Адабиёт фидойиси эди
таниқли ёзувчи, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Қамчибек КЕНЖА хотираси
“Даврлардан ёдгор битиклар”
Тарихимизнинг бирмунча мураккаб саҳифалари — жафокаш халқимизнинг оғир меҳнати билан кечган йиллар, пахта яккаҳокимлиги сиёсати, сабр-андишали аксарият юртдошларимизнинг фақирона турмуш тарзи, зиёлиларнинг бошига тушган зулму қатағонларга қарамай, шўролар даврида бетакрор истеъдод соҳиблари майдонга чиқди. Улар ўз орзу-армонлари, ҳис-туйғуларини қоғозга тўкиб, умрларини фидойилик билан шу ишга бахшида этдилар.
Умуман олганда, халқимизнинг фахрли фарзандлари, жумладан, миллий маданиятимиз ва адабиётимиз равнақига муносиб ҳисса қўшган ўтмиш авлодлар намояндалари ҳамда замондош устозларимизнинг ҳаёти ва фаолияти кўп жиҳатдан ёш бўғин — янги насллар учун ибратлидир.
Халқимизнинг ана шундай фидойи фарзандларидан бири адиб Қамчибек Кенжадир. Устоз ижодкор ҳаёт бўлганида бу йил 80 ёшни қаршилаган бўлар эди.
Ўтган асрнинг 70-йилларида дастлабки шеърлари, талаба-ёшлар орасида ва адабий анжуманларда баҳс-мунозараларга сабаб бўлган “Яшил барг”, “Балиқ ови”, “Кўнгил кўчалари”, “Бир кеча — минг кеча”, “Соҳилда” сингари илк ҳикоялари биланоқ ном қозониб, таниқли адабиётшунослар ҳамда катта адиблар эътиборига тушган андижонлик адиб Қамчибек Кенжа сермашаққат ижод ва ҳаёт йўлини босиб ўтди. Фидокорлиги ва заҳматкашлиги, иқтидори, изланувчанлиги ва ўзига талабчанлиги ортидан у миллий адабиётимиз саҳифаларини ёрқин асарлари билан безата олди.
Адабий газета-журналлар ва бошқа даврий матбуот саҳифаларида эълон қилинган долзарб мавзулардаги публицистик мақолалари, эссе-бадиалари, шунингдек, мустақиллик йилларида экспедиция сафида юриб яратилган беш китобдан иборат сафарномалари адибнинг серқирра ижодкорлигини намоён этади. Улуғ мутафаккир шоир, жаҳон муаррихлари томонидан адолатли ҳукмдор, олижаноб, дилбар шахс деб эътироф этилган ҳамюртимиз Заҳириддин Муҳаммад Бобур изидан қилинган ушбу сафарномаларнинг ҳар бири роман даражасига тенглаштирилмоқда. Бундан ташқари, республиканинг нуфузли нашриётларида чоп этилган роман, қиссалари, шеърий китоблари ва бадиий таржималари ҳам унинг ғоят сермаҳсул ижод қилганидан далолат беради.
Умумий ўрта таълим мактабларининг 7-синф ўқувчилари “Адабиёт” дарслиги орқали ёзувчининг бир неча хорижий тилга таржима қилинган “Балиқ ови” ҳикоясини севиб, ҳаяжон билан ўқишмоқда. Юртимиздаги рус тилида таълим бериладиган мактабларнинг 7-синф ўқувчилари эса “Белые тополя” (“Оқ тераклар”) ҳикоясидан баҳраманд бўлишмоқда.
Камтар ва меҳнаткаш, холис фикрли адибни нафақат ёш ижодкорлар, балки кўплаб кекса қаламкашлар ҳам ўзига устоз деб билди. Ҳаёт отлиқ улкан уммонда машаққатли меҳнат билан кўзланган манзилга етмоқ мумкинлигини, элнинг ҳурмату эҳтиромига мушарраф бўлишдек олий бахтга эришиш сирларини Қамчибек Кенжанинг ибратли умр ва ижод йўли яққол кўрсатиб беради.
