Айтадиларки, бир одам дарё ёқалаб келаётиб, каттакон ёмби топиб олди. Қўйнидан ёнғоғини олиб, чақмоқчи бўлиб уринган эди, ёмби бир неча бўлакка бўлиниб кетди. “Ялтироқ бўлгани билан ҳеч нимага ярамас экан-ку”, дея афсусланиб, уни отиб юборди-да, қирғоқда қалашиб ётган оддий тошлардан бири билан ёнғоғини чақиб еди ҳамда муродига етиб, ўз йўлига равона бўлди… Қаердадир ўқиганим, ушбу қисқа битик фалсафаси йирик қарашларни ўзида ифода этса не ажаб: майда бир тош орқали инсон яшаш тарзидан тортиб, унинг ички бир дунёсига берилган баҳодай туюлади шу қисқа эпизод.

Ким билсин, балки оддий тош билан қўйнидаги ёнғоғини чақиб, нафсини қондириб кетиб, умр йўлида давом этган инсоннинг қисматига мана шундай битик битилгандир. Қимматбаҳо тошга рўбарў бўлиш унга бирор-бир яхшилик келтирмаслиги учун ҳам тақдир унга йўлимизда ҳар куни учрайдиган, биз эътибор бермай ўтиб кетадиган, қаердадир ҳожатимизга яраб, қаердадир йўлимизга тўғоноқ бўладиган оддий тош билан юзлаштиргандир, ким билсин, дейсиз…

Табиатнинг ҳар бир неъмати ўз сиру тилсимотлари билан инсон ақлини шошириб қўяди баъзида. Гарчи улар ҳақида қаерлардадир нималардир ўқиган, эшитган бўлсак ҳам бу неъматлар ҳақида ўз англовларимиз ҳар доим ҳам ҳайратли ва ажабланарли туюлади.

Ўзи оддий тош бўлса, нега биз унга эътиборсиз эмасмиз, каби фикр хаёлимдан ялт этиб ўтди-ю, у билан боғлиқ юзлаб мисоллар бирин-кетин тасаввуримни бузиб, тошдай отилиб кела бошлади. Ростдан ҳам нега биз тошларни одамларга менгзаймиз, унинг феъл-атворига ўхшатамиз, ҳатто инсон қалбини-да, маънавий дунёқарашини ҳам тошларга муқояса қилишга уриниб кўрамиз. Нега?

 

* * *

Кўчамиздан ўтаётган машина тўсатдан тўхтади. Ҳайдовчи машинадан тушиб, йўлда ётган тухумдан кичикроқ тошни қўлига олиб, йўл четига ташлади. Ҳайронлигимни кўриб, изоҳ берди:

— Биродар, кўчада ётган тошнинг ҳам зиёни бор. Агар у баллон четига тушса, отилиб кетиб, кимнидир жароҳатлаши мумкин. Мен бундай кўнгилсизликка гувоҳ бўлганман…

Яшириб нима қиламан, биз, шахсан ўзим, бундай ҳимматдан йироқмиз. Шу сабабли масала моҳиятини тушуниб етгач, нотаниш, аммо оқил ҳайдовчининг ҳаракатига, хулосасига қойил қолдим. Изза ҳам бўлдим ва ўзи шу тобда ўйлаб юрганларим яна хаёлимни эгаллаб олди.

Тоғлар бағридаги улкан харсангтошлардан нечоғлиқ ҳайратлансак, йўлимизда учрайдиган майда тошлар ҳаётимизга халақит бераётгандай туюлади. Лекин керакли тошнинг оғирлиги йўқ, дея унга бир маъни юклаймиз…

Сиз-чи, сизнинг ҳаётингизда ҳам тош бирор бир маънога эга бўлганми? Табиийки, бу саволим кўпчиликка эриш туюлса-да, унга ҳаммада ўзига хос жавоб бор. Энди ёзмаганинг шу тош қолувди, дегичлар ҳам топилади, буни яхши билиб турибман. Ҳа, энди, бир-биримизга бўлар-бўлмасга тош отаверганимиздан кейин шу ҳақда ёзгим келди-да… Шуни ҳам унутмангки, қадимда инсоният бутун бошли тош асрини бошдан ўтказган. Нафақат уй-жойлар, йўллар, зеб-зийнат, ҳатто рўзғор асбоблари ҳам тошдан ясалган.

Тарозининг посангиси ҳам тошдан бўлган. Тошга сиғинган элатлар бўлган. Катта-катта асарлар тошга ёзилган. Кўплари ҳалигача оҳорида турибди.

Эҳтимол, қиз узатишганда “Борган жойида тош бўлсин” деган ният-ибора ҳам шундандир. Бундан ташқари, “Бошинг тошдан бўлсин-у, болам, бағринг тошдан бўлмасин экан” деган нақлбоп гаплар бор.

Дарвоқе, шу ўринда бағритошлик ҳолатига тўхталиб ўтсак. Бу тушунча луғатларда “бераҳм, шафқатсиз” тарзида ифодаланади. Унинг нишонаси неъматга етгач, шукур қилмаслик, меҳнат вақтида сабрсизлик, тақдирга ризо бўлмаслик, хизмат вақтида лоқайдлик, суҳбат чоғида ҳурматсизлик қилишда намоён бўлади. Немис файласуфи Иммануэл Кантнинг ёзишича, “Кўпчилик кишиларнинг бағритош бўлганлигига сабаб шундаки, улар олдин раҳмдил бўлишган ва кўп алданишган”. Очиғи, камина ҳеч кимга бундай ҳолатни раво кўрмагайман…

 

* * *

Одамлар бор: ўтган-кетганга тош отишни одат қилиб олган.

