Яшасин ўзбек футболи!

Дунё тарихида буюк шахслардан бири Пеле: “Футбол — бу муҳаббат, эҳтирос ва қаттиқ меҳнат. Агар у сизни йиғлатмаса, демак, сиз уни тушунмабсиз”, дейди. Зотан, Пеле футболни шунчаки жисмоний машқ эмас, балки инсоннинг кўзларига ёш келтирадиган ва қувонтиришга қодир бўлган тирик бир туйғу деб ҳисоблаган. Шу жиҳатдан айтиш жоизки, бу ўйин — халқларни бир жойда тўплаб, миллионлаб инсонларни муштарак мақсад атрофида ҳамнафас қиладиган беқиёс кучга эга. У одамлар қалбида эзгулик, меҳр-оқибат, фахр ва ифтихор туйғуларини уйғотади. Айниқса, Ватанини чин дилдан севган, ўзи туғилиб ўсган муқаддас замини тақдирига дахлдорлик ҳисси билан яшайдиган инсон борки, футболни алоҳида қадрлайди. Чунки у ҳар бир ғалабада юрт шаъни ва мамлакат мартабасининг юксалишини кўради.

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг жаҳон чемпионати финал босқичига чиққани халқимиз учун ана шундай унутилмас тарихий воқеага айланди. Бу ютуқ юртимизнинг барча ҳудудларида катта шодиёналик билан қарши олинди. Кексаю ёшнинг қалбида ғурур ва ифтихор туйғулари жўш урмоқда. Зотан, бу наинки футболчиларнинг, балки бутун халқимизнинг умумий ғалабаси сифатида қабул қилинди.

Шуни билингки, биз доим сизлар биланмиз!

Президентимиз Шавкат Мирзиёев “Бунёдкор” стадионида футбол бўйича миллий терма жамоамизни жаҳон чемпионатига кузатиш маросимидаги нутқида шундай деган эди: “Сизларни олдинда Португалия, Колумбия, Конго терма жамоалари билан муҳим ўйинлар кутиб турибди. Катта куч-ғайрат, ишонч билан майдонга чиқинг! Шуни билингки, биз доим сизлар биланмиз!

Ҳақиқий ўзбекона жасорат, матонат ва иродангиз билан чиройли ва ишончли ўйин кўрсатиб, барчамизни хурсанд қиласиз деб ишонамиз”.

Мамлакат раҳбарининг ҳар бир футболчини бағрига босиб, жаҳон чемпионатига кузатгани, улар шаънига айтган илиқ фикрлари йигитларимизга куч-қудрат ато этиши, ҳар бир ўйинда ўзини кўрсатиши, юрт шаъни ва обрў-эътибори учун курашишга ундаши шубҳасиз. Футболчиларимизни эса бутун Ўзбекистон, дунёдаги ўзбек миллатига мансуб кишилар, Марказий Осиёдаги қўшни давлатлар халқлари қўллаб-қувватлаб, уларга мухлислик қилишади. Футболнинг кучи ҳам шунда: элларни элларга, дилларни дилларга боғлайди, бир мақсад йўлида муштарак қилади. Ўзбек футболининг ғалабаси эса халқимизнинг жипслигини, ҳамжиҳатлигини ва юртга садоқатини белгилаб беради.

Ўзбекистон футболи тарихига назар соладиган бўлсак, у 1912 йилда ташкил этилган. Бугун ҳар биримизнинг қалбимизни чексиз фахр-ифтихорга тўлдираётган мана шу қувончли воқеага ўша йилларда пойдевор қўйилган, десак, сира муболаға қилмаган бўламиз. Ўша пайтларда Фарғона ва Қўқонда, бироздан сўнг Андижон, Тошкент ва Самарқандда футбол жамоалари тузилиб, учрашувлар ўтказилган. “Қўқон-1912” илк ўзбек футбол клуби ҳисобланади. 1914 йилда Фарғона водийсининг биринчи чемпионати бўлиб ўтгани тарих зарварақларида муҳрланиб қолган. 1926 йилдан эса Ўзбекистон ССР чемпионати ўтказила бошланган, 1928 йилда Ўзбекистон миллий терма жамоаси тузилган ва у ўзининг биринчи халқаро ўйинини Швейцария жамоасига қарши ўтказганини ҳам тарих ҳеч қачон унутмайди. Биласизми, ўшанда Ўзбекистон миллий терма жамоаси Швейцария устидан 8:4 ҳисобида ғалаба қозонган. Баъзи ОАВлар Ўзбекистон терма жамоасини “Осиё Хорватияси” деб аташади, чунки терма жамоа тактикаси, қобилияти ва иқтидорли футболчилари кўплиги билан Хорватия жамоасига ўхшаб кетарди.

