Қизғалдоқлар йиғиси

халқимиз тинчлиги ва осойишталиги йўлида ўз бурчини ўтаётиб қаҳрамонларча халок бўлган тошкентлик ҳарбий ўғлон – капитан Баҳром ЖЎРАЕВ ёди

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 23 майдаги Фармонига мувофиқ, давлатимизнинг миллий хавфсизлиги, халқимиз тинчлиги, осойишталигини муҳофаза қилиш ҳамда хизмат бурчини бажариш чоғида мардлик, жасорат ва фидойилик кўрсатгани учун Шарқий ҳарбий округ штабининг бўлим бошлиғи, марҳум Баҳром Жўраев II даражали “Шон-шараф” ордени билан мукофотланди.

— Онаси, Баҳромжон, — деди тўкин дастурхон атрофида ўтирган яқинлари ёнига келиб Улуғбек ака, — туринглар, кетамиз. Тоғам кутяпти.

— Дадажон, уйга кетмаймизми? — деди кўчага чиқишгач, Баҳромжон бир осмондаги юлдузларга, бир дадасига қараб.

— Йўқ, бугун тоғангникида қоламиз.

— Вой, ҳаммаёқ қоп-қоронғи, уйлари ҳам маҳалланинг бир четида бўлса. Мен қоронғидан қўрқаман.

— Болажоним, сен ўғил боласан-ку, ўғил болаям қоронғидан қўрқадими? Қара, биз ёлғиз эмасмиз, осмонда оймома сени кузатиб келяпти, — деди Ширин опа қўлини осмонга кўтариб.

— Қоронғиданмас, итлардан қўрқяпман, тағин тоғамнинг уйи ёнида итлар бўлса-чи?

— Ўғил болалар итдан қўрқмайди, дарҳол ҳайдаб юборади, — жилмайди дадаси.

— Ўзимиз томондаги итлардан қўрқмайман. Бегона жой-ку, ўшанга…

— Тоғангнинг уйи бегона эмас.

— Мана, сен ҳозир спорт тўгарагига қатнаяпсан, демак, билагинг кучга, юрагинг жасоратга тўлиб боряпти.

— Ана, тоғангникига етиб келибмиз-ку, — деди Улуғбек ака ёғоч дарвозага ишора қилиб.

Шу чоғ Баҳром ерга эгилди-ю, қўлига тошми, кесакми олди-да, сал нарида юрган иккита дайди итга қараб отди. Кесак тегди, шекилли, итлардан бири “ванг” деганча панжара ошиб кўздан йўқолди.

— Қойил, бир оғиз гапим билан юрагингдаги қўрқувни енга олибсан! Кўппакни қочирвординг, — Улуғбек ака ўғлини даст кўтариб бағрига босди…

— Ойижон, қаранг, Амир Темур ҳақидаги китобни совға қилдилар, — ойиси ўтирган хонага югуриб кирди Баҳром.

— 5-синфга аъло баҳолар билан ўтибсан-ку. Устозинг сени дадангга иродали, меҳнатсевар, ўртоқларига меҳрибон, деб мақтаганидан хурсанд бўлибдилар-да. Ана энди ёз бўйи китоб ўқийсан, — ўғлининг қўнғироқ сочларини силади Ширин опа. — Мен эса сенга ўйинчоқ олгандим.

— Ойижон, анави бекатдаги дўконда жуда чиройли автомат кўрдим.

— Мана бунақами? — Ширин опа хонтахта тагидан картон қути олиб ўғлига узатди.

— Ҳа, ҳа, худди шунақасини айтаётгандим, раҳмат! — Баҳромжон қутидан автоматни олиб, жилмайиб бағрига босди. — Менда наган бор, пистолет, пушка бор, аммо бунақа автомат йўқ эди… — чарос кўзлари чақнаб кетди болакайнинг. — Фарҳод ўртоғимнинг “танк”и ўқ отар экан. Ҳавасим келганди. Менинг автоматим ҳам ростакамга ўхшаркан. Ойижон, ростакам автомат оғир бўлади, а? Ичида ўқлари кўп бўлади-ку. Уни кўтаришга қийналмасмиканман?

