Инновация ва ташаббус – янги имкониятлар омили

Бугунги кунда мамлакатимизда экологик барқарорликни таъминлаш, “яшил” иқтисодиёт тамойилларини кенг жорий этиш, қайта тикланувчи энергия манбаларидан самарали фойдаланиш ва атроф-муҳитга салбий таъсирни камайтиришга қаратилган инновацион ечимларни ишлаб чиқишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу жараёнда илм-фан ва инновацияларга интилувчан, янги ғояларни ҳаётга татбиқ этишга қодир ёшларнинг ташаббуслари муҳим аҳамият касб этмоқда.

Тошкент шаҳрида ўтказилган “Яшил ташаббуслар” форуми доирасида ташкил этилган “Яшил инновациялар” танловида Фарғона давлат техника университети вакилларининг иштироки самарали кечди. Университетнинг талаба, магистрант ва ёш мутахассислари томонидан тақдим этилган учта истиқболли лойиҳа жами 180 миллион сўмлик грант билан қўллаб-қувватланди.

Тошкент шаҳрида ўтказилган “Яшил ташаббуслар” форуми доирасида ташкил этилган “Яшил инновациялар” танлови ҳам ёшларнинг илмий-техник салоҳияти, ижодий тафаккури ва экологик ташаббусларини намоён этиш учун муҳим майдон бўлди. Танловнинг дастлабки босқичида 443 та экостартап лойиҳаси кўриб чиқилиб, улардан 87 таси энг истиқболли лойиҳа сифатида финалга саралаб олинди. Финал босқичида иштирокчилар экология, энергия самарадорлиги, қайта тикланувчи энергия, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган инновацион ишланмаларини тақдим этдилар.

Якуний натижаларга кўра, Фарғона вилояти ёшлари жами 200 миллион сўмлик грантни қўлга киритиб, ҳудудлар кесимида энг юқори натижани қайд этдилар. Айниқса, Фарғона давлат техника университети вакилларининг иштироки самарали кечди. Университетнинг талаба, магистрант ва ёш мутахассислари томонидан тақдим этилган учта истиқболли лойиҳа жами 180 миллион сўмлик грант билан қўллаб-қувватланди.

“Қуёшдан 3-in-1 энергия манбаи” — қуёш энергиясидан комплекс фойдаланиш имконияти

Фарғона давлат техника университетининг “FarPI Power Project” муҳандиси Юнусалиев Санжарбек Юсуф ўғли “Қуёшдан 3-in-1 энергия манбаи” лойиҳаси билан танловда 100 миллион сўмлик грантни қўлга киритди. Мазкур лойиҳа қуёш энергиясидан комплекс ва самарали фойдаланишга асосланган бўлиб, битта тизим орқали бир вақтнинг ўзида электр энергияси, иссиқ сув ва иссиқ ҳаво билан таъминлаш имконини яратади. Қурилмада қуёш панеллари, вакуум коллектор ва ҳаво иситиш модули ягона тизимга бирлаштирилади. Унинг муҳим жиҳатларидан бири — тизим қуввати ва таркибий қисмларини истеъмолчининг эҳтиёжи, фойдаланиш шароити ҳамда талаб этиладиган энергия миқдорига мослаштириш имконияти борлигидир. Шу сабабли қурилма кичик хонадонлар учун ихчам шаклда, катта турар-жойлар, қишлоқ хўжалиги объектлари ва иссиқхоналар учун эса юқори қувватли вариантларда ишлаб чиқилиши мумкин. Ақлли бошқарув имкониятлари эса энергия ресурсларидан янада оқилона ва тежамкор фойдаланишга хизмат қилади.

“Бир қурилма — уч хил энергия ечими” тамойилига асосланган мазкур лойиҳа, айниқса, электр ва иситиш таъминоти чекланган ҳудудларда энергия мустақиллигини ошириш, анъанавий энергия ресурсларига бўлган эҳтиёжни камайтириш ҳамда қайта тикланувчи энергия технологияларини кенг жорий этиш нуқтаи назаридан истиқболли ҳисобланади.

“SeedBombs” — кўкаламзорлаштиришнинг янги усули

Механика-машинасозлик факультети М9-25 ТВМ гуруҳи магистранти Низомиддинова Мафтунахон Шоиржон қизи “SeedBombs” экологик лойиҳаси билан 60 миллион сўмлик грант соҳиби бўлди. “SeedBombs” — уруғларни ташқи муҳитнинг салбий таъсиридан ҳимоялаш, уларни зарур намлик ва озуқа моддалари билан таъминлаш орқали униб чиқиши учун қулай шароит яратишга хизмат қилувчи инновацион экологик уруғ капсуласидир. Лойиҳанинг асосий мақсади экологик хавфсиз уруғ капсулалари ёрдамида кўкаламзорлаштириш жараёнини тезлаштириш ва соддалаштириш, дарахт ҳамда ўсимликларни кўпайтириш, яшил ҳудудларни кенгайтириш ва экологик муҳитни яхшилашдан иборат. Капсулалар уруғларни ноқулай ташқи муҳит таъсиридан ҳимоялаш билан бирга, намликни сақлаш ва униб чиқиш учун зарур микромуҳитни яратишга хизмат қилади. Органик ҳамда минерал озуқа компонентларидан фойдаланиш эса ниҳолларнинг дастлабки ривожланишини қўллаб-қувватлаш имконини беради.

