Матбуотни қисмат деб биларди

ёки моҳир журналист, таниқли ижодкор Ғолиб Абдуллаевни эслаб

Қадрдон биродарим, таниқли ижодкор Ғолиб Абдуллаевни тез-тез эслайман. У киши билан боғлиқ хотиралар ёдимга тушаверади. Ҳар гал ёдимга тушганида эса: “Яхши инсон эди, охирати обод бўлсин”, дея ҳақларига дуо қилиб қўяман.

Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг журналистика факультетига 1979 йили ўқишга киргандик. У пайтлар ҳали собиқ иттифоқ даври эди. У даврда ушбу факультетга бир йилда бутун республикамиз ва қўшни республикалардан бор-йўғи эллик нафар талаба қабул қилинарди. Журналист бўламан дея ният қилган курсдошларимизнинг ярмидан кўпроғи уч-тўрт, ҳатто беш-олти йил ҳужжат топшириб, аранг ўқишга кирган ёши катталар эди. Шулар орасида ҳам Ғолиб Абдуллаев ажралиб турар, ўз ўрни, ўз сўзи бор эди. Курсдошларимизнинг аксарияти, барчани бирдек кўриш фазилати сабаб бўлса керак, уни ҳурмат қилишарди. Гарчи каминадан салкам бир ёшгина катта бўлса-да, уни мен ҳам негадир алоҳида ҳурмат билан “Ғолиб ака” деб чақирардим.

Ўша даврларда пахта терими пайтлари суронли кечарди. Йил якунланиб, декабрь келиб, далада йилт этган бир чигит бўлмаса-да, қуруқ ғўзапоя қолса ҳам пахта теримидан қайтмасдик. 1982 йили ҳам шундай бўлганди. Сирдарё вилоятининг “Ворошилов 10/а” (мустақилликдан сўнг “Оқ олтин”) деб аталган давлат хўжалиги далаларига пахтага боргандик. Ноябрнинг бошларида катта қор ёғиб, кунлар совиб кетганидан баракдан, яъни ҳашарчи талабалар қўним топган шийпон-уйдан ташқарига чиқолмай ётардик. Қизиғи, шундай кезларда бир-бирига кўнгил қўйган талабаларнинг “сири” очилиб қоларди. Ғолиб аканинг биздан бир курс юқорида ўқийдиган ўшлик ҳамюртимиз Зумрад опани яхши кўриши аён бўлиб қолди. Мен эса ана шундай кунларнинг бирида бир сабаб билан Тошкентга бориб келадиган бўлдим.

Ғолиб ака Тошкентга кетаётганимни эшитиб, илтимос қилиб қолди: “13 ноябрь Зумрадхоннинг туғилган куни эди, шу пулга бирорта совға топиб келсангиз”.

Очиғи, нима харид қилишни ўйлаб бошим қотди. Оладиган нарса маълум бўлса-ку, бошқа гап. Яна у пайтлар ёш йигит, ғўр талаба бўлсак. Ўйлаб-ўйлаб “Тошкент” меҳмонхонасининг биринчи қаватида сувенирлар дўконига бордим. У ердан чиройли сувенир харид қилиб, шундоқ кўчага чиқишим билан бино томидан катта бир сумалак — муз бўлаги елкамни сирпалаб пастга гуп этиб тушди. Юрагим чиқиб кетай деди. Нарироқда турган бир киши ёнимга келиб: “Худо бир сақлади, болам, бошингга тушганда борми…” дея далда бергани ҳамон эсимда.

Ғолиб аканинг ўзини ҳам Яратганнинг ўзи бир асраганди. Бешинчи курсни битираётганимизда Чирчиқдаги ҳарбий полигонга йиғинга боргандик. Ёзнинг жазирамасида ҳарбий машқ ўтадиган далада уни заҳарли илон чақиб олди. Мен ошпаз эдим. БТРда курсантларга овқат олиб боргандим. Командирга хабар бериб, Ғолиб акани ҳарбий машинада Чирчиқдаги касалхонага олиб борганмиз. Кун кўрари бор экан, ҳаёти сақлаб қолинди. Кейинчалик кўришганимизда бу ҳодисани тез-тез эслаб турардик…

Энг муҳими, севишганлар мурод-мақсадига етишди. Ғолиб ака билан Зумрад курсдошимиз турмуш қуришадиган бўлди. Уларнинг никоҳ тўйи ҳеч эсимдан чиқмайди. Андижондан Ўшга келин олиб келиш учун куёвнавкар бўлиб бордик. Ўш шаҳрининг маҳаллий удумига кўра, куёвнинг ўртоқлари келинникига келган меҳмонларга хизмат қилиши керак экан. Тўйга бориб роса хизмат қилиб қайтганмиз. Бу воқеани ҳам эслаб кулишиб юрардик.

