Мактаб директорини тайинлаш “ўйин”га айланмасин!
Очиғи, 7-8-синфда ўқиб юрган пайтимдаёқ негадир ўзим ўқиган мактабимга директор бўлишни орзу қилардим. Бу раҳбарликка талпиниш ёки ўқитувчиликка қизиқишдан эмас, балки ўша вақтдаги директоримизга анча “катта шахс”ларнинг ҳам ҳурмат билан қараши, муҳим тадбирларда у кишининг фикри билан ҳисоблашиши ва энг муҳими, ҳамма учун керакли, ибратли одам бўлганига ҳавас қилганимдан бўлса керак.
Яхши эслайман, туманимизда Ҳожибоев домла деса, энг аввало, ибратли оила раҳбари сифатида ҳамманинг ҳурматини қозонган инсон кўз олдимизга келарди. Директоримизга катта-кичик барча ташкилот раҳбарлари, ҳатто туман ҳокими ҳам алоҳида ҳурмат билан муомала қиларди. Қўл остида ишлайдиган ўқитувчиларни-ку айтмаса ҳам бўлади — улар раҳбарни мактабнинг чинакам отасидек эъзозлашарди.
Туманимиздаги тўй-маъракалар, катта байрамлар олдидан ўтказиладиган ҳашарларда у кишининг иштироки яққол сезиларди. Боиси, нафақат мактаб даврида, балки ундан кейинги вақтларда ҳам мактабимизда ўқиган одамларга панд-насиҳат қилишдан, ўрни келса, дакки беришдан тўхтамас, гўёки бутун умр улар учун масъулдек тутарди ўзини. Бошқалар ҳам буни умуман малол олишмасди. У кишини қишлоқ раисидан кўра ҳурматлироқ даражада бўлган, дейиш мумкин. Шунда кўрганман устозликнинг ҳаётда отадек улуғланганини.
Очиқ ёзаётганим учун мактабимдагилар бироз хафа бўлишар, аммо айтмасам бўлмайди: ўшандан буён мактабимизда бошқа ўшандай ҳурмат-эътиборга эга директорни кўрмадим.
Биргина биз ўқиган мактабда эмас, бошқа муассасаларда ҳам жуда кўп директорлар алмашиб кетди. Кимдир лавозимда озгина ишлайди-ю, қандайдир сабаб билан бошқа ишга ўтади. Янги одам келиб, тартиб ўрнатмоқчи бўлади-ю, уддабурон ўқитувчиларнинг ҳурматсизлиги ва фитналаридан безиб, ариза ёзади. Ёки ниманидир баҳона қилиб, устидан шикоят йўллашади. Буларни кузатиб, киши ачиниб кетади. Баъзан бу лавозимга мутлақ номуносиб одамлар ҳам даъвогарлик қилишга журъат этаётганини кўриб, ёқа ушлайсан.
Яқинда бир тадбир билан мактабимизга боргандим. Биз ўқиган вақтларда йўналиши педагогикага мос тушмагани учун услубчими ёки етакчими вазифасида ишлаган бир аёл директор ўринбосари бўлиб олибди. Ўқитувчимиз келмаган кунлари ўғил болаларга меҳнат таълимидан дарсга кириб, шунда ҳам болалар билан уришиб, жеркиб чиқиб кетадиган бу аёлнинг жуда катта ўсишга эришганига қойил қолдим. “Олийгоҳда ўқиш анча осон бўлиб қолди, яхшироқ жойда таълим олиб, малакасини оширгандир”, деб ўйладим. Ҳартугул, директорнинг маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосарлигига ҳар қандай одам ҳам лойиқ кўрилавермайди-да. Муомала маданияти, юриш-туриши, оилавий аҳволи, болаларни эргаштира олишига жиддий эътибор қаратилишига амин эдим.
Буни қарангки, орадан 4-5 ой ўтар-ўтмас ўша аёл директор бўлиб олибди. Ишқилиб, ўйлаган яхши гумонларим рост бўлсин.
Назаримда, директорлик лавозими учун жуда катта курашлар кетаётганга ўхшайди. Муносиб одамлар тайинланса-ку, нур устига нур, аммо ҳатто ўқитувчиликка ҳам номуносиб кимсалар мактабга раҳбар бўлиб қолса, бу жуда катта фожиадир. Бундай вазиятда тартиб-интизом билан бир қаторда таълим ҳам мутлақ издан чиқиши, ўқитувчи деган улуғ касб нуфузига қаттиқ путур етиши мумкин.
