Ҳаёт момақалдироғи остида

Ўзбекистон халқ ёзувчиси Эркин Аъзамнинг “Момақалдироқ остида сайр” романини ўқиб…

Атоқли адиб Эркин Аъзам — замонавий ўзбек насрида инсоннинг ботиний дунёси, руҳий эврилишлари, шахс ва жамият муносабатларини ўзига хос услубда тадқиқ этиб келаётган ёзувчилардан бири. Унинг асарларида ҳаёт воқелиги шунчаки ҳикоя қилинмайди, балки инсон қисмати орқали замоннинг маънавий қиёфаси очиб берилади. Шу боис адиб қаҳрамонларини англаш, аввало, улар яшаётган муҳит ва даврни англашни тақозо этади.

Адибнинг “Шовқин”дан кейинги иккинчи романи — “Момақалдироқ остида сайр” ҳам ана шу ижодий изланишларнинг мантиқий давомидир. Асар воқеалар силсиласидан кўра инсон онгида кечаётган изтироблар, иккиланишлар, орзу-армонлар ҳамда маънавий танловларнинг бадиий ифодаси сифатида эътиборни тортади.

Романни ўқир экансиз, асар сарлавҳасидаги “момақалдироқ” оддий табиат ҳодисаси эмаслигини англайсиз. У инсон ва замон, тақдир ва танлов, умид ва изтироб ўртасидаги зиддиятларни бирлаштириб турган катта бадиий рамзга айланади. Қаҳрамонларнинг ҳар бири, таъбир жоиз бўлса, ўз ҳаётининг “момақалдироғи” остида яшайди.

Роман воқеалари Жийдали — Паттакесар — Тошкент йўналишида кечади. Аммо булар шунчаки жуғрофий манзиллар эмас. Асар марказида турган Искандар, Ойравшан ва Ғайратнинг тақдири айнан шу маконлар оралиғида турли синовларга дуч келади. Уларнинг учаласи ҳам бир қишлоқ, бир кўча, бир давр фарзандларидир. Аммо ҳаёт йўллари, танловлари ва қисматлари тамомила бошқа-бошқа. Жийдали эса уларни бирлаштириб турган маънавий илдиздир. Қаҳрамонлар қаерга бормасин, қандай мартаба ёки муҳитга тушмасин, уларнинг болалиги, хотиралари, дастлабки орзу ва армонлари шу қишлоққа бориб тақалади. Воқеаларнинг яна Жийдалига қайтиши ҳам бежиз эмас. Инсон дунёни кезиши, ҳаётнинг турфа кўчаларида саргардон бўлиши мумкин, аммо барибир бир кун ўз ибтидосига юзланади.

Муваффақиятнинг баҳоси

Искандар образини англаш учун унинг болалигига қайтиш керак. Отасининг кўмир конидаги бахтсиз ҳодисада ҳалок бўлиши, онаси — бева Майрамнинг икки етимни машаққат билан катта қилиши унинг қалбида ўксиклик қолдиради. Бу ўксиклик йиллар ўтиб йўқолиб кетмайди, аксинча, бошқаларга ўзини исботлаш эҳтиёжига айланади. Ёшлигида Дилрабога етиша олмаслиги, ижтимоий тенгсизлик туфайли камситилиши бу туйғуни янада кучайтиради. Бир оғиз маломат унинг болалик ­дунёсини синдиради. Кейинги умри эса гўё ана шу синган дунёни “чегалаш, ямаш, қайтадан тиклаш” билан ўтади. Шу нуқтадан бошлаб Искандар учун мансаб, обрў, бойлик ва ижтимоий мавқе оддий ҳаётий мақсад бўлмай қолади; улар ўзининг кимлигини исботлаш воситасига айланади. У ёшлигида орзу қилган мартабага ҳам, Дилрабога ҳам эришади, аммо бахтга эмас. Мана шу ерда адиб инсон табиатига оид ғоят нозик бир ҳақиқатни очади: одам баъзан орзусига эриша олмагани учун эмас, балки унга эришгандан кейин ҳам бахт тополмагани учун фожиага дуч келади.

