“Мадад”га муносиб майор

Кичик Жомашўй маҳалласида яшовчи ёши улуғ, лекин қаровчиси йўқ чолу кампир ҳузурига яқинлари ногиронлиги бўлган ўрта ёшлардаги эр-хотинни бошлаб келишди. Икки томон рози бўлса, ягона оила фарзандларидек биргаликда яшашларини маслаҳат беришди.

Ният холис экан, оилага файз кирди. Қора қозон ҳар куни қайнай бошлаганидан маҳалла-кўй ҳам хурсанд бўлди. “Болали уй — бозор…” деганларидек, кичкинтойларнинг шодлигидан чолу кампирнинг кўнгли тоғдек кўтариларди. Энди улар ўзларини бир умрлик армонлари аригандек ҳис этишарди.

Бироқ орадан 11 йил ўтгач, бандалик экан, чолу кампир бирин-кетин қазо қилди. Ўз фарзандларидек бўлиб қолган эр-хотин уларнинг маросимларини рисоладагидек ўтказди. Бутун маҳалла, марҳумларнинг қариндош-уруғлари уларни дуо қилишди. Қолаверса, энди уйнинг чироғини ёқиб турадиган эгалари ҳам бор эди.

Ойлар, йиллар ўтди. Маҳалла фуқаролар йиғини томонидан уйни уларга мерос қилиб расмийлаштириш бўйича тавсия берилди. Марҳумларнинг яқинлари ҳам бунга рози эди. Лекин бунинг ҳуқуқий асоси йўқлиги сабабли судга мурожаат этишди. Судга мурожаат қилиш учун эса давлат божи тўлаш керак, аммо маблағ йўқ. Эр-хотин бола-чақаси билан бир амаллаб кун кечираётган бўлса…

Оқсоқоллар ушбу муаммо бўйича аҳолига бепул юридик хизмат кўрсатиш билан шуғулланувчи “Мадад” ННТнинг туман бўлими мутахассиси, майор Олимжон Мингбоевга мурожаат қилишди. У олий маълумотли ҳуқуқшунос бўлиб, қарийб 20 йил давомида ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларида турли вазифаларда ишлагани ва етарли тажрибага эга бўлгани боис масала ижобий ҳал этиладиган бўлди.

Мингбулоқ тумани ҳокими Аҳрорбек Мансуров фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлашга бағишланган фаоллар йиғилишида ана шу каби мисолларнинг бир нечтаси ҳақида батафсил гапириб ўтди. Масалан, ёш ўғли юқори кучланишли подстанция ҳудудига ногаҳон кириб қолиб, ток уриши оқибатида соғлиғини йўқотганидан сўнг судда айбдорларга етарли жазо қўлланилмагани ҳамда Жомашўй шаҳарчасида кўп йиллардан буён қаровсиз туриб қолган йирик бир объектнинг эгалигини тиклаш борасидаги мурожаатларга ҳам ечим топа олгани таҳсинга лойиқ.

Айтганча, “Мадад” ННТ — аҳолига бепул ҳуқуқий ёрдам кўрсатишга ихтисослашган нодавлат нотижорат ташкилотидир. У Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ташаббуси билан ташкил этилган. Ташкилотнинг асосий мақсади фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш ва уларга бирламчи юридик ёрдам кўрсатишдан иборат.

Олимжон Мингбоев бу вазифага бежиз тайинланмаган экан. У жонкуяр, фидойи, камчиликларга муросасиз, муаммога дуч келган инсонларга бажонидил кўмаклашадиган ватанпарвар мутахассис сифатида эътироф этилмоқда. У фаолият бошлаган 2025 йилдан буён ҳар ойда ўртача 25-30 нафар мададталаб фуқаронинг мушкулини осон қилмоқда. Ҳозирга қадар “Мадад” ННТнинг ҳудудий бўлинмаси орқали қарийб 500 нафар фуқаро меҳнат, оила, мерос, уй-жой, ижтимоий таъминот ва бошқа ҳуқуқий масалалар бўйича амалий ёрдам ёки бепул маслаҳат олгани фикримиз тасдиғидир. Бу билан қанчадан-қанча инсонлар йиллаб азоблаб келаётган ғам-ташвишлардан халос бўлишди, оилаларга ризқ-барака кирди, фарзандлар барча имтиёз ва имкониятлардан эмин-эркин фойдалана бошлашди, демакдир.

— “Мадад” фаолият бошлагач, ишимиз аввалгига нисбатан қарийб 30 фоизга қисқарди, — дейди туман адлия бўлими бошлиғи Акмалжон Қодиров. — Олимжон бу савобли вазифани виждонан бажармоқда. Аҳолига бепул ҳуқуқий маслаҳатлар бериш, фуқароларнинг мурожаатларини ҳуқуқий жиҳатдан ўрганиш ва тегишлича йўналтириш, ҳуқуқий ахборот бериш ва тушунтириш ишларини олиб бориш, ҳуқуқий маданият ҳамда ҳуқуқий онгни юксалтиришга кўмаклашиш, юзма-юз маслаҳатлар ташкил этиш, Advice.uz ҳуқуқий портали фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва ривожлантириш борасидаги ишлари, айниқса, салмоқлидир.

Қисқача айтганда, майор Олимжон Мингбоев мустақиллик шарофати ҳамда мамлакатимиз раҳбарининг қўллаб-қувватлови билан оёққа тураётган республикамиздаги мазкур нодавлат нотижорат ташкилотида фаолият юритаётган 250 нафар ҳуқуқшуносдан биридир. У ўз фаолиятини янада такомиллаштириш, эл ташвишига шерик, одамлар дардига малҳам бўлишдек саъй-ҳаракатда ёниб-куйиб ишламоқда. Зеро, ҳуқуқий кўмак тизими мустаҳкам яратилган, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш рисоладагидек ташкил этилган жойда жамият тараққий топади, юрт обод, халқнинг дастурхони тўкин бўлади.

Қосимжон АКБАРОВ,

“Мингбулоқ” газетаси муҳаррири,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

seven − three =