Ҳислар ранги
Устоз шоир Эркин Неъматовни эслаб…
Изларингни ўпар ҳисларим,
Соғинчларим кўтаради туғ,
Орзуимнинг ёниқ меҳвари,
Юрагимда сен ташлаган чўғ.
Шоир кўнглига, қалб дунёсига чўғ ташлаган қудрат бу — шеърият. Рангини, дунё туйғуларини ҳамма ҳам бирдек англармикан? Афсуски, йўқ. Юқоридаги мисралар муаллифи тили билан айтганда: “Англамайсиз, бефарқ одамлар!” Ахир бу дунёга келиб кетишдан маъно нима? Умрнинг мазмун-моҳияти ўз аксини нималарда акс эттиради? Бу саволларга ҳар кимнинг ўз жавоби, унинг англаш ва тушунчаси бор. Боиси ҳар кимга ўз ақли “тошу тарози”. Бироқ бу жунбишли ва салмоқли саволга жавоб шоирларда тамоман бўлакча. Унинг қалб призмасидан кечадиган эҳтиросли туйғулар жарангдор садосини ҳамма ҳам ҳазм қилолмаслиги табиий. У саволлар гирдобида ботинан ниманидир идрок этади. Борлиққа изтиробу идрок кўзи билан боқиб, “йиғлаб турган қизалоқ” дардини олгиси келади. Теварак-атрофдаги инсонларга азобли “Ҳижрон ҳам мевасиз битган дарахт” эканлигини эслатар экан, тириклик ва дийдор ғаниматлигини уқтиради:
Инсон умри — мавжудот умри,
Ҳар бир жонда сирли оламлар,
Гўзалликдир ҳаётнинг сеҳри,
Англамайсиз, бефарқ одамлар.
Бу битиклар лоқайдликка, ланжликка, беғамликка қарши туғён, шоирона исён тимсолида одамлардан “Маржон булоқларнинг пичирлаши”ни, “Чечаклар кипригида баҳорий дамларнинг шивирлаши”ни тинглашга даъват этади. Шоир жумлаи жаҳонни ҳислар рангига чўмилтириш орзу-истагини инсонлар билан баҳам кўргиси келади. Унинг руҳий жўшқинлиги, инжа туйғулари зилол жилғаларнинг югуригида, бебош елларнинг шўхлигида кўнгил ҳайратларининг тимсоли сифатида юракларга ҳамроҳлик қилади.
Шоир ва публицист Эркин Неъматов ўз тўпламларидан бирини “Асрларни ҳайратга солиб” деб номлайди. Тўпламда ҳар бир инсон юрак амрига қулоқ тутиб яшасагина, бу оқсоч дунёнинг бошдан-оёқ сир-мўъжиза эканлигини англатишга интилади. Борлиқ ва руҳият олами орасидаги узвий туташлик ҳиссини идрок этиш неъмати ҳаммага ҳам бирдек насиб этмаганлигига шоир ишора қилар экан, “кўнгил оғриқлари насибаси — доимо шоирларники эканига” алоҳида урғу беради. Шоирлар туйғулар тафтидан ҳарорат олиб яшайдилар, табиат гўзаллигини ташбеҳу рамзларда кўрадилар деган хулосага келади:
Бахти кулди унинг, ёғилди ҳавас,
Ҳосилдан эгилди дарахтлар боши.
Кузда томиб турган шарбатлар эмас,
Ўксиган ниҳолнинг севинч кўз ёши!..
Ёки:
У оппоқ тонг, сеҳрлайди юракларни,
У булоқдир, кўз ёш каби сизиб чиқар.
У орзудир, етаклайди тилакларни,
У қуёшдир, коинотни кезиб чиқар… —
дея ҳайратлар оғушида “дунёни бир бутунича” қувваи ҳофизасига жойлайди. Дарвоқе, Эркин ака Неъматовнинг ўзлари лутф этганларидек: “Қалбларда кезарди пинҳона бир ҳис, Кўзларда сизарди пинҳона бир ҳис…” Қалбларда кезган, кўзлардан сизган ўша қайноқ ҳис… Бу ҳайрат мўъжизаси — мафтункор байтлар фақат шоирларга берилган неъмат эмасми?
Чунки “Сутранг илдизлардан инсонга қадар, учар жон либоси — ипакдайин пар, табиат қувончи — гуллар, чечаклар”, — дейди муаллиф оламжаҳон ҳаяжон билан. Ана шу қайсар туйғулар суронида шоирона мафтункорлик битиклари бўй кўрсатади.