Ёшларни ва ижодкор дўстларни қўллаб-қувватлаш, ҳаммага ҳамиша тўғри маслаҳат бериш, ўрни келганда мурожаат қилган таниш-билишлардан ёрдамини аямаслик, тинимсиз ижодий изланишда бўлиш ҳамда янги китоблар нашр эттириб, уларни кутубхоналар, ўқув юртлари ва китобхонларга совға тариқасида тарқатиш адибнинг кундалик ҳаёт тарзига айланган эди.
“Камолотнинг олис йўли”
Қамчибек Кенжа (Кенжабоев) 1946 йил 15 августда Избоскан туманида, Қорадарё ва Тошпичан (ҳозирги Тентаксой) оралиғида жойлашган ғоят хушманзара Гуркиров қишлоғида туғилган. Жамоа хўжалигининг фаолларидан бўлган отаси Кенжабой ота Умрзоқов Иккинчи жаҳон уруши қатнашчиси эди.
Бўлажак адиб она қишлоғида мактабни тамомлаб, 1964 йили туман “Пахтакор” газетаси таҳририятида адабий ходим, кейинроқ янги ташкил этилган соҳа — туман радиоси ташкилотчиси ва мухбири бўлиб ишлай бошлади. Шу йили Тошкент давлат университети (ҳозирги ЎзМУ)нинг филология факультетига ўқишга кирди. Ўқишни тамомлаб, 1969 йилдан 1979 йилгача “Ўзбекистон маданияти” газетасида фаолият юритди.
Аслида, Қамчибек Кенжанинг меҳнат фаолияти жуда эрта бошланган. У 6-синфда ўқиётганидаёқ дарсдан сўнг ҳамда якшанба кунлари ўзи яшаб турган Гуркиров қишлоғи ҳудудидаги “Юқори ҳосил” жамоа хўжалигида турли юмушларни бажарар эди. 8-синфга ўтганида эса унга мактаб кутубхонаси мудирлиги топширилган — у катта танаффусларда ва дарсдан сўнг кутубхонани очарди. Шунингдек, мактабда лаборант, куни узайтирилган гуруҳ тарбиячиси, пионерлар етакчиси, ёшлар ташкилотининг иккинчи котиби вазифаларида ҳам фаолият юритган.
Оилавий шароит тақозосига кўра, яъни кексайиб қолган отасининг ёнида бўлиш учун у 1979 йили Тошкентдан Андижонга қайтиб, Избоскан тумани “Пахтакор” газетасида маданият бўлими мудири, айни вақтда ўзи ўқиган 27-ўрта мактаб қошидаги кечки мактабда тарих, жамиятшунослик, она тили ва адабиёти фанлари ўқитувчиси, кейинроқ Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Бадиий адабиётни тарғиб қилиш марказининг вилоят вакили вазифаларида ишлади. 1983 йили яна Тошкентга — Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасига ишга чақирилиб, Наср кенгашида адабий маслаҳатчи бўлиб фаолият кўрсатди.
1985 йилда тақдир уни яна Андижонга олиб келди: май ойида вилоят раҳбариятининг сўровига кўра Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси уни уюшманинг вилоят бўлими масъул котиблигига юборди. Ушбу лавозимда у 20 йилдан зиёд фаолият кўрсатди. Шу вақт мобайнида вилоят ижодкорлари ўртасидаги муносабатларни янада жипслаштириш, уларнинг юбилей ва ижодий кечаларини ташкил этиш, адабий муҳитни фаоллаштириш, ёш қаламкашларни қўллаб-қувватлаш ишларига бош-қош бўлди.
У бўлимда ишлаш билан бирга, 1996 йил бошидан “Холис” савдо-саноат бирлашмаси муассислигида “Холис” номли ижтимоий-оммабоп ҳафтанома ташкил этиб, 2018 йилгача унга бош муҳаррирлик қилди. Бобур халқаро жамоат фондининг раёсат аъзоси сифатида ҳам тадбирларда фаол иштирок этди.
