Таълим ва саноат: Ҳамкорликни нима муваффақиятли қилади?
Олий таълим муассасалари ва корхоналарнинг ҳамкорлиги ҳақида кўп гапирилади, кўплаб меморандумлар ҳам имзоланади. Бироқ уларнинг бир қисмигина реал натижа — янги технология, патент, малакали кадр ва тижорат маҳсулотига айланади. Нега шундай? Халқаро тадқиқотлар бу саволга аниқ жавоб беради: ҳамкорликнинг тақдирини кўпинча пул ёки ускуна эмас, балки ташкилий омиллар — алоқа, ишонч, масъулият, низоларни бошқариш ва етакчилик ҳал қилади.
Икки хил маданият — битта мақсад
Университет ва корхона табиатан икки хил “маданият”га эга. Олим учун илмий мақола, кашфиёт ва узоқ муддатли изланиш муҳим бўлса, корхона учун аниқ муддат, харажат, сифат ва бозорга тезроқ чиқиш бирламчидир. Олимнинг “тажриба яна икки йил давом этиши керак” деган сўзи ишлаб чиқариш раҳбарига тушунарсиз туюлади. Корхонанинг “натижа уч ойда керак” деган талаби эса кафедра учун кўпинча бажариб бўлмайдиган вазифадек кўринади.
Аммо бугунги рақобат шароитида ҳеч бир томон барча зарур ресурс ва компетенцияларни ёлғиз ўзида жамлай олмайди. Технологияларнинг тез алмашиши, маҳсулот ҳаётий даврининг қисқариши ва глобал рақобат корхоналарни ташқи билим манбаларига, университетларни эса реал иқтисодиётга яқинлашишга мажбур қилмоқда. Америкалик тадқиқотчи Барбара Грей ҳамкорликни “муаммонинг турли жиҳатларини кўрадиган томонлар фарқлар устида конструктив ишлаб, ҳар бирининг ёлғиз ўзи эриша олмайдиган ечимини излайдиган жараён” деб таърифлаган. Бу таърифдаги асосий сўз — жараён. Ҳамкорлик бир кунлик тадбир ёки имзоланган ҳужжат эмас, балки вақт, сабр ва пухта бошқарувни талаб қиладиган узоқ йўлдир.
ТКТИ тажрибаси нимани кўрсатди?
Тошкент кимё-технология институти олимлари университет-саноат ҳамкорлигига таъсир этувчи ташкилий омилларнинг концептуал моделини эълон қилдилар. Тадқиқот бизнинг шароитимиз учун ҳам жуда ибратли. Чунки ўша пайтда Ўзбекистонда ҳам ҳамкорлик нисбатан янги ҳодиса бўлиб, давлат тадқиқот ва инновация маданиятини фаол қўллаб-қувватлаётган эди; бироқ миллий сўровнома натижаларига кўра, корхоналар ҳамон университетлар билан ҳамкорлик қилиш ўрнига ўз ички тадқиқотларига таянишни афзал кўрарди. Таниш манзара, шундай эмасми?
Муаллифлар ҳамкорликни босқичма-босқич ривожланадиган жараён сифатида кўриб чиққанлар.
Халқаро адабиётларда бу жараён турлича тасвирланади: кимдир уни тўрт босқичга (ҳамкорлик табиатини белгилаш, ҳамкор танлаш ва келишиш, ҳамкорликни бошқариш, муносабатларнинг етуклиги), кимдир эса уч ёки беш босқичга ажратади. Лекин барча моделларда умумий хулоса мавжуд: муваффақиятли ҳамкорлик тизимли ва босқичма-босқич ёндашувни талаб қилади. Тадқиқотчилар эса босқичлардан кўра уларнинг ҳар бирига таъсир қилувчи бешта ташкилий омилга эътибор қаратганлар.
Ҳамкорлик муваффақиятининг беш ташкилий омили
Алоқа. Ахборот, ғоя ва режаларнинг очиқ ҳамда мунтазам алмашинуви. Расмий ва норасмий алоқа каналлари ҳамкорларни доимо хабардор ва жараёнга жалб этилган ҳолда сақлайди.