Зумрад опа яхши оилага мос келин бўлди. Қайнотаси Толиб ака кўпчиликка беминнат хизмат қилиб, дуо олган таниқли доктор эди. Қайнонаси эса қишлоқ хўжалиги соҳасида номи мамлакатга таниқли, Ўзбекистон Қаҳрамони Сиёсат опа Абдуллаева эди. Зумрад опа уларга ўз ота-онасидек хизмат қилиб, дуо олган келин бўлди. Икки журналист ибратли турмуш кечиришди. Эл-юрт орасида ҳавас қилгулик оила бўлишди. Уч қизни тарбиялаб вояга етказишди. Китоблар ёзишди, ёзувчи бўлиб танилишди, ўнлаб шогирдлар тайёрлашди.

— Устозимиз Ғолибжон Абдуллаев 65 ёшида чин дунёга риҳлат қилди, — деб ёзган эди таниқли журналист Нурилло Нўъмонов. — Кенг мулоҳазали, тафаккури бой, тўғрисўз, ҳақиқатпарвар, жонкуяр инсон эди раҳматли. Касбининг фидойиси эди, журналистикани, матбуотни қисмат деб биларди. Умрининг сўнгги кунларида — хасталикдан қийналаётган дамларда ҳам ўқишдан, ёзишдан тўхтамади.

Маҳалладошлари у ҳақда жуда самимий, яхши гаплар айтишди. “Ниҳоятда покиза, тартибли, фаросатли инсон эди, биз даврадошларини ҳам шунга ўргатди”, дея ибратли воқеаларни тилга олишди.

Чиндан ҳам Ғолиб аканинг феълу табиатига хос фазилатлар қаламига ҳам кўчган — сўз айтишда ҳам фаҳм-фаросат даркорлигини наинки амалда исботлаб, бошқаларни-да шунга даъват қилиб келарди. Кўп йиллар “Андижоннома” газетасида бўлим мудири, масъул котиб, адабий котиб вазифаларида ишлаб, нашрнинг савияли чиқишига жуда катта ҳисса қўшди.

Ғолиб ака ижоддан, севимли касбидан завқ олиб, оддийгина яшашни маъқул кўрарди. Катта лавозимларга интилмади. Йўқса, қўш дипломи бор — журналистикадан ташқари сиёсатшунослик бўйича ҳам олий маълумотга эга, бошқарувчиликка салоҳияти ҳам, имконияти ҳам етарди. Ахир оналари Сиёсатхон Абдуллаева, кимсан, Ўзбекистон Қаҳрамони, ҳатто давлат раҳбарлари Андижонга ҳар ташрифида, албатта, учрашадиган, ҳалол меҳнати ортидан жамоатчилик орасида катта обрў-эътибор қозонган аёл эди.

Қолаверса, тоғаси Мамажон Ҳамраев 40 йиллик донгдор колхоз раиси — катта-кичик амалдорлардан тортиб, вилоятнинг биринчи раҳбари ҳам тез-тез йўқлаб, “Бизга нима хизмат?” дея ҳурматини жойига қўядиган, турли масалаларда йўл-йўриқ, маслаҳат сўраб турадиган юрт кайвониси бўлганини ёши улуғ устозларимиз давраларда бот-бот эслашади.

Айтмоқчиманки, Ғолиб ака мана шундай шароитда йирикроқ бирор лавозимни осонгина, яқинларининг бир оғиз гапи билан эгаллаши мумкин бўлса-да, бундай йўлдан бормади. Аксинча, қаламга суяниб, камтарона яшаб ўтди.

— Ғолиб аканинг курсдоши, ҳамкасби — яна бир устозимиз Аҳмадилло Солиев шу ойда 70 ёшга тўлди, — дея Нурилло Нўъмонов ҳикоясини давом эттирди. — Ғолиб ака ўн беш кунча аввал қўнғироқ қилиб: “Матбуотчилар кунида негадир Аҳмадилло акани эслашмабди, вилоят байрамига ҳам чақирилмабди. Бу йил юбилей ёши эди ахир. У ҳақда тўйхат ёзиб, “Hurriyat”га бермоқчиман, шу билан кўнгли кўтарилади. Сиздан илтимос, Солиевнинг чиройли бир суратини топиб қўйинг. Яна хабарлашамиз. Кўп гаплашолмайман, чарчаб қоляпман”, дея гапни қисқа қилдилар.