Олимжон Холдор, Фозилжон Иминов, Тўлан Низом каби ижодкорларнинг қўллови, ўша пайтда вилоятни бошқарган маърифатпарвар раҳбар Қаюм Холмирзаевнинг хайрихоҳона муносабати туфайли Ёзувчилар уюшмаси вилоят бўлимидаги шарт-шароитлар яхшиланди. Вилоят матбуот бошқармаси қошидаги “Нашриёт” бўлимида жамоатчилик асосида бадиий муҳаррирлик вазифаси ҳам унинг зиммасига юкланди. Қамчибек Кенжанинг шахс сифатида оғир-босиқлиги, ўзгаларга ёмонлик раво кўрмаслиги, ўз ишини пухта билиши, шунингдек, салмоқли ижоди ва ўткир қалами борлиги унга фаолияти давомида кўп асқатди.
Қамчибек Кенжа бадиий ижодга аксарият қаламкашлар каби анча эрта қизиққан. Тўғрироғи, онаси Салтанатхон Эшонжон махсум қизининг барвақт вафоти унинг мурғак қалбини яралаб, қўлига қалам тутқазган. Ёш қаламкашнинг илк шеъри 1962 йили “Пахтакор” газетасида эълон қилинган. Кейинчалик вилоят ва республика газета-журналларида, баёзларда шеър, очерк ва публицистик мақолалари билан қатнаша бошлаган.
1974 йили таниқли адабиётшунос олим, мунаққид Иброҳим Ғафуров “Ёш ленинчи” газетаси саҳифаларида оқ йўл тилаб, ёш, умидли шоирга Қамчибек Кенжа адабий тахаллусини беради.
“Соғинч” номли биринчи шеърий китоби қўлёзмаси Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Назм кенгаши йиғилишида устоз шоирлар, мунаққидлар ва адабий жамоатчилик муҳокамасида ижобий баҳо олгач, 1975 йили Ғафур Ғулом номидаги Адабиёт ва санъат нашриётида чоп этилади.
У насрда ҳам ижод қила бошлайди. 1974 йилда “Шарқ юлдузи” журналида “Яшил барг” номли дастлабки ҳикояси эълон қилинади. Ҳикоя журналхонлар ва мунаққидларга маъқул бўлади. Ёш адибнинг “Яшил барг”, “Балиқ ови”, “Соҳилда” ва бошқа ҳикоялари тўғрисида таниқли ёзувчилар, адабиётшунос олимлар — Матёқуб Қўшжонов, Озод Шарафиддинов, Умарали Норматов, Нинель Владимирова, Норбой Худойберганов, Пирмат Шермуҳаммедов, Шукур Холмирзаев, Ёқуб Яквалхўжаев, Ҳакимжон Каримов, Михли Сафаров ва бошқалар илиқ фикрлар билдиришган. 1977 йили унинг “Яшил барг” сарлавҳали ҳикоялар тўплами нашрдан чиқади ва Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси томонидан ташкил этилган қизғин муҳокамада юқори баҳоланади.
Ёзувчининг ҳикоялари хусусида Ўзбекистон халқ ёзувчиси Одил Ёқубов насрий асарлар муҳокамасига бағишланган катта йиғинда шундай деган эди: “Қамчибек Кенжанинг “Балиқ ови” ҳикояси ҳаммамизга маъқул бўлди. Ҳикояда хушомадгўйлик қусури ёмон оқибатларга олиб бориши, ҳатто кучли фожиаларга сабаб бўлиши ишонарли тасвирланади. Бу ҳикоя “Яшил барг” тўплами муаллифи Қамчибек Кенжанинг умидли прозаик эканини кўрсатади…” (“Ўзбекистон маданияти” газетаси, 1978 йил 28 март).
Ўзбекистон халқ ёзувчиси, Ҳамза номидаги давлат мукофоти соҳиби Назир Сафаров шундай ёзган эди: “Шеърининг жозибадорлиги, ўзининг самимийлиги жиҳатидан менинг кўнглимга яқин яна бир ёш шоир бор. У куни кеча отахон газетамиз “Совет Ўзбекистони”да чиққан “Дўстимга жавобларим” сарлавҳали бақувват шеъри кўпчиликнинг диққатини жалб этган Қамчибек Кенжадир” (“Ўзбекистон маданияти” газетаси, 1977 йил 11 январь).