Искандар — ташқи томондан муваффақиятли инсон: лавозими, оиласи, обрўси ва моддий имкониятлари бор. Аммо булар унинг ботиний бўшлиғини тўлдира олмайди. Аксинча, ташқи муваффақият ортгани сайин ички хотиржамлик камайиб боради. Унинг фожиаси камбағалликдан бойликка ёки оддийликдан мансабга кўтарилганида эмас. Фожиа шундаки, у ҳаёт йўлида мақсад билан воситани адаштириб қўяди, инсон қадрини лавозим, нуфуз ва имконият билан ўлчай бошлайди. Энг қизиғи, Искандарнинг касби — прокурорлик. У қонун ва адолатни ҳимоя қилиши керак. Аммо шахсий ҳаётида бошқа бир қонун — виждон қонуни олдида мағлуб бўлади. Шу тариқа адиб икки хил қонунни рўбарў қўяди: биринчиси — жамият белгилаган қонун, иккинчиси — инсоннинг ботинидаги қонун. Инсон биринчисини мукаммал билиши, ҳатто уни ҳимоя қилиши мумкин, аммо иккинчисини бузса, маънавий мағлубиятдан қочиб қутула олмайди.

Синовлардан ўтган Ойравшан

Ойравшан — романдаги энг мураккаб образлардан бири. У — ижодкор, шоиртабиат, жони жасадига сиғмайдиган, ҳиссиётга берилувчан ва айни пайтда ҳаёт зарбаларига дош беришга мажбур аёл. Унинг тақдирида муҳаббат ҳам, хиёнат ҳам, ижтимоий адолатсизлик ҳам, эътироф ва мағлубият ҳам бор. Ғайрат билан боғланган илк самимий туйғулар Искандарнинг хатти-ҳаракатлари туфайли парчаланади. Ойравшан ота-онаси бағрига ҳам қайта олмайди, ишидан ҳам айрилади. Шу тариқа бир хатонинг асорати ушбу аёлнинг бутун ҳаёт йўлини ўзгартириб юборади. Аммо Ойравшанни фақат жабрдийда аёл сифатида талқин қилиш тўғри бўлмайди; адиб уни идеаллаштирмайди. Унинг ожизлиги ҳам, адашишлари ҳам, кучли томонлари ҳам бор. Шу жиҳатдан қаҳрамон китобхонга тирик инсон сифатида яқинлашади.

Ойравшаннинг вилоятдан Тошкентга келиши — оддий макон алмашинуви эмас. Пойтахт унинг учун ўзини қайта топиш, янги ҳаёт бошлаш майдонига айланади. У таҳририятда ишлайди, ижодий муҳитга киради, шеърлари чоп этилади. Опа сингари инсонларнинг ишончи унга қайтадан оёққа туриш имконини беради. Асарда Опа Ойравшанга рўмолча совға қилади. Бир қарашда — оддий маиший деталь, аммо бу рўмолча ишонч ва маънавий эстафета рамзига айланади. Ойравшан бу ишончни ҳар доим ҳам оқлай олмайди, лекин адиб шу орқали инсон ҳаётида уни қўллаб-қувватлайдиган, йиқилганида турғизадиган кишиларнинг ўрни нақадар муҳимлигини кўрсатади.

Кейинчалик Раис бобо ҳам унинг ҳаётида ана шундай таянч вазифасини бажаради. Ойравшаннинг депутатликка интилиши, сайлов жараёнидаги ноҳақликларга дуч келиши орқали эса асар шахсий қисмат доирасидан чиқиб, жамиятдаги адолат ва адолатсизлик муаммосига туташади. Ойравшан тақдири орқали адиб яна бир муҳим ҳақиқатни кўрсатади: инсоннинг адашиши унинг батамом йўқолганини англатмайди, муҳими — ўз хатосини англаш ва ортга, аслиятга қайтишга куч топа билишдир. Шу жиҳатдан Ойравшаннинг йўли Искандарникидан фарқ қилади. Иккаласи ҳам адашади, иккаласи ҳам нафс, орзу, эҳтирос синовидан ўтади. Аммо бири охир-оқибат ўзи қурган дунёнинг қурбонига айланса, иккинчисида ўзини қайта англаш ва маънавий тикланиш имкони қолади.

“Ўта тўғри” одам

Ғайрат эса бошқа оламнинг одами. Унинг табиатида муросасизлик, тўғрисўзлик ва ҳақиқатпарастлик бор. Романда жийдалилик Жума Тўқсабо тилидан берилган “ўта тўғри бала экан” деган таъриф — Ғайрат характерининг калити. У меҳнат қилади, аммо ўз ҳақини ундиришга келганда уддабуронлик қила олмайди, манфаат учун эгилишни, вазиятга қараб тусланишни билмайди.

Бу хусусият — унинг ҳам кучли, ҳам заиф томони. Аммо адолатсизликлар ва ҳаёт зарбалари Ғайратни маънавий жиҳатдан мағлуб эта олмайди. У манфаат учун ўзгармайди, муҳитга мослашиш учун эътиқодини сотмайди. Ойравшанга бўлган муносабатида ҳам ҳирс ёки манфаат эмас, самимият устунлик қилади.

