Аср саволи: она тилимизни асрай оляпмизми?

Тарих фанидан дарс бериш жараёнида ўқувчиларим нутқида бир ҳолатни кўп кузатаман: улар фикрини ўзбек тилида баён қила туриб, жумла орасига бошқа тиллардаги сўзларни қўшиб гапиришади. Аслида, улар бу сўзларнинг ўзбекча муқобилини билмайди ёки билса ҳам ишлатмайди. Назаримда, бошқа тилдаги сўз уларга замонавийроқ ва қулайроқ туюлади.

Бир куни улардан сўраб кўрдим:

— Ўзбекча муқобили бор бўлса, нега бошқа тилдаги сўзни ишлатасиз?

Кимдир бу одат бўлиб қолганини, кимдир шундай гапириш қулайроқ эканини айтди. Шунда яна бир савол бердим:

— Тасаввур қилинг, кундалик нутқингиздаги ҳар юзта сўзнинг йигирма бештасини, ўзбекча муқобили бўла туриб, бошқа тилдан оласиз. Бу миқдор борган сари кўпайиб борса, ўз сўзларимиз, она тилимизга хос оҳанг ва ифодалар қаерда қолади?

Синф бир муддат сукутга чўмди. Балки, улар шу пайтгача бу ҳақда ўйлаб кўрмагандир. Аслида, биз ҳам ҳар куни юзлаб сўзларни ишлатамиз-у, нима учун айнан ўша сўзни танлаганимизга кўп ҳам эътибор беравермаймиз.

Мақсадим ўқувчиларни чет тилларни ўрганишдан қайтариш эмас эди. Чет тилини билиш — билим ва имкониятлар эшиги. Муаммо бошқа тилни билишда эмас, ўз тилимиздаги сўзни билмай ёки менсимай қўйишимиздадир.

Бундан бир асрдан кўпроқ вақт илгари маърифатпарвар бобомиз Абдулла Авлоний ҳам шу масаладан ташвишланган. У “Туркий гулистон ёхуд ахлоқ” асарининг “Ҳифзи лисон” (“Тилни сақлаш”) деб номланган мақоласида шундай ёзган: “Ҳар бир миллатнинг дунёда борлиғин кўрсатадурган ойинаи ҳаёти тил ва адабиётидур. Миллий тилни йўқотмак миллатнинг руҳини йўқотмакдур”.

Авлоний тил ва адабиётни миллат ҳаётининг кўзгуси деб атайди. Дарҳақиқат, халқнинг тарихи, қувончи, армони ва дунёқараши унинг тилида яшайди. Бирор сўз унутилса, баъзан у билан боғлиқ тушунча, оҳанг ёки хотира ҳам биздан узоқлашади. Шу маънода тил авлодларни бир-бирига боғлаб турадиган кўприкдир.

Албатта, Абдулла Авлоний ҳам бошқа тилларни ўрганишга қарши бўлмаган. Аксинча, ўша даврда рус тилини билиш “ҳаёт ва саодатимиз учун ош ва нон каби кераклик” эканини тан олган. Фақат уни “ўз еринда ишлатмак ва сўзламак” лозимлигини уқтирган эди. Демак, масала чет тилида эмас, ҳар бир сўзни ўринли қўллашда.

Абдулла Авлоний аралаш нутқни халқона ташбеҳ билан изоҳлайди: “Зиғир ёғи солуб мошкичири каби қилуб, аралаш-қуралаш қилмак тилнинг руҳини бузадур”. Дарҳақиқат, мошкичирининг ўз масаллиғи ва меъёри бор. Бирор нарса ортиқча қўшилса, таомнинг асл таъми ўзгаради. Тил ҳам шундай: зарур сўз уни бойитади, ўринсиз аралашув эса табиий оҳангини бузади.

Албатта, бошқа тиллардан сўз олмаган тилнинг ўзи йўқ. Ўзбек тилида ҳам араб, форс, рус ва бошқа тиллардан кириб, аллақачон ўз сўзимизга айланган бирликлар кўп. “Мактаб”, “китоб”, “муаллим”, “давлат”, “тарих” каби сўзларни бугун бегона деб бўлмайди. Шунинг учун тилни асраш — барча ўзлашма сўзларни чиқариб ташлаш дегани эмас. Гап ўзбекча муқобили бор сўз ўрнига бегона ифодани шунчаки урф ёки замонавийлик учун қўллаш ҳақида бормоқда.

Сўз фақат луғатда тургани билангина яшамайди. У одамлар нутқида қўллангандагина умрини давом эттиради. Ўз сўзларимизни ишлатмай қўйсак, улар аста-секин фаол нутқимиздан чиқиб кетаверади.

Бу ҳолатда фақат ёшларни айблаш ҳам тўғри эмас. Бола оилада, мактабда, кўчада ва интернетда қайси сўзни кўп эшитса, кўпинча ўшани ишлатади. Мен ёш она сифатида айрим ота-оналарнинг фарзандига чет тилини эрта ўргатиш ниятида ўзбекча гап орасига бошқа тилдаги сўзларни қўшиб сўзлашига гувоҳ бўламан. Уларнинг нияти яхши, аммо хорижий сўзларни дуч келганча аралаштириш ҳали тизимли тил ўргатиш дегани эмас. Болага бир неча тилни эрта ёшдан ўргатиш мумкин, лекин ҳар бир тил учун етарли ва мазмунли нутқий муҳит зарур. Фарзандимиз бир неча тилни билсин, аммо она тилида сўз излаб қолмасин. Ундан равон ўзбекча нутқни талаб қилишдан олдин “биз унга шундай муҳит ярата олдикми?” деб ўзимиздан сўрашимиз керак.

Шубҳасиз, она тилини асраш учун катта минбарлар ва баландпарвоз гапларнинг ўзи етмайди. Бунинг учун кундалик ҳаётда ўзбекча сўзни ўрнида ишлатиш, китоб ўқиш, болаларга равон нутқ билан намуна бўлиш керак. Ёшлар замонавий илм-фан ва технология ҳақида ҳам ўзбек тилида сифатли маълумот топа олиши зарур. Чунки она тили фақат ўтмишни ҳикоя қиладиган эмас, келажакни ҳам ифодалай оладиган тил бўлиши лозим.

Ўйлаб кўрсам, дарс пайтида ўқувчиларимга берган саволим бугун ҳар биримизга тегишлидек, ўзбекча муқобили турган сўзларни ишлатмай қўйсак, она тилимизнинг ўзига хослиги қаерда қолади?

Балки, она тилини асраш оддий танловдан бошланар: ўз сўзимиз борида уни ишлатишдан, билмаганимизни излаб топишдан, фарзандларимизга ўзбек тилида чиройли сўзлашни ўргатишдан…

Насиба НАРЗУЛЛАЕВА,

Ўзбекистон Миллий университети “Ўзбекистон тарихи” ихтисослиги таянч докторанти.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × 1 =