“Қамчибек Кенжа ҳикоялари кўтарган муаммолари жиҳатидан ҳам Ўткир Ҳошимов, Шукур Холмирзаев ҳикояларига оҳангдош, — деб ёзади филология фанлари доктори, профессор Умарали Норматов. — Лекин бу ерда муаммолар талқини ўзига хос… Қамчибек Кенжа студент-ёшлар ҳаётидан қатор яхши ҳикоялар ёзган, уларда ҳозирги ёшлар характерига хос фазилат-қусурларни нозик ифода этган; бу турдаги ҳикояларда “Балиқ ови”дагидек кескин драматик, ошкора фожиали ҳодисалар йўқ: автор сиртдан силлиқ, осойишта кўринган ҳодисаларнинг ички драмасини очишга интилади, сокин кечаларда ёшлар орасида кечган беозоргина мулоқотлар замиридаги муҳим ўзгаришларни, характерлар табиати ва тақдиридаги кескин бурилишларни топиб тасвирлайди. “Бир кеча — минг кеча” шу турдаги ҳикоялардандир”.
Адибнинг “Кўнгил кўчалари” (1979), “Ишқинг тушса” (1981), “Орзумандлар” (1982), “Нотаниш гул” (1986), “Тоғ йўлида бир оқшом” (1987), “Соҳилдаги сув париси” (1993), “Қизил гуллар” (1995), “Муҳаббатни гуноҳ десалар” (1996), “Соҳибжамол аёл сири” (1996), “Кулгибахш умр” (1997), “Бахт қуши ёки ушалган орзулар” (2001), “Хамир учидан патир ёхуд кулча ҳикоялар” (2005), 2 жилдлик “Сайланма” (2006-2007), “Тошқин” (2010), “Бир кеча — минг кеча”, “Палахмон тошлари” каби 70 га яқин шеърий, насрий ва публицистик китоблари, қисса ва романлари нашр этилган.
Унинг шеър ва ҳикоялари рус, турк, инглиз, украин, қозоқ, қирғиз, қорақалпоқ, уйғур ва бошқа тилларга таржима қилинган.
Бобур номли халқаро илмий экспедиция аъзоси сифатида темурий-бобурийлар ва бошқа буюк аждодларимиз изидан қилган ижодий сафарлари Қамчибек Кенжанинг ижодий салоҳияти янада юксалишига замин яратди, дейиш мумкин.
“Улуғ ҳамюртимиз, шоир ва шаҳаншоҳ Заҳириддин Муҳаммад Бобурни ҳар қайси маънода ўз Ватани Андижонга қайтариш борасида катта аҳамият касб этган мазкур сафарлар давомида мен Бобурни қайта англадим, Бобурийларни яхшироқ танидим ва қалбим ғурур, ифтихор туйғулари билан лиммо-лим тўлди”, деган эди адиб.
Ана шу сафарлар таассуротлари асосида “Ҳинд сориға”, “Андижондан Даккагача”, “Афғонистон бўйлаб 17 кун”, “Андижондан Бағдодгача”, “Буюк Соҳибқирон ўтган йўлларда” номли бешта йирик бадиий сафарнома ёзди. Улардан ташқари, Бобур халқаро жамоат фонди, экспедицияси ва уларнинг ташкилотчи раҳбари, геология-минералогия фанлари номзоди, Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган маданият ходими Зокиржон Машрабов фаолияти ҳақида “Бобурийлардан бири” китобини яратди. “Бобурийлардан бири” қайта ишланган ва тўлдирилган ҳолда уч бора нашр этилди.