Шу жиҳатдан Искандар ва Ғайрат романнинг икки қарама-қарши қутбидай таассурот қолдиради. Бири муҳит қонунларини жуда яхши ўзлаштириб, зоҳирий жиҳатдан ютади, аммо ўзини йўқотади. Иккинчиси ҳаётда кўп нарсадан қуруқ қолса-да, ўзлигини сақлаб қолади.

Давр ҳам қаҳрамон

“Момақалдироқ остида сайр”ни фақат уч инсон тақдири ҳақидаги роман деб бўлмайди. Унда яқин ўтмишимизнинг ижтимоий-маънавий манзаралари ҳам бор. Мансаб ва манфаат, сохта обрў, сайловдаги адолатсизлик, элита ҳаёти, маънавий таназзул, ўзга юртлардан “жаннат” излаш, инсон муносабатларидаги самимиятнинг камайиши — буларнинг барчаси қаҳрамонлар қисмати орқали кўрсатилади. Адиб давр ҳақида алоҳида маъруза ўқимайди; замоннинг қиёфаси одамларнинг хатти-ҳаракатлари, танловлари ва тақдирида намоён бўлади. Романда пахта сиёсати билан боғлиқ манзаралар ҳам таъсирчан тасвирланган. Совуқда ғўзапоя юлиб юрган хотин-қизларни кўрган Ойравшаннинг ички исёни бир шахснинг кечинмаси бўлиб қолмайди — у бутун бир даврнинг оғриғига айланади. Қаҳрамоннинг изтироби орқали ижтимоий воқеликнинг инсон руҳига етказган жароҳати кўринади.

Шу маънода романда даврнинг ўзи ҳам гўё алоҳида қаҳрамондир. У одамларни синайди, ўз домига тортади, баъзиларни ўзгартиради, баъзиларни синдиради. Аммо инсоннинг қандай йўл тутиши, барибир, унинг маънавий танловига боғлиқ.

Сел ювган кўприк

Асардаги сел ва кўприк манзарасига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Романнинг бошланишида Жийдали бўсағасидаги кўприкни сел ювиб кетади. Йўловчилар манзил томон ўта олмай қоладилар. Қизиғи, адиб аслида асар якунига тегишли воқеани “Сел” — “Хотиманинг боши” тарзида роман аввалига олиб чиққан. Бу композицион усул китобхонни дастлабки лаҳзаларданоқ асарнинг фожиавий руҳига олиб киради. Шу билан бирга, роман охири ва боши ўртасида рамзий ҳалқа ҳосил бўлади. Кўприк — шунчаки қурилиш иншооти эмас, у ўтмиш ва бугун, инсон ва унинг илдизи, одамлар ўртасидаги маънавий алоқанинг ҳам рамзидай таассурот қолдиради. Селнинг кўприкни бузиши эса ҳаётдаги ижтимоий ва маънавий ларзалар инсонлар ўртасидаги боғлиқликни ҳам емириши мумкинлигини англатади. Аммо қаҳрамонларнинг яна Жийдалига қайтиши муҳим. Йўллар айро тушган, тақдирлар ўзгарган, одамлар бошқа-бошқа дунёларда яшаган бўлса-да, маънавий ибтидо уларни яна бир жойга тўплайди.

Момақалдироқ ниманинг рамзи?

Асар номланишига яна қайтамиз. Момақалдироқ — бир лаҳзада осмонни ёритиб, ортидан гумбурлаган овоз билан инсонни сергак торттирадиган табиат ҳодисаси. Романда эса у бутун бир ҳаётнинг метафорасига айланган. Инсон умри ҳам бир текис кечмайди: унда сокин кунлар ҳам, тўсатдан бошланган “момақалдироқлар” ҳам бор. Тақдирнинг кутилмаган бурилишлари, муҳаббат, хиёнат, мансаб, йўқотиш, орзу ва пушаймон — буларнинг барчаси инсонни синайди. Искандар ҳам, Ойравшан ҳам, Ғайрат ҳам ўз “момақалдироғи” остида яшайди. Бири мансаб ва нафс, бири муҳаббат ва адашиш, яна бири ҳақиқат ва муросасизлик синовига дуч келади. Уларнинг тақдири турлича якун топади.

