Дунёнинг икки ярми

Бахтиёр НУРИДДИН

(ҳикоя)

Муаллиф ҳақида:

Бахтиёр НУРИДДИН (Нуриддинов)  1972 йил Андижон вилоятининг Жалақудуқ туманида туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг ўзбек филологияси факультетини тамомлаган. Анча йиллардан буён Ўзбекистон миллий телерадиокомпаниясида фаолият юритади.

Муаллифнинг “Шудринг гуллари” ҳикоялар тўплами нашр этилган. “Онажон, Каъбам ўзинг”, “Муҳаббатнинг мангу эртаги” каби ҳикоялар тўпламларида эса ижодидан намуналар киритилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси ­аъзоси.

— Дадаси, қаранг, сизга нима олиб келдим! — рафиқамнинг овози қулоқларимни майин силаб ўтди.

— Нима экан? — эринибгина сўрайман унга ўгирилиб. У бўлса қўлидаги бир уюм кийим-кечак орасидан менга сотиб олган совғасини қидиради.

Ёш эдим. Қаҳратон қишда кийишга тузукроқ кийимим йўқ. Ташқарида қора совуқ. Аёз баданни жунжиктиради. Пойабзалимнинг таглиги юпқа, яна бироз сув ҳам ўтади. Шундай бўлса-да, ўзимга қараб, бор-будимни саришталаб, оро бериб юрардим. Уст-бошимнинг янги ёки эскилиги мен учун аҳамиятсиз эди. Ярашса бўлди-да. Сал уринса, у ёқ-бу ёғини ўзим бирпасда тўғрилаб олардим.

Шу аҳволда, изғиринда ҳам яхши кўрганим билан учрашувга чиқардик. Хиёбонларни биргалашиб кезардик. Қизиқ-да, юракларимиздаги чўғ секин алангаланиб, олов бўлиб ёнарди. Сўнг иккимиз ҳам қалбларимиз тафтига тобланардик. Бизга совуқ заррача таъсир қилмасди. У ҳам юпун кийинган. Устига-устак, менга чиройли кўринаман деб, бор бисотини эгнига илиб чиққан. Ора-орада музлаган қўлларини қўйнимга тиқиб, иситиб оларди. Совуқда дилдираб, қунишганча бир-биримизга муҳаббат изҳор қилардик, эркаланардик.

— Сени севаман, — дейман пичирлаб. У бўлса совуқдан қалтираганидан жавоб қайтаролмайди. Кўнглимизда қувонч, шодлик ва соф муҳаббатдан бўлак ҳеч вақо бўлмаган. Қандай бахтли кунлар эди-я!..

Шу ширин ва маҳзун ўйлар оғушида рўпарамда турган рафиқам Фазилатга қарайман. Сочларига оралаган оқлар ва юзидаги майда ажинлар ортидан, йиллар ўтган бўлса-да, ўша совуқ хиёбон изғиринида мен билан бирга дилдираган, қалби олов қиз ҳали-ҳамон менга боқиб тургандек туюлади.

Ичкарига кириб, у олиб келган кийимни эгнимга ташлаб чиқдим.

— Мана, хотин, сен хоҳлагандек эр бўлдим, — дейман овозимга бироз ҳазинлик бериб. — Олиб келган яктагингни кийиб олдим. Қара, худди ўзимга бичилгандек бўй-бастимга мос тушди. Тикувчи қурмағур ўлчамимни аниқ билганми, эгнимда туришини кўр буни. Пахтадан экан, бадангаям жуда хуш ёқди. Ҳаммаси яхши, ҳамма нарсаси жой-жойида… Қара, мана! Бугундан бошлаб қариликни қарши оламан…

У ичимдан нималар ўтаётганини сезмайди. Одатдагидек, беғубор жилмаяди. Мен эса дераза ортидаги қаҳратон қиш манзарасига тикилиб, яна ўша узоқ ўтмишга — янги уйланган пайтларимга ва Тошкентнинг муздек кўчаларига хаёлан қайтаман.