Масъулият (содиқлик). Қимматли муносабатларни сақлаб қолишга бўлган барқарор интилиш. У ажратилган молиявий маблағ, кадрлар, вақт ва, энг муҳими, раҳбариятнинг қўллаб-қувватлашида намоён бўлади.
Ишонч. Ҳамкор ўз мажбуриятини бажаришига, унинг хатти-ҳаракатларини олдиндан тахмин қилиш мумкинлигига ва вазият қулай келганда ҳам адолат мезонларига содиқ қолишига ишониш.
Низо даражаси. Низони бутунлай йўқ қилиб бўлмайди, аммо уни бошқариш мумкин. Тўғри бошқарилган баҳс-мунозара янги ғояларни туғдиради, бошқарилмагани эса муносабатларга путур етказади.
Етакчилик. Ташкилотчилик ва мулоқот қобилиятига эга, адолатли ҳамда ҳамкорлар ҳурматини қозонган раҳбар. Қолган тўрт омилнинг барчаси унинг таъсири остида бўлади.
Алоқа: “вакуумда ҳамкорлик бўлмайди”
Халқаро тадқиқотларда энг кўп тилга олинадиган муваффақият омили — очиқ ва тизимли мулоқот. Ҳамкорлар мақсадлар ва техник маълумотларни ўзаро бўлишганда низолар тезроқ бартараф этилади, ўзгарувчан вазиятга мослашиш осонлашади ва, энг муҳими, ўзаро ишонч мустаҳкамланади.
Амалиётда бу нимани англатади? Ҳар бир қўшма лойиҳада иккала томондан масъул шахс тайинланиши, мунтазам (масалан, ойлик) учрашувлар жадвали тасдиқланиши, натижалар ва муаммолар очиқ муҳокама қилиниши керак. Олимнинг лабораторияда нима қилаётганини корхона муҳандиси, корхонадаги технологик муаммони эса олим ўз кўзи билан кўриши лозим. Норасмий алоқалар — биргаликдаги семинарлар, корхонада ташкил этиладиган амалиётлар, муҳандисларнинг маъруза ўқиши расмий ҳужжатлардан асло кам аҳамиятга эга эмас.
Масъулият: имзо эмас, ресурс
Ҳамкорликни амалга оширишни етарли ресурс: маблағ, малакали ходимлар, зарур материаллар ва вақт ажратишдан бошлаш керак. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, ресурс етишмаслиги ҳамкорлик йўлидаги энг жиддий тўсиқлардан биридир. Аммо бундан ҳам муҳими — олий раҳбариятнинг шахсий иштирокидир. Ректор ва корхона раҳбари ҳамкорликни шахсий назоратида тутса, қуйи бўғинлардаги ходимлар ҳам унга масъулият билан ёндашади.
Масъулиятнинг яна бир кўрсаткичи — ҳар икки томон ҳамкорликка ҳаётий зарурат борлигига ва юзага келадиган қийинчиликларни биргаликда енгиб ўтиш мумкинлигига чин дилдан ишонишидир. “Қоғоздаги ҳамкорлик” айнан шу нуқтада “ҳақиқий ҳамкорлик”дан ажралиб туради.
Ишонч: келажакдаги ҳамкорликнинг кафолати
Ишонч жорий лойиҳа муваффақияти учун қанчалик зарур бўлса, келгуси истиқболли ҳамкорлик учун ундан-да муҳимроқдир. Ишонч суст бўлса, ҳамкорлар зарур ахборот ва билимларни бир-биридан яширади, натижада лойиҳа самарасиз якун топади. Ишонч юқори бўлганда эса ахборот эркин алмашинади, томонлар энг қимматли тажрибаларини ўзаро бўлишишга тайёр бўлади.
