Ойжон чеча

Ойжон чеча бу қишлоққа узоқ вилоятдан келин бўлиб тушган. Қирқ йил бурун техникум талабаси эди, Нурқул билан ўшанда танишган.

Ота-оналарига тасанно: бу ёқдагиси “минг чақиримлик юртдан келин оламанми?” демади, у ёқдагиси “мусофир юртга берадиган қизим йўқ!” деб оёқ тирамади. Аммо Нурқул деган зот қизга берган ваъдаларини унутди, ёзу қиш, шому саҳар ичишни одат қилди, “пиён” деган ном чиқарди.

Ойжон чеча бировга тишини ёрмай ўтаверди, жигар-бағри хун бўлди-ю, ўзгалар олдида қон туфламади. Ачиниб, ўсмоқчилаганларга “Эр — ярим пир” дерди, холос. Нурқул пиённинг лойга ботганини биров кўрмади, оппоқ ёқаси қора бўлгани йўқ, шими ҳамиша қиррадор, туфлиси ярқираган…

Чечанинг солиҳ ўғиллари эр кишилар бўлиб вояга етди, Худо деган аёлнинг ёруғ кунлари келди, икки йил бурун тўнғичи:

— Юринг, эна, Умрага олиб бораман, — деди.

 Она-бола Маккаю Мадинага бориб келдилар…

Ана шундоқ аёл тўсатдан қазо қилди.

— Муҳтарам жамоат, — деди имом-домла жаноза чоғи. — Шу мусофир ҳожи онамиз нимаики топган бўлса, сабридан, қаноатидан, қайнота-қайноналари дуосидан, эрнинг ризолигидан топди.

Ҳамма Нурқул акага қаради. Аллақачон “ҳунар”ини ташлаб, намоз-ниёзга ўтган Нурқул ўкради:

— Халойиқ, гувоҳ бўлинг, ота-онамга ҳалол хизмат қилган бу аёлдан мингдан-минг розиман, илоё, у ҳам рози бўлиб кетсин. Билсангиз, Ойжон эмас, Офтобжоним эди у. Анави зорманда эс-ҳушимдан бегона қилган кезлари бирор марта кўчада қолдирмаган. Тўнкадай юмалаб ётганимда, ғилдирак аравага солиб, ётоғимга етказиб келарди. Биров сўраса, “дадаси кўмир обердилар”, дер экан…

Бошқа вақт бўлса, анчайин одамнинг ичагини узиб қўядиган бу гапдан шу тобда ҳамманинг ўпкаси тўлиб, издиҳомнинг якдил оҳидан юраклар титради.

Рустамжон УММАТОВ.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

five − five =