Лойиҳанинг яна бир муҳим жиҳати — катта майдонларни нисбатан содда усулда кўкаламзорлаштириш имконини яратишидадир. Келгусида маҳсулотни янада такомиллаштириш, уни турли ҳудудлар ва ўсимлик турларига мослаштириш ҳамда оммавий ишлаб чиқаришга йўналтириш режалаштирилган.

“EcoAir Uzbekistan” — тоза ҳаво ва барқарор келажак сари

Университет талабаси Эргашева Дилнора Абдунабижон қизи “EcoAir Uzbekistan — тоза ҳаво ва барқарор келажак сари” лойиҳаси билан 20 миллион сўмлик грантни қўлга киритди. “EcoAir Uzbekistan” — атмосфера ҳавосидаги карбонат ангидрид миқдорини камайтиришга кўмаклашиш мақсадида “Chlorella vulgaris” микросувўтларидан фойдаланишга асосланган экологик инновацион лойиҳа. Лойиҳа доирасида махсус фотобиореакторда микросувўтларни ёруғлик ва аэрация ёрдамида етиштириш, фотосинтез жараёнида уларнинг карбонат ангидридни ўзлаштириши ва кислород ажратиш имкониятидан самарали фойдаланиш кўзда тутилган. Лойиҳанинг асосий мақсади — ҳаво таркибидаги карбонат ангидрид миқдорини камайтиришга ҳисса қўшувчи экологик ва барқарор биотехнологик тизим яратишдир. Бунинг учун хлорелла асосидаги биореакторни ишлаб чиқиш, карбонат ангидрид ўзлаштирилиши ва биомасса ҳосил бўлиш жараёнларини ўрганиш, тизим самарадорлигини эса махсус сенсорлар ёрдамида кузатиб бориш режалаштирилган.

Келгусида ушбу технологияни турли ҳажм ва шароитларга мослаштириш, такомиллаштириш ҳамда амалиётга кенг жорий этиш кўзда тутилмоқда. “Тоза ҳаво. Барқарор келажак. Яшил инновация” шиори лойиҳанинг мазмуни ва унинг экологик аҳамиятини ўзида мужассам этади.

Мазкур уч лойиҳа турли йўналишларга мансуб бўлса-да, уларни ягона мақсад — экологик муаммоларга замонавий илмий-техник ечим таклиф этиш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш ва барқарор келажак учун инновацион технологияларни ривожлантириш ғояси бирлаштириб туради.

Фарғона давлат техника университети ёшларининг ушбу натижаси уларнинг замонавий билим ва технологияларни амалиёт билан уйғунлаштира олаётганини кўрсатади. Энергия самарадорлиги, қайта тикланувчи энергия, экологик тозалик ва кўкаламзорлаштириш каби муҳим йўналишларни қамраб олган мазкур лойиҳалар ёшларнинг нафақат янги ғоялар яратаётгани, балки уларни амалий ечимларга айлантиришга интилаётганидан далолат беради. Бугун қўлга киритилаётган ҳар бир грант ва эътироф ёшларнинг янги изланишларга бўлган ишончини мустаҳкамлайдиган муҳим қадамдир. ФДТУ ёшларининг ушбу ютуғи ҳам илм-фан, инновация ва амалий фаолиятни уйғунлаштирган ҳолда янги лойиҳаларни рўёбга чиқариш учун кенг имкониятлар мавжудлигини кўрсатмоқда. Энг муҳими, бундай ташаббуслар ёшларнинг ижодий ва муҳандислик салоҳиятини рўёбга чиқариш билан бирга, жамият ва табиат учун долзарб бўлган масалаларга амалий ечимлар топишга хизмат қилади. Бу эса инновацион фикрлайдиган, ташаббускор ва замонавий технологияларни пухта эгаллаган ёш авлодни шакллантиришда муҳим аҳамият касб этади.

Университет ёшларининг 180 миллион сўмлик грантни қўлга киритиши — уларнинг билими, изланишлари ва ташаббуслари муносиб эътироф этилганининг ёрқин намунасидир. Бу лойиҳалар ортида янги ғоялар, изланишлар ва амалий натижага интилаётган ёшлар турибди. Бундай ютуқлар университетда инновацион муҳитни янада ривожлантириш, ёшларни илмий-тадқиқот ва стартап фаолиятига кенг жалб этиш ҳамда истиқболли ғояларни ҳаётга татбиқ этиш учун муҳим рағбат вазифасини бажаради. Зеро, ёшларнинг билими, ташаббуси ва инновацион салоҳияти — жамият тараққиёти ва барқарор келажакнинг муҳим омилларидандир.

Шоҳсанам ЭШМАТОВА,

Фарғона давлат техника

университети матбуот котиби.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

fourteen − 13 =