Айтиб қўяй, мен адабиётшунос олим ёхуд бадиий байтлар синчиси эмасман. Бор-йўғи битта назм мухлиси, оддий китобхон сифатида шоирнинг турли йилларда чоп этилган тўпламларидан жой олган шеърларининг кўнглимга ўтирганлари тўғрисида ўз таассуротларимни қоғозга туширишга интилдим. Эркин аканинг шеърларини ўқир эканман, шоир нигоҳига тушган мавзуларни рамзлар асосида жонли ўхшатишлари, оригинал топилмалари, айниқса, кутилмаганда портлаши билан ўқирманни ҳаяжонга соладиган поэтик бутунлик ва тугаллик, битта мухлис сифатида мени ғоятда ҳайратлантирди. Ўқувчини зериктирмай, фикримни асослашга ўтай. “Терак” шеъри бор-йўғи саккиз қатор. Рамзлар ва ишоралар орқали кибр-ҳаволикдан ҳеч ким барака топмагани бадиий тарзда очиб берилади. Шоирнинг яна “Банди қуш”, “Занжирбанд фил”, “Қафасдаги булбул”, “Қисмат”, “Шавкат туйғуси”, “Бешик”, “Агар қушлар йўқотсалар йўл” сингари кўплаб шеърларида бир-бирига зид тутқунлик ва озодлик тушунчаларини китобхонга англатишда ўзига хос шоирона маҳоратини намоён этган. Айниқса, шеърларнинг поэтик қурилиши жиҳатдан анча ихчамлиги ва миллий анъаналарга содиқ қолиб, ўзаро гурунгларда мақол ёхуд матал тарзида қўлланиладиган халқона ибораларни шоирона топқирлик билан ўз ўрнида ишлатганини кўриб, ўқирман беихтиёр “Э, ҳали гап бу ёқда экан”, деганини сезмай қолади. Жумладан, халқ орасидаги машҳур ривоятдан олган таассуротини шоир “Қисмат” шеърида шундай тасвирлайдики, ўқувчи ботинидаги миллий эгаменликни қалқитиб юборади:
Подшоҳ ўйга толди, бу қандай азоб,
Наҳотки қуллардан бўлмасам жудо?
Сўнг ғойибдан келди қалбига хитоб:
— Ожизни шоҳ эмас, қул қилган Худо!
Кўриниб турибдики, ҳуррият энг аввало инсоннинг қалбидан бошланиши шарт экан. Ўқувчини ўйлашга, фикрлашга ундайдиган, руҳан далда берадиган бадиият билан суғорилган бу хилдаги шеърлар тўпламда талайгина. Бу келтирилган мисоллар китобни ўқиш жараёнида юрагимдан кечган ботиний туйғулар суврати, холос.
Янги тўпламни ўқиб тугатгач, олган таассуротларим ҳақида устознинг ўзи билан (у вақтда Эркин ака Неъматов ҳаёт эдилар) шеърият ҳақида, унинг бадиий қиймати тўғрисида анча гурунглашдик. Суҳбат асносида битта нарсани теран идрок этдимки, инсон ўз юрагига далдани ҳам, йиллараро бой берилган имконият-у унинг оғриқли армонларини ҳам ўз хотиралари қатларидан топар экан. Ана шу суҳбатда иккимиз йиллар оша ёдимиз сарҳадларини кезиб, республика радиосида ишлаган йилларимизни эсладик.
Ҳануз кечагидек эсимда. Ўшанда 1984 йилнинг январь ойи эди. Яна пойтахтга қайтишга аҳд қилиб, Тошкент сари йўл олдим. Таниш-биродарларим Ўзбекистон радиосида иш борлигини айтишди. Ўйлаб-ўйлаб, “Шарқ юлдузи” журнали жойлашган бино томон йўл олдим. Устоз шоир Икром Отамурод (Оллоҳим охиратларини обод қилиб, жойларини жаннатдан ато қилган бўлсин)га учрашиб, аҳволимни айтар эканман, гап орасида радиода иш борлигини ҳам қистириб ўтдим. Икром ака столда турган телефонни ўзи томон тортиб, қандайдир рақамни териб, ким биландир қалин сўрашиб бўлгач: “Устоз, олдингизга битта юртдош шогирдимни жўнатяпман. Ўзингиз шу йигитга ҳам бир раҳнамолик қилиб юборинг, илтимос…” — дея таъкидлар экан, гап орасида: “Анчадан буён матбуотда кўрмаяпман, бизнинг журналимизга ҳам янги шеърлардан олиб келинг”, — дея хайрлашиб, гўшакни қўйди. Сўнг бир парча қоғозга нималарнидир ёзиб, қўлимга тутқазар эканлар: “Эркин ака — бағри дарё одам, вақтида менга ҳам ёрдам қилганлар. Радиога бориб, у кишига учрашинг”, — дея хайрлашиш учун қўлини узатдилар. Мен пастга тушиб, у киши ёзиб берган қоғозга кўз ташладим. “Эркин Неъматов радио, ички телефон 6-87” ёзувини ўқидим. Оралиқда метронинг “Амир Темур хиёбони” бекати, “Ўзбекистон” меҳмонхонаси ва унинг кунчиқаридаги ихчамроқ хиёбонни айтмаса, республика радиоси икки қадамлик йўл эди.
