“Ўзбекистон – менинг ҳам уйим, эъзозли ватаним”

Зера опа ўзини андижонлик дейди. Қисматнинг оғир тошлари уларни Қримдан юртимиз томонларга улоқтиргач, шу ернинг нон-тузини тотиб улғайди. Кейинчалик ўз Ватанига қайтишган бўлса-да, ҳамон болалиги ўтган маъсум дамларни, меҳр-оқибати элларга достон бўлган ўзбек халқини соғинади… Ҳавола этилаётган мазкур хотира лавҳалари, аслида, қардошимизнинг Ўзбекистонга аталган ана шундай самимий изҳорлари, соғинч муждаларидир.

Зера БЕКИРОВА,

Евроосиё Ёзувчилар уюшмаси ҳамда Украина Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Қримдаги “NenkeCan” аёллар журнали бош муҳаррири.

Арафа

— Қани, болалар, бугун арафа, ҳали қовурма сомса қилишимиз керак. Тезроқ хамир қориб, сомсаларимизни эртароқ пишириб олайлик, — деди онам катта тоғорада хамир қоришга киришаркан.

Ҳа, бугун ўзиям юзтача шундай сомса (чебурек) пиширилади. Уларни еттита қўшнимизникига олиб чиқишимиз керак. Ҳисоб-китоб қилсак, ўзимиз саккиз жонмиз. Ҳар биримиз икки-учтадан есак ҳам, анча қолади. Қўшнимиз Мамасодиқ акаларнинг оиласи олти жон, Бўривой акаларники ўн жон, Тешавой акаларники тўққиз жон, Ўғилхон аяларники беш, Хадича холаларники етти… Месхети туркларидан бўлган қўшнимиз Помпул опаларнинг оиласи эса ўн икки жон, Нўъмонжон акаларники эса ўн бир жон эди. Онам хамир муштларкан:

— Ҳеч бўлмаганда, ҳар бирининг улушига биттадан қовурма сомса тегсин-да! — дерди.

Ҳовлидаги ўчоқ устига осилган қозонда пишган сомсаларимиз катта лаганга териб бориларди. Кейин энг чиройли палла бошланарди: кетма-кет қўшниларимиз бизникига палов олиб келишарди. Етти қўшнидан етти хил палов! Қай бирини айтай: қўй гўштли, товуқ гўштли, мол гўштли, нўхатли, анорли, саримсоқ солиб дамланган палов…

Биз эса косаларни бўшатиб, ҳар бир оиладаги одамлар сонига қараб сомса солардик. Болалар қувонч билан уйларига қайтишарди.

Шундай пайтда маҳаллада ўзгача бир шодлик, умумий бир жўшқинлик ҳукм сурарди. Бу улуғ байрамнинг энг катта неъмати ҳам, энг буюк аҳамияти ҳам шунда эди: у бир динга мансуб турли миллат вакилларини бирлаштирар, қўшниларни бир-бирига ҳақиқий оиладек яқинлаштирар, қалбларга меҳр-оқибат ва аҳиллик туйғусини олиб кирарди.

“Қисир ош”

— Қўшни, ҳой, қўшни! — деган овоз эшитилди. Бу қўшнимиз Ҳулкархон аянинг овози эди. — Ош олиб келдим. Айбга буюрмайсиз, бугун ошимиз “қисир” бўлди-да, — деди у хижолат бўлиб, таомни онамнинг қўлига тутқазаркан.

Пахта гулли косадаги паловнинг усти майда тўғралган оқ пиёз, қуритилган помидор бўлаклари ва қайнатилиб тозаланган тухум билан безатилган бўларди. Буёғини сўрасангиз, “қисир ош” дегани — гўштсиз палов. Аслида, бу сўз кўпроқ бўғоз бўлмайдиган қўй ёки сигирларга нисбатан ишлатилади. Нега айнан бу атама гўштсиз ошга нисбатан қўлланилишини ҳалигача тушунмайман. Аммо бор ҳақиқат шундаки, у палов тушмагурни жуда иштаҳа билан ердик. У ҳатто энг сергўшт таомлардан ҳам мазалироқ туюларди.

Ҳулкархон ая ҳафтада икки марта — якшанба ва пайшанба кунлари албатта уйида палов пиширар, шу кунлари бизникига ҳам ош чиқарарди.

“Қўшни ҳақи” — ўзбеклар учун муқаддас тушунча. Ҳовлида етиштирилган мева-сабзавотда ҳам, қозонда пишган ошда ҳам, тандирда ёпилган нонда ҳам, сомса-ю кулчаларда ҳам қўшнининг ҳақи бор деб билишади.