— Мана, кўтариб турибсан-ку. Демак, оғирлик қилмабди.

— Мен армияга борганимда кўтарадиган ростакам автоматни айтяпман. Унгача бўйим ҳам ўсади, кучим ҳам ошади-а, ойижон?

— Қўй-э, илоҳим, ҳақиқий ўқотар қуролдан фойдаланишга ҳожат бўлмасин.

— Ойижон, ундай деманг. Ахир мен катта бўлсам, ҳарбий бўламан-ку. Устоз айтган, ўғил болалар Ватан қалқонлари бўларкан. Улар жанговар қуролларни ишлатишни пухта билиши шарт экан. Амир Темурнинг навкарлари жуда чаққон, зил-замбил қиличларни усталик билан ишлатиб, душманга даҳшат билан ташланар экан. Мен ҳам ана шундай моҳир аскар бўламан.

Ширин опа ўғлининг ёниб айтган гапларини жиддий қабул қилмади. Мактабни битиргунча фикри ўзгарар деб ўйлади. Кўз очиб юмгунча ўқувчилик даври ҳам ўтди. Баҳром давлат имтиҳонларини аъло баҳоларга якунлади. Ширин опа ишдан қайтиб, ўғлининг хонасига кирди-ю, ҳанг-манг бўлиб қолди. Хона ўртасида иккита каттакон қути. Улар ўғли ўйнаб катта бўлган ўйинчоқ қуроллар билан лиқ тўла эди.

— Тинчликми, болам? Ўйинчоқларни нимага йиғиб қўйдинг?

— Уларни болалар боғчасига совға қиламан. Барибир эртага ҳарбий билим юртига ўқишга кетсам, ўйинчоқларим уйда “зерикиб қолмасин”, дейман-да, — жилмайди Баҳром.

— Нега қайсарлик қиласан, ахир биттагина ўғлим бўлсанг! Биз сенсиз бу ерда қандай яшаймиз? Яхшиси, молия институтига кира қол, — ўғлининг кўзларига илтижоли тикилди Ширин опа.

— Ойижон, ахир ўзингиз доим йигит киши Ватан қўриқчиси, метин иродали бўлади, ота-онасини қандай севса, Ватанини ҳам шундай севади, уни кўз қорачиғидай асрайди, деб ўргатгансиз-ку. Мен саркарда Собир Раҳимовдек генерал бўлмоқчиман.

— Болам, Худога шукур, юртимиз мустақил. Ҳаётимиз тинч, фаровон. Ғанимларимиз бўлмаса. Уни кимдан ҳимоя қилмоқчисан?

Ойижон, тўғри айтасиз. Биз тинчлик тарафдоримиз, юртимизнинг тинчлигини истаймиз. Бироқ ана шу тинчликни унинг ўғлонлари — ҳарбийлар асрайди-да! Ҳарбий зобит бўламан!

Ўғлининг феълини билган Ширин опа ортиқ қаршилик билдирмади.

— Дадажон, ойижон, мени табрикланг, ўғлингиз энди Тошкент олий умумқўшин қўмондонлик билим юрти курсанти, — юзи иссиқдан бўғриқиб кетган Баҳром аввал онасини, кейин дадасини маҳкам қучоқлади… Уч йил кўз очиб-юмгунча ўтиб кетди. Баҳромжон ҳам жисмонан, ҳам фикран чиниқди. Қадам ташлашдан тортиб, қарор қабул қилишлари ҳам шахдамлашди…

— Ойижон, капитан ўғлингиз Баҳром Жўраев разведкачилар йиғилишига қатнашиш учун бир ҳафтага Тошкентга, ихтиёрингизга келди, — аста онасининг кўксига бош қўйди Баҳром овози титраб.

