“Момақалдироқ остида сайр”дан сўнг…

mockups-design.com

“Хўш, нима қилиш керак? Шундай сафсата сотиб тураверамизми энди?

Йўқ, биродарлар, Жийдалига киришнинг нақд икки йўли бор: бири — орқага қайтиб, камида олтмиш-етмиш чақирим чиқадиган этакдаги масофани айланиб, туманнинг нариги тарафидан келиш; иккинчиси — яқинроғи, лекин серзаҳмати — сойнинг бериёғидаги сўқмоқ бўйлаб сўлга юриб, маҳалла-гузарлар оралаб, туман марказига яқин, Жийдалисой ёйилиб оқадиган ердаги янги кўприк орқали ўтиб бориш…”

Ушбу парча қуйида бироз тавсифи келтирилажак асардан олинган. Гап асардан ҳам кўра ўқувчига, шахсан менга бир рамз бўлиб туюлган Жийдалига — ёзувчининг кўнгил деган манзилларига кириш хусусида. Жийдали кўплаб жой номларининг бири. Бу ерда эса одамнинг кўнгил ишларига, турли руҳий савдоларга макон бўлган бир гўшадир.

* * *

Ёзувчи деган касб нима учун пайдо бўлган ўзи? Ёзувчи-шоир деган кишилар бу дунёда бўлмаса, нима ўзгарарди? Нима йўқолган бўларди? Одамзод ғордан чиқиб, табиий оловдан сунъий оловгача, омочдан компьютергача етиб келган одам боласи ёзувчи-шоир деганлари бўлмаса нонини ўзи ушлаб еёлмасмиди? Умуман, санъат деган нозик, инжа, ҳамиша гўзал, аммо ўгай қиздай кун кўриб келаётган санъат нега керак бўлиб қолди бизга?

Кечгача кетмон чопиб, уй қуриб, ҳисоб-китобни дўндириб, сўнгра қоринни тўқлаб, уйқуни урсак, то тонг отгунча Худонинг берган роҳатидан ором олиб, яна эрталабдан ризқталаб бўлиб кўчага отлансак (ғордан чиқиб овга кетган боболар каби), кунимиз ўтмай қолармиди?

Хўш, нега керак бўлиб қолди бу санъат деган соҳа, дилни эзувчи, эзиб туриб безовчи бу касб тури?

Бу каби сўроқларга кўплаб мен каби донолар ҳам жавоб излаган. Жавоб ҳам топганлар. Кўпларининг тўхтамларига мен ҳам қўшиламан.

Аммо бугун эрталаб ушбу саволлар менинг руҳимда боз қайталади. Бунга сабаб бор, албатта.

Устоз адибимиз, севимли ёзувчи Эркин Аъзамнинг янги романини ўқиш асносида кўнгилнинг туб-тубида ғаройиб воқеалар бўлиб ўтдики, бунинг ўзини ёзиш учун ҳам бир мардона қаламкашга эҳтиёж бор.

Менинг китобхон болалигимга “Анойининг жайдари олмаси” номли ҳикоя билан ташриф буюрган бу қилқалам адибнинг ҳар бир асари — босиб ўтиб келаётган ижодий йўли кўздай таниш, қадрдон. Дунёда ёзувчи кўп, ёзувчиман, деб юрганлар ундан-да бисёр. Ҳаммасининг қўлида бир дурбини бор. Ким қандай, қаердан туриб олам ва одамни кўради, қайси ниятда кўради — гап шунда. Эркин ака одамнинг, кўнгилнинг ёнини олиб, бу жаҳонга боқди, яхшининг қўли баланд келганидан севинди (бир қарашда севинганини ҳам билиш қийин), яхшини яхши демай, мақтамай, кўпиртирмай “ёмонам яхши кўрди”.

Жоҳилдан, андишасиздан, сохта одамдан жирканиб, ўлатдан қочгандай қочиб, ижирғаниб келди. Битганларида ҳам шундай битди. Ўзи турган нуқтасида оёқни тик босиб, одамни томоша қилди. Ўртанса ҳам, қувонса ҳам ўзи билди — Худойи билди. Изҳорини эса иложи қолмаганда, юрак тошиб кетганида қоғозга тўкди. Хўжакўрсинга қалам қитирлатиш, “бир боплаб қўяй” деган ўйлардан ор қилди.

“Момақалдироқ остида сайр”. Адибнинг янги асари. Очиғи, деярли қимирламасдан, тўшакка михлаб ташлангандек, роса 13 соатда қарийб 300 бетлик романни хатм қилиб қўйдим.

“Роман тўрт сатр шеър каби бўлиши керак”, деган эди Робиндранат Тагор.

“Ҳар қандай ёзувчи бутун умри давомида битта асар ёзади”, деган Жеймс Жойс.

“Адибнинг асари ўзидан баланд бўлолмайди”, дер эди Шукур Холмирзаев.