Ёшликдаги соф муҳаббатимиз кун келиб бизни жиддий ҳаёт бўсағасига етаклади. Ич-ичимда бир овоз бот-бот янграрди: “Уйланиш керак… Оила қуриш керак!”. Қалбим тўрида аллақачон хиёбон изғиринида мен билан бирга дилдираган қадрдон инсон яшарди. Ундан бошқасини умр йўлдош сифатида асло тасаввур қилолмасдим.

Аммо қишлоқда уйдагилар бундан бехабар, мени тезроқ уйлантириш тараддудига тушиб қолишганди. Таътилга борганимда, ота-онам таниш-билишлар, қўни-қўшни ва қариндош-уруғлар тавсия қилган бир неча номзодни бирма-бир мақташга тушишди. Бироқ юрагимнинг ҳақиқий эгаси бўлгани учун уларнинг танлови менга эриш туюларди. Дардимни айтолмай, барибир ўша бўлғуси келинлар билан бирма-бир учрашишдан бошқа чорам йўқ эди.

Аммамнинг қизи топган Гуласал исмли ҳурлиқо инжиқ ва ўта ёпишқоқ чиқди. Катта тоғамнинг хотини Моҳи момомнинг дугонасидан эшитиб совчилик қилган гўзал эса нақ сангтарошнинг ўзи эди — гаплари одамнинг бағрини тошдек тиларди. Қўшнимиз Ўктамхон холамнинг қариндоши бўлмиш Нозиманинг шарти ундан ҳам ошиб тушди: эмишки, мен уни ўз ота-онамдан ҳимоя қилишим керак экан!

— Яқинларингиз тазйиқидан мени асрай оласизми? — деб савол берди у.

Шунда ичимдан оғриқли бир ўй ўтди: бечора онажоним-а!.. Бу қизни менга бахт келтирсин деб топган эди-ю, аммо ўзини келажакдаги совуқ сўзлардан ҳимоя қилишни унутибди. Калламдан минг бир фикр ўтади. Дунё олимларининг айтишича, замонлар оша низо ва можаролар бундан буёғига оғир ҳарбий техникалар билан эмас, балки оддий сўзлар — тил воситасида содир бўларкан. Бу аччиқ ҳақиқат оила деган муқаддас қўрғонга кўчса-ю, наҳотки у ҳам тинимсиз деди-дедилар тўқнашувига айланиб кетса?!

Шу чоқ мени бундай машмашалардан фақат совуқ хиёбондаги софлик, бир-биримизни унсиз тушуниш туйғусигина қутқара олишини англаб етдим. Охир-оқибат онамга юрагимни очдим ва тақдиримни қалби қайноқ, беғубор қиз — Фазилат билан боғладим.

Барибир вақт ўз ҳукмини ўтказди. Ҳаёт бизни осон йўллардан юргизмади, сўқмоқлардан етаклаб, мана шу катта шаҳарга олиб келди. Уйланганимдан кейин елкамдаги юк янада оғирлашиб, ташвишларим кўпайди. Энди оила, бола-чақа боқишим керак эди. Тирикчилик деб қилмаган ишим, кирмаган кўчам қолмади. Ҳаётда ҳамиша “Мен кучлиман”, деб яшадим. Аслида, қанчалик бардошли ва сабрли бўлганимни, тўғриси, ўзим ҳам билмайман.

Фақат энг оғир кунларни эсласам, ҳалигача юрагим увушиб кетади. Бегона шаҳарда оч-наҳор, чўнтакда бир тийинсиз қолган кезларим бўлди. Ишонинг, ижара уйдан чиқариб юборишганда, чорасизликдан вокзалда тунаганман. Рафиқам ва гўдакларимни вақтинчалик қишлоққа жўнатиб, ўзим сарсон қолгандим. Мана шундай энг оғир дамларда содиқ дўстларим мени ёлғизлатиб қўйишмади. Ўзларининг яшаш жойлари бўлса-да, далда бериш учун уч-тўрт кунлаб навбатма-навбат вокзалда, қаттиқ ўриндиқларда ёнимда тонг оттиришди.

