5 баҳо нимани ҳал қилади?

Орасида “тўрт” баҳоси ҳам бўлган шаҳодатномасини қўлида тутганча, у илкис кўзига ёш олди. Кўз остидан атрофга разм солаётган устоз қаддини эгиб, ҳиқиллаб турган ўқувчисига қаради ва унинг ёқасидаги битирувчилик лентасини тўғрилар экан:

— Қувонч ёшларими бу? — деди.

— Устоз, мен доим аъло ўқишга ҳаракат қилдим, лекин баҳоларим бундан мустасно…

— Мен сизларга доим айтганман, баҳо ҳеч нарсани ҳал қилмайди…

— Йўқ, ҳал қилади, устоз! — деди у юзидаги ёшларни артар экан. — Мен чет элга ўқишга ҳужжат топширдим, у ерда баҳоларимга ҳам қаралади. Тўғри, “IELTS” сертификатим бор, лекин…

— Сен кўнглингни кенг қил, — деди устоз. — Ҳали ўқишга кириб, хушхабар етказгани келасан. Муҳими, талаба бўлганингдан сўнг ўз мутахассислигинг бўйича чуқур назарий ва амалий кўникмага эга бўлгин.

Одатда, мактаб баҳолари кўпчилик ўқувчилар ва ота-оналар учун энг муҳим мезонлардан бири сифатида кўрилади. “5 олдингми?”, “Аттестат қандай чиқди?” каби саволлар гўёки бутун келажакни ҳал қиладигандек туюлади. Аслида эса бу масала анча мураккаб ва бир ёқлама эмас. Мактабдаги баҳолар ўқувчининг маълум бир вақт оралиғида ўқиган фанларни қанчалик ўзлаштирганини кўрсатади, холос. Аммо бу ҳолат унинг келажакдаги муваффақияти ёки қобилиятини тўлиқ белгилаб бера олмайди.

Ўзбекистонда олий таълим муассасаларига кириш, асосан, тест синовлари орқали амалга оширилади. Яъни, олий таълим масканларига қабул қилишда мактаб аттестатидаги баҳолар эмас, балки кириш имтиҳонларидаги натижалар асосий ҳал қилувчи омил ҳисобланади. Баъзи йилларда айрим йўналишлар бўйича аттестат баҳолари ёки сертификатлар (масалан, чет тилини билиш сертификатлари) қўшимча устунлик сифатида инобатга олиниши мумкин, лекин бу умумий тизимда асосий роль ўйнамайди. Демак, “5” баҳога ўқиган ўқувчи ҳам, ўртача ўзлаштирган ўқувчи ҳам кириш имтиҳонларида тенг шароитда беллашади.

Аслида, мактаб ва олий таълим ўчоқларидаги баҳоларни бир тарозига қўйиб бўлмайди. Уларнинг аҳамияти инсоннинг қайси мақсад сари интилаётганига қараб ўзгаради. Мактаб баҳолари кўпроқ умумий билимни ўзлаштириш, интизом ва асосий пойдеворни шакллантиришга хизмат қилади. Лекин улар кўп ҳолларда якуний ва ҳал қилувчи омилга айланмайди. Айниқса, олий ўқув юртига киришда асосий эътибор тест ва имтиҳон натижаларига қаратилади.

Университет босқичига келганда эса масала ўзгаради. Чунки бу ерда баҳолар фақат “ўтиш” учун эмас, балки келажакдаги илмий фаолият учун ҳам муҳим аҳамият касб этади. Айниқса, магистратура, “PhD” ёки илмий изланишларни давом эттиришни режалаштирганлар учун “GPA” (ўртача ўзлаштириш баҳоси) жуда катта роль ўйнайди. Хорижий университетларнинг магистратура ва грант дастурларига қабул жараёнида ҳам юқори “GPA” талаб қилинади ва бу номзоднинг барқарор ўқиганини кўрсатувчи асосий мезонлардан бири саналади. Шу билан бирга, чет элда таҳсил олиш ёки грант ютишни мақсад қилганлар учун ҳам баҳолар муҳим. Мактаб босқичидаги яхши натижалар ва сертификатлар бакалавриатга киришда ёрдам берса, университетдаги “GPA” эса грантлар, стипендиялар ва магистратурага қабул қилинишда катта устунлик беради. Чунки халқаро дастурлар фақат бир марталик натижага эмас, балки бутун ўқиш давомидаги барқарорликка эътибор қаратади.

