қўмондонликнинг назарига тушди. Кўп ўтмай Тошкент шаҳрида жойлашган собиқ Туркистон ҳарбий округи (округ Қозоғистон ва Ўрта Осиё республикалари ҳарбий қисмларига қўмондонлик қилган)нинг нашриёт ҳамда босмахоналарида ишлашга чақирилди. Округнинг ноширлари қаторида елкама-елка хизмат қилиш билан бирга “Машъал” радиостанциясидаги ҳамкасблари даврасида ҳам тез-тез бўлиб туришни канда қилмади.

Икки йиллик ҳарбий хизмат кўз очиб юмгандай ўтди-кетди. У хизматдан қайтган куниёқ ҳузуримга келиб: “Устоз, зиммага юклатилган йигитлик бурчимизни ҳам бажардик. Навбатдагисини нимадан бошлашим лозимлиги тўғрисида маслаҳатга кирдим. Лекин ниятим Наманганга қайтиш”, — деб қолди.

— Аввало, ҳарбий хизматни аъло даражада якунлаганингиз билан табриклайман. Иккинчидан, Наманганга қайтиш қочмайди. Хўп десангиз, радиода бошлаган ишларингизни давом эттиринг. Ҳали ўрганганларингиздан анча бор, — дедим.

— Гапингиз тўғри, шундай фикр айтишингизни билган эдим. Лекин қишлоқда падари бузрукворим кексайиб қолдилар. “Кўзимнинг тиригида бошингни иккита қилиб, набираларимни бағримга босай”, дейдилар ҳар гапларида.

— Ота-оналаримиз бизни деб оромини йўқотишади. Лекин Тошкентга олиб келасиз, мусофирчилик туз-намагини ҳам кўрсин. Аммо сизда яшириниб ётган салоҳият борлигини ичимдан сезаман. Истеъдодингизни пойтахтда чархланг, — дея узоқ суҳбатлашдик. — Майли, иш бошлашдан аввал қишлоққа ҳам бориб келинг.

Муҳаммаджон миннатдорчилик билдириб, шу куниёқ “қўноғи” томон отланди. Қишлоқда бироз ушланиб қолганидан ташвишга тушдим. Отаси Тошкентга қайтишига рухсат бермади, шекилли, деган ўй-хаёллар ўтди бошимдан. Йўқ, кўзлари ёниб, лабида табассум билан қайтди. Тезликда “Машъал”га муҳаррир бўлиб жойлашди, югур-югур давом этди.

Студия ёки монтажхоналарда суҳбатлашиб қоламиз. Амалга ошираётган ишларида бирор нуқс сезилмайди. Назаримда, ўз ниятига ноил бўлгандай кўринади. Лекин бирор сирни айтолмаганидан хижолатлигини сезаман. “Содда сири тилида, писмиқ сақлар дилида”, деганларидай, мендан бир гапни яшираётгандай ҳис қиламан.

Кунлар ўтиб, ўзи ёрилиб қолди.

— Устоз, қишлоқдан келганимдан буён бўлиб ўтган воқеани айтолмай юрибман, — ерга қараб сўз бошлади. — Хизматдалик пайтимда дадам ўзларининг яқин дўстлари билан қуда бўлишга келишиб қўйган эканлар. Аслида, бу қизга мактабда ўқиб юрган давримдаёқ кўнгил қўйган эдим. Ҳозир Наманган давлат университетини тугаллаяпти. Унаштириб, фотиҳа тўйини ўтказишди.

— Жуда яхши иш бўлибди, укажон, бахтли бўлинг. Бу тўғрида сизга айтганларим ижобат бўлибди. Белни янада маҳкамроқ боғлаб ишлайсиз. Буюк Абдураҳмон Жомий айтганларидай:

Булут бўл! Ёмғирлар сочувчи булут!

Гулу янтоқлар бари олсин сендан қут!

