Аёлнинг сукути розилик эмас
ёки қизнинг орзуси сўндирилмасин
Баъзан бир инсоннинг дардини тушуниш учун минглаб сўз шарт эмас. Унга шунчаки қулоқ тутиш, ҳисларини тушунишга уриниш ва фикрини ҳурмат қилиш кифоя. Аммо жамиятда шундай инсонлар борки, уларнинг ҳаёти ҳақида ҳамма гапиради-ю, ўзларига сўз беришга келганда барча сукут сақлайди. Улар орзуларини ичига ютган қизлар, дардини айтишга қўрқадиган аёллардир.
Бугун хотин-қизлар ҳуқуқлари, қизларнинг таълим олиши ва жамиятдаги ўрни ҳақида кўп гапирилмоқда. Улар учун янги имкониятлар яратилиб, билим олиши ва касб-ҳунар эгаллашига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бироқ мени ҳамон бир савол ўйлантиради: биз аёллар ҳақида гапиряпмиз-у, аммо уларнинг ўзларини қанчалик тинглаяпмиз?
Қизнинг орзуси қачон сўнади?
Айрим оилаларда қизнинг қаерда ўқиши, қайси касбни танлаши ва қачон оила қуриши унинг ўрнига ҳал қилинади. “Қиз бола барибир бировнинг хасми”, деган қараш билан унинг орзу-умидлари чегаралаб қўйилади. Олийгоҳда таҳсил олишни, етук мутахассис бўлиб жамиятга фойда келтиришни истаган қизга баъзан: “Сенга бунинг нима кераги бор?” деган таънали савол берилади.
Аммо нега қизнинг орзуси ортиқча интилишдек қабул қилиниши керак? Нега унинг келажаги борасида қарор қабул қилишда ўз фикри охирги ўринга тушиб қолади?
Балки у келажакда шифокор бўлиб, инсонлар ҳаётини сақлаб қолишни истар. Балки ўқитувчи бўлиб, болаларга таълим беришни ёки журналист сифатида жамиятдаги муаммоларни дадил ёритишни орзу қилар? Қалбида қандай эзгу мақсадлар яшаётганини билмай туриб, унинг тақдирини сиртдан ҳал қилиш қанчалик адолатли?
Қиз фарзанд дунёга фақат келин бўлиш учунгина келмайди. У ҳам билим олиш, касб эгаллаш, мустақил фикрлаш ва ўз иқтидорини намоён этиш ҳуқуқига эга тўлақонли инсондир.
Албатта, оила қуриш — ҳаётнинг муҳим ва масъулиятли босқичи. Бироқ турмуш қуриш таълимдан воз кечиш, орзуларни кўмиш ёки ўзлигини йўқотиш дегани эмас. Аксинча, илмли ва мустақил фикрга эга аёл ўз оиласига ҳам, жамиятга ҳам кўпроқ наф келтира олади.
Аёлнинг дарди нега ўзидан сўралмайди?
Яна бир оғриқли масала бор: аёл ўз дардини ошкор қилганида, уни тинглаб, тушуниш ўрнига кўпинча айбдор қилиб кўрсатишади. Зўравонлик қурбони бўлган аёлдан “Нега чидадинг?” деб сўралади. Гўёки рўй берган мудҳиш воқеа учун ҳам жабрдийданинг ўзи айбдордек.
Лекин нега аввало “Нега унга зулм қилинди?”, “Бу ҳолатнинг олдини олиш учун нима қилинди?” деб савол қўймаймиз?
Аёлнинг бошидан кечирган азобларини билмасдан туриб, унга осонгина ҳукм чиқариш ноинсофликдир. Унинг қалбидаги қўрқувни, иқтисодий қарамлигини, фарзандлари учун хавотирини ёки ёрдам сўрашга имкон тополмаганини англашга ҳаракат қилиш эса анча муҳимроқ.
Ҳар бир аёлнинг ҳаёти, босиб ўтган йўли ва танлови бетакрордир. Шу боис ҳеч кимни эшитмасдан айблаш, бировнинг дардини писанд қилмаслик ёки унинг кўрган ситамларини оддий ҳолдек қабул қилиш тўғри эмас.
Аёлнинг сукути ҳар доим ҳам розилик аломати бўлавермайди. Баъзан бу сукут ортида айтилмаган минглаб ҳақиқатлар, кўз ёшига айланган орзулар ва мадад сўрашга ботинмаган ярадор қалб яширинган бўлади.
Биз аёлнинг овозини фақат мусибат юз берганда эмас, оддий кунларда ҳам тинглашни ўрганишимиз даркор.