Бу серҳиммат миллат асрлар давомида, ҳатто энг оғир кунларда ҳам ҳеч қаерда ёзилмаган мана шу қоидага содиқ қолиб келган. Бу қоида эса инсонийликнинг энг олий ифодаси эди.

Бир коса шўрва

“Қўшни ҳақи” ҳақида сўз кетганда, онамнинг мана бу болалик хотираларидан бири ҳам доим ёдимга тушади.

1944 йил июнь ойининг ўрталари. Қуёш гўё осмондан ерга олов сочар, жазирамадан жон сақлаш даргумон эди. Айниқса, биздек сургунга мубтало бўлган бахтиқаролар учун бу кунлар нақ жаҳаннамнинг ўзгинаси эди. Йигирма икки кунлик узоқ ва машаққатли йўлдан кейин ота-онам, икки бувим, икки акам ва укаларим бизга ажратилган мўъжаз юкхонада, шундоқ ерга тўшалган бўйра устида мадорсиз узала тушиб ётардик. Фақат мен бироз дуруст, оёқда эдим.

Шу пайт қаердандир бир овоз эшитилди:

— Иссиққина шўрва. Ҳеч бўлмаса, бир қошиқдан бўлса ҳам ичинглар, — деди эшик олдида бошдан-оёқ ўраниб олган, юзига тўрпарда тутган бир аёл ориқ қўли билан идишни узатаркан. Аёлнинг гаплари тилимизга ўхшаб кетса-да, сўзларининг ярмини аранг тушундим. Косадаги шўрвани қандай қилиб тўққиз киши ўртасида тақсимласам экан, деб ўйладим-да, кейин ҳаммага бир қошиқдан ичирдим. Ўша куни кун давомидаги таомимиз шу бўлди.

Онам менга:

— Албатта у аёлга раҳмат деб қўй, — деб тайинлади.

Бўш идишни қайтариш одобдан эмас, унга бирор нарса солиб бериш керак эди. Аммо бизда қўядиган ҳеч вақо йўқ эди. Косани яхшилаб ювдим. Эртаси куни ўша аёл яна шўрва олиб келди ва кечаги косани индамайгина олиб кетди. Мен унинг ортидан югуриб:

— Раҳмат! — дедим. Бироқ у орқасига бурилиб ҳам қарамади, аксинча, қадамларини тезлатди.

Кейин билсам, уларга биз ҳақимизда: “Булар шохли-қуйруқли ғалати махлуқлар, ўз Ватанига хиёнат қилган хоинлар. Уларга яқинлашманглар!” деб қўрқитишган экан.

Аммо уруш ҳали тугамаган, фронт ортидаги одамларнинг рўзғори нураб қолган, бошқани қўя турайлик, ўз норасидаларига ҳам базўр нон топиб едираётган замон эди. Шундай пайтда ҳам ўзбек аёллари шундоқ ҳам қўл учида тебратаётган рўзғоридан, фарзандларининг ризқидан қийиб, бизга овқат келтиришарди.

Орадан бир-икки ҳафта ўтиб, ота-онам, жигарларим бироз ўзига келишди. Аммо энди тиф касаллиги мени йиқитганди. Иситмам баланд, алаҳсирайман, терга пишиб ётаман. Шундай пайтлари ҳам бир коса шўрва жонимга дармон бўларди. Онам мендан шўрва ташиб келган аёлнинг исмини, қаерда яшашини сўрайди.

Қани билсам… Бироқ бир нарсани аниқ билардим: ўша ўзбек аёли келтирган бир коса шўрва оиламизни очликдан ҳалок бўлишдан қутқарган мадад, одамийликнинг энг гўзал тимсоли эди.

Эшик

Пахтачилик совхозининг энг илғор ишчиларидан бири бўлган отамга янги қурилган коттежнинг ярми берилди. Бу икки хонадонга мўлжалланган уй эди. Қўшнимиз — совхознинг илғор мироби Мамасодиқ аканинг оиласи эди.

Отам билан қўшнимиз биргаликда уй атрофини ягона девор билан ўраб чиқишди. Бир томнинг остида икки оила баҳамжиҳат яшай бошладик. Икки ҳовлини ажратиб турган деворга кирди-чиқди учун эшик ўрнатишди.

Қизиғи, у на бизнинг томондан, на уларнинг томонидан қулфланарди. Фақат тутқичи бор эди, холос. Қолаверса, нафақат шу эшик, балки уйларимизнинг асосий эшиклари ҳам сира қулфланмасди. Калит қаерда туришини на улар биздан яширар, на биз улардан. Ўртадаги шу эшик ёнига эса кўп ўтмай икки оила шерикликда сотиб олган тандир ўрнатилди. Энди нафақат эшигимиз, балки ризқимиз, меҳримиз ҳам бир бўлди.

