“Ўткан кунлардан ялдо тунигача”

Миллий адабиётимизнинг энг дурдона асарларидан бири — Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романи 1920 йиллар бошида ёзилган бўлиб, илк боблари 1922 йилда “Инқилоб” журналида чоп этила бошланган. Баъзи манбаларда қайд этилишича, роман бир бутун китоб ҳолида 1926 йилда дунё юзини кўрган. Демак, миллионлаб адабиёт ихлосмандларининг қалбини забт этган “Ўткан кунлар” романи тўлиқ чоп этилганига роппа-роса бир аср тўлди! Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хайриддин Султоннинг “Ялдо кечаси” тарихий романи “Ўткан кунлар”нинг мантиқий давоми тариқасида яратилгани ана шу қутлуғ санага муносиб туҳфа бўлди, десак, айни ҳақиқатни айтган бўламиз.

Филология фанлари доктори, профессор Нурбой Жабборовнинг “Ўткан кунлардан ялдо тунигача” деб номланган монографияси ана шу икки тарихий асар таҳлилига, уларнинг маънавий-маърифий аҳамиятини ёритишга қаратилган.

Адабиётшунос олим мазкур романларни таҳлил этар экан, шундай фикрни илгари суради: “Адабиёт муай­ян миллий тилда яратилади ва ўша миллатнинг ўлмас руҳиятини ифодалайди. Бугунги глобаллашув жараёнлари, оммавий маданиятсизлик эпидемияси оч аждаҳо янглиғ ана шу руҳиятни комига тортаётгани сир эмас. Миллатни ўзлигидан маҳрум этиш, унинг маънавий илдизларини қуритиш, унга хос юксак ахлоқни емириш, миллий тилни фасоҳат ва балоғатдан маҳрум этиш — бу аждаҳонинг асосий мақсади ана шулар экани аён. Таассуфлар бўлсинки, бунга муайян даражада эришаётир ҳам. Ана шундай таҳликали жараёнда миллий тилнинг бутун жозибасини, бетакрор ифода имкониятларини, латофатини ўзида мужассам қилган “Ўткан кунлар” ва “Ялдо кечаси” сингари асарларга бўлган эҳтиёж ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ сезилмоқда”.

Шу ўринда 1991 йилда телевидениеда атоқли адиб Хайриддин Султон сценарийси асосида намойиш этилган “Мозийдан бир саҳифа” видеофильмини ҳам эслаб ўтиш жоиз. Миллионлаб мухлислар қалбини ларзага солган бу видеофильмда Абдулла Қодирийни бўйи-басти билан кўргандек бўласиз. Асарнинг асосий қисмида буюк адибга қилинган туҳматлар, тажовузлар, ҳатто бола-чақасига зуғумлар ғоят таъсирли кўрсатилган. Буюк адиб ҳаётининг мудҳиш ва аянчли онлари, уқубатли дамлардаги руҳий олами томошабин вужудини титратиб юборади. Айтиш жоизки, “Ўткан кунлар” ва “Ялдо кечаси” асарлари ўртасида “Мозийдан бир саҳифа” сценарийси бамисоли “олтин кўприк” вазифасини ўтайди. Асар қаҳрамони бўлмиш Абдулла Қодирий қалбида армон бўлиб қолган гаплар, мавзулар “Ялдо кечаси” тарихий романида ўз аксини топганини англаб етасиз. Адиб кўп йиллар мобайнида Абдулла Қодирий ҳаёти ва ижодига бағишланган киномаҳсулотлар яратиш йўлида анча-мунча ишларни амалга оширгани яхши маълум. Энди “Мозийдан бир саҳифа” сингари “Ялдо кечаси” тарихий романи асосида ҳам кўп серияли видеофильм яратиш мақсадга мувофиқдир. “Ялдо кечаси” тарихий романи — фалсафий, маърифий асар. Ўзбекистон Қаҳрамони Иброҳим Ғафуров таъбири билан айтганда, бу асарни муаллиф Хайриддин Султон “буюк Қодирий номидан, Қодирий бўлиб ёзди; қаттол замон Қодирийнинг қўлини кишанлаб, унга ёзиш учун имкон бермагани боис фозил издош ва увайс шогирд сифатида ёзди. Ҳеч кимнинг хаёлига келмаган фантастик бир орзуни рўёбга чиқарди. Бу асар янги замон ўзбек адабиётида тамомила кашфиёт деса арзигуликдир…”. Фильм дебочаси мана шу сатрлар билан бошланиши (ва шунга яраша саҳна кўриниши берилиши) мақсадга мувофиқдир.