Уқдингиз, менимча, энди ишланг, ўрганинг, лекин илм олишни, машқ қилишни канда қилманг, — дедим-да, мамнун хонамга қайтдим…

Орадан кўп вақт ўтмай, Муҳаммаджон жамоада радиоэшиттиришлари билан танилди. Шу орада тўй ҳам бўлиб ўтди. Гапларим ерда қолмади. Кунларнинг бирида хонадонимга умр йўлдоши Манзурахон билан етаклашиб кириб келишди. Меҳр-оқибатли қирқ йиллик умр йўлдошим Муборакхон ҳожи она (охирати обод, чексиз яхшиликлари ўзига жаннат боғларида соябон бўлсин) ёш келин-куёвни ўз фарзандларидай кутиб олди ва бағрикенглик билан ўз мурувватини аямади. Оилавий борди-келди кейинчалик ҳам давом этди.

1982 йилнинг эрта баҳори эди. Камина дастурлар дирекциясидан “Сўнгги ахборот”га бош муҳаррир қилиб ўтказилган илк кунларим, хонам эшиги доимо ланг очиқ турарди. Иш билан бўлиб, хонамга Муҳаммаджон кириб келганини ҳам сезмай қолибман. Елкасида овоз ёзиш репортёри, қўлида бир даста қоғоз. Одатдагидай, бирор жойга шошаётганга ўхшайди.

— Хизрни йўқласам бўлар экан, сизни чақирмоқчи бўлиб турувдим. Ақллисиз-да, ўз оёғингиз билан кириб келдингиз. Тинчимайсиз-да, укажон, — дедим мамнун.

— Менинг ҳам кўнглим сезган, шекилли, эшигингиз очиқ экан, босиб ўтолмадим. “Машъал”га “Баҳор” ансамблидан репортаж ёздим. Шунинг монтажини тугатиб қайтяпман.

— “Баҳор” гўзалларининг жамолидан баҳраманд бўлибсиз-да, барака топинг, — дея унинг ишини маъқулладим. — Қисқароқ вариантини “Сўнгги ахборот”нинг кечки эшиттиришларига мослаб беринг.

— Сўзингиз ерда қолмайди, устоз. Лекин бир маслаҳат билан кирдим. Тошкентда саккиз йил яшаб, ўқиб, ишлаб, йигитлик бурчимизни бажардик, ҳисоб. “Программа”нинг дастлабки минимумини амалга оширдим. Энди навбат Наманганга. Сабаби, отамиз кексайиб қолдилар, келинингиз эса оғироёқ. Қуда-қудағайлар қайтишимизни қисти-қафасга олишган. Иложсиз уларнинг қистовларига рози бўлдик. Камина эса сизнинг яхшиликларингизни унутмайман. Сиздан ўрганганларимни қаерда ишласам қўллайман. Сизга катта раҳмат. Поезд билети ёнимда, фотиҳа берсангиз бўлди, — деди.

Тўсатдан унинг бундай гапларини эшитиб, бутун вужудим зирқираб кетди, кўзимдан ёш сирқираганини ҳам сездим. Наҳотки бу йигитга шунчалик меҳр қўйган эканман, энди сездим. Эс-ҳушимни йиғиб, қўл очдим: “Аллоҳим, камолотга эришаётган укажонимнинг келгусидаги ишларига ҳам мададкор бўлгин, ўзинг яратдинг, ўзинг паноҳингда асра. Келинимиз Манзурахон билан қўша қариб, мўмин-қобил фарзандлар бергин, йўлларини равон қилгин”, дея оталарча дуо қилиб, уни бағримга босдим.

…Ҳа, Аллоҳ истагимизга кўра унинг омадини бера бошлади. Гуллар юртига қайтиши биланоқ “Наманган ҳақиқати” вилоят газетасининг “Тарғибот” бўлимига мудир этиб ишга қабул қилинди. Уч йил ичида газетачиликнинг ҳам мақомини эгаллади, замон талабига мос мақолалари билан кўзга кўринди.

Мана ўттиз йилдан ошдики, шу лавозимда ишлаб, телерадионинг моддий-техникасини мустаҳкамлади, ажойиб ижодкор жамоани шакллантирди. Қимирлаган қир ошар, деганларидай, 1984 йили Наманганнинг сўлим Янгиариқ бўйида қуриб битказилган водийда ягона “Радио уйи” қайта таъмирланди. Унинг саъй-ҳаракатлари билан вилоят телерадиокомпанияси учун барча қулайликларга эга қўшимча телемарказ биноси тикланди. Телемарказ Германиянинг “Siemens” дастурига биноан “SX” телевидеоаппаратуралари билан таъминланди.