“Сен”дан “сиз”га

Мен туман марказидаги рус мактабида ўқирдим. Маҳалламиздаги болалар эса қишлоқ мактабида ўзбек тилида таҳсил олишарди.

Болалигимиздан ҳаммамиз тенгқур бўлганимиз учунми, пахта даласида бўламизми ёки қўй боққани чиқамизми, бир-биримизга доимо “сен” деб гапирардик.

Мактабни битириб, институтга ўқишга кирдим. Бир шанба куни уйга қайтар эканман, йўлда болалик дўстим Толибни учратиб қолдим.

— Ассалому алайкум, Толиб! Қалайсан, яхшимисан? Уйдагилар тинчми? — дедим одатдагидек унга.

— Ва алайкум ассалом, Зерахон, раҳмат. Ўзингиз яхшимисиз? Ўқишлар билан чарчамай юрибсизми? — деди ҳамқишлоқ дўстим.

— Нима бўлди, жинни-пинни бўлиб қолдингми, ўртоқ? Мен энди сенга бегона бўлиб қолдимми? Нега “сиз”лаб гапиряпсан? — дедим ранжиганимни яширмай, қўлини сиқиб саломлашарканман.

У кулимсираб, хижолат чеккандек жавоб берди:

— Йўғ-э! Энди сиз институтда ўқияпсиз-ку. Эртага ўқитувчи бўласиз, кейин катта олим ҳам бўларсиз, насиб қилса. Энди сизга “сен” деб гапириш ноқулай, ярашмайди-да, Зерахон.

Унинг шу биргина жавоби орқали ўзбек халқи илм аҳлига, ўқимишли инсонларга нақадар юксак ҳурмат ва эҳтиром кўрсатишини англадим.

Кутубхона — тажриба мактаби

Мактабни аъло баҳолар билан тугатган бўлсам-да, биринчи йили институтга кира олмадим. Ярим балл етмади. Уйда эзилиб ўтирардим, ҳатто кўчага чиқишга ҳам уялардим.

Бир куни эшик тақиллади. Қишлоқ кутубхонасининг мудираси Ҳалима опа келибди. У хонага кириши билан шошиб гап бошлади:

— Йиқилганингизни эшитиб, жуда хурсанд бўлдим. Қўяверинг!

— Оғзингиздан шамол учирсин! Нега хурсанд бўласиз? — дедим аччиқланиб.

— Вой, ўргилай, мен декрет таътилига чиқяпман. Ўрнимга одам топишим керак. Бу иш сизга жуда мос. Кутубхонадаги китобларнинг деярли ҳаммасини биласиз. Қолаверса, рус тилидагиларнинг ҳаммасини ўқиб чиққансиз. Ҳеч қийналмай ишлайверасиз. Бир йилдан кейин мен декретдан қайтаман, сиз эса институтга кирасиз. Гап тамом, вассалом! — деди Ҳалима опа қатъий қарор билан.

Эртаси куни туман халқ таълими бўлимига бирга бордик. Шундай қилиб, камина кутубхоначи бўлиб иш бошлаб юбордим.

Ўзбек тилида эркин гаплаша олсам-да, адабий тилда ёзилган асарларни ўқишда анча қийналардим. Бунинг устига, рус мактабида ўқиганим учун ўзбек адабиётини деярли билмасдим.

Бир куни эшик очилиб, остонада кекса бир отахон кўринди. Унгача мен бутун умр кутубхоначи бўлгандай, ўзимни жуда билимдон, ўқимишли инсон деб ҳис қилар, ғурур билан юрардим. Меҳмонга юзланарканман, дарҳол ўрнимдан туриб салом бердим.

— Қизим, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи билан Абдулла Қаҳҳорнинг “Синчалак” асари борми? Фитрат ёки Чўлпоннинг ҳам бирор китоби бўлса нур устига нур бўларди, — деб сўради.

— Ҳозир топиб бераман, — дедим одатимча ўзимга ишонч билан, касбий билимимни кўрсатишга уриниб.

Сўнг у:

— Ўзингиз ҳам бу китобларни ўқиган бўлсангиз керак-а? — деб қолди.

Мен эса ҳеч иккиланмай:

— Мен рус мактабида ўқиганман. Сиз айтган Қодирий, Фитрат, Чўлпонни билмайман, — деб шартта жавоб бердим.

