“Жараён” давом этаверади…

— Мен ҳайратдаман. Мен даҳшатдаман.

— Нимага?

— Инсоннинг ҳеч қандай айби бўлмай туриб, ҳатто гуноҳини ўзи ҳам билмасдан, унинг устидан суд ҳукми чиқарилса-ю, у ҳеч қачон айби нималигини билмасдан, ўзининг айбсизлигини исботлаш учун тинимсиз ҳаракат қилса ва охир-оқибат ҳеч нарсани билмай туриб, ҳаёт билан видолашса! Бунинг устига, у зиндонбанд ҳам этилмаган. Озодликда. Аммо бундай ҳаётдан зиндонда яшаш яхшироқ эмасми?

Аслини олиб қараганда, бу ҳаётда ҳаммамиз ўз гуноҳларимиз нимадан иборат эканлигини билмай яшаймиз. Ўзимизни оқлашга уринамиз. Франц Кафканинг “Жараён” романида бу ҳолат ўз аксини топган.

Мен бу романни жуда қийналиб ўқидим. Ҳар бир сўзини баъзида уч марта, баъзан қайта-қайта такрорлаб ўқидим. Сабаб асарнинг тушунарсиз эканлигида эмас. Ёки қандайдир мавҳумлик ҳам йўқ. Назаримда, асар таржимаси жуда оғир бўлган. Ўзбек тилининг энг тушунарсиз тури билан ўгирилган, деса ҳам бўлади. Тўғри, асли Австрияда туғилган буюк ёзувчининг услуби жуда мураккаб. Тушуниш, англаш, “ҳазм қилиш” учун уни кўп ўқиш ва уқиш керак. Ёзувчининг фалсафий мушоҳадаси жуда кенг.

Мен бир қанча асарлар таржималарини ўқиб, одамнинг сабрини синайдиган таржимонлардан иборат рўйхатни шакллантирганман. Улар сони яна биттага ошганига айнан шу асар сабаб бўлди, дейишим мумкин. Масалан, “сурат” ўрнига “суврат” сўзини ўқиганимда фиғоним фалакка чиқар (чунки бу сўз “кўриниш”, “жозиба”; “ҳусн”, “малоҳат” маъноларини англатиб, ҳеч қачон “сурат”, “портрет” ё “расм” маъносини бермайди), ёки “ўсмоқчилаб” сўзини ҳазм қилолмасдан хуноб бўлардим. Бундай сўзлар кўп эди, шунинг учун уларни охири ўз талқинимда ўқишга урина бошладим ва бу борада таржимондан миннатдор бўлишим керак.

Асар қаҳрамони Йозеф К. менга жадидларимизни эслатди. Гуноҳи нималигини билмай туриб, замоннинг лоқайдлиги ва ўз жараёнларининг қандай кетаётганидан бехабар бир ҳолатда қурбон бўлганликларини К. тақдири билан айнан бир хил ҳодиса деб ҳисоблайман. Албатта, бундай воқеаларга дунёнинг турли бурчакларидан минглаб мисоллар келтириш мумкин. Лекин менинг хаёлимга келгани шу бўлди.

Китобнинг илк саҳифаларидаги сўзбошига ҳам эътирозим бор. Сўзбошида асарнинг барча тафсилотлари айтилиши шарт эмас эди. Чунки ўқувчидаги мутолаа завқига бу ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Яна бир дунё имловий хатолар…

Бу мулоҳазалардан ушбу асарни ўқиганимда олган таассуротларим салбий экан, деган фикрга боришингизни ҳам истамайман. Чунки асар мукаммал тарзда ёзилган. Персонажлардаги такаллуф ва мулоҳазакорлик, ўзини тутиш каби ҳолатлар Европадаги жамият ахлоқи ҳақида китобхонга кўп маълумот бера олади. Балки, бир неча йиллардан кейин “Жараён”ни яна бир маротаба ўқиб кўрарман. Чунки баъзида инсонларнинг айрим асарларга руҳан тайёр эмаслиги туфайли шошилинч хулоса чиқаришларининг гувоҳи бўлганман ва ўзимда ҳам бу ҳолат кўп кузатилади. Биринчи марта Румийни ўқиётган инсон ҳеч қачон унинг фикрлари моҳиятини тўлалигича тушунмайди. Ёки Толстойнинг “Уруш ва тинчлик” асарини ёш авлод орасида қирқ варақдан бирданига ўтиб, охиригача ўқиганларни ҳали-бери учратмадим.

Кафканинг “Жараён”и инсониятнинг азалий ҳаёт йўли манзарасига ҳам мос келади. Одамлар аввалига ҳеч нарсани билмайдилар, ўқийдилар, изланадилар, ўз тақдирлари “ҳукми”ни енгиллатиш учун тинмасдан ҳаракат қиладилар. Худди шундай! Муаллифнинг саломатлиги ҳақидаги маълумотни билганлигим туфайли асарни унинг ҳолатига тушгандек ўқидим. Қаттиқ хасталикдан азият чекаётган бемор сингари.

Шу орада бир воқеанинг гувоҳи ҳам бўлдим. Бир чекка қишлоққа иш юзасидан борганимда, ёши тахминан ўн бешларда бўлган бир йигитчанинг қўлида “Жараён”ни кўриб қолдим. У билан асар ҳақида суҳбатлашгим келди ва ундан “Ҳозир қаерига келдинг? К. қандай аҳволда?” деб сўрадим. У менга ҳайратланиб қараб: “Мен ҳали ўқишни бошлаганим йўқ!” дея жавоб берди. Унга асар оғирлик қилишини тушунтиргандек бўлдим. Менимча, у китобни номига қўлига олиб юрганга ўхшади. Балки, энди ўқигандир? Лекин қандай хулоса чиқаргани менга қоронғи.

Хуллас, “Жараён” ўз ниҳоясига етди. Лекин “жараён” ҳар доим давом этаверади. Ҳеч ким ўз гуноҳини билмайди, лекин ҳамма бир хил маҳкумлар қаторида. Маҳкумлар учун эса атрофдаги барча унинг “жиноят иши”га дахлдордек туюлаверади…

Шаҳзод КЕНЖАЕВ,

Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университети

халқаро муносабатлар факультети талабаси.

Янгиликларни дўстларингизга улашинг

Fikr bildirish

Email manzilingiz chop etilmaydi. Majburiy bandlar * bilan belgilangan

four + 9 =