Одамлар бор: орқангдан тош отгани-отган.

Одамлар бор: кўнгилга кучи етмагач, исмини тошга “киритади”, яъни ёзиб қўяди.

Тошлар бор: бағридан гул ёки гиёҳ униб чиқади…

Тошлар бор: мўъжиза ва ҳайрат, имон, эътиқод, кўнгил поклиги-ю ниятлар холислигига етаклайди сизни. Каъбани кўрганларни бунга ишонтириш шарт эмас.

Тошлар бор: қадри билан одам ақлини олади, бойлик манбаига айланади…

Тошлар бор: биз уларни ёмонликка қаратиб отамиз, масалан, ҳаж зиёратида Арофат тоғида шайтонга тош отилади…

 

* * *

Бадиий асарларимизда ҳам тош билан боғлиқ кўплаб элементлар, сюжет ва ҳолатлар мавжуд. Эртакларимизнинг бирида Муқбил тошотар деган қаҳрамон бор. У юксак фазилатли, адолатли инсон сифатида ибрат вазифасини ўтайди. Афсонавий ошиқ Фарҳод тошлар бағрини кесиб, ариқ қазиб, элга сув келтириб, ўз муҳаббатини исботлаган… Шу ўринда бу ҳақда истаганча мулоҳаза юритиш мумкин. Нега Навоий Фарҳодни синовга йўллар экан, айнан тоғу тошликлардан сув чиқариш заҳматини унга юклади? Бунинг рамзий маъноси борми ёки фақатгина бир пайтлар, техника ривожланмаган давр учун тошни ёришдан мушкулроқ юмуш йўқлиги учун Фарҳод тушган вазият мураккаблигини исботламоқ истаганмиди ҳазрат Навоий? Фарҳоднинг тоғу тошларни ёриб, сув чиқарган қаҳрамонликларини ўйлаш асносида бу ишни бефойда юмуш сифатида талқин этган яна бир фалсафий асар ҳақида ўйладим.

Француз ёзувчиси ва мутафаккири Альбер Камюнинг машҳур “Сизиф афсонаси” асари ёдингизда бўлса керак. Абсурд тушунчасининг дастурий манифестига айланган ушбу фалсафий эссени эслашингиз билан учта асосий тушунча кўз ўнгингизда гавдаланади. Сизиф, тош, тоғ. Эпизод ҳам шу манзилда содир бўлади. Эсседа Камю қадимги юнон фалсафасига мурожаат қилади, бу афсонада Сизиф Худолар томонидан доимий равишда улкан харсанг тошни тоғ чўққисига думалатиб чиқишга ва яна пастга ағдаришга маҳкум. Файласуф учун бу маъносиз ва машаққатли меҳнат инсоният ҳаётининг метафорасига айланади.

Сизиф бир умр улкан харсанг тошни тоғ юқорисига думалатиб чиқишга маҳкум. Аммо бу маҳкумлик асар қаҳрамонини тушкунликка солмайди. У тошни олиш учун пастга тушаётганда ўз аҳволининг бефойдалиги ва фожиасини тўлиқ тушунади. Муваффақиятга умид қилмасдан ишини муттасил давом эттиради ва мана шу ички исёни орқали худоларни ва тақдирни мағлуб этади. Камю афсона ҳақидаги анъанавий тушунчани ўзгартиради, кураш ҳамда чўққига кўтарилиш жараёнининг ўзи инсон инсон қалбини тўлдириши мумкинлигини таъкидлайди.

Англаганингиздай, бу эсседа ёзувчи тошга катта маъно юклайди. Маъноки, у ўзида ҳаёт машаққатларидан тортиб, тақдиримизга битилган борки юмуш ва юкларидан иборат у. Жисмоний машаққатлар билан биргаликда биз излаган маънолар, кўнглимизни қийнаётган иддаолар-у, қалбимиздан тополмаётган оромлар — ҳаммаси шу харсанг тошда жо бўлган, назаримда…

Йўқ, бу топилмалар, ўхшатишлар, халқ мақоллари-ю асарлардан иқтибослар орқали биз табиатнинг бу бўлагига катта бир маъно юкламоқчи эмасмиз. Юкланган маънолар-у айтимлар ҳам аллақачон айтиб бўлинган бўлса не ажаб! Фақат йўлимиздаги оддий тош кимнингдир оғирини енгил қилиши мумкинлиги аниқдек, ёнғоқ чақиб еган йўловчи сингари кимнингдир ҳаётини ўзгартириб юборадиган дахмаза бўлиши эҳтимоли ҳам йўқ эмас, бехос қоқилиб, вужудига зарар етказган киши каби.

Мана шу қараш эса кишига тинчлик бермайди,беихтиёр ўйга толасан: эҳтимол, ўша санг йўлимиздан бежизга чиқмагандир-а…

Фармон ТОШЕВ,

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

ten + 4 =