Бундан ҳам аҳмоқона жавоб бўлиши мумкинми, айтинг? Кекса киши ҳайрат билан менга қараб турди-да:

— Ие, тавба! Ўзбек адабиётининг энг буюк намояндаларини билмасангиз, асарларини ўқимаган бўлсангиз, бу ерда нима қилиб ўтирибсиз? — деди.

Унинг дашноми бошимдаги хаёлий тожни ер билан яксон қилди. Қани, ер ёрилса-ю, кириб кетсам, деб ўйладим.

Шундан кейин ҳар куни ишдан қайтаётганда ёнимга ўзбек тилидаги бадиий асарни олиб кетишни одат қилдим. Тушунмаган, билмаган сўзларимни қалин дафтарга ёзиб олар, кейин луғатлардан уларнинг маъносини қидирардим. Кутубхонада ишлаган бир йил давомида мен Алишер Навоий, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Абдулла Қодирий, Абдулла Қаҳҳор, Саид Аҳмад, Зулфия, Эркин Воҳидов, Ҳалима Худойбердиева, Абдулла Орипов каби адибларнинг асарларини ўқиб чиқдим.

Бундан ташқари, Александр Дюма, Стендаль, Теодор Драйзер, Оноре де Бальзак, Эмиль Золя, Ги де Мопассан каби жаҳон адиблари асарларининг русча таржималари кутубхонада тақчил бўлгани учун уларнинг ўзбекча таржималарини мутолаа қилдим. Бу эса кейинчалик институтда ўқишим давомида менга жуда асқатди.

Бир йил ичида ўзбек тили бўйича билимим тобора мукаммаллашиб борган сари қадимий ўзбек тилининг бениҳоя бойлигига, теранлигига ва нафосатига мафтун бўлиб бордим. Бу ҳайратим ҳанузгача сўнгани йўқ.

Қуръон ўқийдиган Барот ака

Ҳар жума куни онам тонгданоқ ҳозирлик кўриб, алоҳида бир тансиқ таом пиширарди. Тушдан кейин маҳалламизда яшайдиган Барот ака деган бир кекса одам келиб, уйимизда Қуръони каримдан тиловат қиларди.

Барот аканинг лаҳжаси бошқа ўзбек қўшниларимизнинг нутқидан бироз фарқ қиларди. Кейинчалик билсак, у уйғур экан. У ҳам худди бизнинг оиламиз каби ўз Ватанидан жудо бўлган мусофирлардан эди. Бу ҳақда ўзи баъзида кўз ёш билан ҳикоя қилиб берарди.

Сургун қилинган ҳар бир қрим-татар оиласи кийим-кечак, пул, тилла ёки озиқ-овқат олиб чиқишга улгурмаган бўлса-да (бунга уларга вақт ҳам берилмаган эди), деворга осилган Қуръонни ўзлари билан олишга муваффақ бўлганди.

Онамнинг онасидан мерос бўлиб қолган шундай муқаддас китоби бор эди. Лекин уни ўқий оладиган ҳеч ким йўқ эди. Онам баъзан уни қўлига олар, уч марта пешонасига теккизиб ўпар, сўнг бизга ҳам буни ўргатарди.

Барот ака келганида онам китобни девордан олар, уни яна шундай уч марта пешонасига теккизиб ўпгач, эъзозлаб Барот акага узатарди. Барот ака ҳам худди шу эҳтиромни такрорларди.

— Аъузу биллаҳи минаш-шайтонир рожим. Бисмиллаҳир роҳманир роҳим. Йа син. Вал-Қуръанил ҳаким…

Муҳташам овозда муқаддас китобимизнинг юраги ҳисобланган “Ёсин” сураси янграрди. Барот аканинг ширин овози, чиройли қироати бизга худди куйдек таъсир қиларди. Овоз чиқармасдан, жимгина тинглардик.

Онам эса секингина кўз ёшларини артиб қўярди. Бу овоз миллатимизга нажот бахш этган, унга руҳ ва умид бағишлаган, қалбларни Ватан соғинчи билан боғлаб турган Қуръони каримнинг сеҳри эди.

“Бу сизнинг уйингиз”

Қримга қайтганимдан сўнг, орадан ўттиз беш йил ўтиб, хизмат сафари билан Ўзбекистонга бордим. Табиийки, фурсат топиб, туғилиб-ўсган, болалигим ва ёшлигим ўтган Савай қишлоғига ҳам йўл олдим.