Радио биносига бориб, қоғозда кўрсатилган рақамга қўнғироқ қилиб, ўзимни таништирдим. Кўп ўтмай, ўрта бўйли, миқтидан келган, жингалаксоч, буғдойранг бир киши тушиб келди ва мен билан эски қадрдонлардек самимий сўрашди. Бу киши (Оллоҳ ўз раҳматига олган бўлсин) шоир ва публицист Эркин Неъматов эди. Эркин ака рухсатнома ёздириб, бинонинг ичкарисига олиб кирдилар. Хонада ўнтадан кўпроқ киши ўтирарди. Улар орасидаги хизмат кўрсатган журналистлар Абдухолиқ Абдураззоқов, Аҳрор Аҳмедов ва раҳматли Қўчқор Ҳайдаровни айтмаса, аксарияти нафақахўрлар эди.
Гапнинг хонаси келганида айтиб қўяй, у пайтларда телерадио тизимига ишга кириш учун уч-тўрт ой, баъзида ярим йиллаб қатналар эди. Ушбу битиклар муаллифи ҳам ана шу қаттиқ синов ва савдони чидам билан бошдан ўтказиб, кичик муҳаррирлик лавозимига (маоши 110 сўм) жойлашган. Менга буйруқ чиққан куннинг эртасигаёқ мева теришга, кейинроқ беда ўримига, сўнг эса пахта теримига кетганман. Шуни алоҳида таъкидлашим керакки, Эркин аканинг жонкуярлиги ва фидойилиги сабаб кейинчалик жамоамиз анча ёшарган. Менинг изимдан кўп ўтмай, машҳур тележурналист Рўзибой Қўлдошев, ундан сўнг Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист ва таниқли муҳаррир Норқобил Жалил, кейинроқ заҳматкаш ёзарман Исмат Худоёр ва бошқа қатор ёшлар таҳририятда фаолият кўрсата бошлаганлар.
Ҳаммамизнинг жўрабошимиз ва устозимиз Эркин ака чиндан ҳам бағри дарё инсон эди. Ҳар куни ё кунора базми жамшид уюштирилар эди. Ташаббускори эса устознинг ўзи бўлар эди. Зеро, менга ўхшаган ўндан ортиқ ёш қаламкашга публицистика ва ахборот жанрларининг ўзига хос шакл-шамойилига эга бўлган радиоталқинини ипидан игнасигача бизга Эркин ака ўргатган, десам, лоф бўлмайди. Ўша даврларда Қишлоқ хўжалиги бош таҳририяти эшиттиришларининг аудиторияси жуда катта эди. Соат бирда бошланиб, 58-59 минут давом этадиган кунлик эшиттиришда соҳибкору деҳқонлар фаолиятига оид долзарб мавзулардаги мақола ва радиосуҳбатлар қаторида экология ва санъаткорлар ҳаётидан (муаллиф Рўзибой Қўлдошев) ҳам махсус дастурлар тайёрланиб, эфирга бериб бориларди. Айтиш жоизки, Эркин ака бизларнинг ташаббусимизни қўллаб-қувватлашдан ташқари, керак жойида шахсан ўзи ибрат ҳам кўрсатган. Масалан, ўзи қаламга олган радиоочеркларида қаҳрамонларнинг фикр-мулоҳазаларини халқона тилда табиий қилиб, образли иборалар билан безашларига биз ҳавас қилар эдик. Ҳатто четдаги жамоатчи қаламкашлар ҳам қанчалик номдор бўлмасин, устознинг фикр-мулоҳазалари билан ҳисоблашар эди. Бир куни ўз даврининг таниқли қаламкашларидан бири ҳажми ўн беш бетлик очерк олиб келди. Устоз очеркни ўқирканлар: “Сал-пал ерга тушайлик, тоза ҳаволаб кетибмиз чоғи. Бунақада Абдулла Қаҳҳор таъбири билан айтганда, тағин “гап заводига” айланиб кетишимиз ҳеч гапмас. Нима дедингиз, домла?” — дея муаллифга саволомуз қарадилар. Меҳмон ҳам Эркин акани тўғри тушунди, шекилли: “Энди, дўстим, бу ёғи ўзингизга ҳавола. Эскичасига айтганда, суяги биздан, гўшти сиздан”, — дея гапининг изини кулгига олган бўлди.