Ширин опа ўғлининг баҳор офтобида қорайган юзига, бақувват елкаларига, ўзига ишонч билан чақнаб турган кўзларига узоқ тикилди, меҳр билан бағрига босди…

— Мен француз, немис тилини ўргандим. Швейцарияда малака ошириш даврида машҳур рус саркардаси Суворов ошиб ўтган Алп тоғларида бўлдим. Буни қаранг, миқтигина саркарданинг Ватанига бўлган чексиз муҳаббат ўрнашган қалби кенг бўлган экан. Унинг иродасига, ғайратига ҳавасим келди. Биз ҳарбийлар ҳам Ўзбекистонимизни ана шундай улкан меҳр билан севамиз. Унинг озодлигини асраш учун жонимизни беришга ҳам тайёрмиз! — Баҳромжон дадасига ёш боладай эркаланиб, мушаклари ўйнаган билакларини кўз-кўз қилди.

— Кўряпман, ботирим, энди қоронғидан қўрқмайдиган бўлибсан, итларни, дайди итларни ҳам…

— Дайди итингиз нимаси, дадаси, — чимирилди эрининг гапи ёқмаган Ширин опа.

— Ойижон, юртимиз озодлигига кўз олайтирган кимсаларнинг дайди итдан қаери кам? Сурхондарёнинг Сариосиё туманидаги террористик ҳаракатлар эсингиздами? Ўшанда мен каби ҳарбий йигитлар Ўзбекистоннинг қудратини уларга кўрсатиб қўймадими, дайди итдек қувиб солмадими?

— Ўшанақа ғаламислик ҳаракатларидан асрасин, — деди Ширин опа хўрсиниб. — Ўша тўқнашувда ҳалок бўлган аскарларни Ватанимиз ҳам, халқимиз ҳам унутмади. Аммо ҳалок бўлган аскарлар оналарининг аҳволини ўйласам, ёвузларга лаънатлар ўқийман. Ишқилиб, энди уруш бўлмасин, оналар кўз ёш тўкмасин. Дунёдаги энг оғир, аламли дард бу фарзанддан жудолик доғи. Худойимдан тинимсиз сўрайман, энди дунёда уруш бўлмасин.

— Ҳа, баракалла, уруш бўлмасин, — деди Улуғбек ака хотинига бас қил, дегандай ишора қиларкан.

— Ойижон, дадажон, эртага мен Фарғонага — ҳарбий қисмимга жўнаб кетаман.

— Йўғ-э, Хотира ва қадрлаш кунини ўтказиб кетмайсанми? Тоғангни бориб кўришинг керак, — ўрнидан туриб кетди Ширин опа.

— Онаси, ҳеч хархашаларинг қолмади-да. Ўғлинг ҳарбий. Уларда интизом кучли. Бир ҳафтадан сўнг Ҳарбий академияга кириш имтиҳонини топшириш учун келади. Ўшанда бориб келамиз тоғасиникига, — ўзига суяниб ўтирган ўғлининг юзларини силаб қўйди Улуғбек ака.

— Ойи, дадам йўқмилар? — деди эрталаб йўлга отланган Баҳром сафар халтасини стулга қўйиб.

— Дадангни биласан-ку, ишга эрта боришга одатланганлар. Сени уйғотишга кўзлари қиймади.

— Унда, — стулга шилқ этиб ўтириб қолди Баҳром. У ойисига нимадир демоқчи бўлди-ю, айтолмади.

— Майли, она, дуо қилинг, мен кетдим, — у онасини маҳкам қучоқлади. Тўйиб-тўйиб ҳидлади.

— Бўлди, кўп эркаланма, йиғлавораман, — Ширин опа кўз ёшларини яшириш учун четга қаради…

Ўғли сафар халтасини елкасига илди. Хонага бошқача бир меҳр билан кўз ташлади-да, эшик тутқичига қўл узатди…

“Қизиқ, у мени ҳар доим “ойи” дерди. Бугун бунчалик ҳаяжон билан “она” деди-я! Онанг ўргилсин! Яратганнинг паноҳига топширдим, ёлғизим!” — пичирлади Ширин опа кўз ёшларини қўли билан сидириб.