Биз совхознинг саккизинчи бўлимида яшардик. Уйимиз қишлоқнинг энг чеккасида эди. Маҳалламизга буриларканман, тиниқ ариқлари, ўриклари шиғил пишган боғлари кўзимга оловдек кўринди. Уйимизнинг қаршисига бориб қараб туравердим, туравердим. Дилим ҳаяжонга, кўзим ёшга тўлиб борарди. Шу пайт дарвозадан бир келинчак чиқиб, кўчага сув сепиб, супура бошлади. “Ҳалиям қадриятларига содиқ-а!” деган ёруғ ўй кечди бирдан. Пахта далаларига узоқ тикилиб турдим. Кейин яна ортимга қайтиб, уй олдида бироз тўхтадим.

Келин ҳам ишини тўхтатиб, менга юзланди:

— Меҳмонмисиз, холажон? Кимникига келдингиз? — деб сўради.

Уйимизга ишора қилдим. Шунда жувоннинг порлаб турган нигоҳларига ҳайрат инди ва:

— Вой, бизникига келдингизми? — деди хурсанд бўлиб.

— Шу уйда туғилганман, — дея олдим базўр.

Келинчак ҳолатимни пайқаб:

— Ҳозир, — деди-да, шошиб уйига кириб кетди. Бир зум ўтмай уйнинг каттасини — қайнотасини бошлаб чиқди. Отахон билан салом-алик қилганимиздан сўнг:

— Хуш келибсиз, синглим. Қани, уйга марҳамат, — деди хушмуомалалик билан.

— Раҳмат. Мен зиёратга келгандим. Кўрдим, етади, — дедим.

— Кимнинг қизи бўласиз? — сўради мезбон.

— Отамнинг исми Баҳовуддин, онам Нажия эди, — дедим.

Мезбоннинг юзи бирдан ёришиб кетди. Худди қариндоши остонада туриб қолгандек:

— Ия, сиз Нажия опанинг қизимисиз? Қани, ичкарига киринг. Онаси, қаранглар! — деб қўярда-қўймай ичкарига олиб кириб кетишди.

Дарвозадан ҳатларканман, қани, ҳовлига қадам боса олсам… Уйнинг ҳолати, албатта, ўзгарган, лекин менга ҳамма нарса болалигимни эслатарди. Худди биз олти опа-сингил ҳовлида қувлашмачоқ ўйнаб юргандек, онам тандир бошида нон ёпаётгандек… Бўғзимга соғинчми, аламми, армонми — нимадир тиқилди… Ўша куни қўшнилар ҳам “меҳмон келди” деб йўқлаб чиқишди. Ўтган-кетганларни, маҳаллада яшаган қримлик дўстларни алқаб эслашди.

— Нажия холам ёпган нонларнинг иси маҳалланинг бошига борарди-я, мазаси ҳали оғзимизда, — дейишди аёллар.

Уларни жилмайиб эшитаман, соғиниб тинглайман. Водийча шевани, қадрли гўша одамларини кўриш, суҳбатлашиш қанчалик ёқимли! Мен ҳам хотираларимни бўлишаман.

Мезбонлар ҳар гапининг бирида: “Сиз бегона эмассиз, ахир бу сизнинг уйингиз!” дейишади. Ич-ичимдан миннатдор бўламан. Мижжаларим ёшланади. Ота-онам бу уйни сотиб кетишган эди. Янги уй соҳиблари ўттиз беш йилдан ортиқ вақт давомида унинг қонуний эгалари бўлиб яшаган бўлсалар-да, менга: “Бу сизнинг уйингиз”, деб айтиши нақадар юксак жавонмардлик эканини таърифлашга сўз ожиз.

…1944 йилда Қримдаги уйларидан ҳеч нарсасиз қувиб чиқарилган халқимизнинг уйларига бепул жойлаштирилган, йиллар давомида уларнинг мол-мулкидан фойдаланиб яшаган одамлар вақт ўтиб, Ватанига қайтган ҳақиқий эгаларини қандай қарши олдилар? Ростини айтсам, “Бу сизнинг уйингиз”, деган бирор инсон топилмади. Бор-йўғи бир неча киши уларни ҳовлисига киритишга рухсат берди, холос. Лекин улар ҳам “Бу аслида сизнинг уйингиз”, демадилар. Қолганлари эса итларини қўйиб юборишди, милиция чақиришди, калтаклатишди, ҳатто қаматишди…

Мана шунинг учун ҳам 1944 йилда беш мамлакатга сочиб юборилган халқимизнинг энг катта қисмини бағрига босган, инсонийликка ўрнак бўлган Ўзбекистон биз учун иккинчи Ватан, иккинчи уйга айланди…

Қрим-татар тилидан

Наргиза АСАДОВА

ўзбекчалаштирди.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

3 × 2 =