Гендер тенглик – замонавий таълимнинг муҳим тамойили

Гендер тенглик бугунги кунда инсон ҳуқуқлари, ижтимоий адолат ва барқарор тараққиётни таъминлашнинг муҳим шартларидан бири сифатида эътироф этилмоқда. Айниқса, таълим тизимида гендер тенглигини таъминлаш масаласи алоҳида аҳамият касб этади. Чунки таълим инсон дунёқараши, касбий йўналиши, ижтимоий фаоллиги ва келажакдаги имкониятларини шакллантирувчи асосий омиллардан биридир. Қизлар ва ўғил болаларнинг таълим олиш, ўз қобилиятини намоён этиш, касб танлаш ҳамда интеллектуал салоҳиятини ривожлантиришда тенг имкониятларга эга бўлиши жамиятнинг умумий тараққиётига бевосита ижобий таъсир кўрсатади.

Таълимда гендер тенглик тушунчаси фақат қизлар ва ўғил болаларни мактабга қамраб олиш билан чекланмайди. У таълим ресурслари ҳамда имкониятларидан тенг фойдаланиш, таълим жараёнида бирдек муносабатда бўлиш ҳамда таълим мазмуни ва натижаларидаги номутаносибликларни бартараф этишни қамраб олувчи кенг қамровли ҳодиса сифатида талқин этилади.

Замонавий таълим жараёнида гендер тенглиги масаласининг долзарблиги шундаки, гарчи барча ўқувчиларга қонунан бир хил ҳуқуқ берилган бўлса-да, амалиётда уларнинг таълим олиш ва касб танлаш имкониятларига ижтимоий қарашлар, оилавий тарбия, маданий анъаналар ҳамда гендер стереотиплари таъсир кўрсатмоқда. Масалан, “математика ва техника — ўғил болаларга мос”, “қизлар гуманитар фанларга кўпроқ қобилиятли”, “раҳбарлик — эркакларга хос”, “педагоглик — аёллар касби” каби қарашлар ўқувчиларнинг ўз қобилиятини холис баҳолашига ва келажакдаги касбий танловига салбий таъсир қилиши мумкин. Бундай стереотиплар бир қарашда оддий ижтимоий тасаввурдек туюлса-да, узоқ истиқболда таълим ва меҳнат бозоридаги имкониятлар номутаносиблигини келтириб чиқаради.

Ўқитувчи таълим жараёнида ҳар бир боланинг индивидуал қобилияти, қизиқиши ва эҳтиёжини инобатга олиши, уни жинсига қараб чекламаслиги, ҳар бир ўқувчига ўз фикрини эркин ифода этиш ва ташаббус кўрсатиш имконини яратиши зарур. Дарс жараёнидаги савол-жавоб, гуруҳ билан ишлаш, лойиҳалар тайёрлаш, тақдимот қилиш ва етакчилик вазифаларини бажаришда қизлар ҳам, ўғил болалар ҳам тенг иштирок этиши таълим муҳитида адолат ва ўзаро ҳурмат муҳити қарор топишига хизмат қилади. Ўқувчини “сен қиз боласан, бу иш сенга оғирлик қилади” ёки “ўғил бола бундай ишдан қўрқмаслиги керак” қабилидаги жинсга асосланган баҳолар билан чеклаш ўрнига, “сенинг қобилиятинг ва қизиқишингга мос йўналишни эркин танлашинг муҳим” деган ёндашувни шакллантириш мақсадга мувофиқдир.

Гендер тенглик масаласи, айниқса, “STEM” — фан, технология, муҳандислик ва математика йўналишларида ниҳоятда долзарбдир. Муҳандислик ҳамда ахборот-коммуникация технологиялари соҳаларида хотин-қизларнинг иштироки ҳануз етарли даражада эмас. Қизларни мактаб давриданоқ математика, физика, информатика, робототехника, дастурлаш ва бошқа технологик соҳаларга қизиқтириш муҳим ҳисобланади. Бунинг учун таълим муассасаларида “STEM” тўгаракларини ривожлантириш, қизлар иштирокида инновацион лойиҳалар ташкил этиш, турли илмий-техник соҳаларда муваффақият қозонган аёл олимлар, муҳандислар, дастурчилар ва тадбиркорларни ўқувчиларга муваффақият намунаси сифатида таништириш самарали натижа беради.