Эртаси куни устоз Аҳрор Аҳмедов, Абдухолиқ Абдураззоқов, Рўзибой Қўлдошев ва каминага тепадаги суҳбатнинг акс-садоси бўлган ушбу тўртликни ўқиб берганлар:
Юлдузни бенарвон ургудай тиксан,
Кўзингни олмайсан арши аълодан.
Гўё то абадга бардам, тириксан,
Ерга ҳам қараб қўй, асрар балодан…
Тақдирини сўз билан боғлаган ижодкор борки, у ҳамиша кўнгил кечинмалари ва хаёлот оламининг асири. Руҳий оламидаги ҳиссий қўзғалиш токи оппоқ қоғозга кўчмагунча унга ҳаловат бегона. Шеър ёхуд гўзал бир битик шоир учун бетакрор ҳодиса, аниқроғи, кашфиёт. Йиллар ва ойлар оша беҳаловат кунлар бешигида тизгинсиз туйғулар суврати ва садоси тимсолида туғилган шеърлар шоирнинг “Ошиқ булбул”, “Табиат минбари”, “Алангадаги садо”, “Карвон қўнғироғи”, “Асрларни ҳайратга солиб” каби қатор тўпламларида бўй кўрсатди. Сиз юқорида номлари қайд этилган тўпламларни варақласангиз, юракларни жунбишга келтирган сирли соғинчга, самимий сирдошга дуч келасиз ва у билан ҳузурланиб суҳбат қурасиз. Устознинг яқин дилбандларининг саъй-ҳаракатлари билан нашр этилган “Сайланма”ни гарчи у кишига кўриш насиб этмаган бўлса ҳам, бироқ салмоқли китоб саҳифаларидан жой олган шеърлар ўзига хос бетакрорлиги билан ўқирманни асло бефарқ қолдирмайди. Аксинча, боқийлик нафаси сезилиб турган ўтли мисраларга тўла шеърлар ўқувчини оҳанрабодек ўзига тортади. Ростдан ҳам қалб меҳварида дунёга келган битикларнинг мангу барҳаётлигига мезон унинг халқчиллигидир.
Устозни хотирлаб, у кишининг бадиий ҳикматларига таяниб, ушбу ёднома битикларини қоғозга туширар эканман, кўнглимдан тағин “Яшашдан мақсад нима?” деган ҳикматомуз савол кечди. Дарҳақиқат, бу кўҳна хилқатда энг мураккаб яратиқ — ҳазрати инсон. Боиси бошқа тирик жонзотлар сингари бани одам ҳеч бир қолип-андозага сиғмайди. Зоти одамнинг феъл-атвори, дунёси турфа хил. Қўполлашмай, холисона айтадиган бўлсак, у ҳар доим манфаатдорликни устун қўяди. Шоир қавми эса тамомила бошқа олам. Ана шу ҳолатни Эркин ака эса бадиий талқинларга кўчиради: “У яшайди ўзгалар учун, Бегонадир ҳаловат унга. Қалбидаги бир митти учқун, Ҳаёт сабаб солар аланга!” Ана шу алангада шоирнинг уйғоқ қалби яшайди. “Унинг қалби — Ватан нуқтаси, Юрагига юрт бахш этган дард”нинг мавжудлигидир. Устоз бир умр дардли кўнгилнинг орзу-армонларига суяниб яшади ва уни битикларига кўчиришга ҳаракат қилди. Асл шеърий байтлар эса ҳамиша асрлар одамини ҳайратга солиши табиий!.. Ҳайрат эса, шак-шубҳасиз, мумтоз туйғулар маҳсули сифатида кўнгилларда эзгулик уруғини ундиради. Ана шу истак-хоҳиш амалга ошса, олам гулистон. Шоирнинг якка-ю ягона орзу-истаги ҳам шу…
Очил ТОҲИР,
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси
аъзоси.