— Илтимос, Рустам, бизникига юр! — деб туриб олди бир куни Адҳам туни билан совуқда бирга ўтириб, музлаб қақшагач.

— Йўқ, — дедим қатъий. Уларнинг ижара уйига бориб, ортиқча юк бўлишни, кимгадир оғирлигим тушишини истамасдим. Бундай ҳолатни ҳозир тасаввур қилиш тугул, бугунги тўкин ҳаётда яшаётган одамларга тушунтириш ҳам қийин. Агар айтсанг, шубҳасиз, ҳеч ким ишонмайди. Афсуски, буларнинг бари бошимдан ўтган аччиқ ҳақиқат эди.

Мусофирчиликдаги бу қийинчиликларни узоқдаги ота-онам ҳеч қачон билишмаган. Улар: “Ўғлимиз пойтахтда ўқияпти, насиб қилса, ҳали катта одам бўлади”, деб менга ишонишарди. Болаларим эса отасини дунёдаги энг қудратли, энг улуғ инсон деб билишарди. Уларнинг кўзига ниҳоятда обрўли бўлиб кўринардим. Ҳар қандай ота ҳам фарзандлари наздида шундай бўлса керак. Мен уларнинг умидларини сўндирмаслик учун дардимни ичимга ютиб, ҳамиша олдинга интилардим.

Бир куни маош чиқиши арафасида бутунлай пулсиз қолдим. Чўнтагимдаги бир-икки танга чақани ҳисобга олмаса, уйга қайтишга ҳам пулим йўқ эди. Ишдан атайлаб кеч чиқдим ва бекатда охирги автобусни кута бошладим. Одам сийраклашса, ҳайдовчига вазиятни тушунтириб, ялинсам, текинга олиб кетар, деб ўйладим. Кимдандир пул сўрашга ориятим, ғурурим йўл қўймасди. Бир нечта автобусни атай ўтказиб юбордим. Кейингиси жуда кечикиб келарди. Вақт ўтказиш учун бор пулимга газета сотиб олмоқчи бўлдим.

— Нима берай? — деди дўкон эгаси.

— Шунга ярашасини, — дедим секин тангаларни узатиб. Айни пайтда мен учун бунинг аҳамияти йўқ эди.

Сотувчи менга жиндек қайтим ҳам берди. Эътибор ҳам қилмай, пулни чўнтагимга тиқдим. Газета саҳифаларини варақлаб, мақолаларни ўқий бошладим. Вақт худди имиллаб, тўхтаб қолгандек эди. Тезроқ уйга етиб олсам дердим ва болаларимнинг, хотинимнинг бағрига ошиқардим. Ахир ижара бўлса-да, бошпанам, мени кутадиган оилам бор эди.

Кетиш иштиёқи шунчалик кучайдики, беихтиёр чўнтагим тубига қўл солдим. Бармоқларим қалтираб, муздай темир тангаларга тегди. Уларнинг шарақ-шарақ қилган овози кўнглимни бузиб юборди. Олдин битта-иккита эди, ҳозир эса кафтим тўла… Кўзларимга ишонмай, уларни ёруғга тутдим. Ростдан ҳам тангалар кўпайиб қолганди! Бирма-бир санасам, йўл ҳақига бемалол етади. Қувончим ичимга сиғмай, атрофга олазарак қарадим. Гўё кимдир менинг дардимни сезиб, билдирмайгина чўнтагимга пул солиб қўйгандек эди. Бор мақсадим — тезроқ уйга етиб олиш бўлгани учун биринчи автобусга ўзимни урдим. Чўнтакда қолган ана шу майда пуллар болаларимга бир бўлка нон сотиб олишга ва эртасига ишга қайтишимга ҳам бемалол етарди. Шу оқшом ҳар бир тийинни жой-жойига сарфладим.

