Кафтдаги қум
(Ҳикоя)
Муборак жума куни эди. Айни аср вақти. Кўкдан қуйилаётган олтин ранг қуёш нурлари Регистоннинг мовий кошинларида ажиб жило таратар, Шердор манглайига урилиб, унда бош кўтарган офтоб юзини ҳам қизартирар эди. Майин эсаётган шабада қадимий ғиштлардан асрлар нафасини атрофга ёяр, гўёки тошлар ҳам пичирлаб, тарихдан ибрат сўзларди. Майдонда эса минглаб кишилар йиғилган бўлиб, Регистон кейинги юз йилликда бу қадар кўп оломонни бағрига олмаган эди. Уларнинг аксари ёшлар. Барчаси аланг-жаланг қилиб, йўл қараган. Улар бир неча кундан бери тўртармоқларни титратиб тарғиботи қилинаётган блогер — мегаюлдузни кутишарди. Регистонга мўр-малахдай ёпирилиб, бутун майдонни эгаллаган ёшлар, аввало, шуҳрат тожини кийган дунё юлдузининг саъй-ҳаракатларини шунчаки томоша қилиш, имкон бўлса, бирга суратга тушиш, видео олиш, омади чопса, совғаларга эга бўлиш умидида йиғилган ва тортилган камон ўқидай унинг келишига шай туришарди.
Меҳмоннинг иш услуби ўзига хос: дунёнинг энг машҳур шаҳарларида, энг қайноқ нуқталарда юриб, ўша юртнинг миллий урф-одатларини, таомларини, қадимий масканларини реклама қилади ва миллионлаб мухлислари орқали оламга кўз-кўз этади. Туристлар сонининг кескин ошишига хизмат қилади. Бугун у Регистон майдони марказига, Тиллакори мадрасасига орқа қилиб қўйилган сўрида безатилган дастурхон атрофида севгилиси билан Самарқанд нонидан тановул қилишлари, зиғир ошдан ошаб, нилий пиёлада чой ичишлари ва барча таассуротларини муҳаббат изҳори тарзида икки жумлада қадимий Самарқанд қоғозига битиб, йиғилганларга ўқиб бериш орқали кўҳна кент довруғини дунёга ёйиши керак эди… Энг қиммат рекламалари, оламшумул хайриялари, тармоқлардаги саноқсиз мухлислари билан шон-шуҳрат қозонган мегаюлдуз кўнгли чопса, масрурлик туйса, учрашув пайтида томошагўйларга қимматбаҳо совғалар ҳам улашади. Бугунги учрашув эълонларида унинг иштирокида турли хил викториналар ҳам ўйналиши айтилган эди…
Ниҳоят, сиреналар чалиниб, меҳмон келгани маълум бўлди ва бирдан борлиқни оломоннинг ҳайқириғи тутиб, сурҳосур бошланди. Гўё денгиз тўфони пайдо бўлди. “Жимми, Жимми!” дея меҳмонга талпиниб, ўзини ўртага урган, телефонини баланд кўтарган ёшларнинг сон-саноғи йўқ эди. Қадам босиш имконсиз, атрофдаги шовқин-сурон қулоқни қоматга келтирарди.
— Хаос! — деди ўнлаб қўриқчилар орасида севгилисининг билагидан тутиб майдонга кириб келган мегаюлдуз. У баланд бўйли, хушбичим, қизғишранг, соч-соқоллари ҳам шу тусда бўлиб, қора кўзойнак тақиб олган эди. — Бу тартибсизликда ҳеч нарса қилиб бўлмайди-ку!
У асабийлаша бошлади. Қадимий Самарқанд ҳақидаги гўзал хаёллар, туйғулар бир зумда салбий тус олди. Аммо жамоаси билан майдон ўртасига келиб қолган эди. Одамлар шу қадар кўп ва уларни ўраб олишган эдики, қўриқчилар ҳам эплолмас, оломон бир-бирининг устига чиқиб кетаётган, юришга ҳам қўймасди. Саноқсиз қўллар узатилар ва шу лаҳзада тўлқин каби сурилиб кетарди.
— Бу сенга ёқяптими, ҳаётим? — сўради у севгилисидан.
— Жоним, қара, мухлисларинг нақадар кўп! Ахир сен бебаҳосан! — деди ёнида қийпанглаб юрган оқбилак, хипчабел маҳбубаси ширин табассум қилиб. — Дунё халқлари ҳамиша пойингда мунтазир туради!
— Аммо мен бу қадар тартибсизликни ҳазм қилолмайман! Уларнинг мақсади нима?