34 йиллик орзуимиз амалга ошди… Бу биз учун фахр, ифтихор. Дўппимизни осмонга отсак, қанча қувонсак кам. Аммо пойдевори мустаҳкам уй узоқ яшагани каби бу ғалабалар асосини яратган Геннадий Красницкий, Тўлаган Исоқов, Биродар Абдураимов, Миржалол Қосимов ва бошқа жонкуяр футболчилар меҳнатини ҳам эътироф қилсак арзийди. Масалан, Геннадий Красницкий ҳақида гап кетганда, унинг Ўзбекистонда ХХ асрнинг энг яхши футболчиси деб топилгани муҳим аҳамиятга эга. Халқ хотирасида энг буюк футболчи сифатида сақланиб қолган Геннадий ОАВларда кўпам тилга олинмайди. Аммо уни аксарият мухлислар яхши билишади, қадрлашади. У фаолияти давомида “Пахтакор” учун чемпионатларда 322 ўйинда 142 гол муаллифига айлангани ўзбек футболида шундай нодир истеъдодлар борлигини кўрсатмоқда.

Красницкийни эслаб…

1956 йилда “Пахтакор” сафида илк учрашувини ўтказган Красницкий жамоанинг етакчисига айланди ва 1960 йилда собиқ Иттифоқ олий лигасига олиб чиқди. Ўша мавсумда “Пахтакор”нинг дастлабки ўнта голини фақат Красницкий урганди ва бутун мавсумда 19 тўп киритиб, олий лига бомбардирлари орасида иккинчи бўлди. Кейинги мавсумда ҳам у 20 та гол урди.

1997 йилда Москвада чиқарилган футбол энциклопедиясида у ҳақида қуйидагилар ёзилган: “60-йиллардаги “Пахтакор”нинг етакчи ҳужумчиси. Ўз даврининг энг серқирра футболчиларидан бири. Жисмонан бақувват бу футболчи ўзининг қатъияти ва тўп учун курашувчанлиги билан ажралиб турган. Фаолиятининг дастлабки йилларида ўзининг тезлиги, кучли зарбаси билан муваффақият қозонган бўлса, кейинчалик тактик томондан ҳам салоҳиятини намойиш эта олди. Жарима зарбалари устаси”.

У футболни, ”Пахтакор”ни, Тошкентни севарди. Бор кучини ўзи туғилиб ўсган юртнинг равнақи йўлида сарфлади ва мухлислар олқишига сазовор бўлди. Фаолиятидаги барча голларини у фақат “Пахтакор” таркибида киритди. Айнан шунинг учун ҳам Собиқ Иттифоқда унга бироз панжа ортидан қарашарди. Уни қўлга киритиш учун Киевнинг ҳам, Москванинг ҳам “Динамо”лари, ЦСКА жамоалари қанчалик ҳаракат қилганликларини тасаввур қилишимиз мушкул.

Аммо Геннадий фақат битта байроқни, битта клубни тан оларди. У барча рекордларини “Пахтакор” китобига ёзиб қўйди. Унинг учун футбол касб эмасди, футбол бу минглаб мухлислар қувончи эди ва бу қувончнинг бир бўлаги унинг елкасида эканлигини биларди. Ўзбек футболи жаҳонга юз тутган, мундиал иштирокчисига айланган шу кунларда Геннадий Красницкийдек юртимиз футболига пойдевор яратган инсонни эслаб қўйиш ҳам фарз, ҳам қарз.

Ёрқин ўйин ва ўзбекча финтлар

Юртимизда бутун ҳаётини футболга бағишлаган инсонлар жуда кўп. Улардан бири машҳур футболчи ва мураббий Биродар Абдураимовдир. Бугун 83 баҳорни қарши олган Биродар отанинг қувончи чексиз. Чунки Ўзбекистоннинг мундиалга чиқишида отахоннинг ҳам катта ҳиссаси бор. У ўзбек футболи тараққиётида ўз ўрнига эга.

Футболчилик фаолиятини 1960 йилда “Пахтакор” клубида бошлаган Б.Абдураимов кейинчалик Россиянинг “Спартак” ва ЦСКА клубларида ҳам тўп сурган. Биродар Абдураимовнинг голлари ўзи тўп сурган жамоаларга катта натижаларга эришишга ёрдам берганини алоҳида таъкидлаб ўтиш керак. Унинг ёрқин ўйини, бетакрор финтлари ва майдондаги ҳаракатлари кўплаб мухлисларни ўзига ром этарди.