Қизлар келажагига даъват
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси раҳбари Саида Мирзиёева қизлар таълими ҳақида сўз юритар экан, шундай таъкидлаган эди:
“Билимли қиз нафақат ўз ҳаётини, балки оиласини, атрофидаги муҳитни ва бутун мамлакат келажагини ўзгартиришга қодир”.
Бу оқилона фикрдир. Чунки таълим қиз балоғатга етганда унга шунчаки диплом бермайди, балки мустақил мушоҳада юритиш, ўз ҳақ-ҳуқуқларини англаш, касб эгаллаш ва ҳаёт йўлини онгли равишда танлаш имкониятини тақдим этади.
Қизнинг илм олиши фақат унинг шахсий ютуғи билан чекланиб қолмайди. Бу келажакда тарбия топадиган соғлом авлод, мустаҳкам оила ва маърифатли жамият пойдеворига қўйилган муҳим ғиштдир.
Шундай экан, қизларнинг таълим олиши масаласини фақат ота-онанинг хоҳиши ёки тор оилавий қарашлар доирасида чеклаб қўймаслик лозим. Уларнинг қизиқиши, лаёқати ва келажакдаги мақсадлари албатта инобатга олиниши шарт.
Қиз фарзандига ишонч билдирган ота-она унинг қанотини қайирмайди, аксинча, юксак парвоз қилишига мададкор бўлади.
Муаммо фақат бир оиланинг иши эмас!
ЮНИСЕФ таҳлилларида эрта турмуш қизларнинг билим олиши, соғлиғи ва келажакдаги имкониятларига жиддий салбий таъсир кўрсатиши қайд этилади. Бу эса мазкур масала шунчаки алоҳида бир хонадоннинг ички иши эмаслигидан далолат беради.
Қиз боланинг таълимдан четда қолиши унинг келажакдаги касбий имкониятларини кескин чеклаб қўяди. Ўз ҳуқуқларини яхши билмаслик эса уни турли тазйиқ ва адолатсизликлар қаршисида ожиз қолдириш хавфини оширади.
Шу сабабли қизларни ўқитиш, уларнинг фикрини қадрлаш ва ҳар қандай зўравонликдан ҳимоя қилиш фақат аёлларнинг эмас, балки бутун жамиятнинг умумий бурчидир.
Ота-оналар фарзандларига тўғри йўл кўрсатиши лозим, аммо уларнинг ўрнига бутун умрлик қарорларни чиқаришга ҳақли эмас. Жамият эса аёл кишини фақат оиладаги бурчлари билангина эмас, балки билими, истеъдоди, ҳалол меҳнати ва инсоний қадр-қиммати билан ҳам баҳолаши зарур.
* * *
Қизларнинг оила қуришига асло қарши эмасман. Фақат уларнинг розилигисиз тақдири ҳал қилинишига, эзгу орзулари ўзгаларнинг қотиб қолган қарашлари туфайли сўнишига қаршиман.
Аёлни ҳимоя қилиш — унинг ўрнига қарор чиқариш эмас, балки ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқини ҳурмат қилиш демакдир. Қизни ардоқлаш — уни орзуларидан воз кечишга мажбурлаш эмас, аксинча, ўша мақсадларига етиши учун кенг йўл очиб беришдир.
Зеро, ҳар бир қизнинг ортида бутун бир келажак, ҳар бир аёлнинг юрагида эса ўзига хос тарих бор. Улар ўз тақдирини ўзлари баён этишига имкон берайлик. Хотин-қизларни айблашдан олдин эшитайлик, тақдирини ҳал қилишдан аввал фикрини сўрайлик.
Қизнинг тўйи бир кунлик шодиёна бўлиши мумкин, аммо унинг билими ва таълими бутун умр ишончли ҳамроҳ бўлади. Бугун бир қизнинг ўқишига яратилган имконият эртага унинг бутун ҳаётини ёруғ қилиши тайин. Бугун бир аёлнинг дардига қулоқ солиш эса унинг ёлғиз эмаслигини ҳис эттиради.
Аёлнинг сукути ҳеч қачон розилик эмас, қизнинг орзуси эса сўндирилиши керак бўлган ортиқча ҳавас эмасдир. Ҳар бир қизнинг овози янграшга, ҳар бир аёлнинг дарди эшитилишга, ҳар бир инсон эса ўз қадр-қиммати билан муносиб яшашга ҳақлидир.
Нилуфар ЙЎЛДОШЕВА,
Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети талабаси.
