90 йиллик нашрнинг маёғи сўндими?

Хоразм воҳасининг Янгиариқ деб аталадиган кичик бир туманида яшайман. Туманимиз кўп йиллар аввал “Машъал” дея ном чиқарган. Шу ном билан туман газетаси чоп этилган (газетанинг илк сони 1936 йилда чиққан). “Машъал” сўзи янграса, ҳали-ҳануз элдошларимнинг кўзида сўнмас бир учқунни пайқайман. Чунки унда халқимизнинг мақтовга ва фахрга лойиқ ўтмиши мужассам. Илғор ишчилар меҳнати дейсизми, жонкуяр раҳбарлар фаолияти, ҳамжиҳат халқ биродарлигию заҳматкаш инсонлар фидойилиги, ҳатто беғубор болаликдан тортиб муқаддас анъаналарда жо бўлган беғараз муносабатлар оҳанрабоси ҳали-ҳамон инсонлар ёдида сақланиб қолган.

“Машъал” ана шундай такрорланмас бир давр бўлган. Ана шу даврнинг руҳи эса “Машъал” газетаси эди. Газетанинг ўша йилларда чоп этилган барча эски сонлари ҳозирда туманимизнинг Ахборот-кутубхона марказида сақланмоқда. Баъзан кутубхонага бориб, газетанинг бир неча сонини қўлимга оламан. Саҳифаларни кўздан кечирар эканман, бутун бир тарих кўз олдимда гавдаланади. Турли жанрларда чоп этилган мақолалар мени ҳам ўйлашга, ҳам хулоса қилишга ундайди. Газета ҳақиқатан ҳам туманнинг руҳи бўлган, деган тўхтамга келаман.

Кейинчалик ушбу газета “Янгиариқ овози” номи билан чоп этила бошланди. Туман ҳокимлиги унинг муассиси ҳисобланарди. Йигирма йилга яқин вақт мобайнида шу газетада мухбир, фотомухбир, жамоатчи мухбир бўлиб фаолият юритдим, тажриба орттирдим. Шу ердаги фаолиятим туфайли элдошларим мени журналист сифатида қабул қилишади. Шу газетада ишлаб, ёзувчилик борасида ҳам анча сабоқ олганман. Балки шу сабабли газета таҳририяти мен учун муқаддас масканга айланиб қолгандир.

Бир пайтлар кичкина туманни катта халққа танитган “Машъал” (“Янгиариқ овози”) бугунги кунда кичик бир туманнинг катта муаммосига айлангани кўпчиликни хавотирга солмоқда. Масала шундаки, “Янгиариқ овози” газетаси 2026 йилнинг январь ойидан буён нашр этилишдан тўхтаган. Шу пайтгача у бирор марта чоп этилмай қолган эмасди. Газетага бўлган эътиборсизлик туманимизда яшаб ўтган машҳур инсонларнинг руҳига бўлган ҳурматсизликдек туюлади менга. Чунки ўтмишдаги шонли тарихни айнан шу газета орқали бизга етказган инсонлар ёди хотирамиздан ўчмаслиги керак. Тўғри, кичкина бир туманда газета чоп этилмаса ҳам кунимиз ўтаверар экан. Аммо тарих из қолдирмаса, ҳолимиз не кечади, деган савол мени қийнайди. Газета номининг ўчиб, йўқолиб кетишига томошабин бўлиб қараб туришни виждонимиз қабул қилар экан, узоқ йиллар боболаримиз курашиб яратган шонли тарихнинг давомчиларимиз, деб айтишга ҳаққимиз йўқ. Шу сабабли “Янгиариқ овози” газетасининг яна нашр этилиши шунчаки оддий масала эмас. Унинг ўтмишга бориб тақаладиган мустаҳкам илдизини чопиб ташлашга ҳеч биримизнинг ҳаққимиз йўқ. Мақоламни ўқиб, хулоса қилаётган ҳамюртларимиздан ўз фикр-мулоҳазаларини билдиришларини ва бу масалага ечим топишда ёрдам беришларини сўраб қоламан.

Масаланинг ачинарли томони шундаки, туман ҳокимлигининг нашри бўлмиш “Янгиариқ овози” газетаси 2025 йил давомида 721 нусхада чоп этилган бўлиб, бу вилоятимиздаги туман газеталари ичида ўртача кўрсаткичлардан бири эди. “Давлат муассасаси тўғрисида”ги Низом мазмунига кўра, Янгиариқ тумани ҳокимлиги “Янгиариқ овози” газетаси давлат корхонаси”нинг муассиси ҳисобланади. Шунингдек, муассаса ва муассиснинг ўзаро муносабатлари Низом, муассис ва муассаса ўртасида белгиланган тартибда тузилган шартнома ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатлари асосида йўлга қўйилади. Муассаса ана шу қонунларга амал қилган ҳолда, Низомнинг обуна ва у билан боғлиқ ишларни ташкил этиш ҳамда газетанинг мунтазам чиқишига кўмаклашиш тўғрисидаги бандларига мувофиқ, таҳририятда 2026 йилдаги ижодий ва ташкилий ишларнинг самарали олиб борилишини, обуна мавсумининг намунали ташкил этилиши ва ўтказилишини таъминлашда амалий ёрдамни айнан муассисдан олиши шарт эди.

Маълумот ўрнида: “Янгиариқ овози” газетасининг 2026 йил учун 1 йиллик обуна нархи унча қиммат эмас: 300 000 (уч юз минг) сўм қилиб белгиланган эди. Аммо негадир муассис ва муассаса ўртасида 2026 йилда газетанинг чоп этилиши бўйича ҳуқуқий ҳужжатлар тартибга солинмаган. Ўрганишларим натижасида менга маълум бўлган ушбу маълумотларни сиз азизларга тақдим этишдан мақсадим — фақатгина газетанинг изсиз йўқолиб кетишининг олдини олишдир. Газета даврийлигининг бузилишига бирорта жиддий сабаб кўрмадим. Шунингдек, жорий йилнинг ўтган даври мобайнида бу муаммо мендан бошқа ҳеч кимни қизиқтирмагани бироз ажабланарли ҳолат. Газетанинг собиқ муҳаррири ҳам негадир масалага ечим топишга уринмади ёки уринган-у, қўлидан ҳеч иш келмаган. Журналистика, албатта, аниқлик ва далилларни талаб қилади. Газетанинг чоп этилмаётгани ҳаммага очиқ-ошкор маълум бўлишига қарамай, бирор кимса бунинг учун жон куйдирмаяпти. Туман ҳокимлигининг нашри бўлган “Янгиариқ овози” газетасининг овози ўчиб қолса-ю, туман ҳокими бунга жимгина қараб турса, бундан қандай хулоса чиқаришга ҳам ҳайронсан. Афсуски, туман ҳокими газетага жон куйдирмайдиган раҳбар экан. Газетасига нописанд раҳбарни маънавият ва маърифат соҳасига ҳам жонкуяр деб бўлмаса керак. Қизиқ, туман аҳолиси, тумандаги юзлаб ташкилот ва корхоналар ўртасида тарғибот-ташвиқот қилган ҳолда зарур чора-тадбирлар кўрилса, наҳотки ўз нашрини сақлаб қолишнинг имконини туман мутасаддилари топа олишмаса?!

Рўзибой МАТКАРИМОВ,

журналист.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

two + 8 =