Қаранг, ўша кунлари чиндан ҳам тоби йўқ, ўзини кўп уринтирмаслиги шарт бўлган вазиятда ҳам бироз қайсарлиги, қолаверса, ҳамкасб дўстига ҳурмат-эҳтироми туфайли кўнглига тугиб юрган фикрларини диктовка қилиб қоғозга туширади.

Устознинг ниҳоятда самимий ёзилган тўйхати “Hurriyat” газетасининг шу йил 22 июль кунги сонида “Мана шунақа бизнинг Солиев” сарлавҳаси билан ярим бетни эгаллаб чоп этилди.

Бу умрининг 45 йилини журналистикага бағишлаган Ғолибжон Абдуллаевнинг энг охирги мақоласи бўлиши кимнинг хаёлига келибди дейсиз?

Маълум муддат давом этган хасталик ортга чекиниб, анча оёққа туриб қолган, кайфияти ҳам жойида эди. Охирги мулоқотимизда қаттиқ оғриб қолган кунларига ишора қилиб: “Жаннатнинг эшигини кўрсатиб келишди, уч қизни тарбиялаб вояга етказган ота-она шу эшикдан киради дейишди”, дея ҳазил-мутойиба қилганди…

Ғолиб ака Аҳмадилло Солиев ҳақида “Мана шунақа бизнинг Солиев” деб мақола ёзса-да, муаллиф унда билиб-билмай ўз характерини ҳам очиб қўйганди. Ҳазил-мутойиба жой-жойида. Айниқса, ДАН (ЙПХ) ходими билан суҳбатда унинг ўзини кўриш мумкин. Ёки Рим папаси ҳақидаги кичик лавҳа соддадил ўқувчини ишонтиришга мойил:

“Италияга бориб қолган ҳамкасбларимиз катта майдондаги ҳашаматли бино балконидан Рим папасининг ваъз айтаётган пайтида устидан чиқиб қолишади. Солиев акамиз Папа ёнида пайдо бўлади”.

— “Қуруқ” тўйхат бўлиб қолмасин деб мана шунақа эпизодни ўйлаб топдим, — деганди у. Ўшанда яна талабалик йилларини эсладик, курсдош дўстларимиздан баҳс этдик.

— Ижодингдан хабардорман, китобларингни ўқиб, ютуқларингни эшитиб тураман, курсдошларнинг барчасидан фахрланаман, — деб ўзи ҳақидаги саволларимга жавоб берганди. — Ижодни уйда қиляпман, ёрдамчим бор, биласан. Бутун ҳаётимни қоғозга тушириш ҳаракатидаман. Ҳозирча қораламаларим 600 бетга яқинлашиб қолди. Ораларида ҳангомалар ҳам бор, хотираларни санаб, далиллар орасида юмордан ҳам фойдаланмоқдаман…

Роса бир ҳафтадан кейин эса… шум хабар… Сира ишонгим келмади. Кечагина салкам бир соат суҳбатлашган эдик… Дийдор қиёматга қолганидан афсусланишдан ўзга чора йўқ эди.

Ғолиб Абдуллаев журналистика учун туғилган, Тангри таоло ижод неъматини қалбига солган инсон эди. Айниқса, “Hurriyat” газетасининг садоқатли мухлисларидан бири эди. Ҳар сонини синчиклаб ўқиб, фикрини айтарди. Ёзган мақолаларимни ихлос билан ўқиб, эътироф этиб, илҳомимни руҳлантирадиган, ижодимга қувват бериб юрадиган самимий маслакдошим эди. Суҳбатлашганда раъйимга қарайдиган қалби пок дўст эди.

“Инсон умри ўтар, ёзган сўзлари қолар” деган гап бор. Унинг “Ҳаёт йўллари ва ўйлари”, “Қуёш ҳар куни чиқади”, “Уммон ортидан келган хушсадо”, “Яхшиларга беринг дунёни”, “Ҳаётнинг ҳар куни имтиҳон” каби ўн тўртта китоби чоп этилганди. Яна иккита китобини ниҳоялаш арафасида экан.

Ғолиб аканинг қизи Зилола ота-онаси изидан бориб, журналистика касбини танлаганидан ғурурланиб, “ёнимда ёрдамчим бор” деб кўнгли тўқ юрарди. Хотира мақолани тайёрлаётиб, Ғолиб аканинг қизи Зилоладан: “Отангизнинг расмларидан жўнатинг ва у киши ҳақида ёзиб юборинг”, деб сўрагандим. Тезда жавоб келди. Зилола Раҳмонованинг ёзганларини кўзимда ёш билан ўқиб, сизга ҳам ҳавола қиламан:

“Мени оиламизда “ота қиз” дейишади. Мен бу сўздан доим ғурурланганман, фахрланганман. Чунки мен чиндан ҳам “ота қиз” бўлдим…

Отам ҳам, онам ҳам журналистиканинг фидойилари эди. Улар бир умр қалам билан меҳнат қилдилар. Сўзни қадрладилар. Қаламни омонатдек асрадилар.