Радио вилоят телерадиокомпаниялари орасида биринчи бўлиб 2004 йилиёқ “ҒМ” тизимига уланди. 2015 йилда эса телерадиоканал замонавий рақамли форматга ўтиб ишлашни якунлади. Авваллари кунига икки соатгина эшиттиришлар берилган бўлса, ҳозир “Олтин замин” радиоканали орқали кунига 18 соатлик эшиттиришлар тингловчилар ҳукмига ҳавола этиляпти.

Вилоят телевидениеси 1990 йилнинг 17 октябрида бир соатлик кўрсатувни ўта қийинчилик билан эфирга узатган эди. Бугунги кунга келиб кўрсатувлар ҳажми 18 соатдан ҳам ошиб кетди. Камина маҳаллий телерадиоэшиттиришлар бошқармасида бошлиқ бўлиб ишлаган йилларимда бошқа вилоятларга қараганда яқин ҳамкасб укам раҳбарлик қилаётган Наманганда тез-тез бўлиб турар эдим. Яширмайман, бу иш Муҳаммаджоннинг кўнглимга яқин бўлганлиги туфайли бўлади. Телерадиода амалга оширилган бунёдкорлик ишларидан ҳайратда қолдим. Радио уйи бутунлай замонавий қайта таъмирланибди. Деярли ҳар бир ходимга алоҳида хона, компьютер ва бошқа аппаратуралар, мебель жиҳозлари муҳайё этилган. 2000 йили фойдаланишга топширилган тўрт қаватли янги телемарказни айтмайсизми? Марказ бутунлай янгиланган.

Ҳа, ҳайратдаман. Буларни кўриб туриб, компания раисига савол бериш, сўраб-суриштиришга тилим калимага келмай қолди. Биноларни томоша қилиб, раиснинг хонасида бир пиёла яхна чойни ҳўплаганимдан сўнг ўзимга келдим-да, унга мурожаат қилдим.

— Муҳаммаджон, ҳақиқатан ҳам бу масканда амалга оширилган ишлар беҳисоб. Кўп эмас, ўн йиллар чамасидаги ўзгаришларни ўзингиз айтмасангиз, камина ниҳоясига етолмайман. Менимча, энди марказий телевидениедан қолишмайдиган телеаппаратуралар мажмуасига эга бўлибсизлар, табриклайман. Демоқчиманки, бу аппаратуралар ёрдамида Наманган ҳудудида ўтказиладиган расмий, маданий учрашувлар, форум ва фестивалларни тўғридан-тўғри марказга, ундан хорижий давлатларга трансляция қилиш мумкин.

— Тўғри айтдингиз, бунинг учун 8 камерали кўчма телевизион станция келтирилди. Аввалги “SD” видеокамералари ўрнига “HD” форматда тасвирга олувчи видеокамера ҳамда кабелсиз микрофонлар билан таъминландик. 2020 йили эса мобиль “SIM” карталар орқали юртимизнинг исталган жойидан тўғридан-тўғри эфирга чиқиш имконига эга “awires” қурилмаси ҳамда бевосита “VPN” билан ишловчи техник қурилмалар сотиб олинди. Эсингизда бўлса, халқаро гуллар фестивали, футбол ва бошқа спорт мусобақалари, қатор расмий анжуманлар Наманган телевидениеси орқали бутун республикамизга узатилди.

— Муҳаммаджон, узр, гапингизни бўламан. Анави кўркам бино ҳам сизларга қарашлими? Радио уйига қўшни қилиб қурилибди.

— Бу бино жуда қисқа муддатда қуриб битказилди. 450 квадрат метрлик студия медиамаркази, қурилиш-монтаж ишларига деярли 9 миллиард 381 миллион сўм сарфланди. Шуниси фахрлики, медиамарказ Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг кўрсатмалари ҳамда ёрдамлари билан қурилди. Бу медиамарказга ҳам саккиз камерали кўчма телевизион станция сотиб олинди. Бунинг учун республика бюджетидан 60 миллиард сўмдан зиёд маблағ ажратилди, деган сўздир.