Жавоб беришга, баҳс қилишга фурсат йўқ эди. Оломон гувранар, ёшлар уларга талпинар, суратга тушишни, нималарнидир сўрашни истар, ҳар томондан “Жимми, Жимми!” деган овоз, қийқириқ келарди. Меҳмон эса тўхташни ҳам, уларга ўгирилиб қарашни ҳам хоҳламади. Ногоҳ бир қиз қўриқчиларни ёриб ўтиб, унинг ёнига келган эди, ўзини тансоқчининг панасига олди. Қиз мулзам бўлиб қолди. Буни кўрган оломон: “Ҳа, тўхта!” дея ҳайқирди. Бу норозилик қизга эдими, унгами, англаб бўлмасди. Шу тўполон- талатўпда бир йигитча йиқилиб, оёқ остида қолиб кетди. “Қоч!” — деди биров. Кимдир сўкинди. Вазият чигал тус олди. Меҳмоннинг қўриқчилари ҳуқуқ-тартибот ходимлари ёрдамида оломон оралаб, сургала-сургала Мирзо Улуғбек мадрасасини қора қилиб юришди. Одам кўплигидан майдонда ҳаво етишмасди, нафас қайтарди. Шу пайт кимдир уларнинг жамоасини ичкарига чорлаб, дарвозани очди. У севгилисининг билагидан авайлаб ушлаганича ўзини ичкарига урди ва гўё: “Бир балодан қутулдим”, дегандай чуқур нафас олди…
Мадраса ҳужраларини савдо дўконларига айлантирган тожирлар ҳам ҳозир майдонга чиқиб кетган бўлиб, ҳовлида етти пушти мударрис ўтган ва ҳужраларнинг бирида хаттотлик намуналарини яратувчи оппоқ соқолли, юзидан нур ёғилиб турган қария билан уч-тўрт ёшлардаги набираси қолган эди. Мадраса сатҳидаги айрим ёрилган плиталарни алмаштириш учун дарахт тагида бир уюм қум ва плиталар қўйилган бўлиб, болакай қумда ўйнаб ўтирарди. Кафтига қум олиб, қўлини маҳкам мушт қилиб тугар, аммо қум шовуллаб тўкилиб кетар, у эса яна оларди… Қария эса майдондаги ишларга парво ҳам қилмасдан набирасини кузатиб, унинг кафтида турмай шувиллаб тўкилиб кетаётган қум зарраларини умр лаҳзаларига қиёслаган кўйи тахта ўриндиқда чой ичиб ўтирган эди, меҳмонларни кўриб, сапчиб турди ва инглизчалаб:
— Самарқанд юрагига хуш келибсиз! — деди.
Ўйлаган режалари барбод бўлган мегаюлдуз ва унинг шотирлари нима қилишни билмай асабий бир ҳолатда эдилар. Қария эринмай ёнидаги чойнакдан пиёлага чой қуйди ва меҳмонга узатди. Иссиқ кўк чойнинг хушбўй ҳиди ҳавога таралди.
— Марҳамат! Меҳмон атойи худо…
Пиёлани олишни ҳам, олмасликни ҳам билмай қолган ажнабийнинг баттар жини қўзиди: “Устимдан куляптими?”
— Меҳмоннинг юрагида меҳр эмас, қаҳр пайдо бўлса, мезбонларнинг дили оғрийди, — деди қария кутилмаганда вазмин овозда.
Мегаюлдуз гўё ток ургандай илкис бошини кўтарди ва қора кўзойнагини ечди. Отахоннинг юзида шундай бир донишмандликни кўрди-ю, бир лаҳза жим қолиб, надомат аралаш деди:
— Мен бу шаҳарни дунёга танитмоқчи, сизларга ёрдам бермоқчи эдим. Аммо одамларингиз ҳамма нарсани барбод қилишяпти.
Қария енгил табассум қилди ва:
— Кўзгуга чанг қўнганида, айб кўзгуда бўладими ёки чангни артиб ташламаган кўздами? — деди ўсмоқлаб, қўлида чой билан. — Сиз бу ерга биноларни суратга олгани, реклама қилгани келдингиз. Ёдингизда бўлсин, Самарқанд — шунчаки гил ва тошдан қурилган деворлар мажмуаси эмас. Самарқанд — бу тирик юрак! Буюк Соҳибқирон бобомиз салтанатнинг пойтахти бўлган бу шаҳарни қураётганда, сиз каби ғариб бир мусаввир саёҳатга келади. Унинг довруғини эшитган одамлар уни шаҳар дарвозаси олдида қарши олиб, эъзозлашга тушади. Аммо оломоннинг кўплигидан мусаввирнинг қимматбаҳо матолари йиртилади, тасвир бўёқлари тўкилади. Шунда у аламга тўлиб, Амир Темурнинг қабулига киради ва: “Эй улуғ шоҳ, халқингиз ваҳший ва тартибсиз экан! Улар мол-мулкимни барбод қилишди!” дейди. Шунда Соҳибқирон унга қараб: “Сен йиртилган матоҳ билан тўкилган бўёқларингга йиғлаяпсан. Аммо мусаввир бўла туриб, уларнинг кўзларидаги нурни кўрмабсан-да! Агар бу халқ сени ёмон кўрганида, бошингга тош отарди. Сени эъзозлабдики, меҳри жўш урганидан сочларинггача силабди. Унутмагин, шаҳарнинг қудрати бу бинолар, кошинлар эмас, балки уларни яратган халқ ва унинг жиловлаб бўлмас, беғараз ва беғубор меҳр-муҳаббатидир! Ана шу меҳр-муҳаббат ва ишонч мени сарбаланд қилган! Сен бўлсанг, фақат ашёларингга эҳтиёт бўлиб, уларнинг қалбига қулоқ тутишга ақлинг етмабди”, деган экан.