Монографиянинг “Ўткан кунлар”да миллий руҳ ифодаси” бобидан ўрин олган “Миллий руҳ — юксак мезон”, “Миллат ахлоқининг бадиий талқини”, “Миллат иродаси тасвири”, “Романда миллат эътиқодининг ёритилиши” сарлавҳали фаслларида мазкур романнинг мазмун-моҳияти теран таҳлил этилади.

Муаллиф қайд этишича, Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” асарида, буюк адиб таъбири билан айтганда, тарихимизнинг энг қора, кирли кунлари — она Туркистоннинг мустамлака арафасидаги мураккаб ва зиддиятли кечмиши тасвирланган бўлса, Хайриддин Султоннинг “Ялдо кечаси” тарихий романида аждодларимизнинг аввал Чор Россияси, кейин эса шўролар истибдодига қарши мардона кураши, Ватан ва миллатни дунёнинг мутараққий давлатлари ва халқлари даражасига юксалтириш йўлидаги мужодаласи, ҳуррият йўлида қатағон қурбони бўлган жадидлар бошига тушган адоқсиз кўргиликлар кенг эпик кўламда талқин этилган. Монографияда мазкур икки асарда миллат ва миллият туйғуси қайси усуллар асосида ифодалангани таҳлил қилинган. “Моҳиятан умуминсониятга дахлдор бўлса-да, адабиёт миллий шаклда намоён бўлади. Ўзида миллатнинг руҳини ифодалайди, — деб ёзади муаллиф. — Миллийликдан холи туйғунинг таъсир кучи бўлмаганидек, миллий руҳдан мосуво тафаккур ҳам қанотсиз қушга менгзалади. Шунга кўра, миллийлик — адабиётнинг асосий мезони. Таъбир жоиз бўлса, жаҳон бадиий-эстетик тафаккури кўригида ўзбек адабиётини ажратиб кўрсатувчи бош хусусият, ўзгалардан фарқини намоён этадиган асосий белги бу — миллий руҳдир. Таъкидлаш керакки, миллий руҳ ифода этилгани асарнинг умумбашарий аҳамиятини зинҳор пасайтирмайди, аксинча, жаҳон адабиётида ўзига хос ўринга эга бўлиш имконини янада оширади. Шунга кўра, жаҳондаги ҳар бир халқ адабиётининг энг сара намуналари миллий руҳ ифодаси нуқтаи назаридан илмий таҳлил этилиши зарур. Бу йўналишдаги тадқиқотлар муайян миллат адабий-эстетик тафаккурининг бошқа ҳеч бир халқ адабиётида учрамайдиган ўзига хос хусусиятларини аниқлаш, адабий жараёнга татбиқ этиш ва ривожлантириш имконини бериши жиҳатидан ҳам қимматлидир. ХХ аср ўзбек адабиётида ана шу мезонга жавоб бера оладиган асарлардан бири, таъкидлаш мумкинки, ҳатто биринчиси Абдулла Қодирийнинг “Ўткан кунлар” романидир.