Искандарнинг фожиали ўлими шу маънода тасодифий хотима эмас. Асар бошидаги сел кўприкни вайрон қилганидек, нафс ва манфаат Искандарнинг ички дунёсини емириб боради. У жуда кўп нарсага эришади, аммо энг муҳим бойлик бўлмиш маънавий хотиржамликни йўқотади. Ойравшан ҳам адашади, йиқилади, турли синовларни бошдан кечиради. Аммо унда ўзини англаш, маънавий покланишга қайтиш имкони бор. Ғайрат эса беқарор замон ичида ҳам одамгарчилиги ва ҳаётий позициясини сақлаб қолади. Шу уч тақдир орқали романнинг асосий фалсафий саволи очилади: инсон замонни ўзгартирадими ёки замон инсонни? Эҳтимол, ҳар иккиси ҳам тўғридир. Инсон муҳит таъсирида ўзгаради, аммо охирги танлов барибир унинг ўзига тегишли.

Асарнинг ўзига хос қурилиши

Бизнингча, “Момақалдироқ остида сайр”нинг бадиий таъсирини кучайтирган жиҳатлардан бири — унинг композицион қурилиши. Воқеалар одатдагидек бошидан охиригача изчил хронологик тартибда ҳикоя қилинмайди. Бугундан кечага, кечадан яна бугунга қайтилади. Хотиралар, ички монологлар, турли қаҳрамонларнинг қарашлари бир-бири билан туташиб кетади. Бундай мозаик қурилиш бежиз танланмаган. Чунки инсон хотираси ҳам воқеаларни тақвим тартибида эсламайди; бир овоз, бир манзара ёки бир учрашув уни ўтмишнинг олис нуқтасига олиб кетиши мумкин. Адиб шу табиий руҳий жараённи роман қурилишига сингдирган. Асарда биргина қаҳрамоннинг нуқтаи назари устун эмас. Бир воқеликка турли одамлар турлича қарайди. Натижада китобхон тайёр ҳукмни қабул қилмайди, балки воқеаларни Искандар, Ойравшан, Ғайрат ва бошқа қаҳрамонларнинг тақдири орқали солиштириб, ўзи хулоса чиқаришга мажбур бўлади. Бу усул асарга кўп овозлилик бағишлайди. Хотиралар ва воқеаларнинг тез-тез алмашинуви эса романга кинематографик ҳаракатчанлик беради. Гўё кадрлар алмашади: бир лаҳза Жийдалидасиз, кейин Тошкентда, яна бир зумда қаҳрамоннинг болалик хотирасига қайтасиз.

Шунинг учун романнинг шакли ҳам унинг мазмунига хизмат қилади. Пароканда замон ва зиддиятли инсон руҳияти мозаик композиция воситасида ифодаланади.

Ҳаёт йўлларида…

Романда фожиа ва изтироб кўп. Хиёнатлар, йўқотишлар, адолатсизликлар, инсон тақдиридаги кутилмаган бурилишлар баъзан китобхонни ҳам руҳан безовта қилади. Миллий адабиётимиздаги нисбатан сипо ва умидбахш хотималарга ўрганган ўқувчи учун айрим саҳналар оғир туюлиши ҳам мумкин. Бироқ ҳаёт ҳамиша биз истаган тартибда кечмайди. Адабиётнинг вазифаси эса фақат тасалли бериш эмас, балки инсонни ҳаёт ҳақиқати билан юзлаштириш ҳамдир. Ёзувчининг маҳорати шундаки, у қаҳрамонларига тайёр ҳукм чиқармайди, уларни мутлақ яхши ёки мутлақ ёмонга ажратмайди. Ҳатто энг катта хатога йўл қўйган қаҳрамоннинг ҳам руҳий сабабларини кўрсатади. Китобхон эса уларни кузатар экан, беихтиёр ўз ҳаёти, танловлари, ютуқ ва йўқотишлари ҳақида ўйлай бошлайди.

Романнинг жонли диалоглари, халқона иборалари ва кутилмаган вазиятлари мутолаани енгиллаштиради. Оғир ижтимоий ҳамда маънавий масалалар бадиий воқеалар ичига табиий сингдирилгани учун асар қуруқ фалсафий мулоҳазага айланиб қолмайди.

“Момақалдироқ остида сайр” — фақат роман номи эмас. У — инсон умрининг ҳам ўзига хос ифодаси. Ҳар ким ҳаёт йўлида ўз момақалдироғига дуч келади. Масала — унинг қачон ва қаерда гумбурлашида эмас, балки инсон ўша синовдан кейин ким бўлиб қолишидадир.

Сирасини айтганда, яқин кечмишимизнинг ижтимоий ва маънавий манзараларини инсон тақдири орқали рост ва расо тасвирлаган “Момақалдироқ остида сайр” миллий романчилигимиз тадрижида муҳим қадам, эътиборга молик адабий ҳодисадир.

Обиджон Шофиев,

Термиз давлат университетининг ёшлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича биринчи проректори,

филология фанлари доктори,

доцент.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

11 − four =