Меҳмон сергак тортди. Севгилиси узатган митти идишдан сув ичди. Қария яна деди:
— Ҳозир майдонда турган бу одамлар сизнингча тартиб-интизомни унутгандек туюлар, аммо уларнинг юрагида заррача ҳам адоват йўқ! Тўғри, улар томошага ўч! Улар ҳозир дунё тан олган ва ўзлари орзу қилган инсонни кўришдан бахтиёр. Сиз ҳам, мана бу шотирларингиз ҳам фақат тартибсизликка эътибор берибсиз, аммо уларнинг нигоҳидаги самимийликни, жиловланмаган меҳр-муҳаббатни англай олмабсиз! Жаҳл билан қилинган қарор одамни кўр қилади. Сиз қарсак ва олқишларга учманг! Шон-шуҳрат анави неварам ўйнаб ўтирган кафтдаги қумдай гап… Бу майдон кимларни кўрмаган! Ўсма кетиб, қош қолади…
Меҳмон жим бўлиб қолди, туси ўзгарди. Қария яна сўради:
— Улар майдонда сизга қўл узатганида меҳрига меҳр билан жавоб бердингизми? Ҳеч бўлмаса, чиройли табассум қила олдингизми?
Меҳмон чуқур хўрсинди. Икки ҳўплам сув ичди-да, шотирларига деди:
— Камераларни тайёрланг! Аввал уларнинг кўнгилларига таскин берайлик! Олиб келган совғаларимизни тарқатайлик! Кейин контент оламиз!
— Мана бу бошқа гап, — деди қария ва бориб, набирасини кўтариб олди. Болакайнинг кафтидаги қум шувиллаб пастга тўкилди ва ердагилари билан қоришиб кетди.
Ажнабий меҳмон — дунёни лол қилаётган интернет юлдузи шотирлари билан яна алланималарнидир маслаҳатлашиб, ташқарига йўл олди. Аммо мадрасадан чиққанида одамлар Регистонни тарк этиб кетаётган, зиёратга келганларни айтмаса, майдонда деярли ҳеч ким қолмаган эди… Таажжубдан кўкиш кўзлари олайиб кетган мегаюлдуз жойида туриб қолди.
— Нега бундай бўлди? Ҳозиргина бир-бирининг устига чиқиб кетаётган одамлар қани? Улар қаерга кетишяпти? Нега? Уларсиз ҳеч нарса қилолмаймиз-ку!
Неварасини етаклаб, уларнинг ортидан чиққан қария эса Мирзо Улуғбек мадрасаси пойида туриб, атрофга боқди. Режалари барбод бўлган меҳмонлар яна нималарнидир баҳслашишар, қўриқчилар ҳайрон, ишора кутиб туришар эди. Шу пайт Шоҳи Зинда томондан азон эшитила бошлади. Қария эса набирасининг қўлидан тутди-да, яна мадрасага қайтди…
Муаллиф ҳақида:
Холиёр Сафаров 1983 йил 21 февралда таваллуд топган.
2005 йилда СамДУ ўзбек филологияси факультетини тамомлаган.
Асарлари “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик” журналлари, “Китоб дунёси” ва бошқа нашрларда мунтазам эълон қилиб борилади. Асарлари рус, турк, озар, қирғиз, қорақалпоқ тилларига таржима қилинган.
Биринчи китоби – “Ой ботмаган кечалар” (2010 йил, ҳикоялар). “Қанотсиз қушлар” (2015 йил, қисса ва ҳикоялар), “Номус ва ҳаёт” (2019 йил, қисса ва ҳикоялар), “Онамнинг ёлғонлари” (2024 йил, ҳикоялар) номли китоблари чоп этилган.
Айни дамда “Ўзбекистон тарихи” телеканали “Илмий-оммабоп телефильмлар” муҳарририяти катта муҳаррири.
Холиёр САФАРОВ