Отам Ғолибжон Абдуллаев дастлаб “Олтинкўл” газетасида бош муҳаррир бўлиб ишлади. Кейин вилоят ҳокимлиги муассислигидаги “Андижоннома” газетасида масъул котиб, бўлим мудири лавозимларида фаолият юритди. Онам Зумрадхон Абдуллаева эса дадам билан бирга “Олтинкўл” газетасида, кейин вилоят хотин-қизлар нашри — “Иқбол” газетасида ишлаб, нафақага чиқишди.

Биз уйда ҳам журналистика ҳавосида улғайдик.

Сўзга эҳтиёткорлик, фикрга масъулият, одам қалбини оғритмаслик — булар биз учун оддий тарбия эмас, ҳаёт қоидаси эди.

“Гапингнинг эгаси қани?” Дадамнинг бу саволи ҳали ҳам қулоғимда жаранглайди. Гапимизда эга ёки кесим тушиб қолса, дакки эшитардик. “Фикрни етказишда ҳассос бўлинглар. Токи қарши томондаги инсон сўзингиздан ранжимасин”, дердилар. Бугун ўйласам, дадам бизга фақат журналистика қоидаларини эмас, инсон бўлиш қоидаларини ҳам ўргатган эканлар.

Мен изларидан кетдим. Касбда ҳам, феъл-атворда ҳам дадамни акс эттиришимни кўп айтишади. Бу мен учун оддий ўхшашлик эмас, энг катта фахримдир.

Дадам вафот этганларидан кейин улар ҳақида ёзиш мен учун жуда оғир бўлди. Қаламни қўлимга олсам, сўзлар эмас, соғинч келади.

Бир оғиз “дадажоним” деган сўзнинг ўзи бўғзимга тугун бўлиб тиқилади. Кўзларимга ёш тўлади. Ёзмоқчи бўламан — хотиралар қаршимда гавдаланади. Дадамнинг овози, қарашлари, ёнимда ўтирганлари, “Бу сўзни бошқача ёз” деган танбеҳлари эшитилгандек бўлади…

Ва мен яна бир бор англайман: мен кучли инсоннинг кучли қизиман.

Ёзишга жазм қилдим. Чунки дадамнинг қизиман.

Дадам бир неча йил аввал оғир юрак операциясини бошдан кечирдилар. Кўпчилик бундай синовдан кейин таслим бўлади. Қиблагоҳим енгилмадилар, ҳаётга қайтдилар. Гўё қайтадан дунёга келгандек бўлдилар. Ва яна қалам ушладилар, яна ёздилар, яна сўз билан яшадилар. Чунки отажоним адабиёт кишиси эди. Илм, ижод, сўз одамлари билан яшарди қалби.

Нафақага чиққанларидан кейин уйда зерика бошладилар. Ҳовлининг экин-тикинлари, паррандалар билан чалғиш мумкин эди, аммо булар дадамга ёзиш завқини беролмасди.

Биргаликда китоб ёзишимиз қандай бошланган?

Кечагидек эсимда. Телефон қилиб: “Ўзбекистон Қаҳрамони Шукуржон Маматқулов ҳақида китоб ёзяпман. Сенга ҳам ўргатаман. Кейинги китобларни бирга ёзамиз”, дедилар. Бу гапни ўша пайтда оддий қабул қилган эканман. Бугун ўйласам… Бу менга берилган энг катта мерос экан. На мол-дунё, на бойлик, на мансаб…

Қалам!

Сўз!

Устозлик!

Ва отам билан ўтказилган вақт!

Улар диктовка қилардилар, мен ёзардим. Қайтариқларни ёмон кўрардилар: “Фикрлар сайқалини, моҳиятини бузади. Синонимлардан фойдаланишни бил”, дердилар. Шунинг учун диктовка пайти бирор сўз иккинчи марта такрорланиб қолса, синонимини қўллаб ёзаверардим.

Ҳозир ўша кунларни жуда соғиняпман…”

Отангизнинг жойлари жаннатда бўлсин. Касбингиздан барака топинг, Зилола қизим, дейман…

Ҳар кимга ҳам сиздек фарзанд насиб этсин!

Дилмурод ҚИРҒИЗБОЕВ,

Ўзбекистон Журналистлар

уюшмаси аъзоси.

 

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

1 + eleven =