Тадқиқотларда қайд этилишича, саноат нуқтаи назаридан олиб қараганда университетлар ишончли ва холис билим манбаи ҳисобланади. Бу — олий таълим масканларининг улкан капиталидир. Уни сақлаб қолиш учун олим ваъдасининг устидан чиқиши, натижаларни бўрттирмаслиги, тижорат сирини қатъий ҳимоя қилиши ва келишилган муддатларга изчил риоя этиши зарур. Шуни ҳам унутмаслик лозимки, ишонч, айниқса, ҳамкорликнинг бошланғич босқичида ҳал қилувчи аҳамият касб этади: у бошиданоқ мавжуд бўлиши ва жараён давомида тобора мустаҳкамланиб бориши лозим.
Низо: йўқотиш эмас, бошқариш
Узоқ муддатли ҳар қандай ҳамкорликда муайян зиддиятларнинг келиб чиқиши табиийдир. Халқаро тажриба шуни кўрсатадики, низоларнинг учта асосий манбаи бор: роллар ва кутилмаларнинг ноаниқлиги, кучлар мувозанатининг бузилиши ҳамда ишнинг олдинга силжимаслиги. Учаласи ҳам бизнинг амалиётимиз учун бегона эмас.
Низонинг олдини олишнинг энг самарали йўли — лойиҳа бошидаёқ ким нимага жавобгар эканини, натижалар ва интеллектуал мулк қайси томонга тегишли бўлишини, муддатлар ҳамда молиялаштириш тартибини шартномада аниқ белгилаб қўйишдир. Низо пайдо бўлганда эса уни хаспўшлаш эмас, балки ҳар икки томон манфаатлари ва қарашларини ҳурмат қилган ҳолда биргаликда мақбул ечим излаш зарур. Тўғри йўналтирилган мунозара кўпинча энг илғор технологик ечимларга йўл очади.
Ўзбекистонлик тадқиқотчиларнинг энг муҳим хулосаларидан бири шуки, қолган барча ташкилий омиллар етакчилик таъсирида шаклланади. Ҳамкорликка бош-қош бўладиган шахс юксак ташкилотчилик ва мулоқот кўникмаларига эга бўлиши, адолатпарвар бўлиши ва ҳар икки томоннинг ҳурматини қозониши лозим. Бундай етакчи ваколатларни тақсимлаш ва назорат, жараён ва натижа, шахсий ишонч ва расмий тартиб-қоидалар ўртасидаги мувозанатни таъминлай олади.
Замонавий ёндашувга кўра, етакчилик фақат бир шахсга эмас, балки бир неча иштирокчига тақсимланади: лойиҳа доирасида ҳар бир томоннинг ўз етакчиси бўлади ва улар ўзаро келишган ҳолда қарор қабул қилади. Бу жамоа аъзоларининг ўз салоҳиятига бўлган ишончини оширади ҳамда ҳамкорликнинг муайян шахсларгагина қарам бўлиб қолишининг олдини олади.
Омиллар бир-бирига чамбарчас боғлиқ
Бешта ташкилий омил алоҳида-алоҳида эмас, балки ўзаро уйғун ҳолда таъсир кўрсатади. Ишонч ортса, масъулият ҳам ортади. Ишонч мустаҳкам бўлса, мулоқот очиқроқ кечади. Мулоқот етишмаса, низо юзага келади. Етакчилик эса ушбу занжирнинг ҳар бир бўғинига бевосита таъсир кўрсатади. Шу боис қайсидир битта омилни яхшилаш билан кифояланмасдан, уларни тизимли равишда бошқариш талаб этилади.
* * *
Ўзбекистон Республикаси олий таълим тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясида олий таълим, фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси устувор йўналиш сифатида белгиланган. Бугунги кунда кўплаб олий таълим муассасалари саноат корхоналари билан ҳамкорлик меморандумларини имзолаган. Эндиги асосий вазифа — уларни амалий натижаларга айлантиришдир. Халқаро тажриба ва ўз амалиётимиздан келиб чиқиб, қуйидаги таклифларни илгари суриш мумкин:
- Ҳамкорликни лойиҳа сифатида бошқариш. Ҳар бир йирик ташаббус учун иккала томондан масъул шахслар, мақсадли кўрсаткичлар, муддатлар ва мунтазам ҳисобот тизими қатъий белгиланиши керак.
