Самарқанд — дўстлик мулоқоти маскани

“Биродар шаҳарлар” халқаро форуми халқ дипломатияси, ҳудудлараро ҳамкорлик ва миллатлараро дўстлик ғояларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилган нуфузли мулоқот майдонига айланди.

Бугунги кунда Ўзбекистонда қўшни ва хорижий давлатлар билан ўзаро ишончга асосланган ҳамкорликни мустаҳкамлаш, халқ дипломатиясини ривожлантириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Президентимиз Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида амалга оширилаётган очиқ ва конструктив ташқи сиёсат мамлакатимизнинг халқаро майдондаги нуфузини юксалтириш, дўстона муносабатларни кенгайтириш ва халқлар ўртасидаги ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Самарқанд азалдан турли халқлар, маданиятлар ва цивилизациялар туташган, Шарқ ва Ғарбни боғлаган тарихий маскан бўлиб келган. Шу боис “Биродар шаҳарлар” халқаро форумининг айнан шу заминда ўтказилиши чуқур рамзий маъно касб этади.

30 июль — Халқлар дўстлиги куни муносабати билан 23-31 июль кунлари мамлакатимизда ўтказилаётган “Дўстлик” фестивалининг энг нуфузли тадбирларидан бири сифатида 24-25 июль кунлари Самарқанд шаҳрида “Биродар шаҳарлар” халқаро форуми бўлиб ўтди. Мазкур анжуман Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси ҳамда Самарқанд вилояти ҳокимлиги ҳамкорлигида ташкил этилди. Форум давомида шаҳарлараро ҳамкорлик, маданият, туризм, таълим, инвестициялар ва гуманитар соҳалардаги алоқаларни кенгайтиришга доир муҳим ташаббуслар муҳокама қилиниб, қатор меморандумлар имзоланди.

Бугун ахборот маконида ишончли ва холис маълумотнинг аҳамияти ҳар қачонгидан ҳам ортди. Халқ дипломатияси ҳам айнан шу тамойилга таянади. Мамлакатлар ҳақидаги тасаввурни фақат расмий мулоқотлар эмас, балки оммавий ахборот воситалари орқали етказилаётган ҳаққоний ахборот ҳам шакллантиради. Шу маънода, “Биродар шаҳарлар” халқаро форуми журналистлар учун ҳам муҳим ижодий ва касбий мактаб бўлди.

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси ҳамда Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмитаси ўртасида йўлга қўйилган ҳамкорлик доирасида мазкур форумни тезкор, холис ва кенг қамровда ёритиш мақсадида оммавий ахборот воситалари вакилларидан иборат махсус медиагуруҳ шакллантирилди. Медиагуруҳ томонидан форум жараёнлари, муҳокамалар, учрашувлар ва маданий тадбирлар мамлакатимиз оммавий ахборот воситалари, жумладан, марказий ва маҳаллий телеканаллар, интернет нашрлари ҳамда босма ОАВ орқали кенг ёритиб борилди. Бу эса халқ дипломатияси ғояларини кенг тарғиб этиш, форумнинг мазмун-моҳиятини жамоатчиликка холис етказиш ҳамда медиаҳамкорликнинг амалий самарасини яна бир бор намоён этди.

Умуман олганда, ушбу икки ташкилот ўртасидаги алоқалар бугунги кунда халқ дипломатиясини мустаҳкамлашга хизмат қилаётган муҳим ижтимоий ҳамкорлик намунасига айланиб бормоқда. Зеро, замонавий ахборот маконида ҳар қандай эзгу ғоя ва ташаббус ўзининг ҳақиқий қийматини оммавий ахборот воситалари орқали жамоатчиликка холис ва таъсирчан етказилгандагина намоён этади.

Шу маънода, ушбу ҳамкорлик нафақат миллатлараро тотувлик ва бағрикенглик ғояларини тарғиб этишга, балки халқаро майдонда Ўзбекистоннинг ижобий имижини, тинчликпарвар сиёсати ва халқ дипломатияси соҳасидаги ютуқларини кенг ёритишга ҳам хизмат қилмоқда. Матбуот анжуманлари, халқаро форумлар, медиатурлар ва ижодий мулоқотларда журналистларнинг фаол иштироки жамият билан давлат ҳамда халқ билан давлат ўртасидаги ишонч кўпригини янада мустаҳкамламоқда. Бунинг натижасида тайёрланаётган таҳлилий материаллар, репортажлар ва публицистик мақолалар юртимизда амалга оширилаётган эзгу ислоҳотларни халқчил, ҳаётий ва таъсирчан руҳда кенг оммага етказишда муҳим ўрин тутмоқда.

Ахборот — бугунги даврнинг энг катта кучларидан бири. Уни ҳаққоний ва халқ манфаати йўлида хизмат қилдириш давлат идоралари, фуқаролик жамияти институтлари ҳамда журналистларнинг умумий масъулиятидир.

“Биродар шаҳарлар” халқаро форуми якунланган бўлса-да, “Дўстлик” фестивали тадбирлари 31 июлга қадар давом этади. Самарқандда кечган ушбу мулоқотлар яна бир бор ҳақиқий дўстлик мулоқотдан, мулоқот эса ишончдан бошланишини ёрқин намоён этди.

Навбаҳор ДАРХОНОВА,

Ўзбекистон Журналистлар уюшмаси

Ахборот хизмати раҳбари.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

three × three =