Яшил велосипед

Ўролбой ҚОБИЛ

Муаллиф ҳақида:

Ўролбой ҚОБИЛ (Қобилов) 1955 йил Қашқадарё вилояти Қамаши туманидаги Гулистон қишлоғида туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг тарих факультетини битирган. Узоқ йиллар мактабда ўқитувчи бўлиб ишлади. Ҳозир нафақада.

Муаллифнинг “Кечиккан карвон қўнғироғи”, “Адир ортидаги қишлоқ”, “Эна тупроқ”, “Кўнгилга йўл” деб номланган қатор китоблари чоп этилган.

Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси.

Даштдаги туманларнинг бирида участка нозири бўлиб ишлаган Абдикарим мелиса бир куни ўзи гувоҳ бўлган қизиқ воқеани сўзлаб берди.

— У пайтларда ҳозиргидек турли русумдаги енгил машиналар камчил бўлиб, одамлар ишга йўловчи машина ва автобусларда қатнар, ҳаракатланишга энг қулай воситалардан яна бири велосипед саналарди.

Кунларнинг бирида бозор яқинидаги ички ишлар бўлимига қарашли хонамга танишим Тўйчи муаллим ҳовлиқиб кириб келди ва салом-аликни ҳам унутиб, деди:

— Мелиса ака, тез бўлинг, велосипед ўғрисини топдим!

— Қаерда экан ўша ўғри? — дея шошилиб сўрадим.

— Анови гўшт дўкони ёнида, тезроқ бўлинг, тағин қочиб кетмасин…

Икковимиз ошиғич дўконга суяб қўйилган велосипед ёнига бордик.

Бизларни кўрган Турдимурод қассоб деди:

— Эй, келингизлар, катта боболар, гўштнинг “свежий”сидан бор, айтинг, қанчадан тортайин?

— Гўштни кейин оламиз, бизга мана бу матоҳнинг эгаси керак эди, — дедим велосипедга ишора қилиб.

— Эй, буми? Салим жиянимники. Ана, дўкон ортида қўй сўйишга ўғилларимга кўмаклашяпти.

— Бўлмаса, чақиринг жиянингизни.

Кўп ўтмай, ёнимизга қорачадан келган, ўрта бўйли, жингалак сочли йигит салом бериб келди-да, деди:

— Менда ишларингиз бор экан, тоғам айтди.

— Ҳа, бор. Айт-чи, ошна, манави велосипед сеникими? — дея сўрадим.

— Ҳа, меники.

— Бекор айтибсан, бу менинг велосипедим. Яшил тусли эди, сен унга қизил бўёқ суртгансан, холос, — деди Тўйчи домла тутақиб.

— Ҳой, домла, туҳмат қилманг, бу йигит ўғрилик қиладиганлардан эмас, палаги тозалардан, — дея қассоб ўдағайлаб ёнимизга келди.

Тортишув бошланди. Бир зумда текин томошабинлар ҳам кўпайди. Бозорқўм Алланазар раис ҳам воқеадан хабар топиб, халойиққа қарата:

— Ўртоқлар, тинчлик сақлансин! Дунё бедарвоза эмас, шу жумладан, бозор ҳам. Ана, мелиса бор, мен бор, барисини аниқлаб, қонуний ҳал қиламиз! — деди.

Биласиз, дашт одамлари бир-бирини яхши танийди, қолаверса, ўғрилик деган ҳодиса кунда бўладиган воқеа бўлмагани ва бу айланиб, ор-номусга бориб тақалгани учун тўпланганлар тарқалмади ва ҳатто кимдир: “Ўша баччағар ўғри ким экан?” — дея қичқирди.

Мен секингина Тўйчи муаллимга қарадим.

Муаллим бамайлихотир Турдимурод қассобга:

— Жиянингиздан сўранг-чи, велосипедни қаердан олган экан? — дея савол берди.

— Анови райцентрдаги Россияга кўчиб кетган Аниса холанинг ўғли Толикдан уч ой аввал сотиб олганман, — деди йигитча ёнида турган барзанги қассоб тоғаси тарафга қараб.

Турдимурод қассоб Тўйчи муаллимга хезланиб:

— Эшитдингизми, домла, кела солиб ёшгина йигитга туҳмат қилгани уялмайсизми? Билсангиз, бизнинг уруғдан номдор полвону чавандозлар чиққан, лекин ўғри-каззоб чиқмаган, ҳали туҳмат қилганингиз учун жавоб берасиз. Худога шукур, биз ҳам ернинг ёриғидан чиқмаганмиз, таниш-билиш, ошна-оғайнилар етарли…

Мен “бунга нима дейсиз?” деган маънода яна муаллимга қарадим.

