Ҳаётнинг ўзи энг катта мактаб

2026 йил 24 сентябрь куни Ўзбекистон Миллий кино санъати саройида “Дарс” фильмининг тантанали намойиши бўлиб ўтди.

Инсон улғайгани сари англайдиган ҳақиқатлардан бири шуки, ҳаётнинг ўзи энг катта мактаб, унинг ҳар бир куни эса навбатдаги дарсдир. “Дарс” бадиий фильми ана шу оддий, аммо теран ҳақиқатни катта экранга олиб чиқди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш маркази ва “Ма’no cinema” ҳамкорлигида суратга олинган ушбу картина 1 октябрь — Ўқитувчи ва мураббийлар куни муносабати билан ишланган. Унда устоз-шогирд муносабатлари, китобхонлик, таълим-тарбия, инсонийлик ҳамда маънавий камолот каби мавзулар қаламга олинган. Бироқ “Дарс”ни фақат муаллим ҳақида ҳикоя қилувчи асар сифатида қабул қилиш унинг мазмун кўламини торайтиради.

Картина марказидаги Ойқиз образи орқали бир қизнинг ҳаётий синовлари, хатолари, изланишлари ва аста-секин улғайиб-ўзгариши ҳикоя қилинади. У шунчаки воқеалар ривожини четдан кузатиб борадиган қаҳрамон эмас: томошабин у билан бирга камол топади. Мутолаа, ҳаётий тажриба ва устознинг йўл-йўриғи туфайли Ойқизнинг дунёқараши шаклланиб, у мустақил фикрлайдиган ҳамда ўз танловлари учун масъулиятни ҳис эта оладиган шахсга айланади.

Фильмда китоб тутган ўрин ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Тезкор ахборотлар, қисқа видеолар ва бир лаҳзалик таассуротлар ҳукмрон бўлган бугунги муҳитда мутолаа инсон тафаккурини чархловчи муҳим восита сифатида яна бир бор ёдга олинади. “Дарс” китобни шунчаки мутолаа манбаи эмас, балки инсоннинг ички оламига таъсир кўрсатадиган, унинг қарашларини ижобий томонга йўналтирадиган куч сифатида талқин этади. Зеро, Ойқиздаги ўзгариш ҳам, аввало, ташқи шароит таъсиридан эмас, фикрлаш тарзининг янгиланишидан бошланади.

Картинадаги Ҳанифа хола образи эса устозлик моҳиятига бошқа бир нуқтадан назар ташлаш имконини беради. Яхши устоз фақат билим улашиш билан чекланмайди. У баъзан инсоннинг ўзи ҳам пайқамаган яширин имкониятларини илғайди, хатосини англашига кўмаклашади, адашганида тўғри йўл кўрсатади. Баъзан эса биргина сўзи билан инсон тақдирининг йўналишини белгилаб беради. Шу жиҳатдан олганда, Ҳанифа хола ва Ойқиз ўртасидаги муносабат фильмнинг асосий маънавий ўзагини ташкил этади.

Сценарий муаллифлари Мадина Йўлдошева ва Шоҳрух Неъматов, саҳналаштирувчи режиссёр Отабек Йўлдошев, постановкачи оператор Давлат Ўрозалиев, постановкачи рассом Темур Нурмуҳаммедов ҳамда монтаж устаси Нурилло Анваровдан иборат ижодий гуруҳ “Дарс”нинг муваффақиятли тасвирга олинишини таъминлаган. Картинада Мавлуда Ҳикматова, Малика Ибрагимова, Лола Элтоева, Толиб Мўминов, Аббос Баҳодиров, Санжар Намозов, Умид Узоқов, Шоҳрух Ҳамдамов сингари маҳоратли актёрлар жамоаси роль ижро этган.

Эҳтимол, намойиш якунида ҳар бир томошабиннинг кўнглидан кечадиган энг муҳим савол ҳам шудир: ҳаёт бизга қанчадан-қанча дарс берди-ю, биз уларнинг қанчасини чин маънода ўзлаштира олдик?

Фарангиз АБРУЕВА,

“Hurriyat” мухбири.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

5 × two =