Турли одамлардан эшитадиган ёки ижтимоий тармоқларда учраётган айрим нохуш хабарларни ўқиганим заҳоти яна ўша ибратли директоримиз хаёлимга келади. Қадамидан маънавият, маърифат уфуриб туриши зарур бўлган кишиларнинг қилаётган қилмишларидан хафа бўлиб кетаман:
“Тошкент вилояти Юқори Чирчиқ туманида вояга етмаган ўқувчига шилқимлик қилган мактаб директори 5 суткага қамалди. “Дарё” суд ҳужжатлари билан танишди.
Маълум бўлишича, 1987 йилда туғилган, Юқори Чирчиқ туманидаги мактабларнинг бирида директор вазифасида ишловчи И.Ж. жорий йилнинг 16-17 апрель кунлари “Telegram” мессенжери орқали ўқувчисига турли хил шаҳвоний хусусиятга эга бўлган SMS-хабарлар жўнатган”.
“Самарқанд шаҳридаги 81-умумий ўрта таълим мактаби директори О.О. атрофида кетма-кет можаролар юзага келди. Ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарлар ва видеоларга кўра, мактаб раҳбари тадбирга келган ёш ходималарга шилқимлик қилгани ҳамда мактаб ҳовлисида ўқувчиларни уриб-тепгани айтилмоқда. Фарзанди ҳимояси учун мактабга келган ота-оналарга эса унга педагогикани ўргатмаслик кераклигини айтиб жавоб берган”.
“Косонда мактаб директори қалбаки диплом тайёрлаб бериш ва мактабга ишга жойлаштириш учун 800 доллар пора олаётганда ушланди”.
“Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Сурхондарё вилояти бошқармаси ходимлари томонидан Ангор тумани прокуратураси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда тумандаги 26-сонли умумий ўрта таълим мактаби директори О.Х. қўлга олинган. Бош прокуратура Ахборот хизматининг хабар беришича, у ўқитувчи Н.Й.ни мактабдан бўшатмаслик эвазига тамагирлик йўли билан 2 миллион сўмни олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган”.
Келажак учун жавобгар бўлган кишилар ҳақида бундай хабарлар тарқалишининг ўзи оғриқли.
Академик лицейда ўқиб юрган вақтларимда вилоят миқёсидаги бир тадбирда тасодифан икки кишининг жанжалига гувоҳ бўлиб қолдим. Бақир-чақирлар кучайган маҳал улардан бири “Биз ўқитувчимиз!” деди-ю, иккиси ҳам тинчланди. Уларнинг бошқалар олдида ўқитувчиларнинг тортишиши тўғри эмаслигини англагани, ўзларини қўйиб туриб, энг аввало, бу касб шаънига путур етказмасликни ўйлагани қувонарли. Қани энди, ота-оналар олдида ҳам ўйлаб ўтирмай жанжаллашадиган, интернетда ўз ҳамкасбини сазойи қилиб видео тарқатадиган, дарс соати кам бўлиб қолгани учун директорнинг устидан арз қилиб, барча эшикларни қоқиб юрадиган ўқитувчиларда ҳам мана шу маданиятдан мисқолча бўлса!
Яқинда бир ҳамкасбим 6 ёшли фарзандини билими яхши бўлгани учун мактабга жойлаштиришга боргани ҳақида сўз очиб қолди. “Боламнинг бошланғич тушунчалари, ўзлаштириши яхши. Исталган усулингизда суҳбатлашиб кўришингиз мумкин”, дебди. Мактаб директори эса бола билан эмас, отаси билан “муомала қилиш”ни афзал билиб: “Яхши, фарзандингизни муддатидан олдин ўқувчиликка қабул қиламиз. Бунинг учун мактабимизга нима олиб бера оласиз? Шкафларга эҳтиёжимиз бор. Олиб келиб беришга вақтингиз бўлмаса, ҳеч хижолат бўлмай, пулини берсангиз, ўзимиз келтириб қўямиз”, деб киприк қоқмай гапирганини айтиб берди. Бунақа директорлар қандай пайдо бўлиб қоляпти — ҳайронсан киши. Директорлар устидан ўқитувчиларнинг ариза ёзишини ҳеч қачон ёқламаганман. Аммо бунақа тамагир одам қўл остидагиларга ҳам ноҳақлик қилмаслигига ишонч йўқ. Шулар ҳақида фикр юрита туриб, ўйлаб қолдим: аслида, мактаб директорлиги учун қандай одамлар танлаб олинади ва қандай тайинланади? Узоқ йиллар мактабда ҳалол ишлаган, жамоада ҳурмат қозонган кишилар танланадими ёки бошқача тартиб борми?