Оғайнилар, китоб ўқиган, мактаб кўрган одам барибир бошқача бўлар экан. Тўйчи муаллим чўнтагидан паспортини чиқариб:

— Халойиқ, мени кўпчилигингиз танийсиз. Шундай бўлса-да, айтайин, фамилиям Аминов, исмим Тўйчи. Бундан олти ой аввал ўқувчиларим вилоятда бўлган “Ёш рассомлар” танловида қатнашиб, биринчи ўринни олишганди. Шунинг учун менга ҳам мукофотга велосипед совға қилишувди. Бир ойча аввал уйимдан кимдир уни ўғирлаб кетди. Агар шу қурғур мукофот бўлмаганида, излаб овора бўлиб юрмасдим. Аммо бу — мен учун жуда қадрли ва азиз! Бу менинг ўқитувчилик фаолиятимнинг эътирофи! Шунинг учун жуда хафа бўлдим. Агар болали сигиримни ўғирлашганида ҳам бунчалик ачинмас, куйиб-пишмасдим…

— Лўлиларга ўхшаб артистлик қилмасдан, жиянимга қилаётган даъвонгизни халойиқ олдида исботланг. Бўлмаса, мен сизни асоссиз туҳмат қилганингиз учун судга бераман! — деди Турдимурод қассоб баттар тутақиб.

— Албатта, исботлайман, агар бунга одамларнинг олдида эришсам, унда нима бўлади? — деди Тўйчи муаллим ҳам бироз аччиқланиб.

— Агар жиянимнинг шундай нопок ишга қўл ургани рост бўлса, сизга шу арзимас темир аравага қўшиб, тўртта қўчқорнинг пулини ҳозироқ тўлаб, қассобхонамни ёпаман! Агар даъвойингиз асоссиз бўлса, жияним ва мендан кечирим сўраб, қишлоқдан кўчиб кетасиз, келишдикми?

— Келишдик, — дея Тўйчи муаллим биринчи бўлиб қассобга қўл чўзди. Турдимурод қассоб ҳам ўйлаб ўтирмай “беш”ни қарсиллатиб ташлади.

Тортишув авжига чиқди.

Тўйчи муаллим гумондор йигитчага юзланиб:

— Айт-чи, оғайни, велосипедингнинг эгари, яъни ўриндиғи тагида нима борлигини биласанми? — деб сўради.

— Ҳа, биламан, ҳеч нарса йўқ!

Тўйчи муаллим баланд овозда одамларга:

— Йигитчанинг сўзини ҳамма эшитдими? — дея мурожаат қилди.

Чор тарафдан “эшитдик”, “ҳеч нарса йўқ”, деган товушлар эшитилди.

— Бўлмаса, мен участка нозиримиздан иккита гувоҳ кузатувида велосипеднинг эгарини ечишни илтимос қиламан!

Мен иккита гувоҳни чақириб, Турдимурод қассобга қарадим. У ҳам: “Розиман”, — дея бош ирғади.

Гувоҳлардан бири велосипед қутисидан ключни олиб, бир зумда эгарни ечиб, Алланазар раиснинг қўлига берди.

Бозорқўм эгарни аввал обдан айлантириб кўргач, таг қисмига қаради-ю: “Во, ажабо!!!” — дея ҳайқириб юборди ва баланд овозда: “Аминов Тўйчи, 2016 йил” деган ёзувни ўқигач, аввал Турдимурод қассобга ва унинг жиянига, сўнгра менга ва Тўйчи муаллимга, охирида атрофдагиларга кўрсатиб чиқди.

Бир зумда атрофни ажабтовур жимжитлик эгаллади. Халойиқ гап-сўзсиз тарқалди. Турдимурод қассоб эса бошини чангаллаганча чўккалаб қолди. Ўғрилиги фош бўлган йигит йиғламоқдан бериб бўлиб атрофга аланглар, аммо унга энди ҳеч ким ачинмас, эътибор ҳам қилмасди…

Мен эса хизмат вазифамни бажаришга киришиб, ўғри йигит Салимни ва велосипед эгаси Тўйчи муаллимни хонамга олиб кириб, тушунтириш хатини олгач, ишни тергов бўлимига топширдим.

Орадан бир неча ой ўтиб, бу иш бўйича туман суди қарор чиқарди.

Ўғри йигит икки йилга озодликдан маҳрум қилинди. Кейин эса Турдимурод қассоб ҳам дўконини ёпиб, бозорда кўринмай қўйди.

Аммо Тўйчи муаллим ўша-ўша… Қайтадан яшил рангга бўялган велосипеди билан мактабига ғизиллаб қатнаб юраверди.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

eighteen − 7 =