* * *

2005 йилнинг 13 майи. Ўртоғи Володянинг туғилган куни. Лекин Володя 13 рақамини жинидан баттар ёмон кўради. Шунинг учун туғилган кунини синфдошлари билан 14 майда нишонлашарди. Тавба, нега кўнгли ғаш? Тонг отиши билан дўстимга телефон қилиш имконим бўлса. Ана, йигитлар маза қилиб ухлашяпти. У бўлса… ахир дадаси “рақамларнинг ҳаммаси яхши, сен бидъатларга ишонма” деб тайинлаганлар-ку. Кундузи қандай чиройли ҳаво бўлди! Настарин гулларининг ҳидини баҳор шамоли димоғига келтириб урди. Ҳа, бу ифорлар уйни, ойисини эсига солдимикан? Ойиси настаринни яхши кўрадилар-да… Наҳотки ойисини, уйни соғинди!.. Ўзи келганига ҳали бир ҳафта бўлмади-ку… Ҳа, майли… Баҳром деразадан осмонга қаради. Назарида, осмон кулранг. Юлдузлар хира. Ой ҳам қадрдон йўлдоши Ерга гуноҳкордай ийманибгина нур сочяпти. “Уйдалигимда юлдузлар ҳам, ой ҳам ёрқин кўринганди. Улар нега бунчалик хомуш? Бугун Ер юзининг қайси бурчагидаги отишма-ю талотўпга гувоҳ бўлганийкан? Қаерда нотинчлик экан? Осмондами, Ердами… у ўйлар исканжасида ўринга кирди. Ҳали кўзи ҳам илинмаганди. Жанговар тревога янгради…

Бир гуруҳ қуролланган жангарилар, ақидапараст, экстремистлар Андижонда хунрезликларни амалга ошираётгани ҳақидаги ахборотни эшитган шахсий таркиб ярим тунда жанговар шай ҳолатда йўлга тушди.

— Тинчлигимиз, осойишталигимизга кўз олайтирган ҳар қандай ғаламисга зарба беришга тайёрмиз! — деди катта лейтенант Дилмурод Абдужабборов етакчилик қилаётган взводнинг шунқорлари. “Онажон, кўрдингизми, ҳалиям мустақиллигимизни кўролмайдиган, ёвуз ниятли кимсалар бор. Аммо сиз ҳам, халқимиз ҳам хотиржам бўлаверинглар, биз албатта бу ёвузларни кунпаякун қиламиз”, ўйлади Баҳром. Кейин беихтиёр осмонга қаради. Хаёлида ой ҳам уларга эргашаётгандек, улардан нажот кутаётгандек эди.

— Капитан Жўраев, жамоат хавфсизлигини таъминлаш учун “Чўлпон” кўчасидаги йўлга блок-пост ўрнатамиз. У ерга сиз бошлиқ этиб тайинланасиз, — деди буйруқ оҳангида катта лейтенант.

Баҳромжон дарҳол топшириқни бажаришга киришди. Ўт очиш нуқталарини зарур муҳандислик ашёлари билан таъминлашга бош-қош бўлди. Ҳар бир посбонга қайси маррани эгаллашни ва қандай кузатув олиб боришни уқтирди. Вазият тақозо қилса, отишмада ва босқинчиларни қуршаб олишда қандай ҳаракат қилиш зарурлигини йигитларга ҳижжалаб тушунтирди. Орадан бирор соат ўтиб, “Чўлпон” театри томонидан ғала-ғовур, шовқин-сурон эшитилди. Кейин саросима ва ваҳимага тушган одамлар кўринди.

— Ўртоқ командир, ахир олдинги қатордагилар шу ерликлар-ку! Уларни қандай қутқарамиз? Уларга қарата ўт очмаймиз-ку, тўғрими? — деди йигитлардан бири унинг ёнига югуриб келиб.

— Тинчитамиз, босқинчига шафқат йўқ! Лекин қандай қилиб… — у автоматини душман томонга тўғриларкан, сесканиб кетди. Босқинчилар қалқон қилиб олган эркаклар кўзига отаси, аёллар онаси бўлиб кўринди. — Уларга қараб ўқ отиб бўладими? — титраб кетди у. — Аввал бу бегуноҳларни қутқариш керак. Қандай қилиб? — Баҳром ўйлар исканжасида қолди. Бироқ иккиланишга вақт йўқ. Ёвузлар тобора яқинлашарди. Аммо қўл остидагиларга сир бой бермади.