Дарсликлар, ўқув қўлланмалари, тасвирлар, матнлар ва мисолларда аёл ҳамда эркакларнинг жамиятдаги турли касбий ва ижтимоий мақомлари мувозанатли акс эттирилиши ўқувчилар дунёқарашига ижобий таъсир кўрсатади. Агар дарсликларда олим, муҳандис, раҳбар ёки ихтирочи қиёфасида асосан эркаклар гавдалантирилса, ўқувчи онгида айрим касблар маълум бир жинсгагина хос деган тасаввур шаклланади. Аксинча, турли соҳаларда ютуқларга эришган аёллар ва эркаклар фаолиятининг бирдек ёритилиши болаларга касб ҳамда қобилият ўртасидаги уйғунликни тўғри англашга кўмаклашади.

Ўзбекистон Республикасининг “Таълим тўғрисида”ги Қонунида таълим олиш ҳуқуқи ва имкониятларининг тенглиги асосий тамойиллардан бири сифатида белгиланган. Мамлакатимизда хотин-қизларнинг олий ва профессионал таълим олиши учун шароитларни кенгайтиришга қаратилган тизимли чора-тадбирлар изчил амалга оширилмоқда.

Боланинг касб танлашига кўп ҳолларда ота-онанинг қарашлари бевосита таъсир кўрсатади. Шу боис ота-оналар ўртасида ҳам тушунтириш ишларини олиб бориш, фарзанднинг касбий танловини унинг жинсига қараб эмас, балки лаёқати, қизиқиши ва интеллектуал салоҳияти асосида қўллаб-қувватлаш муҳимдир. Масалан, қиз бола дастурчи, муҳандис ёки учувчи бўлишни ихтиёр этса, унинг танловига “бу қизларга хос эмас” деган стереотип билан ёндашиш ўрнига, қизиқиши ва иқтидорини ривожлантириш учун зарур шарт-шароит яратиб бериш лозим. Худди шунингдек, ўғил боланинг педагогика, тиббиёт, санъат ёки бошқа гуманитар соҳаларга бўлган қизиқиши ҳам жинс омили сабабли чекланмаслиги зарур.

Гендер тенглик таълим муассасасида хавфсиз ва ўзаро эҳтиромга асосланган муҳит яратиш билан узвий боғлиқдир. Ҳар бир ўқувчи ўз фикрини очиқ билдиришдан, савол беришдан ёки хато қилишдан чўчимайдиган муҳитда таълим олиши керак. Камситиш, масхара қилиш, жинсга асосланган камситувчи муомала ёки стереотиплар ўқувчининг психологик барқарорлиги ҳамда таълимдаги фаоллигига жиддий салбий таъсир кўрсатади. Шу боис педагоглар жамоаси ўқувчилар орасида ўзаро ҳурмат, ҳамкорлик ва тенглик маданиятини шакллантиришга алоҳида эътибор қаратиши зарур.

Гендер тенгликни таълим амалиётига татбиқ этишда интерактив методлардан унумли фойдаланиш мумкин. Масалан, ўқувчиларга турли касблар рўйхати ҳавола этилиб, уларнинг қайси жинс вакилларига кўпроқ мослигини муҳокама қилиш топширилади. Сўнгра “Нима учун айрим касбларни фақат аёллар ёки фақат эркакларга хос деб ҳисоблаймиз?” деган савол доирасида очиқ мулоқот йўлга қўйилади. Бундай машғулотлар ўқувчиларга ўз қарашларини танқидий таҳлил қилиш ва яширин стереотипларни англашга ёрдам беради. Яна бир самарали усул сифатида “Менинг келажакдаги касбим” мавзусида лойиҳа ишларини ташкил этиш мумкин; бунда ўқувчилар ўзлари қизиққан мутахассислик, унга қўйиладиган талаблар, зарур билим ва кўникмалар ҳамда шу йўналишда муваффақият қозонган мутахассислар ҳақида маълумот тўплайдилар. Бунда касбнинг қайси жинсга мослиги эмас, балки унинг мазмун-моҳияти, талаблари ва шахсий лаёқатга мувофиқлиги асосий мезон бўлиб хизмат қилади.

Гендер тенглиги бўйича тарбиявий ва маърифий тадбирлар бир марталик кампаниялар билан чекланмай, балки таълим муассасасининг кундалик маданиятига сингиб бориши шарт. Бунинг учун педагоглар малакасини ошириш, ўқув дастурларини таҳлил қилиш, дарсликлардаги стереотипик тасвирларни қайта кўриб чиқиш, касбга йўналтириш тизимини такомиллаштириш ҳамда ўқувчилар фикрини мунтазам ўрганиб бориш талаб этилади.

Мақсуда БАДАЛОВА,

Абдулла Авлоний номидаги

педагогик маҳорат миллий институти

ректори маслаҳатчиси,

 доцент.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

7 + 9 =