- Ресурсларни олдиндан ажратиш. Меморандум тузилганидан кейин дарҳол қўшма лойиҳа учун молиявий маблағ, зарур мутахассислар ва лаборатория вақти ажратилиши, имкон қадар корхона ва университетнинг қўшма инновация жамғармаси ташкил этилиши лозим.
- Интеллектуал мулк ва низоларни ҳал этиш қоидалари. Тадқиқот натижалари, патентлар ва олинадиган даромадлар тақсимоти келишувнинг дастлабки босқичидаёқ аниқ белгилаб қўйилиши шарт. Бу ўзаро ишончнинг мустаҳкам ҳуқуқий асосидир.
- Кадрлар алмашинуви. Корхона муҳандисларини амалиётчи-ўқитувчи сифатида таълим жараёнига жалб этиш, олимларни корхоналарда стажировка ўташга юбориш ҳамда дуал таълимни кенгайтириш ҳар иккала муҳитни бир-бирига яқинлаштиради.
- Етакчиларни тайёрлаш. Университетларда технологиялар трансфери ва ҳамкорлик лойиҳаларини самарали бошқарадиган малакали мутахассислар — “ҳамкорлик менежерлари” тайёрланиши ва муносиб рағбатлантирилиши зарур.
Тошкент кимё-технология институти амалиётидан
Институтимизда ушбу омилларни амалда муваффақиятли синаб кўрмоқдамиз. Жумладан, “Навоийазот”, “Қўнғирот сода заводи”, “Деҳқонобод калий заводи”, “Фарғонаазот”, “Indorama Kokand Fertilizers” каби етакчи саноат корхоналари билан самарали ҳамкорлик йўлга қўйилган. “Навоийазот” АЖ билан ишлар ҳамкорлик меморандуми, ҳаракатлар режаси, қўшма илмий-тадқиқот шартномалари ва кадрлар тайёрлаш дастури асосида тизимли равишда олиб борилмоқда. “3+3” моделидаги дуал таълим талабаларни ўқиш давридаёқ бевосита ишлаб чиқариш жараёнига жалб этади. Институтимизнинг стартаплар бўлинмаси эса инновацион ғоядан то мустақил “спин-офф” компаниягача бўлган йўлни ҳар томонлама қўллаб-қувватлайди. 2024-2026 йилларда институт олимлари томонидан 12 та ихтиро ихтисослаштирилган тартибда патентланди. Улар орасида бойитилган каолин олиш технологияси, хлорсиз калийли ўғитлар ва сунъий интеллектга асосланган замонавий суғориш тизими мавжуд.
Тажрибамиз халқаро тадқиқот хулосаларини тўлиқ тасдиқламоқда: ҳамкорлик раҳбарият томонидан шахсан назорат қилинадиган, масъул шахслар аниқ тайинланган ва олинган натижалар очиқ-ошкора муҳокама қилинадиган лойиҳалардагина юқори самарадорликка эришилмоқда.
Якуний сўз ўрнида
Университет ва саноат ҳамкорлиги — бу икки хил маданият ва қарашнинг туташ нуқтасидир. Уни муваффақиятли амалга ошириш учун фақатгина ҳужжат имзолаш ёки маблағ ажратишнинг ўзи кифоя қилмайди. Очиқ мулоқот, юқори масъулият, мустаҳкам ишонч, низоларни оқилона бошқариш ва кучли етакчилик — мана шу бешта ташкилий омил ҳамкорликни қоғоздан амалиётга, амалиётдан эса аниқ натижага олиб чиқади. Бу йўлда жиддий сабр ва вақт талаб этилади, лекин унинг самараси: рақобатбардош кадрлар, маҳаллийлаштирилган илғор технологиялар ҳамда илм-фанга асосланган барқарор иқтисодиёт — қилинган барча сарф-харажатларни тўла оқлайди.
Ботир УСМОНОВ,
Тошкент кимё-технология институти
ректори, профессор.