Биродар Абдураимов мураббий сифатида ҳам узоқ йиллар меҳнат қилиб, кўплаб шогирдларни тарбиялаб вояга етказди. У “Пахтакор”, “Шаҳрихон”, “Динамо”, “Навбаҳор” каби клубларда ҳамда Ўзбекистон миллий терма жамоасида фаолият юритган. “Пахтакор” футбол клубида 358 та ўйин ўтказиб, кўп ўйин ўтказиш бўйича рекорд соҳиби ҳисобланади. Фарзандларини ҳам мухлислар кучли футболчи ва мураббий сифатида яхши танишади. Азамат ва Жасур Абдураимов футболчи ҳамда мураббий сифатида юртимиз футболи ривожига катта ҳисса қўшишмоқда.

Ёши катта авлод вакиллари яхши билади, ўтган асрнинг 70-йилларида собиқ СССРнинг олий лигасида ўйнаётган “Пахтакор”нинг юраги бу —Тўлаган Исоқов эди. У футболчи сифатида “Пахтакор” жамоаси шарафини 13 мавсум давомида муносиб ҳимоя қилиб, 252 та ўйинда майдонга тушган. 52 та гол киритишга муваффақ бўлган эди.

— Биз “Пахтакор”нинг ҳамма ўйинини томоша қилар эдик, — дейди меҳнат фахрийси Мейли Зулфиқоров. — Тошкентдаги ўйинлар бевосита “Пахтакор” ўйингоҳидан жонли тарзда телевидениеда кўрсатилса, сафардаги учрашувларни радио орқали тинглардик. Бир гал поездда сафарга кетаётганимизда радио орқали ЦСКА ва “Пахтакор” учрашувини эшитиб кетаётган эдик. Тўп Исоқовга узатилди ва у гол урди. Шунда поезд вагонлари хурсандчиликдан бақирган мухлислар овози билан тўлиб кетди. Проводник “Нима гап?” деб югуриб келди. Гарчи биз ўйинни ўз кўзимиз билан кўрмасак-да, қалбан ҳис қилиб турардик. Биласизми, Тўлаган Исоқов ўзбек футболининг қироли эди. У киритган голлар ҳар доим “Пахтакор”га ғалаба келтирган.

1979 йилнинг 11 августида “Пахтакор” футбол клуби футболчилари Белоруссияга учиб бораётганда ҳалокатга учрагани ҳамон мухлислар юрагида ўчмас доғ бўлиб қолган. Ўша ҳалокатдан тасодиф сабаб Тўлаган Исоқов омон қолган. Ана шу мудҳиш воқеадан сўнг у футболни ташлаган. Раҳбарлар уни уч марта чақирган, аммо у “Мен бошқа ўйнай олмайман, буни кўтара олмайман…” деб рад жавобини берган.

Кейинчалик Тўлаган Исоқов мураббийлик фаолияти давомида “Пахтакор”, “Зарафшон” ва “Сурхон” жамоаларини бошқарганини яхши биламиз. Сўнгги йилларда мамлакатимизда футболнинг оммалашиши ва ривожланишига, бир сўз билан айтганда, футболнинг ҳар бир жабҳасида ўзининг муносиб ҳиссасини қўшган етук мутахассис эди. Ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва спортга садоқат билан тарбиялаш йўлида фидокорона хизмат қилган.

Ўзбек футболи тарихидаги истеъдодли ярим ҳимоячилардан бири, миллий терма жамоанинг ҳақиқий афсонаси ва узоқ йиллик сардори Миржалол Қосимов ҳақида бир оғиз сўз айтмаслик мумкин эмас. У терма жамоада 67 та ўйин ўтказиб, 31 та гол урган. Бу ярим ҳимоячи учун жуда юқори кўрсаткичдир. Қосимов ўз даврида нафақат Осиёда, балки бутун дунёда жарима зарбаларини энг аниқ ва хавфли ижро этувчи футболчилардан бири бўлган. Унинг чап оёқда йўллаган айланма зарбалари рақиб дарвозабонлари учун ҳақиқий хавф эди. У кўплаб голларини айнан стандарт вазиятлардан ва жарима майдончаси ташқарисидан киритган.