Монографиянинг иккинчи боби “Ялдо кечаси” — миллат ва миллият китоби” деб номланиб, унинг “Асл асарнинг туғилиши”, “Ўткан кунлар”нинг давоми”, “Миллатнинг метин иродаси”, “Миллат ва миллият ифодасида конфликтнинг ўрни”, “Миллат эътиқодининг бадиий сувратланиши”, “Ахлоқ — миллат таянчи” сарлавҳали фаслларида янги асар яратилиши жараёнлари теран таҳлил этилган. Бунда муаллиф Маҳмуд Кошғарийнинг “Девону луғотит турк”, Юсуф Хос Ҳожибнинг “Қутадғу билиг”дек қомусий асарларни ёзиш, юртма-юрт кезиб, сўз дурдоналарини йиғиш йўлида чеккан заҳматлари, буюк Алишер Навоий кўнглига она тил учун куйиниш ҳиссини, миллатнинг шаъну шарафи ва ору номусини ҳимоя қилишдек улуғ ниятни солган миллат ва миллият руҳи ҳақида таҳлилий фикрини баён этар экан, Абдулла Қодирийни ҳам мураккаб ва зиддиятли бир замонда Ватан ва миллатни истибдод исканжасидан озод этиш йўлидаги жадидчилик ҳаракатининг беқиёс ифодаси бўлган “Ўткан кунлар”дек асарни ёзишга йўналтирган ҳаётбахш ғоя ҳақида мухтасар фикрларини баён этади. Монографияда муаллиф қайд этганидек, Ўзбекистон халқ ёзувчиси Хайриддин Султон кўнглини муттасил ўртаган, олти йилдан зиёд вақт давомида Ватан ва миллат бошига тушган қарийб бир ярим асрлик мустамлака зулматига доир архив ҳужжатларининг, кўҳна қўлёзмалар ва жадид матбуоти намуналарининг чангини ютишдек машаққатни, ижоднинг ададсиз меҳнату заҳматларини ҳузур деб билишига боис бўлган, миллатнинг ўлмас руҳиятини юксак бадиият билан ифодалаган “Ялдо кечаси” тарихий романини ёзишда куч-қувват, илҳом ва завқу шавқ берган ҳам миллат ва миллият туйғусидир.

Биз “Ўткан кунлар” романини мактабда ўқиб юрган кезларимиздаёқ ҳаяжон билан ўқиганмиз. Талабалик давримизда яна иштиёқ билан мутолаа қилдик. Ёшимиз бир жойга етган кезларда такроран ўқиганда шунга амин бўлдикки, бу асарни варақлаганингиз сари янги-янги фалсафий фикрларни кашф этаверар экансиз. Бу романни ҳар гал мутолаа қилганда, “тугаб қолмаса эди…” деган хавотирли бир ўй ҳукм сурарди. Энди ана шу “хавотир”га ўрин қолмади, яъни ҳажман анча салмоқли асар — “Ялдо кечаси” тарихий романи бизни Отабек ва бошқа қаҳрамонларнинг авлодлари ҳаёти, кечмишига ошно этади.

Асарни мутолаа қилиш асносида айнан ўша аянчли, маҳзун ҳоллар ўз даврида Абдулла Қодирий руҳиятида қандай кечган бўлса, унга уйғун равишда битилган “Ялдо кечаси” муаллифи Хайриддин Султон қалбини ҳам бирдек ўртаганини англаш мушкул эмас. Фақат Хайриддин ака кўпроқ ҳаёт ҳақиқатини реал акс эттиришга ҳаракат қилади. Юксак бадиий маҳорат билан битилган “Ялдо кечаси”да ҳар бир қаҳрамонни бор бўй-басти билан кўриш мумкин. Умумий тарзда эса собиқ мустабид тузум халқимиз бошига нечоғлиқ аянчли кунларни солганини яққол ҳис этасиз.

Адабиётшунос олим Нурбой Жабборовнинг “Ўткан кунлардан ялдо тунигача” деб номланган монографияси халқона “Туганч” сўзи билан хотима топади. Унда муаллиф шундай хулосага келади: “Ижодкорларнинг янги авлоди бу икки асарни мутолаа этар экан, она тилимиз сўз бойлиги ва ифода имкониятларидан, халқимиз нутқидаги қуйма иборалардан, буюк салаф ва замондош шоиру адиблар асарларидаги жозиб ҳикматлардан ўринли ва самарали фойдаланиш усулларини ўрганадилар. Она тилимиз ривожига салбий таъсир кўрсатадиган, ўзга тиллар қолипида фикрлаш ва ёзишдек номақбул эпидемия яшин тезлигида тарқалаётган бугунги кунда айни усулларни эгаллашнинг аҳамияти ҳар қачонгидан ҳам муҳимроқдир”.

“Саҳҳоф” нашриётида чиройли муқовада чоп этилган мазкур монографияга академик Шуҳрат Сирожиддинов ва Ўзбекистон халқ шоири Сирожиддин Саййид масъул муҳаррирлик қилган.

Тўлқин ЭШБЕК,

Ўзбекистон Ёзувчилар

уюшмаси аъзоси.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 + 8 =