— Ваҳимага берилманг. Биз аскармиз. Ўзингизни ниҳоятда хотиржам кўрсатинг ва уларга ажратилган коридор орқали хавфсиз жойга ўтказиб қўйинг! —қатъий оҳангда деди у. — Ҳамма ўз маррасини эгалласин.

Зим-зиё тун ваҳимасини ўт-ўланлар орасидаги чигирткалар ҳам сезган, шекилли, пала-партиш ҳар томонга сакрай бошлади. Шу пайт кинотеатр томондан тартибсиз отилаётган ўқ овози эшитилди. Ортидан — қўлига автомат, снайпер милтиғи ушлаган, пистолет, гранаталар, ёнувчи аралашмалар тўлдирилган шиша идишлар билан қуролланган совуқ башарали кимсалар кўринди. Даҳшатлиси, бу олчоқлар бир гуруҳ гаровга олинган кишиларни ўзларига қалқон қилиб олишганди. “Ярамаслар, зўр бўлсанг, яккама-якка чиқмайсанларми, эналарингни кўрсатмаймизми?” — нафратдан юраги қафасидан чиқиб кетгудай бўлиб пичирлади у.

Малъунлар: “Ҳокимият бизнинг қўлимизда, бизга қўшилинглар!” — деган даъват билан блок-постга яқинлашди.

Капитан ўзини йўқотмади, йигитларига керакли кўрсатмаларни берди.

— Аслида, сенга ўхшаган хоинлар билан гаплашишни ўзимга ор деб биламан. Бироқ сенлар бегуноҳ инсонларингнинг тирик қалқон қилиб олгансанлар. Биз сенларга ўхшаб бегуноҳ кишиларга ўқ отмаймиз, — ғазабини ичига ютиб уларга қарши тик борди. — Тинч йўл билан қуролларингизни топширинг. Гаровдагиларни қўйиб юборинг!

Бироқ номард босқинчилар номардлигини қилди. Ўқ ёмғирини ёғдирди. Капитан Жўраев оғир яраланиб, ерга йиқилди. Аммо қаддини тиклашга уринди, қўл остидаги взвод йигитларига кўрсатма, йўл-йўриқ беришга ўзида куч топа билди. Бундан руҳланган аскарлар ўзлари учун қулай тактик маррага ўтиб олишди, қақшатқич зарба беришди. Жангариларнинг кўпчилиги маҳв этилди. Улар ҳаракатини тўхтатишга эришилди. Гаровга олинганлар озод қилинди. Отишмалар давом этаётган жанг майдонида ҳушини йўқотаётган Баҳром хиралашиб бораётган кўзларини осмонга тикди. Ўзи яхши кўрган Оймома бир пайтлар ўзи билан қувлашмачоқ ўйнаб югурган, балкон деразасидан осмонга тикилиб, у билан узоқ-узоқ суҳбатлашган чаққон эркатойи Баҳромжонга кўмак беролмаётганидан, уни ҳали тўйиб улгурмаган ҳаётда олиб қолишга илож тополмаганидан уялгандай булутлар орасига беркинди.

— Болам, Баҳромжон, қўрқма, мен шу ердаман, — Баҳромжон жон талвасасида онасининг овозини эшитгандай бўлди, чуқур нафас олди ва она тупроққа хотиржам бош қўйди. Ундан сал нарида — майсалар ичидаги лолақизғалдоқлар баҳор шабадасиданми ёки ўқ овозлариданми енгил титради, уларнинг қондай қип-қизил гулбарглари умрининг йигирма бешинчи баҳорини нишонлай олмай мангуга кўз юмган капитан Баҳром Жўраев билан видолашгандай юз-кўзларига, қондан қизарган ҳарбий формаси устига оҳиста қўнди…

 

Муҳаббат ҲАМИДОВА.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

20 + five =