Ўзбекистон миллий терма жамоаси Хиросимада олтин медалларга эга чиққанда, Миржалол Қосимов жамоанинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи ва етакчиси эди. У Россиянинг “Спартак-Алания” (Владикавказ) клуби таркибида Россия чемпиони бўлган ва маҳаллий мухлисларнинг севимли футболчисига айланган. Шунингдек, у Европа кубокларида (УЕФА кубоги ва Чемпионлар лигаси саралашида) порлаган илк ўзбек футболчиларидандир. Владикавказда кечган баҳсда Миржалол Қосимов Англиянинг “Ливерпуль” жамоаси дарвозасига жарима зарбасини супер голга айлантирган. Унинг бу голи ҳалигача шимолий осетиялик футбол мухлисларининг ёдида.

Ўша йилларда Қосимовнинг ўйини инглизларга шу қадар маъқул келганки, “Ливерпуль” клуби уни ўз сафига қўшиб олмоқчи бўлган ва расмий таклиф билан чиққан. Аммо ўша даврдаги трансфер тизимидаги мураккабликлар ва ташкилий муаммолар туфайли ушбу тарихий трансфер амалга ошмай қолган. Бугун Одил Аҳмедов, Игорь Шквирин, Тимур Кападзе, Сервер Жепаров, Александр Гейнрих, Игнатий Нестеров каби футболчилар номини шараф билан тилга олсак арзийди.

Битта бўлиб урган юраклар

Таниқли ёзувчи Хуршид Дўстмуҳаммад интервьюларининг бирида: “Мен футболни бошдан-оёқ фалсафа деб ҳисоблайман. Унинг ҳар қадамида, ҳар лаҳзасида ҳаёт манзараларини, инъикосини кўраман. Акс ҳолда, ундан бу қадар завқ туймаган бўлур эдим”, дейди. Ҳақиқатан, футбол — бу фалсафий мушоҳада юритишга арзигулик спорт тури. Унда фалсафа ҳам, иқтисодиёт ҳам, маънавият ва маърифат ҳам бор. Футболда ғалаба қозонилган куни барча соҳаларда ривожланиш кўзга ташланганини таҳлилчилар ҳисоблаб чиқишган. Футболи ривожланган мамлакатларга инвесторлар кўпроқ сармоя киритишади.

Шундай экан, жорий йил 11 июндан 19 июлгача Мексика, АҚШ ва Канада яшил майдонларида ўтказиладиган мундиалда Ўзбекистон терма жамоасининг иштирок этиши юртдошларимиз кайфиятини кўтариши билан бирга ижтимоий-иқтисодий соҳаларда юксалишларга олиб келади. Шу маънода мундиалга чиқиш осон кечгани йўқ. Ўзбекистон миллий терма жамоаси мундиал йўлланмаси учун 1998 йилги мусобақадан бошлаб ҳар тўрт йиллик саралаш баҳсларида қатнашиб келган ва олдинги 7 та уриниш турли омадсизликлар билан якунланган эди. Тарихий натижа 2025 йил 5 июнь куни Абу-Дабида БАА терма жамоаси билан саралашнинг 3-босқичида қайд этилган 0:0 ҳисобидаги дурангдан сўнг расман қўлга киритилган. Бу натижа билан вакилларимиз Марказий Осиёдан биринчи бўлиб жаҳон чемпионатига чиққан терма жамоага айланди.

Футболнинг сеҳрли кучи маданият, маърифат, адабиёт аҳлини ҳам бефарқ қолдирмаган. ХХ аср бошларида Туркистонга футбол кириб кела бошлаганда, жадидлар қаторида ўзбек романчилиги асосчиси Абдулла Қодирий ҳам ёшларнинг жисмонан соғлом бўлишини қўллаб-қувватлаган ва матбуотда маҳаллий ёшларнинг футбол ўйинлари ҳақида хабарлар ёзган. Ўзбекистон халқ шоири Эркин Воҳидов футболни катта сиёсат ва миллатнинг дунёдаги ўрнини кўрсатувчи омил деб билган. Шоир стадиондаги муҳитни инсон туйғуларининг энг соф ва жўшқин намойишига ўхшатган. Абдулла Орипов футболни миллий ғурур ва давлатнинг халқаро майдондаги нуфузи билан боғлаган. Унинг фикрича, миллий терма жамоа майдонга тушганида, стадиондаги минглаб, экран қаршисидаги миллионлаб юраклар битта бўлиб уради.

Зотан, футбол — миллатни ягона кучга айлантирадиган ва Ватан туйғусини жўш урдирадиган қудратли кучдир. Президентимизнинг футбол бўйича миллий терма жамоамизни жаҳон чемпионатига кузатиш маросимидаги нутқида айтилганидек: Яшасин ўзбек футболи! Яшасин янги Ўзбекистон ёшлари! Яшасин бунёдкор Ўзбекистон халқи!

Фахриддин БОЗОРОВ,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven + 4 =