2019 йилда “Умумий ўрта таълим муассасасининг кузатув кенгаши ҳақидаги намунавий низом” Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигида давлат рўйхатидан ўтказилган эди. Унга кўра, таълим жараёнининг шаффофлигини таъминлаш, жамоатчилик таъсирини кучайтириш, ўқувчиларнинг сифатли таълим олишлари, уларга тегишли шарт-шароитлар яратиш ҳамда таълим-тарбия жараёнларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ҳар бир таълим муассасасида Кенгаш ташкил этилиши, бу кенгашларда ота-оналар ва ўқувчилар мактаб директори ким бўлишини белгилаши айтилганди. Ҳозир ҳам шу тартиб амал қиляптими? Модомики шундай экан, нобоп директорлар қандай келиб қоляпти, деган савол туғилади.
Президентимизнинг 2023 йил 26 майдаги 79-сон Фармонига мувофиқ, умумий ўрта таълим муассасалари директорларини менежерлик курсларида ўқитиш ва сертификатлаш тизимини жорий этиш белгиланган эди. Ушбу жараённи амалга ошириш учун Вазирлар Маҳкамасининг 2023 йил 25 декабрдаги 681-сон қарори билан “Давлат умумий ўрта таълим муассасалари директори лавозимига номзодларни менежерлик ўқув курсларида ўқитиш ва уларга менежерлик сертификатини бериш тартиби тўғрисида Низом” тасдиқланган. Унга кўра, Абдулла Авлоний номидаги педагогик маҳорат миллий институти томонидан умумтаълим мактаблари директорлари лавозимига номзодларни менежерлик ўқув курсларида ўқитиш ва махсус портал орқали уларга менежерлик сертификатини бериш тизими жорий этилган. Менежерлик курсларига ўқиш учун номзодлар камида бакалавр даражасига ҳамда мактаб директорлари учун белгиланган малака талабларига мувофиқ бўлиши лозимлиги айтилади.
Хўш, мактаб директорлари учун белгиланган малака талабларида юқоридаги сифатларга эътибор қаратиладими? Тўғри, республикада мактаблар жуда кўп, ҳаммасига ҳам раҳбар тайинлашни марказдан туриб назорат қилиб бўлмас, бироқ туман (шаҳар) даражасидаги ташкилотлардан юбориладиган номзодлар тегишли масъуллар томонидан пухта ўрганилиши зарур. Бугун мактаб директорлиги унча катта раҳбарлик лавозимидек кўрилмаётган бўлиши мумкин. Аммо ўнлаб, юзлаб ўқитувчиларга бош бўладиган, минглаб ўқувчилар таълимига масъул раҳбарни тайинлашни ҳар қандай ташкилотга етакчи тайинлашдан кўра нозикроқ масала сифатида кўриш зарур эмасми? Ахир истаймизми, йўқми, мактаб директори ўша таълим масканининг нечоғлик даражада илм-маърифат даргоҳи даражасида бўлишини таъминлайдиган шахсдир.
Қизиқ, бугун туман Мактаб ва мактабгача таълим бўлимларидан мактаб директорларини тайинлаш ваколати олиб ташланган. Уни вилоят Мактаб ва мактабгача таълим бошқармаси мутасаддиси ҳал қилар экан. Энди ўйлаб кўринг: битта вилоятда қанча мактаб бор? Бошқарма бошлиғи буйруғи билан тайинланадиган ёки вазифасидан озод қиладиган аксарият мактабларнинг ҳатто қаерда жойлашганини билмайди ҳам. Лекин вазифага қўяди. У қишлоқда ёки маҳаллада фаолият юритадиган мактаб ва унинг раҳбари қандай одам, қандай обрў-эътиборга эгалигини вилоят марказидагилар эмас, биринчи навбатда туман ва шаҳарлардаги мутасаддилар яхшироқ билишмайдими?
Демак, бу борада директорларни тайинлаш ёхуд бўшатишдаги ғалати “тартиб”ларни ўйлаб кўрадиган вақт келди…
Камолиддин РЎЗИМАТОВ,
Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси аъзоси.