Муҳаммаджон Мақсудов билан амалдаги ишлар ҳақида суҳбатлашяпмиз-у, унинг кўзлари қувончдан ёнади, ич-ичидан фахр туйғулари жўш ураётганини сезаман. Унинг кўз қарашлари, нигоҳлари-ю сезгирлигидан, ҳар бир иш етти ўлчаб, тош-тарозисининг посангисини тўғрилаб олиб борилаётганини сезиш мумкин. Ахир қисқа муддат ичида кўз қувнайдиган ишларни кўриб, ҳар қандай кишининг кўнгли ёришади-да! Ташаббускор ва ташкилотчи ихчамгина йигитнинг бу борада елиб-югурганлари, заҳмат чекканлари, асаблари таранглашганларини ўз бошидан ўтказганлар яхши тушунади.

Муҳаммаджон Мақсудов ибратли ҳаёт йўлини босиб ўтди. Унинг салкам эллик йилдан буён энг оғир ва мураккаб касбини улуғлаб келаётгани доимо эътиборда. У яхши журналист ва талабчан раҳбар бўлиб етилди.

Раҳбарлик ҳам буюк санъат экан. Раҳбар етук ақл-идрок эгаси бўлмас экан, манзилни яхши кўрмаган йўловчи сингари кўп адашади. Натижада жамоа ўртасида норозилик, бошбошдоқлик, тартибсизлик кучаяди, атрофдагиларнинг онгу шуурини чархлаш ўрнига занглатади. Буни ақл-шуури билан тушунган укамиз, мана ўттиз йилдирки, Наманган вилояти телерадиоси жамоасида аҳиллик, ҳар бир ишни кенгашли ҳолда бажариш таомилига амал қилиб келмоқда.

1974 йили оддий овоз ёзиш операторлигидан иш бошлаган қаҳрамонимиз меҳнатда тобланиб, тажрибали журналист, етук раҳбар, сиёсатчи арбоб даражасига эришди. У Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенатининг аъзоси сифатида қабул қилинган долзарб қонунларга ўз ҳиссасини қўшди, у “Меҳнаткаш сенатор” кўкрак нишонига сазовор бўлди.

Унинг ижодий ҳамда ташкилотчилик ишлари муносиб баҳоланаётганидан қувонаман. 2012 йилда “Олтин қалам” халқаро миллий мукофоти, 2013 йили Президентимизнинг фармони билан “Меҳнат шуҳрати” орденининг соҳиби бўлди. 2022 йили эса биринчи даражали “Меҳнат фахрийси” кўкрак нишони, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган журналист” унвонига сазовор бўлди. Шунингдек, халқ депутатлари Наманган вилояти кенгаши депутатлигига сайланди.

Муҳаммаджон Мақсудов катталарнинг ўгитларига амал қилиб, хокисорлик билан ишлаётган устозлардан бирига айланган қалби пок инсонлардан. У меҳнат фаолияти давомида ўттизга яқин йигит-қизларнинг етук журналист, раҳбар даражасига етишишларига мураббийлик қилди. Уларнинг кўпчилиги ЎзМТРК тизимида ишлаб, элга танилдилар, давлатимизнинг юксак мукофотларига сазовор бўлдилар. Устоз шогирдларининг камолини кўриб фахрланади, уларнинг ютуқлари унга ғурур ва мамнунлик бағишлайди. Турли соҳада ўрнак кўрсатиб ишлаётган шогирдларидан кўнгли қувончга тўлади.

М.Мақсудов оилапарвар инсондир. Турмуш ўртоғи Манзурахон билан икки ўғил ва бир қизни Янги Ўзбекистонимиз корига ярайдиган жасур, инсонпарвар қилиб вояга етказдилар. Тўнғич ўғли Музаффар ҳарбий ҳуқуқшунос (ҳозир Наманган вилояти адлия бошқармасининг етук мутахассиси), иккинчи ўғли Эминжон тинчлигимиз посбонлари — ички ишлар ходимларидан бири, кенжаси — Нодирахон эса тиббиёт ходими. Бир неча набираларнинг бобоси “унвони”га муяссар бўлиш унга туганмас бахт, завқ ва қувонч бағишлайди.

Саъдий айтганидек:

Кимки шогирдликка чин дилидан шод,

Бир куни ўзи ҳам бўлғуси устод.

 

Абдусамад ИСОҚОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

15 − 14 =