Халқаро тажрибага назар ташланса, вазият бироз бошқача эканини кўриш мумкин. Масалан, АҚШ ва Европадаги кўплаб университетларда “GPA” жуда муҳим роль ўйнайди. Буюк Британия ва бошқа Европа давлатларида “IELTS” ёки “TOEFL” каби тил сертификатлари билан бир қаторда академик кўрсаткичлар ҳам биргаликда баҳоланади. Германия каби давлатларда эса “GPA” тизими (1.0-4.0) ўқишга киришда жуда ҳал қилувчи аҳамиятга эга. Яъни, дунёнинг турли мамлакатларида мактаб ёки коллеждаги баҳолар маълум даражада эътиборга олинади, лекин у ҳар доим ҳам ягона ва мутлақ омил ҳисобланмайди.

Қизиқ томони шундаки, ҳаётий мисоллар кўп ҳолларда “фақат аълочилар муваффақиятли бўлади” деган қарашни инкор этади. Масалан, жаҳонга машҳур тадбиркор, миллиардер Билл Гейтс университетни тугатмаган бўлса-да, дунёдаги энг йирик технологик компаниялардан бирига асос солган. Стив Жобс ҳам коллежни якунламаган, лекин бутун дунёда технология ва дизайн тушунчасини тубдан ўзгартириб юборган. Марк Цукерберг эса университетни тарк этиб, глобал ижтимоий тармоқ яратди. Бироқ бу “баҳолар умуман керакмас” дегани эмас. Айрим тадқиқотларга кўра, юқори “GPA” билан тамомлаган талабалар кейинги 5-10 йил ичида барқарорроқ даромадга эга бўлиш эҳтимоли юқорироқ бўлади. Аъло баҳо, одатда, интизом, режали ишлаш ва тизимли ўрганиш кўникмасини шакллантиради. Лекин бу ҳам муваффақиятнинг ягона кафолати эмас.

Аслида, энг катта фарқ баҳода эмас, балки фикрлаш тарзида намоён бўлади. Мактабни “5” баҳоларга тугатганлар кўпинча тизимга мослашган ва тартибли ишлашни ўрганган бўлишади. Ўртача ёки пастроқ баҳо олган, аммо кейинчалик катта ютуқларга эришганлар эса кўпинча ижодий фикрлаш, таваккал қилиш ва ўз йўлини топа олиш қобилияти билан ажралиб туришади. Шу сабабли ҳам ҳаётда иккала тоифадаги инсонлар муваффақиятга эриша олади, фақат уларнинг босиб ўтадиган йўллари фарқ қилади.

Ҳозирги замонавий таълим тизимида аста-секин баҳодан кўра компетенция (амалий кўникма ва билим) муҳимроқ аҳамият касб этмоқда. Яъни “GPA”, тил сертификатлари, амалий лойиҳалар, портфолио ва тажриба каби омиллар университетга киришда ҳамда кейинги босқичларда катта ўрин эгалламоқда. Айниқса, чет элда ўқиш ёки грант ютишда фақат баҳо эмас, балки яхлит профиль — билим, кўникма ва ижтимоий фаоллик биргаликда баҳоланади.

Хуллас, мактаб баҳолари муҳим, лекин улар инсон келажагини тўлиқ белгилаб берадиган ягона мезон эмас. Улар шунчаки бошланғич босқичдаги кўрсаткич, холос. Асосий йўл эса мактабдан сўнг — олий илм даргоҳларида, ҳаётий тажриба орттириш ва ўз устида мунтазам ишлаш жараёнида бошланади. Баҳолар эшикни очиб бериши мумкин, аммо ичкарида қандай йўл тутиш фақат инсоннинг ўз қўлида.

Фарангиз АБРУЕВА.

 

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

2 × one =