Эртасига маош тегиб, кўнглим жойига тушгач, виждоним йўл қўймади. Ўйлай-ўйлай, дўкондаги газета сотувчисини суриштиргани бордим. Менга қайтимни кўп бериб юборгани аниқ эди. Аммо дўконча анчагача ёпиқ турди. Орадан беш-олти кун ўтиб, ниҳоят, у ерда бир онахон кўриниш берди. Сўрасам, у киши доим ўтирадиган отахоннинг турмуш ўртоғи экан. Озгина сукутдан кейин:

— Чолим яхши одам эди, — дея йиғи-сиғи қилиб олди. Бироз ўнғайсизландим. Отахон ўша кундан кейин тўсатдан оламдан ўтиб қолибди… Юрагим увушиб, бўлган воқеани онахонга сўзлаб бердим. Шунда кампир мийиғида маъноли кулиб қўйди ва раҳматли чолининг асл ҳиммати ҳақида сўзлай бошлади. Айтишича, отахон дўкончани ёпаётган пайтда менинг бекатдаги маъюс ҳолатим унинг диққатини тортибди. Ҳар тарафга автобуслар келиб-кетса ҳам, чўнтакларимни тимирскилаётганимни кўриб, пулсиз қолганимни сезибди. Нафсониятимга тегмаслик учун ёнимга келишга истиҳола қилиб турганда, бахтимга ўзим газета сўраб борибман. Отахон атайлаб қайтимни кўпроқ қилиб берибди. Энг ажабланарлиси, чоли эртасига эрталаб Ҳақ қарори билан бу дунёни тарк этган экан… Омонат пулни онахонга қайтармоқчи бўлдим. Аммо у кўнмади: “Дуо қил, болам, Олимжон отангнинг қабри нурга тўлсин”, деди. Мен ўша кундан бери у азиз инсонни доимо дуо қиламан. Танда жоним бор экан, асло унутмайман. Сизлар ҳам мен учратган бу олийжаноб инсон ҳаққига бир лаҳза дуо қилиб қўйинг, азизлар! Яхши одамлар кўпайсин бу ­дунёда.

Хаёллар мени яна ортга — ҳозирги шинам ва иссиқ уйимга қайтаради. Гоҳ рафиқамнинг самимий кўзларига, гоҳ эгнимдаги яктакка қараб, ичимдан қувонаман.

— Етказганига шукур. Раҳмат сенга, онаси! — дейман шивирлаб. У сўзларимни эшитмайди, лекин менга қараб чиройли табассум қилади. Аввалгидек: “Сени севаман, Фазилат!” — демоқчи бўламан-у, тилимни тишлайман. Шуниси ҳам маъқул. Агар эшитгудек бўлса, тинимсиз койиши аниқ.

Яна хаёлга толаман. Ҳозир ҳамма нарсам етарли. Ҳаётим ўзим истаганимдан ҳам тўкин, фаровон ва мўл-кўл. Иссиқ, қимматбаҳо либосларимнинг тури шунчалик кўпки, жавондаги пойабзалларимнинг сон-саноғига етолмайман. Уйим шинам, шароитим аъло… Лекин… лекин ўша йиллардаги юракни иситадиган беғубор, оловли туйғулар йўқ. Вақт ўтиб, сочга оқ оралаганда, эгнимизга мана шундай кексалик яктагини кийганимизда, инсон ўтмишдаги қашшоқ, аммо қалби осмондек кенг бўлган бахтли одамларни, содиқ дўстларини соғинар экан.

Бугун эса ёшлик йилларининг ҳеч қачон қайтиб келмаслигини аниқ биламан — мана шуниси бироз эриш туюлади, холос. Нимагадир ичимдан бир нарса узилиб, яна совуқ хиёбонни ва вокзал тунларини қўмсайман…

Аслида, дунё ўзи шундай: ярми қувонч, ярми ташвиш; ярми қоронғилик, ярми ёруғлик; ярми шодлик ва ярми ғам… Ҳаётнинг қайси ярмида бўлмайлик, қалбларимиздаги инсонийлик, меҳр ва чексиз муҳаббат бизнинг тириклигимиз белгисидир.

2026 йил, Тошкент.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 × one =