Бу уч нафар салафнинг хулосалари Эркин аканинг янги романини ўқиш, ўқиб тугатиш асносида баравар онгимда уйғонди, кетма-кет, бирга. Ва ғойибона устозни қутлагим келиб кетди. Роман таъсирида ҳам қувондим, ҳам хўрлигим келди. Хуллас, аралаш бир сезимлар дилимни қуюндай ўраб олган эди. Аввалдан ҳам ёмон кўрмайман-у, Эркин акани шу дамда жуда яхши кўриб кетдим: “Ўлманг!” деб пичирладим.

Роман воқелиги жуда оддий. Ҳар куни биқинингга урилиб, ғашингга тегадиган, ҳар тонг манглайингдан чиқиб қоладиган одамлар, воқеалар, гап-сўзлар.

Бир қишлоқда туғилган Ойравшан исмли иқтидорли, умиди ёниқ бир қизнинг; Ойравшан исмли юлдузи порлаб, порлаганда ҳам шаҳар осмонларини-да ёритиб, бу шуъласига ўзи ғарқу маҳлиё бўлиб, нигорон кўзлари шафақланиб қолган бахти нигун жувоннинг; Ойравшан исмли тақдир палахмонтош каби роса айлантириб, ҳар жойларга улоқтирган қисмати қўқиган сочдай чигал ва аламли аёлнинг ҳаёти ҳақидаги бу асар адабиётнинг мангу қаҳрамони — инсон қалбидир, деган азал қоидага мувофиқ, уста қалам тагидан чиқибди. Қишлоқ одамининг, шаҳари образнинг, олақуроқ — шаҳару қишлоқилик нуқси урган кишиларнинг бор йўқлигини ҳисоблаш, “типаж излаш” бу асар учун шарт эмас. Сабаби, адибнинг маҳорати ўлароқ яратилган бу романдаги ҳар бир қаҳрамон, ҳаётдан олингани ҳам, ўйлаб топилгани ҳам бир гўр — одам! Хом сут эмган бандалар. Ёзувчи услубига содиқ қолиб, уларнинг бирортасини оқламайди, лой ҳам чапламайди. Бир сўз билан айтганда: “Боринг шу, одамзод!” дейди-да, Худога солади-қўяди. Ўқувчи адибнинг сиддиқ некбинлигини, доим мазлумнинг, адолат истаётган ғарибнинг томонида турадиган юрак уришини ҳам сезади, албатта.

Ойравшан фаол ўқувчи, шоира, телеюлдуз, кўп бор ҳаёт сўқмоғида қоқилган бир инсон. Унинг юриш-туриши кимларгадир маъқул келмайди, дейлик, ҳеч бир мўмин киши ўзининг Ойравшандек фарзанди бўлишини истамайди. Аммо Ойравшанни ёмон кўриб ҳам қолмайди. Уни ёмон кўриб бўлмайди. Бунга сабаб битта: бу муштипарнинг қалб тубида имон буткул ўлиб кетмаган. Дарз кетгандир, аммо синиб тушган эмас. Уни тақдир шундай яратган. Эркин Аъзам оққа кўчирган.

Батафсил табиат тасвири, рўй беражак воқелик олдидан ё ортидан бир бет, ярим бет фалсафий изоҳ ёки хулоса бериш Эркин Аъзамга бегона. Бўлаётган воқеанинг феъл-у равишида, тасвирда, диалогларда ўқувчи эҳтиёжи қондирилади. Шу жараённинг ўзидаёқ бизга керак бўлган фалсафий хулосалар етилиб келган ва биз уни ўзлаштириб бўлган бўламиз. Сиқиқ матн, гап-гаштак кетаверади, аммо характер, ҳолатнинг таранг ё салқилиги, қаҳрамонлар кайфияти, яъни руҳимиз истаётган нарсага тўйинамиз. Айтмай туриб айтиб кетилади. Масалан, бир бурда нонни тасвирлаб, сўнг уни баландга кўтариб, “Мана бу — нон”, демайди у. Қизиқ, қандай қилиб бундай ёзса бўлади? Маҳорат, пешланган истеъдод дегани шу!

Мен романни таҳлилу таҳрир қилиш муддаосида эмасман. Адабиётимизда янги, ўқиладиган, ҳар доим эҳтиёж сезса арзирли бир иш бўлганини айтмоқчиман.

Биз Жийдалига киролдикми ёки селни баҳона қилиб қайтиб кетдикми, агар киролган бўлсак, у ердан юзимиз ёруғ бўлиб, яна қайтиб келишга уялмасдай бўлиб чиқолдикмикан… романни ўқиш асносида бир ўқувчи сифатида мени ўртаган савол шу бўлди.

* * *

Уйғониш азоби, оғриқ завқи деган руҳий кечимлар бор. Бу ўт билан ўйнашаётган боланинг хавфли қувончига ҳам ўхшайди. Адабиётнинг керак жойи ҳам шулки, ўта мураккаб таркибга эга бўлган инсон қалбини кашф этиш. Қалб деган соҳилсиз денгизни босиб ўтиш, ихтиролар яратиш. Одамзод бу аъмол — санъатни эгалламаганида эди, сунъий оловни кашф этолмай қирилиб кетган бўлар эди. Улуғ Аллоҳнинг нияти эса бундай бўлмаган, менимча.

Шодмонқул САЛОМ.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five × 4 =