Адиб Заҳириддин Муҳаммад Бобур таваллудининг 510 йиллиги муносабати билан экспедиция сафарлари таассуротлари асосида ишланган 3 қисмли “Бобурийлар изидан” (режиссёр Даврон Салимов), 2 қисмли “Бобур саломи” (режиссёр Шуҳрат Қурбонбоев), “Буюк Бобур ворислари” (режиссёр Собир Зиямуҳамедов) номли ҳужжатли-оммабоп фильмларнинг сценарий муаллифидир.
Адибнинг 1950 йиллар бошларидаги зиёлилар қатағони жабрдийдаларининг фожиали қисматига бағишланган “Палахмон тошлари” романи адабий танқидчиликда алоҳида воқеа сифатида эътибор қозонди. Таниқли адабиётшунос олим, педагогика фанлари доктори, профессор Қозоқбой Йўлдошев китобнинг иккинчи нашрига ёзган “Зулм чангалидаги тақдирлар тасвири” сарлавҳали сўнгсўзида асарнинг ғоявий ва бадиий жиҳатларига, ёзувчининг характер яратиш маҳоратига юқори баҳо берган.
Қамчибек Кенжа ҳозиржавоб публицист эди. Мустақиллик фидойилари, истиқлол қаҳрамонлари ва давр ёшларининг ҳис-туйғулари ифода этилган кўплаб мақолалари маънавий-мафкуравий муаммоларни очиб беришга қаратилган.
У республика ва Андижон нашриётларида чоп этилган кўплаб адабий-бадиий, илмий-оммабоп китобларнинг нашр этилишида ташаббус кўрсатган, муҳаррирлик қилган ҳамда сўзбошилар ёзган.
Қамчибек Кенжа ҳаёти ва ижодий фаолияти тўғрисида филология фанлари номзоди, адабиётшунос Тўлқин Йўлдошевнинг “Камолотнинг олис йўли” монографияси, адиб Абдунаби Бойқўзиевнинг “Ай, акам дарё экан” номли эссе ва эсдаликлар китоби нашр қилинган.
“Беором, бемаром онлар”
Кейинги йилларда адиб “Бахт ярим, қайғу ярим”, “Қиёматга қолган кечирим”, “Бир кўнгилда икки муҳаббат”, “Даврлардан ёдгор битиклар”, “Беором, бемаром онлар” каби ўнлаб янги китобларини нашр эттириб, кутубхоналарга, ўқув юртларига ва дўстларига тарқатди.
“Қалб созининг созандаси” номли китоб Қамчибек Кенжа ижоди, фаолияти ҳамда асарлари таҳлилига бағишланган бўлиб, 2025 йилда Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси Андижон вилояти бўлимида нашрга тайёрланиб, чоп этилди.
2026 йил март ойида устоз адиб таваллудининг 80 йиллиги муносабати билан профессор Иброҳимжон Асқаров ҳомийлигида 10 жилдлик “Сайланма” китоблари нашр этилди ва ушбу салмоқли, қимматли асарларни у ўз қўли билан бизга ва бошқа ижодкор дўстларига етказган эди.
Устоз умрининг охирги кунларида жуда қаттиқ меҳнат қилди, улгуриб қолиши лозимлигини сезгандек, режалаштирган ишларини амалга оширди.
Адиб 2026 йилнинг 8 апрелида, бағрида яшаган, таҳсил олган, фаолият юритган, асосийси, ижодкор сифатида номини машҳур қилган қадрдон шаҳри — Тошкентда, шифохонада сўнгги бор нафас олди…
Кўплаб ижодкорларнинг устози, камтар ва заҳматкаш адиб Қамчибек Кенжанинг ҳаёт ва ижод йўли замондошларимиз ва келгуси авлод учун ибрат мактаби бўла олади. Ҳозирда унинг ижоди ҳақида ёш тадқиқотчилар изланишлар олиб бормоқда. “Сафарнома” китобларидан эса хорижий бобуршунослар ҳам фойдаланишмоқда.
Адиб гарчи ёруғ дунёни тарк этган бўлса-да, унинг ҳақиқий ва боқий умри асрлар оша давом этади.
Хуршида ВАҲОБЖОН қизи,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
Андижон вилояти бўлими раҳбари, шоира.
