Суд адолати энди бир қадам яқин

Масофадан мурожаат ва видеоконференцалоқа имкониятлари

Рақамли технологиялар ҳаётимизнинг барча соҳаларига чуқур кириб бораётган бугунги кунда суд тизими ҳам бу жараёндан четда қолмади. Эндиликда фуқаро ёки тадбиркорнинг ўз ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун соатлаб навбат кутиб, узоқ йўл босиб суд биносига боришига ҳожат йўқ: кўплаб масалаларни уй ёки офисдан чиқмасдан, электрон тизимлар орқали ҳал этиш мумкин. Ушбу мақолада судга масофадан туриб мурожаат қилиш ҳамда суд мажлисларида видеоконференцалоқа тизими орқали иштирок этиш тартибини кўриб чиқамиз.

Судга электрон тарзда мурожаат қилиш

Фуқаролар, ташкилотлар ёки уларнинг вакиллари судга уч хил усулда: шахсан, почта орқали ёхуд электрон шаклда мурожаат қилишлари мумкин.

Электрон мурожаатни йўллаш учун “cabinet.sud.uz” махсус шахсий кабинет тизимидан фойдаланилади.

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 4-моддасида белгиланишича, судга мурожаат қуйидаги шаклларда амалга оширилади:

фуқаролик-ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар бўйича — даъво аризаси шаклида;

буйруқ тартибида иш юритиш ва алоҳида тартибда юритиладиган ишлар бўйича, шунингдек, ушбу Кодексда назарда тутилган бошқа ҳолларда — ариза шаклида;

апелляция, кассация ҳамда тегишли тафтиш инстанцияси судларига мурожаат қилинганда — шикоят (протест) шаклида.

Даъво аризаси Фуқаролик процессуал кодексининг 189-моддасида белгиланган талабларга мувофиқ расмийлаштирилиши, унда мурожаат қилувчининг тўлиқ исм-шарифи, манзили, даъвонинг мазмуни ва ҳуқуқий асослари кўрсатилиши, шунингдек, давлат божи тўланганлиги ҳақидаги квитанция ҳамда бошқа зарур ҳужжатлар илова қилиниши лозим.

Мурожаат юборилгандан сўнг унинг кўриб чиқилиш ҳолатини кузатиб бориш ҳам осонлашган. Бунинг учун Олий суднинг интерактив хизматлар порталидаги (“my.sud.uz”) “Онлайн кузатув” электрон хизмати ёки шахсий кабинет (“cabinet.sud.uz”) орқали қуйидаги маълумотларни олиш мумкин:

мурожаат қайси судга йўналтирилгани;

иш қайси судьяга бириктирилгани;

мурожаатнинг кўриб чиқилиш босқичи (қабул қилинган, кўриб чиқилаётган ёки рад этилган);

тайинланган суд мажлисининг санаси.

Суд мажлисининг аниқ куни ва вақти ҳақида “jadval.sud.uz” веб-сайти ёки “Суд мажлислари жадвали” рукни орқали хабардор бўлиш мумкин.

Видеоконференцалоқа орқали суд мажлисида иштирок этиш

Қонунчиликда белгиланган ҳолларда тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахслар суд биносига бормасдан, видеоконференцалоқа (“ВКС”) режимида масофадан туриб суд мажлисида қатнашиш ҳуқуқига эга.

Бу имконият, айниқса, бошқа туман ёки вилоятда яшовчи фуқаролар, узоқ ҳудудлардаги гувоҳлар ва экспертлар, шунингдек, жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахслар учун катта қулайлик яратмоқда.

“ВКС” тартибида иштирок этиш учун қуйидаги техник талабларга риоя қилиниши лозим:

барқарор интернет алоқаси;

камера ва микрофон билан жиҳозланган компьютер ёки смартфон.

Мазкур тизим мобиль илова орқали ҳам ишлайди — фуқаро суд биносига келмасдан, ўз телефони ёрдамида ҳам мажлисга уланиши мумкин. Иштирок этиш тартиби ҳақидаги батафсил йўриқнома Олий суднинг расмий ахборот ресурсларида жойлаштирилган.

Шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, давлат сирини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирларни сақлаш зарурати бўлган ёпиқ суд мажлисларида видеоконференцалоқа режимидан фойдаланишга йўл қўйилмайди: бундай суд мажлислари фақат анъанавий тартибда, бевосита суд биносида ўтказилади.

Бу нима беради?

Судлар фаолиятининг рақамлаштирилиши бир қатор афзалликларга эга:

Биринчидан, вақт ва маблағни сезиларли даражада тежайди: фуқаролар ортиқча йўл харажатларидан ҳамда иш жойидан ажралиб қолишдан халос бўлади.

Иккинчидан, очиқлик ва шаффофлик таъминланади: тарафлар суд жараёнининг боришини бевосита онлайн тарзда кузатиш имкониятига эга бўлади.

Учинчидан, олис ва чекка ҳудудларда яшовчи, саломатлиги туфайли ёки бошқа сабабларга кўра судга шахсан кела олмайдиган фуқаролар учун одил судлов янада тез, арзон ва қулай тарзда амалга оширилади.

* * *

Замонавий ахборот тизимлари суд адолатини фуқароларга янада яқинлаштирмоқда. Эндиликда ҳар бир шахс “cabinet.sud.uz” орқали ариза юбориши, унинг ҳолатини онлайн кузатиши ва зарур ҳолларда ўз уйидан чиқмасдан, видеоконференцалоқа тизими орқали суд мажлисида иштирок этиши мумкин. Буларнинг барчаси суд тизимидаги ислоҳотларнинг амалий самараси бўлиб, келгусида бундай рақамли имкониятлар кўламининг янада кенгайиши кутилмоқда.

Бу ҳақда “sud.uz”, “my.sud.uz”, “cabinet.sud.uz” электрон платформалари орқали батафсил маълумот олиш мумкин.

 

Собир НАБИЕВ,

Фуқаролик ишлари бўйича

Жиззах туманлараро судининг раиси.

Абдулазиз МУСТАФОҚУЛОВ,

Фуқаролик ишлари бўйича

Жиззах туманлараро судининг

девонхона мудири.

 

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

thirteen − 11 =